Рамазон ойи ва раҳмат эшиклари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон Рамазон келса, жаннат эшиклари очилур, дўзах эшиклари ёпилур ва шайтонлар кишанланур», дедилар (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган).

Имом Муслимнинг ривоятида: «Раҳмат эшиклари очилур, жаҳаннам эшиклари ёпилур ва шайтонлар кишанланур», дейилган.

Имом Термизийнинг лафзида эса: «Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланур. Дўзахнинг эшиклари ёпилур. Улардан бирор эшик очилмас. Жаннатнинг эшиклари очилур. Улардан бирор эшик ёпилмас. Бир нидо қилгувчи: «Эй яхшилик истовчи, келиб қол! Эй ёмонлик истовчи, бас қил!» деб нидо қилур. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган (банда)лари бўлур. Ҳар кеча шундай бўлур», дейилган.

 

Райён эшиги

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, у Райён деб номланур. Қиёмат куни рўзадорлар ундан кирурлар, улар билан бирга улардан бошқа бирортаси кирмас. «Рўзадор қаерда?» дейилур. Улар ундан кирурлар. Уларнинг охиргиси кирганда у бекитилур. Бошқа ҳеч ким ундан кирмас», дедилар (Икки Шайх ва Имом Насаий ривоят қилганлар).

 

Дуолари рад қилинмайдиган кишилар

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч тоифанинг дуолари рад қилинмас: рўзадорники – то оғзини очгунча; одил имомники; мазлумнинг дуоси. Бу дуоларни Аллоҳ булут устига кўтаради ва унга осмон эшикларини очади. Сўнгра Робб: «Иззатим ила қасамки, сенга кейинроқ бўлса ҳам, нусрат берурман», дейди», дедилар (Имом Аҳмад, Термизий, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон саҳиҳларида ривоят қилишган).

Баззорнинг ривоятида: «Уч кишининг дуосини рад қилмаслик Аллоҳнинг зиммасида ҳақдир: рўзадор – то оғзини очгунча, мазлум – то ҳаққини олгунча, мусофир киши – то (ватанига) қайтгунча», дейилган.

Каъб ибн Ажра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Минбар (олди)га келинглар», дедилар. Биз келдик. Биринчи поғонага кўтарилгач, «Омин!» дедилар. Иккинчи поғонага кўтарилгач, «Омин!» дедилар. Учинчи поғонага кўтарилгач, «Омин!» дедилар. У зот (пастга) тушганларида «Эй Аллоҳнинг Расули! Бугун илгари сиздан эшитмаган нарсани эшитдик», дедик. У зот: «Жибрил менга зоҳир бўлиб: «Рамазон ойига етиб, гуноҳлари мағфират қилинмаган киши Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлсин!» деди. Мен: «Омин!» дедим. Иккинчи поғонага чиққанимда: «Сиз олдида зикр қилинганингизда сизга салавот айтмаган одам Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлсин!» деди. Мен: «Омин!» дедим. Учинчи поғонага чиққанимда: «Ота-онаси ёки улардан бири кексайиб қолган, лекин уни жаннатга киритмаган одам Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлсин!» деди. Мен: «Омин!» дедим», дедилар”.

 

Рамазон рўзаси – фарз, қиёми (таровеҳ намози) суннатдир

Назр ибн Шайбон раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади. «Абу Салама ибн Абдурраҳмонга: «Менга отангдан эшитган, отанг эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Рамазон ойи ҳақида эшитган нарсангни гапириб бер. (Ўшанда) отанг билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўрталарида ҳеч ким йўқ экан», дедим. «Ҳа, отам менга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ таборака ва таоло сизларга Рамазон рўзасини фарз қилди. Мен эса сизларга унинг қиёмини суннат қилдим. Ким иймон-ла, савоб умидида унинг рўзасини тутса ва (кечаларини) бедор ўтказса, гуноҳларидан онасидан янги туғилгандек бўлиб чиқур», дедилар», деди» (Имом Насаий ва Имом Аҳмад ривоят қилганлар).

 

Рамазон ва гуноҳларнинг мағфират қилиниши

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат ила бедор ўтказишга тарғиб қилар, аммо қатъий буйруқ бермас эдилар. Бас, у зот: «Ким Рамазонда иймон ила савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», дер эдилар».

«Иймон ила савоб умидида» сўзининг маъноси ҳақида Хаттобий шундай деди: «Яъни, ният ва азму қарор ила (банда) рўзани (фарзлигини) тасдиқлаган ҳолда савобидан умидвор бўлиб, кўнглидан чиқариб, уни ёмон кўрмай, оғир олмай, кунларининг узунлигидан малолланмай тутмоқлигидир. Рўзанинг савоби улуғ бўлгани учун унинг узун кунларини ғанимат билиши лозим».

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон (рўзаси)ни тутса ва унинг чегараларини билса, сақланиши лозим бўлган нарсалардан сақланса, (рўза) олдинги гуноҳларига каффорат бўлади», дедилар (Ибн Ҳиббон ва Байҳақий ривоят қилишган).

Яна бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза сақловчи ва дўзахдан ҳимоя қилувчи мустаҳкам қўрғондир», деганлар (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени яхшилик эшикларига йўллаб қўяйми?” дедилар. “Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули”, дедим. У зот: “Рўза сақловчидир. Садақа худди сув оловни ўчирганидек, гуноҳларни ўчиради”, дедилар”.

Рўза тутиш ва Қуръон тиловат қилишнинг фойдалари

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза ва Қуръон қиёмат куни бандани шафоат қилади. Рўза: «Эй Роббим, мен уни кундузлари таом ва шаҳватдан тўсдим. Мени унга шафоатчи қилгин», дейди. Қуръон эса: «Эй Роббим, мен уни кечалари уйқудан қолдирдим. Мени ҳам унга шафоатчи қилгин», дейди. Улар (бандани) шафоат қиладилар», дедилар.  

Ҳоким “Мустадрок” китобида ривоят қилиб: “Имом Муслимнинг шартига кўра саҳиҳ”, деган.

Араб тилидан Умму Билол таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvsc2ZLCJk0featureyoutu.beembed

18:55 / 29.12.2017 2966
  Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари давоми...

11:58 / 25.04.2018 3361
Азиз опасингилларим Дунё аҳли молу дунё тўплаш ғами билан юрганда, ўзларини бу фитналар уммонига давоми...

20:02 / 09.01.2017 3077
Ҳаётлик вақтида имо билан ҳам намоз ўқишдан ожиз бўлган одам каффорот беришни васият қилиши лозим давоми...

13:50 / 23.05.2017 3411