Ёшларни қурол қилманг
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ЁШЛАРНИ ҚУРОЛ ҚИЛМАНГ

      Фарзанд Аллоҳ таоло инсоният учун берган энг улуғ неъматдир. Ота-онага боласига чиройли тарбия бериш, яхши ҳунар ўргатиш, унинг эътиқодини мустаҳкам қилиб тарбиялаш энг муҳим вазифа ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ота-оналар ўз фарзандларини ҳимоя қилишлари лозимлиги ҳақида шундай дейди:

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар» (Таҳрим сураси, 6-оят).

Ушбу оят нозил бўлганда Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Аллоҳнинг расули, ўзимизни дўзахдан асраймиз, аммо оиламизни қандай сақлаймиз?» деб сўрадилар. Шунда Набий алайҳиссалом: «Аллоҳ сизни қайтарган нарсадан уларни ҳам қайтарасиз ва Аллоҳ буюрган ишга уларни ҳам буюрасиз. Шу йўл билан уларни дўзахдан асрайсиз», деб жавоб бердилар.

Демак, инсон, айниқса, эркак киши аҳли оиласининг таъминотига жавобгар шахс ҳисобланади. Аҳли аёли, фарзандларининг тарбияси, уларнинг юриш-туриши учун керак бўладиган барча шарт-шароитларни яратиш ҳам эркак, яъни отанинг зиммасидадир.

Фарзандларига тарбия беришда нуқсонга йўл қўйиб, сўнгра улар турли бузуқ оқимларга қўшилиб кетганларидан сўнг афсус ва надомат чекиб юрган оталар ҳаётимизда кўплаб учраб туради. Доно халқимиз айтганидек: «Сўнгги пушаймон – ўзингга душман».

Мана шундай аянчли оқибатлар ҳаётимизда камайиши учун ота-оналар фарзандларига ёшликларидан дин, диёнат, ақида аслида нималиги, ҳозирда дунёда бузғунчи оқим ва фирқалар тобора кўпайиб, ёшларни ўз домига тортиб бораётгани ҳақида тушунтириб, уларни шу руҳда тарбиялашлари керак. 

Сўфи Аллоҳёр ўзларининг «Саботул-ожизин» асарларида ақида хусусида шундай деганлар:

«Ақида билмаган шайтонга элдир,

Агар амал деб қилса, елдир».

Бу байтдан маълум бўладики, ақиданинг мустаҳкам бўлиши инсоннинг тўғри йўлдан озмасдан, ҳар хил бузғунчи оқимларнинг фитналарига алданмасдан тўғри ҳаёт кечириши учун омил ҳисобланади.

Ҳозирги кунда турли хил шахслар ўзларининг қабиҳ ишларини амалга оширишда ёшларга диний-ақидавий томондан зарба бермоқдалар. Улар ўзларининг разил ишларини амалга оширишда ёш болаларни ниқоб қилиб олиб, уларни тажовузкорликка, ёвузликка ўргатмоқдалар. Аслида эса Исломда юрти, халқи ва ота-онасига хиёнат қилиш оғир гуноҳ саналади. Динимиз нафақат ўз ота-онаси, балки бегоналарга ҳам яхшилик қилишни буюради. Ҳадиси шарифда келтирилганидек, «Ота-онанинг ризосида Аллоҳнинг ризоси бор, уларнинг ғазабида Аллоҳнинг ғазаби бор». Лекин айрим ёшлар орасида бузғунчи оқимлар тузоғига илиниб, «Дин йўлида ҳижрат қиламан, жиҳодга чиқиб, шаҳид бўламан», деб ота-оналарини норози қилаётганлар учраб туради.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ўзининг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида: «Дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи бўлса, аввалам бор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади. Бинобарин, маънавиятга қарши қаратилган ҳар қандай таҳдид ўз-ўзидан мамлакат хавфсизлигини, унинг миллий манфаатларини, соғлом авлод келажагини таъминлаш йўлидаги жиддий хатарлардан бирига айланиши ва охир-оқибатда жамиятни инқирозга олиб келиши мумкин».

Хулоса ўрнида шуни келтириш лозимки, турли диний-экстремистик ва террористик гуруҳлар ҳамда ташкилотлар ўз домига ғўр, ҳали тафаккури тўла шаклланиб улгурмаган ёшларни жалб этиш ҳаракатидадирлар. Улар ёшлар онгини ёт ва бузғунчи ғоялар билан тўлдирадилар. Дин масаласида нотўғри тарғиботни ёшларга сингдириш орқали улар ўз сафларини кўпайтиришга, ўлганлар сонини тўлдиришга ҳаракат қилмоқдалар. Аслида уларнинг ғоялари ва соф Ислом дини қадриятлари ўртасида умуман ғоявий бирлик мавжуд эмас. Ёшларга дин омили асосида нотўғри фикрларни сингдириш осон кечади. Улар ёшларни «жиҳодчи» ёки «шаҳид» сифатида тайёрлайдилар. Аслида ўз жонини қурбон қилишга йўналтирадилар. Ёшлар турли террористик гуруҳ раҳбарлари учун «қурол» ролини ўйнайдилар. Бу ёшлардан фойдаланиб қолиш, уларни ўз ғаразли мақсадлари йўлида қурбон қилишдан ўзга нарса эмас. Шундай экан, жамиятдаги ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг кун тартиби, вақтини кимлар билан қаерда ўтказаётгани, ўртоқлари ва дўстлари ким эканидан хабардор бўлиши лозим. Керак бўлса, интернет тармоқларидан фойдаланиши учун кунда бир соатдан кўп бўлмаган вақтни белгилаб бериши ва қайси тармоқлардан фойдаланаётганини назорат қилиши шарт. Чунки ёшларнинг турли оқим ва ташкилотлар тўрига илиниши ҳам айнан интернет тармоқлари воситасида кўпроқ кузатилади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

Ислом билим юрти 3-босқич талабаси

МАННОБЖОНОВА Робия

 
Мавзуга оид мақолалар
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг навбатдаги ҳисоботига кўра, шакар ўрнини босувчи сунъий қўшимчалар давоми...

02:36 / 27.05.2023 1330
Бир қиз ҳикоя қиладиquotҲафта кунларининг барчасида қайғу ва ғамлар гоҳ у тарафдан, гоҳ бу тарафдан мени давоми...

20:45 / 24.02.2023 2150
АЁЛЛАРНИНГ ЗЕРИКИШИ ҲАҚИДАГИ ЎЙЛАР Тавбатазарру қилинг, бекорчиликни ҳайданг Турмуш ўртоғингиз давоми...

09:20 / 09.04.2017 4309
embedhttpswww.youtube.comwatchvJaLSdCX2a0Eembed

19:09 / 19.11.2018 3796