ТАЖРИД ВА САБАБ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тажрид тасаввуфда ҳамма нарсадан холи бўлиб, Аллоҳ таолонинг зикри, ибодати учун ажраб чиқиш, деган маънони англатади.

Асбаб яъни сабаблар – маишат, тирикчилик сабабларидир. Яшаш, тирикчилик, пул топиш, ризқ учун ҳаракат қилиш дунёга тегишли нарсалардир.

Аллоҳ таоло баъзи бир бандаларини сабабга йўналтириб қўяди, баъзиларини эса тажридга йўналтириб қўяди. Шунда ҳолатни аниқлаб олиш керак. Ҳаётидан, атрофидаги муҳитдан келиб чиқиб, ҳар бир одам ўзига нима берилаётганини фарқлаб олиши керак. Яъни илм ёки ибодат йўлида ҳаракат қилиши керакми ёки сабаблар орасида қолиб, ҳаракатни давом эттириши керакми? Бизда тавозуънинг бузилиши шундаки, ўқишга имкониятлари борлар дунё хоҳлаяпти, бола-чақа боқиб, касбу кор қилиши керак бўлганлар эса ўқишни хоҳлаяпти, бу билан ўз бўйнидаги  масъулиятдан қочяпти. Ёки биратўла бир тарафга шўнғиб кетишяпти, ҳар иккисини ўз ўрнига қўёлмаяпти.

Чунки фақат у ёки бу билан бўлмайди, ҳаётда ҳар иккисини ўз ўрнида бажариш керак. Шунда энг чиройли ва биздан талаб қилинган мартаба ҳосил бўлади. Энди бунга қанақа қилиб эришилади дейилса, масалан бир кишининг оиласи бор, дейлик. Бола-чақасини таъминлаши керак, ота-онасига қарашиши керак, ризқ топишга ҳаракат қилиши керак. Лекин у: “Илм ўрганаман, ибодат қилишим керак”, дейди. “Шунча масъулиятни ташлаб кетиш тўғри ҳисобланадими?” дейилса, “Мен Аллоҳга таваккул қилдим, Ўзи ризқ беради, сизлар менинг йўлимни тўсяпсизлар”, дейди.

Аслида, у нима хоҳлаяпти? У вазифасидан қочишни хоҳлаяпти, нафсига эргашяпти, ишнинг енгил томонига ўтишга уриняпти!

Энди бошқа бир тоифа бор. Ота-онаси “Фалончига ўхшасин”, деб ният қилиб, бу йўлда барча машаққатларни ўз бўйнига олиб қўйган. Ҳамма имконияти:  кийим-кечагидан тортиб, еб-ичиши, бутун таъминотини қиляпти, мақсади – боласини ўқитиш. Аммо фарзанди ўқишга бориб ўқимайди, кўчада ўртоқлари билан маишат қилиб юради. Берилган имкониятни суиистеъмол қилади. Яна: “Ишлайман, пул топаман!” дейди. Ўқишга имкониятинг борида ўқи, илм ол, дейилса – тушунмайди. Ана ўшалар ҳимматда пастга тушганлар ҳисобланади. Яъни улар Аллоҳ таоло берган неъматни нотўғри тасарруфот қилади.

Ёки келинлар: “Роса илм ўргангим келяпти, ибодат қилмоқчиман, лекин имконият йўқ...” дея нолийди. Бу билан улар ҳамма бекалик вазифаларини суриб қўйиб: “Фақат эрим билан мулоқот қиламан, ибодатларимни қиламан, кўчага чиқиб ўқийман”, дейишади. Оиладаги юмушлари, эрнинг хизмати, катталарнинг дуоси деган нарсаларни ўзларининг мажбуриятлари эканини унутиб қўйишяпти.

Энди бунга ҳаётий мисоллар келтирамиз:

Дейлик, бир оилали киши бор. Оилабоши сифатида ўз масъулиятини бажаряпти – касбу кор қиляпти, қараса, яхши бўляпти. “Бундан ҳам яхшироқ топаман, сармоямни янада кўпайтираман”, дейди. Ҳамма нарсага тўйиб бўлди: егани олдида, емагин ортида! Ота-онаси, фарзандлари ҳаммасига қараяпти, икки-учтадан ҳовли-жойлар ҳам қуриб қўйди, машиналар ҳатто ортиғи билан. Шундаям “Кўпайтиришим керак!” дейди, икки-учта фирма очмоқчи. Қарабсизки, намозда ҳаловат йўқ, миясида фақат ҳисоб-китоб, қўлга китоб олишга вақти йўқ, қулоғига мавъиза кирмайди, жумага боради-ю шошиб кетади, чунки дўконига бориши керак. Мана шу тавозуънинг бузилиши. Тўғри, сабабни қиляпти, лекин фақат шу билан машғул бўлиб кетди.

Энди иккинчи ҳолатга ўтсак: ота-она боласини орзу қилган ўқишига берди, ҳатто боласининг бола-чақасиниям боқиб туришга рози. Мақсад, боласи илмли бўлса, ўқиса бўлгани! Аммо боланинг хаёли бекорчи нарсалар билан банд, ўқишни умуман истамайди.

“Ўзим пул топиб, болаларимни ўзим боқишим керак!” деб туриб олади.

Шайх Бутий ҳазратларининг ҳаётларидан ибрат олсак, арзийди:

Ўн бешга тўлганларида оталари ўқишга бераётиб, шундай деган эканлар: Ўғлим, агар Аллоҳга етишиш ахлат йиғиш орқали бўлганида эди, сенинг ахлат йиғишингдан асло ор қилмасдим. Шу касбни қилишингга ўзим рухсат берардим. Лекин Аллоҳга илм орқали етишилишини билганим учун сени  илмга беряпман!”

Ўқишдаги тенгдошлари фитна қилиб: “Пул топмаймизми? Ишлаб пул топадиган пайтимиз, ишлайлик!” дейишганида кўнмаган эканлар. Кейинчалик эслайдилар: “У пайтда мен бу нарсаларни тушунмаганман, фақат отамга итоат қилганман, холос. Отамнинг хоҳиши, дея шундай қилганман. Аммо вақтлар ўтиб натижани кўриб айтяпманки, мана шу тажрид бўлган экан...”

Яна бир чиройли мисол бор:

Бир юртнинг бозорида эрталабки соат ўнда иш бошланар экан. Бозор қизиб, савдо-сотиқлар қилингач, шом киришидан бир соат олдин бозор ёпилар, сўнг атроф сув қуйгандек жимжит бўлиб қолар экан. Бунинг сири нимада экан деб қизиқишса, бозор ёпилганидан кейин ҳамма ибодатга шошилар экан. Шомни ўқиб, зикрларини қилиб, ҳамма қўлига китобини олиб, илм билан машғул бўлишар экан. То кечасигача ҳамма дарс қиларкан. Аҳли тижоратчилар аҳли  илмга, яъни талабаларга айланишаркан. Кечаси ухлаб, ором олиб, эрталабдан яна ибодатларини қилиб, оилалари билан нонушта қилиб, вазифаларини бажариб, озгина дам олишгаям улгуриб, яна соат ўнда бозорда касбу кор, тижорат ишларини давом эттиришар экан. Мана бу – икки томонни тенг ушлашдир. Илмни ҳам ташлаб қўйишмаган, ризқ-рўз топиб, касбу кор қилишни ҳам тарк этишмаган.

Ҳар бир киши ўз ҳаётини шунга ўхшаган қолипга солиши керак.

Бу гўзал ибратдан ҳозирги келинлар ҳам ўрнак олсалар, яхши бўларди. Ҳаётингни шундай йўлга қўйгинки, Роббингнинг ибодатига ҳам вақт ажрат, илм олишга ҳам вақтинг бўлсин, одамлардан ҳам узилиб қолма. Чунки инсонлар бир-бирларига керак. Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирларига муҳтож қилиб яратган.

Бу нарса муҳитга қараб ҳам бўлади. Баъзи инсонлар кўпроқ ишлашларига тўғри келади. Қарзга кириб қолган бўлиши мумкин, оиласи катта ёки хасталар бордир. Бундай ҳолда улар кўпроқ сабаб билан машғул бўлишга муҳтождирлар.

Баъзилар эса кўпроқ ўқиши керак, юртида мутахассислар етишмайди, қори керак, фақиҳ, муфтий керак, имом керак. Бундай ҳолатларда сабабларни четга суриб, Аллоҳга таваккул қилиб, илмга шўнғиш керак.

Хулоса шуки, ҳар бир инсон ўз ҳолатини яхшилаб билиб олиши керак.

Довуд алайҳиссаломнинг ҳам ўзларининг тақсимотлари бўлган. Яъни Роббилари учун ажратган вақтлари, одамларга ҳукм берадиган вақтлари айри-айри бўлган.

Одинахон Мухаммад Юсуф

 
Мавзуга оид мақолалар
Сувайбани озод қилиш қиссаси  Ҳадис ва сийрат олимлари китобларида Абу Лаҳабга Пайғамбаримиз соллаллоҳу давоми...

14:30 / 31.01.2017 5428
Cалафи солиҳларидан бири ҳаётидан мамнун, нафси хотиржам, ҳаётидан нолимас, қийинчиликлардан эса давоми...

22:26 / 25.01.2017 5068
Аллоҳ таолодан афв сўрашни кўпайтирингҲар куни шом намозининг азонидан бошлаб, Рамазон ойининг сўнгги давоми...

21:37 / 15.04.2023 1960
Сора Шаффи халқаро журналист. Унинг 2018 йилда ёзган Рамазон кундалиги кўпчилик муслималарга таниш давоми...

13:04 / 04.05.2019 3296