“Сенга кафолати берилган нарсада ижтиҳод қилмоғинг ва сендан талаб қилинган нарсада камчиликка йўл қўймоғинг сендаги қалб кўзининг беркилганидир”
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозир кунимизда бўлиб турган ҳолат шундайки, Аллоҳ таоло кафолатига олган, Ўзи қодир бўлган нарса ҳақида кўп қайғуриб, ўз вазифамизда қусурга йўл қўйаяпмиз. Кўпчиликнинг фикридаги, зикридаги нарсалар шуки, келажакда бўладиган ишлар, нима бўлиши, нима қўйиши хаёлларини буткул банд этган, Аллоҳга таваккулнинг йўқлиги сабаб, ташвиш-хавотирга солган. Ўзимизга тегишли бўлмаган ишлар билан бандмиз-у, лекин ўзимизга юкланган вазифаларни тўлиқ шаклда бажаряпмизми, бандалигимизни ўрнига қўйяпмизми, ибодатларни ўрнига қўйяпмизми, бу ҳақда қайғурмаймиз, ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаймиз...

Қусурларимиз жуда кўп. Ўзимизча Аллоҳ таолонинг ишига дахл қилиб, у бўладими-бу бўладими, нима бўларкин энди, деб тақдир иши билан ўзимизга тааллуқли бўлмаган ишлар атрофида кўп айланамиз. Энди бу ҳолатни ўрнига қўйиш учун биринчи навбатда жидду жаҳд билан ўз вазифаларимизни билиб олишимиз керак. Аввало “Мен бандаман, мен қандай яшаяпман?” дея камида эрталаб бир марта, кечқурун бир марта ўзимизни-ўзимиз сарҳисоб қилишимиз керак. Биз дунёга нима учун келганмиз? Аллоҳ ҳузуридан бўладиган нарсалар устида ўйлаб ўтиришгами ёки бошқа нарса учун яратилганмизми?

Аллоҳ таоло Ўз Китобида ҳамма нарсани баён қилган. Биз мана шу оятни эсдан чиқариб қўямиз.

Асосий ғам-ташвишимиз – ризқ. Ризқ деганда фақат молу дунё эмас, Аллоҳ таолодан бериладиган барча яхшиликлар ризқдир. Молу дунё ҳам яхшилик ҳам ҳидоят ҳам илм ҳам фарзанд ҳам бахту саодат ҳам барчаси ризқ.

Ояти карима маъносида Аллоҳ таоло айтяптики: “Мен сизларни бекорга яратганим  йўқ, Менга ибодат қилишингиз учун яратдим. Сизлар аввало ибодат қилинглар, сизларга шу нарса таклиф қилинган. Кўпроқ куч-қувватингизни, фикру зикрингизни шунга қаратинглар. Ризқни Мен бераман”.

Яна оят келади. Маъноси: “Аҳлингни намозга буюр ва шу йўлда сабр қил........”

Ризқни фақат Аллоҳ беради. Бандалар орасидаги бир-бирларига бераётган нарсалар ҳам Аллоҳнинг берган ризқиданндир, инсон бор-йўғи унинг сабабчисидир.

Кўпчилик шикоят қилади: “Аҳлим намоз ўқимаяпти, ибодатларга бепарво ва ҳакозо...” Аммо сиз амр қилаверинг, уринаверинг, ҳаракат қилаверинг. Шу билан бирга сабрли бўлинг!

Энди ҳозирда кўпчиликнинг ҳолати шундайки, кўчада ишлайди, чарчайди, асаблари таранглашади, иш билан машғул бўлади, вақти ўшанга кетади. Уйга келиб аҳли, фарзандлари атрофига йиғилса: “Нари тур, чарчаганман”, дейди.

У ҳолда аҳлига намозни ким ўргатади, илмни ким ўргатади, Аллоҳни ким танитади?!

Ҳозир ҳамма аёлу эркак, ёшу қарини битта нарса қизиқтиради: кўпроқ бойлик тўпласа, уйи ҳашаматли бўлса, улови яхши бўлса, маросимлар ўрнида бўлса!.. Мана шулар билан оввора бўлиб, аҳли оиласига қарашга вақти йўқ. Одоб-аҳлоқни, таълимотларни ўргатиш билан иши йўқ.

Аллоҳ таоло осмон, қуёш, ой, ер, ундаги ўсимликлар, жониворлар, денгизлар, тоғлар, ҳашаротлар ҳаммасини асосан инсониятнинг хизмати учун яратган. Жонлию жонсиз, каттаю кичик ҳамма мавжудотлар Аллоҳ таолога махлуқлигини изҳор қилиб туради.

Ҳамма яратиқ бир низомга асосан тартиб билан ишлаб туради. Ҳар бир мавжудот тасбеҳ айтиб туради.

Ҳар бир мавжудотга саид бўлган инсон эса махлуқлигини изҳор қилишда қусурга йўл қўяди. Бандалигини тўлақонли ҳис қилмайди ёки унутади!..

Ҳозирда ҳамма соҳага тегишли хоҳ диний, хоҳ дунёвий бўлсин китоблар, манбалар ҳаммаси етарли. Илм олишга, ўрганишга барча шарт-шароитлар бор. Ҳатто интернет орқали жуда кўп манфаатли нарсаларни ўргансак бўлади. Лекин аксар инсонлар фойдали нарсалар қолиб, шов-шув бўладиган бўлар-бўлмас нарсалар: фалончи артист сочини фалон рангга бўяпти, фалончи пистончига турмушга чиқипти, каби нарсалар билан вақтини ўтказиб қўйишяпти.

Яна бир мисол айнан мавзумизга мос келади: масжидларни обод қилишга буюрилганмиз. Ҳозирда эса масжидлар асосан безаш ва таъмирлаш билан обод қилиняпти. Пайғамбаримиз даврларида масжидлар қандай эди? Саҳобалар уни қандай обод қилдилар? Албатта, улар масжидларни ибодат, илм, зикр билан обод қилганлар.

Ер юзида тинчлик-хотиржамлик, хайру барака бўлиши, динимиз буюрган илмларни ўрганиб, унга амал қилишимиз, фарзандларимиз солиҳ инсонлар бўлиши учун биз аввало Аллоҳга иймон келтириб, вазифаларимизни тўлиқ ва тўғри бажаришимиз керак. Ҳар бир инсон аввало ўз руҳий ҳолатини тўғрилаб, ўзи ҳамда аҳли оиласининг илмли, тарбияли бўлишига ҳаракат қилиши керак.

Одинахон Мухаммад Юсуф

 
Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvbQC41Wi4npQembed

23:15 / 23.09.2015 4144
51масала Киши таҳорат олгандан сўнг тирноқларини олса ёки қуриган терисини олиб ташласа, таҳорати давоми...

14:34 / 06.06.2019 3697
Касалхонада бир хонада икки қария ётар эди. Иккаласи ҳам оғир касал бўлиб, бирига кун бўйи фақат бир соатгина давоми...

07:49 / 05.03.2017 5329
БИЗ УНУТГАН СУННАТ  Биз Ислом уммати динимиз мукаммаллигини, Ислом дини ҳаётимизнинг ҳар бир босқичини давоми...

20:06 / 20.03.2017 4151