ХАРОБА МАСЖИД
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

                                                                      ХАРОБА МАСЖИД

Тоғам билан бирга Маккадан қайтаётган эдик. Узоқдан бир хароба масжид кўрина бошлади. Унга Маккага кетаётиб ҳам кўзим тушган эди. Олдига яқинлашгач, кўк рангли “Ford” русумли улов бирдан эътиборимни тортди. У шундоққина масжиднинг ёнида турган эди. Тезликни пастлатиб, мен ҳам уловимни масжиднинг олдига тўхтатдим. Тоғам ҳайрон бўлиб: “Нега бу ерда тўхтадинг?” деб сўради. Унинг саволини эшитмаганга олдим. «Секин ортимдан юринг», дея қўлим билан имладим. Иккимиз масжидга яқинлашганимизда ичкарида кимнингдир баланд овозда Қуръон ўқиётгани эшитилди. У Раҳмон сурасини шундай гўзал тиловат қилар эдики, ичкарига кирмай қироатга узоқ қулоқ тутиб тургим келди. Аммо қизиқувчанлигим мени тезроқ ичкарига киришга ундади. Деярли ярми бузилиб, вайронага айланиб қолган бу масжиднинг устидан ҳаттоки қушлар ҳам учиб ўтмасди... Масжид ичига кирдик, қироат соҳиби бир йигит экан. У жойнамозини ерга солиб ўтирар, қўлида эса кичик Мусҳаф бор эди. Масжидда ундан бошқа ҳеч ким йўқ. Яқинлашиб, йигитга салом бердим. У аввалига чўчиб кетди. Сўнг саломимга алик олди. Ундан: – Аср намозини ўқидингизми? – деб сўрадим. – Йўқ, – деди. – Аср вақти кирди, келинглар бирга намоз ўқиймиз, – дедим-да, такбир айтишга шайландим. Йигит ўрнидан туриб, қиблага қараб жилмайди. Бир оздан сўнг ўзига-ўзи: «Қара, жамоат билан намоз ўқийдиган бўлдик!..» деди. Тоғам иккимиз бир-биримизга қарадик. Атрофда биздан бўлак ҳеч кимса йўқ эди. Ўзимни билмаганга олдим-да, намозга такбир айтдим. Бироқ хаёлим йигитда эди: “Бу йигитнинг ақли жойида эмасга ўхшайди. Йўқса, ўзига-ўзи гапирмас эди. Ақли жойида бўлмаса, унда қандай қилиб Қуръонни бунчалик гўзал қироат қилиши мумкин?!” деб ўйладим. Турли хил ўй-хаёллар оғушида намозни якунладим. Ортимга ўгирилиб, йигитга қарадим. У зикр ва тасбеҳ айтарди. Шунга қарамай сабрсизлик билан унга: – Биродар, яхшимисиз? – дедим. – Аллоҳга шукр, яхшиман, – деди у. – Аллоҳ сизни Ўзи кечирсин, сиз сабаб намозда роса чалғидим, – дедим. – Нима учун? – сўради у ҳайратини яширмай. – Намозни бошлаётганимда сиз ўзингизга-ўзингиз: «Қара, жамоат билан намоз ўқийдиган бўлдик», дедингиз. Мен эса: “У кимга гапиряпти? Ахир масжидда биздан бўлак ҳеч ким йўқ-ку?” деб ҳайрон бўлдим”, дедим. Йигит жилмайган ҳолда озгина тортиниб: – Мен масжид билан гаплашаётган эдим... – деди. Бу жавобдан баттарроқ даҳшатга тушдим. Унга: – Масжид сизга жавоб қайтардими? – дедим. – Қандай қилиб жавоб қайтаради? У жонсиз тошу ғиштлардан иборат бўлса? – деди. – Ундай бўлса, сиз у билан қандай қилиб сўзлашаётган эдингиз? – дедим. У нигоҳларини ердан кўтармай шундай деди: – Мен масжидларни жудаям яхши кўраман. Шунинг учун қаерда эски, қаровсиз бирор масжидни кўриб қолсам, унда Аллоҳни зикр қилгим келади. Ташландиқ масжидларнинг тасбеҳ, таҳлил, такбир айтилишига қанчалар муштоқ эканини ҳис қиламан. Бошқа масжидлар орасида ўзини қанчалар ғариб ҳис қилишини, ўзида бир ракатгина намоз ўқилишини, биргина оят тиловат қилинишини орзулашини сезаман. Шундай масжидлардан чиқиш олдидан: “Эй Аллоҳим! Ушбу масжидни улуғ зикринг ила, Қуръонинг тиловати ила обод қилолган бўлсам, ота-онамнинг ҳам қабрларини обод қил!..” деб дуо қиламан... Йигитнинг жўшқин иймони, гўзал тақвоси бутун вужудимни титратиб юборди, қалбимни ром этди. Кўзларимдан беихтиёр ёш қуйила бошлади. Бир кўришда “мажнун” деб ўйлаганим бу бегона йигит қанчалар олиҳиммат инсон экан-а? Ота-онасига қилаётган яхшилигига, ҳақларига йўллаётган дуосига қаранг! Бирортамиз унингдек бўла олармикинмиз?!.                                                                                                              Араб тилидан Умму БИЛОЛ таржимаси.

Мавзуга оид мақолалар
Ҳолвайтарга 100 г. ёғ, 1 стакан ун, 1 стакан шакар ёки 150 г. қанд, 3 стакан қайноқ сув ва бир чимдим ванилин давоми...

13:14 / 29.11.2016 5607
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Тарбиявий муносабатларда  балоғат ёки бошқача айтганда ўтиш ёши ҳар доим энг давоми...

14:02 / 11.02.2017 4598
Мусулмон жамияти учун йилнинг энг афзал мавсуми бўлган Рамазон кириб келди. Келаси бир ой давомида бутун давоми...

12:32 / 06.05.2019 2589
 Ҳар бир инсоннинг бош миясида ҳайвонникидан фарқ қиладиган қуйидаги марказлар мавжуд. Уларда ақлфаросат, давоми...

11:59 / 02.02.2017 8648