«ОЛДИН УЛОВИНГНИ БОҒЛАБ, КЕЙИН ТАВАККУЛ ҚИЛ...»
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нафсингни тадбирдан хотиржам қил. Бас, сендан бошқа Зот сенинг ўрнингга қилиб қўйган ишни сен ўзинг учун қилма.

Ҳозирда фикру хаёлларимизнинг тўқсон фоизини банд қилган нарса айнан мана шу хусусда. Бу ҳикматни ўқиганда шундай мулоҳаза келади: биз туққан фарзандимизнинг феълу атворини яхши биламиз, у эртага бир жойга бориши керак. Унга керакли ҳамма нарса – кийим-кечаги, олиб кетадиган буюмларини тайёрлаб қўямиз, лекин боламиз болалигига бориб атрофимизда айланаверади: “Эртага бораман-а? У нарсам тайёрми? Бу нарсам тайёрми?” Яъни хотиржам бўлолмайди: чир-чир айланади, ўзини у ёққа-бу ёққа ураверади.

Бизнинг ҳам ҳолатимиз худди шу ёш болаларникига ўхшайди.

Ташвишга тушиб, онгимизни ўй-хаёллар билан банд қиламиз, хотиржам бўлолмаймиз. Аллоҳга таваккул қилиш, Ўзига ҳавола қилишни унутиб қўямиз. Роббимиз биз учун тадбир қилиб қўйган, бандасига хайрли нарсаларни тайин қилиб қўйган, лекин биз Унинг ишларига дахл қилаверамиз!..

Айниқса, савол сўраб келувчилар йўқотган хотиржамликларини топа олмайди-да, уни саволларининг жавобидан излашади. Аллоҳ таолога суянмасдан: “Ундай қилсам, бундай бўлармикин? Ишқилиб бўлармикин?..” дея иккиланишади, гумонланишади.

Бундай пайтда олим киши кўрсатма бериши, тўғри йўлни тушунтириб бериши мумкин. Улар нима қилишлари кераклигини айтади, қалбни қандай тутиш кераклигини билдиради: “Фарз, вожиб, суннат амалларни вақтида адо қилинг-да, ишнинг у ёғини кутинг. Натижани эса бўлади ёки бўлмайди, деб айтишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”.

Яъни ҳамма ишда, ҳар қадамда биз ўзимизни Аллоҳга топширишимиз керак. Чегарамизни билиб, бандалигимизни эътироф қилиб, амалларимизни чиройли бажаришимиз керак. Асло Аллоҳ таолонинг тадбирига аралашмаслик керак!

Сабабларни ишга солиб ҳаракат қилиш бу – амалий нарса.

Тадбир эса фикрий ҳолатдир.

Модомики, Аллоҳ таоло бандаларга неъматларини бериб қўйибдими, уларнинг шукрини адо этиш билан бирга ҳаракатда бўлиши керак, вазифа ҳамда буйруқларига тўла бўйсуниши керак.

Таваккулни ҳам тўғри англаб олиш керак. Ҳаракатни қилиб, сабабларни ишга солиб кейин таваккул қилинади, яъни натижа шундай кутилади. Фикрий ҳолатга келсак, ҳаракатни ишга солгандан кейин, бўлармикин-бўласмикин, деб хаёл суравермай, Аллоҳга ҳавола қилиш лозим.

Айтайлик, савдо соҳасида савдогар тижоратини қилди, унинг ҳисоби бўйича катта фойда келиши керак эди, лекин фойда камроқ чиқди. У эса хаёлида кўпроқ фойдани ҳисоблаб қўйган эди.

Тўғри, ҳар бир ишни пухта қилиш керак. Дўкон оч, шартнома туз, ҳисоб-китобни тўғри қил, кейин эса келадиган фойданг баракали бўлишини сўра. Пешанага ёзилган, насибага ярашасини Аллоҳ таоло албатта, беради!

Ёки бунга мисолни аёллар ичидан олсак. Қиз бола турмушга чиқди, сарполар бекаму кўст, қўли ширин, уй ишларига чаққон, лекин турмуш ўртоғи унга яхши муомала қилмаяпти, қайнона-қайнота миннатдор бўлмаяпти. Шунда ҳам сен хизматингни Аллоҳ таолонинг розилиги учун қил, бандалардан раҳмат кутма, Аллоҳ уларнинг қалбига солган бўлса, гапиртириб, сенга меҳр кўрсаттириб қўяди.

Илм даргоҳларига кириш масалаларида ҳам худди шундай. Йигит ёки қиз репититорларга қатнайди, қаттиқ ҳаракат қилади, лекин киролмайди. Чунки натижа – Аллоҳдан.

“Мен ҳаракат қилдим, бўлиши керак эди!” дема. Аксинча: “Шунча ҳаракат қилдим, Аллоҳ хайрлисини берсин, ҳар бир нарса унинг ҳикмати билан бўлади. Балки бу билан Роббим мени бирор ёмонликдан тўсиб қолгандир?” деб айт!

Таваккул борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидан ўрнак олишимиз керак. Ҳижратга чиқиб кетдилар, уларга ҳар томондан хавф-хатар етиб турибди. Қўлларидан келган ҳаракат – Али розияллоҳу анҳуни ўринларига ётқизиб, кейин кетдилар. Йўлчини топдилар, ҳамроҳларини, озиқ-овқатларини олдилар, ҳамма ҳаракатни қилиб, кейин йўлга чиқдилар. “Мен Аллоҳнинг Пайғамбариман-ку”, деган ўйда ҳеч қандай ҳаракат қилмасдан: “Ўзи асраб олади!” демадилар. Бандалик вазифаларининг ҳаммасини бажардилар. Мушриклар ғор олдига қидириб борганида, беркиндилар ва Аллоҳга таваккул қилдилар. Жуда яқин келишганида Абу Бакр розияллоҳу анҳу қўрқувга тушганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ биз билан!” дедилар. Натижани эса Аллоҳдан кутдилар.

Мана шу ҳақиқий таваккулдир! Яъни Аллоҳ таолога суянган ҳолда ҳаракат қилиб, сўнггида натижани яна Аллоҳдан кутиш...

Одинахон Мухаммад Юсуф

 
Мавзуга оид мақолалар
Фаластинлик қизча кашфиёти карсоқов отаоналарга ёрдам бериши мумкин  Ғазолик 14 ёшли қизча қўлга давоми...

10:39 / 01.03.2017 2952
 Бу қиссани мулоҳаза қилиб кўринг  Эрхотин янги уйга кўчиб ўтишди. Кунларнинг бирида  нонушта қилиб давоми...

20:59 / 02.02.2017 5549
   Ҳуда Идрис ўз бизнесини 12 ёшида бошлаган. Саудия Арабистонидаги мактабларда бир нечта дастурлаш давоми...

14:15 / 08.03.2017 3499
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ, ҳазрат. Сиздан айрим нарсалар ҳақида сўрамоқчи эдим. давоми...

09:35 / 05.12.2016 5937