Имом Абу Ҳанифа мазҳабидаги аёллар учун намоз ўқиш қоидалари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

[embed]https://www.youtube.com/watch?v=3J4jaAX5c9U&feature=youtu.be[/embed]
  • Ният;

Намоз ўқишни бошламоқчи бўлган киши тик ҳолда қиблага юзланган бўлиши шарт. Намоз ўқишни бошлашдан олдин ният қилиш лозим. Ният қуйидагича қилинади: “Аллоҳнинг розилиги учун Фалон фарз намозини ўқишни ният қилдим”. Ниятни овоз чиқариб айтиш шарт эмас, қалбан қилинган ният кифоядир.

Эркаклардан фарқли ўлароқ, фарз намозларида аёллар азон ва иқомат айтишмайди.

Қўл кафти ва юздан бошқа барча тана аъзолари ёпилган бўлиши, рўмол остидан сочлар кўринмаслиги, рукуъ қилган ҳолатда ҳам очилмайдиган даражада берк бўлиши шарт.

  • Такбири таҳрима;

Намозни бошлашдан олдин қибла томонга юзланиш шарт. Маккадаги Масжидул Ҳаром мусулмонлар учун қибладир.

Қиблага юзлангач, икки қўл кафтини кўкрак баробарида, бармоқлар орасини очмасдан, уларнинг учларини елкадан оширмаган ҳолда кўтаради ва илк такбирни айтади: «Аллоҳу акбар!»

Такбири таҳрима айтилаётган вақтда қўл кафтларининг ички тарафи қиблага қаратилади.

  • Қиём;

Такбир айтилганидан сўнг ўнг қўлни чап қўл устига қўйиб, биргаликда кўкрак устига қўйилади. Шу пайтдан бошлаб, аёл ибодат ҳолатига кирган бўлиб, намозни тўлиқ адо этмагунча, узрли сабабларсиз уни тарк этмайди.

Оёқларнинг орасини катта очмасдан, ёнма-ён қўйилади, оёқ бармоқлари қибла томонга қаратилган бўлиши керак. Оёқлар ораси тўрт энлик, яъни тўртта қўл бармоғи сиғадиган даражада очиқ бўлиши мақсадга мувофиқдир. Оёқлар бир-бирига ёпиштириб олинмайди.

Қиёмда саждагоҳга, яъни пешона қўйиладиган жойга қараб турилади. Муслима аёл шундай турган ҳолатда «Сано» дуосини, сўнг «аъузу» ва «бисмиллаҳ» билан Фотиҳа сурасини ўқийди. «Сано», яъни «Субҳанака» деб бошланадиган дуо фақат намознинг биринчи ракъатидагина ўқилади.

Фотиҳа сурасини ўқигач, «Омин» деб, зам (қўшимча) сура ўқилади. Зам сура барча фарз намозларининг биринчи икки ракъатидагина ўқилади. Суннат ва нафл намозларининг эса барча ракъатларида зам сура қўшилади. Зам сура қисқа уч ёки узун бир оятдан иборат бўлиши керак. Мисол учун, Оятул курсий узун бир оят ҳисобланиб, уни зам сура қилиш  жоиз.

  • Рукуъ;

Зам сура ўқилгач, такбир айтиб, рукуъ қилинади: «Аллоҳу акбар!»

Эркаклардан фарқли ўлароқ, аёллар рукуъда пастгача эгилмайдилар.

Қўл тирсаклари ён томонда бўлиб, тиззалар жамланиб, бир оз букилади. Бармоқлар орасида очиқ жой қолмаган ҳолда жамланиб, улар тиззалар устига қўйилади. Бу пайтда нигоҳ оёқ учига қаратилган бўлиши керак. Шу ҳолда уч марта «Субҳаана Роббиял аъзийм», дейилади. Рукуъдан сўнг қад ростлаётган вақтда «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ», дейилади ва шу ҳолда қўллар  икки ёнга эркин туширилади. Охиригача қад ростланганда, иш-ҳаракатга тугал маънони бериш учун «Роббанаа ва лакал ҳамд», дейилади.

  • Сажда;

Кейинги ҳолат сажда бўлиб, унда аёл овоз чиқармасдан такбир айтиб («Аллоҳу акбар»), аввало тиззалар, кейин қўллар, бурун сўнг пешона ерга теккизилиб, сажда қилинади. Сажда ҳолатида қўллар бош сатҳи баробарида, бошнинг икки томонига ундан унча узоқлаштирмаган ҳолда қўйилади. Эркаклардан фарқли ўлароқ, қўллар йиғилиб, биқинга, тирсак ерга теккизилади. Қорин эса оёқ сонларига тегиб туриши керак. Қўл бармоқлари зич жамланган ҳолда қиблага қаратилади. Пешона, бурун ва оёқ панжалари ерга тегиб туриши шарт. Сажда ҳолатида қўллар, пешона, бурун, тирсак, оёқлар ердан узилиши мумкин эмас. Шу ҳолатда Аллоҳни улуғлаб, уч марта: «Субҳаана Роббиял аъла», дейилади. Сўнг такбир айтиб, саждадан бош кўтарилади. Сўнг яна такбир айтиб, иккинчи марта сажда қилинади. Саждада турган ҳолда яна уч марта: «Субҳаана Роббиял аъла», дейилади. Шунинг билан намознинг бир ракъати тугайди. Такбир айтиб, иккинчи ракъатга  турилади.

Икки сажда орасида ва иккинчи ракъат саждасидан сўнг ташаҳҳудда аёл оёқларини жуфтлаб, ўнг томонга чиқариб ўтиради.

  • Иккинчи ракъат;

Иккинчи ракъат худди биринчи ракъат каби ўқилади (навбатдаги саждага қадар). Сўнг биринчи қаъдага ўтирилади.

  • Ташаҳҳуд;

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, иккинчи ракъат саждасидан сўнг аёл оёқларини жуфтлаб, ўнг томонга чиқариб, қаъдага ўтиради ва «Ташаҳҳуд» дуосини ўқийди.

Ташаҳҳудда «Лаа илааҳа»ни айтаётганда ўнг қўлнинг бош ва ўрта бармоқларини бир-бирига қўшиб, ҳалқа қилиб, синчалоқ ва номсиз бармоқларни йиғиб туриб, кўрсаткич бармоғи ила саббоба ишорасини қилади. “Иллаллоҳ” лафзини айтаётганда туширади. Агар намоз икки ракъатли бўлса, иккинчи ракъатнинг икки саждасидан сўнг қаъдаи охирга ўтиради. Яъни ташаҳҳуд ва салавот айтиб, икки томонга салом бериб, намозни тугатади.

  • Учинчи ракъат;

Ташаҳҳудни ўқиб бўлгач, учинчи ракъатга турилади. Учинчи ракъат биринчи ракъат каби ўқилади. Агар фарз намоз бўлса, Фотиҳа сурасидан сўнг зам сура ўқилмайди.

  • Тўртинчи ракъат;

Тўртинчи ракъат ташаҳҳудга қадар иккинчи ракъат каби ўқилади. Агар фарз намоз бўлса, Фотиҳа сурасидан сўнг зам сура ўқилмайди.

  • Салавот;

«Ташаҳҳуд» дуосини ўқигач, аёл салавотни айтиб, намозни Қуръондан бир дуо билан якунлайди.

  • Тасмим;

Аввал ўнг елкага қараб, сўнг чап елкага қараб салом берилади. Тасмим ҳолатида елканинг учларига қаралади. Салом бериб бўлгач, намоздан чиқилади.

Эркаклардан фарқли ўлароқ, аёллар намозни уйда ўқийдилар. Аёллар намоз вақтида барча сура ва дуоларни овоз чиқармасдан, лабини қимирлатиб, пичирлаб ўқийди.

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Романир Роҳим Алҳамду лиллаҳи Роббил аъламин, вассолату вассаламу ала хойри холқиҳи давоми...

05:45 / 27.12.2016 4103
  Реклама бизни соч бўёқлари хавфсиз ва ҳатто фойдали, деб ишонтиришга астойдил уринади. Лекин химия, давоми...

07:42 / 27.11.2016 8110
Умра қилиш учун келган саудиялик 70 яшар аёл ажойиб воқеани бошидан кечирди. Онахон Сафо ва Марва ўртасида давоми...

15:17 / 05.12.2016 3215
Бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олти яхши амални қилишда муттасил бўлган кишига давоми...

09:02 / 26.01.2017 4768