Танлов (иккинчи мақола)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ГЎЗАЛ ХУЛҚ – ИНСОНИЙ ФАЗИЛАТ

    Дунёга келган инсонлар бир-бирлари билан муомала қилмасдан яшашининг иложи йўқ. Уларнинг ўзаро муомалалари худди меҳмонга қилинадиган муомаладек ширин ва мулойим бўлиши шарт. Зеро, барчамиз бу дунёда вақтинчалик меҳмонмиз.

Бу тўғрида Ойша онамиз розияллоҳу анҳога қилган панду-насиҳатларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деган эканлар: «Эй Ойша, ўзингга юмшоқликни лозим тутгин, қўполлик ва ундан пайдо бўладиган ёмонликлардан сақлан, чунки юмшоқлик аралашган ҳар бир нарса чиройли бўлур ва юмшоқлик аралашмаган нарсанинг айблари кўриниб қолур».

Дарҳақиқат, юмшоқ, ширинсўзли кишини барча яхши кўради, қўпол, қўрс кишидан эса ўзини четга олади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини кўркам хулқли бўлишга чақириб, шундай деганлар: «Қиёмат кунида мўмин банданинг барча амаллари тарозуга қўйилганда энг тош босадиган амали яхши хулқдир. Аллоҳ таоло шармсиз, беҳаё сўз айтувчиларни ўзига дўст тутмас».

Ҳадисда келтирилишича: «Одамларга аралашмаган, уларнинг озорларига сабр қилмаган мўминдан, одамларга аралашган, уларнинг озорларига сабр қилган мўмин афзалроқдир».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаларидан: «Хўш, кимни энг кучли одам деб ўйлайсизлар?» деб сўрадилар. Саҳобалар: «Рақибини тезлик билан енгадиган, йиқитадиган киши энг кучли бўлади», деб жавоб беришди. Шунда у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, ундай эмас. Жаҳли чиққанда ғазабини ичига юта оладиган киши энг кучлидир», дедилар. Шу сабабдан Аллоҳ таоло ҳам ғазабини ичига юта оладиган кишиларни Қуръони Каримда мақтаган:

«(Улар) енгилликда ҳам оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни афв қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради» (Оли Имрон сураси, 134-оят).

Ҳикоя қилишларича, улуғлардан бирининг хизматкори хўжайинига таом келтираётиб, оёғи чалишиб йиқилади ва қўлидаги таом тўкилиб, гиламни булғайди. Хўжайин ғазабга тўлади, шунда хизматкор: «Эй тақсирим, Аллоҳ таолонинг сўзини эсланг», дейди. «Аллоҳ нима деган?» сўрайди хўжайин. Аллоҳ таоло «Ғазабини ютувчилар...» деган дейди хизматкор. Шунда хожаси: «Майли, мен ҳам ғазабимни ичимга ютдим», дейди. Аллоҳ таоло яна: «Яхшилик қилувчиларни Аллоҳ севади», деган» дейди хизматкор. Шунда хўжайин: «Аллоҳ таоло учун сени озод қилдим», деб хизматкорни қулликдан озод қилади ҳамда минг динор ҳадя беради.

Шу кичик ҳикоядан Аллоҳ таолонинг ахлоқ-одобга чақирган бир ояти кишининг икки дунёсини ҳам обод қилиши мумкинлигининг гувоҳи бўламиз. Бир оятга амал қилган хизматкор қул Аллоҳнинг раҳматига эришиб, иккинчи тарафдан ҳурлик саодатига етишди. Аллоҳ таоло барчамизга гўзал хулқли бандалардан бўлиб, қиёматда юқори даражаларга эришишни насиб этсин.

Адҳам ДЎСМАТОВ,

Тошкент Ислом Университети магистранти

 «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-ноиби

Мавзуга оид мақолалар
 4. Ейиш ва ичишда тартибга, кетмакетликка риоя қилмаслик. Бу қоидага, одатда, риоя қилинмаганлиги сабабли давоми...

07:25 / 26.12.2016 4046
Муҳаммад Аҳмад 20 йил олдин  Сомалидан АҚШ га кўчиб ўтган. Ҳозирда ёқилғи қуйиш шаҳобчасидаги доимий ишидан давоми...

12:04 / 04.03.2017 8565
  embedhttpswww.youtube.comwatchvI7oI84KDsy0embed Хуш келибсиз Бугун сизлар билан баклава ширинлигини тайёрлашни давоми...

22:09 / 17.03.2017 4867