Ислом – тинчлик ва бағрикенглик динидир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом – тинчлик ва бағрикенглик динидир

«Мамлакатимизда ҳукм сураётган миллатлар ва динлараро тотувликни, фуқаролар ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаш, ягона хонадонимиз бўлмиш Ўзбекистонда истиқомат қилаётган барча инсонларнинг миллати ва дини, ирқи ва жинсига қарамасдан, уларнинг тинчлигини ва осойишталигини таъминлаш – бу борадаги ишларимизнииг асосий маъно-мазмунига айланиши даркор». Ислом КАРИМОВ

1995 йил 16 ноябрда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессиясида Бағрикенглик тамойиллари тўғрисидаги декларация қабул қилинди. ЮНЕСКО томонидан бағрикенгликка оид етмишдан зиёд халқаро ҳужжатлар, конвенция­лар қабул қилинди.

Декларацияда ирқи, жинси, келиб чиқиши, тили, динидан қатъи назар, бағрикенгликни тарғиб этиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат билан қараш каби мажбуриятлар акс этган. Албатта, халқимизга азалдан хос бўлган бағрикенглик хислати  биз учун анъанавийдир. Шу кундан эътиборан Жаҳон афкор оммаси 16 ноябрни ҳар йили «Халқаро бағрикенглик куни» сифатида кенг нишонлаб келмоқда. 1996 йилда БМТ Бош Ассамблеяси ҳар йили шу кунни «Халқаро бағрикенглик куни» деб нишонлашни таклиф қилган эди.

 «Бағрикенглик» сўзи, деярли, барча тилларда бир хил ёки бир-бирини тўлдирувчи мазмунга эга. Уларни умумлаштириб «бағрикенглик» чидамлилик, бардошлилик, тоқатлилик, ўзгача қарашлар ва ҳаракатларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, мурувватлилик, ҳимматлилик, кечиримлилик, меҳрибонлик, ҳамдардлик каби маъноларга эга дейиш мумкин.

«Бағрикенглик» чинакам исломий фазилат бўлиб, араб тилида «Самааҳатул Ислам» дейилади. Исломнинг бағрикенглигини биз ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий намуналарида тўлиқ ва равшан кўришимиз мумкин. Зеро, умуман рисолатнинг мақсади, асосий вазифаси одамзотнинг бу дунёдаги ҳаётини енгиллатиб бериш, охиратда эса абадий роҳат маконидан ўрин олишига ёрдам беришдир. Шунинг учун Қуръони Каримнинг услубига қарасак, ўқиганимизда баъзан мўминларнинг қалбини жунбушга келтирувчи, уларнинг диққатларини муҳим бир масалага қаратувчи хитоб билан бошланган ояти карималарни кўп учратамиз. Бу оятлар «Йаа айюҳаллазийна аамануу», «Эй иймон келтирганлар!» деган буюк хитоб билан бошланади. Демак, бу хитоб билан бошланган оятларда айнан мўмин-мусулмонларга тегишли масалалар келган бўлади. Аммо Каломуллоҳнинг қолган барча оятлари умуминсоний, умумбашарий кўрсатмалар бўлиб, уларда динидан, ирқидан, жинсидан қатъи назар, Бани Одам назарда тутилади.

Аллоҳ таоло «Исро» сурасининг 70-оятида: – «Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик», дейди.

Ҳадиси шарифларда ҳам худди шундай. «Кимки…» деб бошланган барча ҳадисларда мутлақ инсон кўзда тутилади. Масалан, «Кимки бир дарахт экса ва ундан ҳайвонми, қушми, ҳашаротми, одамзотми еса, уни эккан одамга савоб бўлади», деган мазмундаги ҳадисни олайлик. Бу ерда ҳар қандай инсон назарда тутилган, унинг дини ёки бошқа жиҳати қайд қилинмаган.

Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: – «Одамларга раҳим қилмаганга Аллоҳ ҳам раҳим қилмайди», деганлар. Бу ерда ҳам мусулмонлар эмас, умуман, ҳар бир инсон, ҳар қандай одам тушунилади.

Мана шу каби оят-ҳадисларда биз динимизнинг бағрикенглигини кўрамиз.

Яна бир мисол. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига бир гуруҳ ансорийлар келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Сақиф қабиласи ҳидоятга кирмаяпти, уларни дуоибад қилинг» дейишганида у Зот алайҳиссалом «Аллоҳумма, иҳди Сақифа» – «Аллоҳим, Сақифни ҳидоят қил», дедилар. Ансорийлар яна «Эй Аллоҳнинг Расули! Уларни дуоибад қилинг», дейишди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна «Аллоҳим! Сақифни ҳидоят қилгин» дедилар. Учинчи маротаба сўрашганда ҳам шу дуони қилдилар. Мана, бағрикенгликнинг ёрқин намунаси. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бу муборак дуолари ижобат бўлиб, ана шу Сақиф қавмидан кейинчалик буюк зотлар, улуғ уламолар етишиб чиқди.

Тарихимизда бундай мисоллар жуда кўп. Саҳобалардан Туфайл ибн Амр ад-Давсий розияллоҳу анҳу дўстлари билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Давс қабиласи ҳаддидан ошди, куфр келтирди. Уларни дуоибад қилинг» деганларида ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом «Аллоҳумма, иҳди Давсан» (Аллоҳим, Давсни ҳидоят қил) деб уч марта дуо қилдилар. У Зот алайҳиссалом Давсни дуо қилиш учун қўлларини кўтарганларида Туфайл ибн Амр ва унинг шериклари «Ана энди Давс ҳалок бўлди, Давснинг шўри қуриди», дейишди. Улар Пайғамбар алайҳиссалом Давсни қарғайдилар, деб ўйлашган эди. Йўқ, Пайғамбар алайҳиссалом Давсга ҳидоят сўраб, «Роббим, Давсни ҳидоят қилгин, уларни Мадинага мусулмон ҳолида келтиргин»,  деб дуо қилдилар.

Бундан бошқа ҳолатларда ҳам, бир гуруҳ саҳобалар мушрикларни дуоибад қилишларини сўраб, у Зотга мурожаат қилишганда «Мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Мен раҳмат қилиб юборилганман» деганлар.

«Ва маа арсалнаака иллаа роҳматал лил оламийн» («Эй Муҳаммад алайҳиссалом! Биз сизни оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик») ояти сўзимизнинг далилидир.

Эътибор қилсак, бу оятда Аллоҳ таоло «оламларга» деган. Нима учун «оламлар» дейилган? «Олам» деб Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ўзга ҳамма нарсага айтилади. Ҳар бир жинс, ҳар бир тоифа бир оламдир. Шунинг учун олам сўзи кўплик шаклида ишлатилган. Инсоният олами, ҳайвонот олами, фаришталар олами, жинлар олами ваҳоказо оламлар бор. Демак, ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом фақат мусулмонларга эмас, бутун башариятга, балки бутун оламга, бутун борлиққа раҳмат ўлароқ юборилганлар.

У Зотнинг оламларга қандай раҳмат қилиб юборилганларига бир намуна сифатида Исломнинг аввалида, тўққизинчи ҳижрий йилда Араб жазирасида, мусулмонлар кучли бир давлатга айланиб бўлганидан кейин ҳам Нажрон епископи, насроний Абулҳорисга ёзган мактубларини ўқиб кўрайлик.

Tадқиқотчи Жоржия Ислом ҳукмрон бўлган даврдаги бошқа самовий дин асҳоблари ҳақида шундай ёзади: «Ҳижратнинг тўққизинчи йилига келиб, Ислом дини бутун араб жазирасини қамраб олган бўлса-да, Муҳаммад алайҳиссалом яҳудий ва насороларни ўз динига киришга мажбур қилмаганлар, чунки улар аҳли китоб эдилар. Муҳаммад алайҳиссалом ўзларининг Нажрон бош епископи Абулҳорисга ёзган мактубларида Ислом келгач, Араб жазирасида насороларнинг аҳволи яхшиланганини айтиб, жумладан, шундай сўзларни айтганлар:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Аллоҳнинг Расули Муҳаммаддан Нажроннинг бош епископи Абулҳорисга ва унинг барча руҳонийлари ва епископларига. Аммо баъд. Бош епископга, унинг руҳонийлари ва бошқа епископларга маълум бўлсинки, сизларнинг черковларингиз, ибодатхоналарингиз қандай бўлса, шундайлигича қолдирилади. Сизлар ўз ибодатларингизда ҳур ва эркинсиз. Биронтангиз ўз мансаби ва мақомидан четлаштирилмайди. Диний маросимларингизда ҳеч нарса ўзгартирилмагани каби, мазкурлардан ҳам ҳеч нарса ўзгартирилмайди. Модомики, епископлар аҳдга, яъни ўзларининг асл инжилларига содиқ қолсалар ва ундаги таълимотларга, яъни насроний динининг таълимотларига амал қилсалар, Аллоҳнинг ва Расулининг зиммасида, яъни ҳимоясида бўлади. Ким уларни бу нарсадан тўсса, у Аллоҳнинг ва Расулининг душмани бўлади».

Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом юборган мазкур рисола аҳли китоблар Араб жазирасида, яъни Арабистон яриморолида ўз ибодатларини эмин-эркин адо этиш ҳуқуқига эга бўлганига, ҳеч ким уларни бундан тўсиб, тазйиқ ўтказмаганига далолат қилади. Ҳижратнинг тўққизинчи йилида Нажрон вафди, яъни делегацияси бош епископи Абулҳорис бошчилигида Мадинаи Мунавварага элчилар бўлиб келишган. Барчамизга Ислом тарихидан маълумки, тўққизинчи ҳижрий йил «амул муфуд» («элчилар йили») деб номланган. Ўша йили бошқа дин вакилларидан, бошқа мамлакатлардан гуруҳ-гуруҳ бўлиб элчилар келишгани учун шундай номланган. Абулҳорис бошлиқ элчилар келиб, Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига кирмоқчи бўлганларида улар ўзларининг расмий диний либосларини кийиб, у Зотни масжиди набавийда зиёрат қилишган. Зиёрат қилиб бўлганларидан сўнг у Зотдан ибодатларини адо этиш учун рухсат сўрашган. Набий алайҳиссалом уларга Мадина масжидида ибодат қилишлари учун шароит қилиб берганлар. Шундай қилиб, улар мусулмонларнинг масжидида Байтул Мақдисга йўналган ҳолда ибодатларини адо қилишган.

Бу улкан тарихий воқеани, бу буюк ибратни ҳар бир мусулмон, ҳар бир инсон билиши лозим.

Пайғамбар алайҳиссалом аҳли китобларга ҳурмат билан муомала қилар эдилар, айниқса, насороларга алоҳида эҳтиром кўрсатардилар.

Ойша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинадики, Пайғамбар алайҳиссалом рафиқул аълога интиқол қилганларида, яъни вафот қилишларидан олдин бир яҳудийга ўз совутларини гаровга бериб, ундан 30 соъ арпа сотиб олган эканлар. Ойша онамиз розияллоҳу анҳо мана шу воқеани у Зотнинг бағрикенглик борасида ўз умматларига кўрсатган энг катта таълимлари, деганлар.

Дарҳақиқат, Пайғамбар алайҳиссаломга қарз берадиган саҳобалар йўқмиди? Саҳобаи киромлар ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом учун қарз тугул, мол-дунё тугул жонларини беришга ҳам тайёр эдилар. Ниҳоятда бой-бадавлат саҳобалар бор эди, бутун бошли қўшинни қурол-яроғ, улов билан жиҳозлаган, кийим-бош, озиқ-овқат билан таъминлаган саҳобалар, ҳазрати Усмон каби бутун бошли боғларни, қудуқларни сотиб олиб, мусулмонларга вақф қилиб берган саҳобалар жуда кўп эди. Лекин нима учун Пайғамбар алайҳиссалом ғайридиндан, яҳудийдан озгина арпани гаров эвазига қарзга оляптилар? Нима учун зиммаларида қарз қолган ҳолда рафиқул аълога интиқол қиляптилар? Буларнинг барчаси Азизул Ҳаким Аллоҳ таолонинг чексиз ҳикматидир. Бу Ислом умматига ўзига хос таълимдир, яъни бошқа дин, бошқа мамлакат, бошқа миллат вакиллари билан ҳам ана шундай муомала қилиш дурустлигини ўргатишдир. Демак, мусулмон одам ўзи яшаётган жамиятда ҳар қандай инсон билан қўни-қўшни бўлиб яшаши, савдо-сотиқ, олди-берди қилиши, улар билан борди-келди қилиши мумкин экан, дўстона қўшничилик муносабатларини йўлга қўйиши жоиз экан.

Истиқлол халқимиз учун чексиз имкониятлар эшигини очиб берди. Унинг халқимизга берган бахт-саодатининг ҳад-ҳудуди йўқ. Буюк неъмат – мустақилликнинг дин аҳлига кўрсатган таъсири янада улкан. Шукрки, истиқлол туфайли динимиз ва миллий қадриятларимиз, ўтмиш аждодларимиздан қолган тарихий меросимиз қайта тикланди ҳамда диний таълимотлардан элимиз яна баҳраманд бўла бошлади.

Ҳур диёримиз фуқаролари мустақиллик шароитида эркин нафас олаётганликларидан Аллоҳ таолога чексиз миннатдорлик изҳор қилиб, доимий равишда шукроналар қилмоқдалар. Ватанимиз мустақиллиги йилдан-йилга мустаҳкамланиб, Ўзбекистонимиз ҳалқаро миқёсда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, халқимизнинг турмуш даражаси, эл-юрт фаровонлиги янада равнақ топмоқда. Айниқса, ҳукуматимиз раҳбарияти диний маросимларини, ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун лозим бўлган барча шарт-шароитларни яратиб бермоқда.

Мустақиллик йилларида ўзининг таркиби ва мазмуни жиҳатидан хилма-хил миллат, маданиятлар бирлигидан ташкил топган жамиятимизда ҳам миллатлараро тотувликни сақлаш, фуқароларнинг ҳамжиҳатлиги ва бағрикенглигини таъминлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Зотан, хайрли ишларда ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаш, Яратганнинг талабидир. Аллоҳ таборака ва таоло:

 «Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!..», (Моида сураси. 2- оят) деб марҳамат қилган.

Мамлакатимизда эътиқод эркинлиги давлатимизнинг Асосий қонунида кафолатлаб қўйилди. Барча исломий қадриятлар – масжид ва мадрасаларнинг бинолари, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Уларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётлар ва оммавий ахборот воситаларидан баҳраманд бўлишлари учун барча шарт-шароитлар яратилди.

Ислом динимиз аввал бошданоқ инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто бошқа дин вакилларига эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу борада Ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга ибрат-намуна бўлдилар. Ул Зот Мадинага ҳижрат қилганларида давлат ишларидаги биринчи амаллари ўша ерлик яҳудийлар билан уларнинг ақидаларини ҳурмат қилишга асосланган аҳднома тузиш бўлди. Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам қабул қилар эдилар.

Бунга қуйидаги ҳадиси шарифлар асос бўлади:

1. Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу)нинг ўғли Абдуллоҳнинг бир яҳудий қўшниси бор эди. Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)  бир куни туя сўйдилар. У киши хизматкорларига «Қўшнимизни унутма», деди ва бир оз вақт ўтиб яна «Яҳудий қўшнимизни унутмадингми?» деб сўрадилар. Хизматкор: «Тақсир ҳозир айтиб эдингиз. Қўшнига гўшт ажратиб қўйдик, олиб чиқиб берамиз», деди. Уч-тўрт дақиқа ўтиб Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) хизматкорни чақириб, яна сўради. Шунда хизматкор: «Узр сўрайман, шу пайтгача сизга итоатсизлик қилган эмасман, биласиз. Кейин ҳам қилмайман. Нега қўшни ҳақида бунча қайғурасиз?» деб сўради. Шунда Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу): «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг: «Жаброил (алайҳиссалом) менга ҳамиша қўшни ҳақида васият қилар эдики, мен яқинда қўшнига ҳам мерос берилса керак, деб ўйлардим»,  деганларини эшитганман» дедилар.

2. Мужоҳид ҳикоя қилади: «Бир куни ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу)нинг ўғли Абдуллоҳнинг (розияллоҳу анҳу)  уйида эдим. Ўғли қўй сўйиб, терисини шилаётган эди. Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)  «Қўйни сўйиб бўлганингдан кейин, қўшниларга беришни ёнимиздаги яҳудий қўшнидан бошла», деди ва бу  топшириғини бир неча марта такрорлади. Охири ўғли: «Неча марта айтасиз, ота?» деб ажабланди. Шунда Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) дедики: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қўшничилик ҳаққига шу қадар кўп ўгит берардиларки, биз қўшнини қўшнига ворис қиладилар, шекилли, деб ўйлардик».

3. Мовароуннаҳрнинг атоқли олими Абдуллоҳ ибн Муборакнинг бир яҳудий қўшнилари бор эди. Абдуллоҳ ўз болаларини овқатлантиришдан олдин камбағал қўшниларининг болаларига овқат берар, ўз болаларини кийинтирмасдан олдин ўша яҳудийнинг болаларини кийинтирардилар. Одамлар яҳудийнинг олдига келиб: «Ҳовлингни бизга сотгин», дейишди. Шунда яҳудий: «Ҳовлимни икки минг динорга сотаман. Аслида унинг нархи минг динор. Кейинги минги эса Ибн Муборакка қўшни бўлганим учун», деди. Кейинчалик ўша яҳудий Абдуллоҳнинг дуолари шарофатидан мусулмон бўлди.

Демак, кўнглида адоват бўлмаган ҳамда жамиятда зарари тегмайдиган кишилар билан яхши муомалада бўлиб, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилиш, шунинг билан бирга, тинчлик ишига раҳна соладиган, нафақат Ислом дини, балки бошқа динлар равнақига ҳам зиён етказиш ғаразида бўлган кишиларга нисбатан муросасозлик қилиб ўтирмаслик динимиз талабидир. Динимизнинг асоси – Қуръони Карим ва суннати набавияда турли кўринишдаги ўзаро муомалаларда ҳам бағрикенгликка тарғиб қилинган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кўплаб ҳадисларида ғайриддинга ҳам инсонийлик юзасидан яхши муомалада бўлишга тарғиб қилганлар.

Юртимиз мўмин-мусулмонлари бу анъаналарга содиқ қолиб, диний ва миллий аҳиллик ва тотувликка катта ҳисса қўшиб келмоқдалар. Бу борада бутун жаҳон аҳли бизга ҳавас билан қараяпти. Мамлакатимизда турли динлар вакиллари ягона мақсад – Ватанимиз Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшнаши йўлида бирлашмоқда. Бу борада турли тадбирлар, анжуманлар ўтказилиб, муштарак вазифалар адо этиб борилади. Бир-бирларимизни диний байрамларимиз билан қутлаймиз. Бу, шубҳасиз, мамлакатимизда қарор топган тинчлик-осойишталикда ўз ифодасини топмоқда.

Ислом ўзидан аввалги самовий динларни (яҳудийлик, насронийлик) ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданияти ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган ажнабийларга, аҳли зиммага ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилинган ҳадисда эса: «Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлига наф берувчироғидир», дейилган (Баззор ривояти). «Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради» (Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад).

Юртимиз мўмин-мусулмонлари бу анъаналарга содиқ қолиб, диний ва миллий аҳиллик ва тотувликка катта ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Барча улуғларимиз бу набавий суннатга қатъий амал қилганлар. Бир куни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу тиланчилик қилиб турган кўзи ожиз бир қарияни кўриб, ундан ҳол-аҳвол сўраган эканлар. Билсалар, у қария аҳли китоблардан экан. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу «Ким сизни бу аҳволга солди?» деб сўраганлар. Қария «Жизялар ва кексалигим» деди. У киши аҳли китоб бўлгани учун зиммий бўлган, жизяни тўлаб, мусулмонлар орасида эмин-эркин яшаб юрган, аммо қаригач, кўзи кўрмай қолиб, қаровчиси бўлмагани учун қийналиб қолган, шунинг учун тиланчилик қилишга мажбур бўлиб қолган экан. Бу гапни эшитган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу қарияни етаклаб, уйларига олиб кетганлар. Уйларидан баъзи нарсаларни олиб чиқиб берганлар, сўнгра Байтулмолнинг хазинабонига қараб, «Биз бу ва бунга ўхшаганларга инсоф қилмабмиз. Ёшлигида жизясини олибмиз-у, кексайганда қаровсиз қолдирибмиз. Уларга у-бу нарса беринглар» дедилар, бу каби одамлардан жизя олишни ман қилдилар.

Ижтимоий таъминотни, яъни ёш болалар ва қарияларга бериладиган нафақани инсоният тарихида илк бор ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу жорий қилган, деган гап шу ва бошқа бир қанча воқеаларга асосланиб айтилган.

Бутун Ислом уммати бешинчи рошид халифа деб ҳисоблайдиган Умар ибн Абдулазиз халифа бўлганларида одамларни тўплаб, «Менда кимнинг ҳаққи бор?» деб сўраган эканлар. Бир зиммий туриб, «Эй мўминларнинг амири! Мен сиздан Аллоҳнинг китобини сўрайман», дебди. Бу «Аллоҳнинг китоби асосида ҳукм қилишингизни сўрайман» дегани эди. Халифа «Нима дейсан, эй зиммий!» дедилар. Ҳалиги зиммий «Аббос ибн Валид ибн Абдулмалик» дебди. Аббос – Валид ибн Абдулмаликнинг ўғли. У киши аввал халифа бўлган, кейин ўрнига Умар халифа бўлган. Маълум бўлишича, Аббос бояги зиммийга тегишли ерга даъво қилаётган экан, чунки унга бу ерни Валид ибн Абдулмалик ўлчаб берган, ернинг ҳужжатини ҳам тайёрлаб берган экан. Шунинг учун Умар ибн Абдулазиз «Нима дейсан, эй зиммий?» деганида зиммий «Мен сиздан Аллоҳни китобини сўрайман» деган экан. Шунда Умар ибн Абдулазиз «Эй Аббос, тур ўрнингдан, Валиднинг китобидан кўра Аллоҳнинг китобига амал қилганимиз яхшироқ ва лойиқроқ бўлади, унинг ерини қайтариб бер», деган экан.

Динимизда ғайридинларга бўлган адолатли муносабатнинг бу каби мисолларини жуда кўплаб келтиришимиз мумкин.

Барчамизга маълумки, юртимизга ҳижрий тўққизинчи асрдан бошлаб ҳанафий мазҳаби кириб келган. Бу улуғ хизмат имом Аъзам Абу Ҳанифанинг шогирдлари имом Муҳаммад ва у кишининг шогирдлари ҳазрати имом Абу Ҳафс Кабирга насиб қилган. Ҳозирги кунда Бухорода у зотнинг масжидлари, зиёратгоҳлари бор. Бухорода, умуман, Ўрта Осиёда ҳанафий мазҳабини илк бор олиб келиб, тарқатган инсон ана шу Абу Ҳафс Кабир раҳимаҳуллоҳ бўладилар. Бу зот мужтаҳид аллома бўлганлар. Шу зот сабаб бўлиб, ўша даврда бизнинг диёримизга ҳанафий мазҳаби кириб келган. Имом Аъзам мазҳаби бошқа мазҳабларга қараганда ўзга динлар ва маҳаллий урф-одатларга нисбатан анча эркинлик бериши билан ҳам фарқ қилади. Бу мазҳаб ана шундай халқпарвар мазҳабдир. Ҳанафия таълимотини камолига етказган ватандошларимиз, Абу Мансур Мотуридий, Абул Муин Насафий, Бурҳониддин Марғиноний каби юзлаб алломалар мусулмонлар орасидаги ғоявий тарафкашликка барҳам бериш, Ислом динининг, аҳли сунна вал жамоа йўлининг барқарор бўлиб қолишига улкан ҳисса қўшганлар.

Хусусан, бу зотлар исломий бағрикенглик руҳини тарқатиш борасида ҳам катта хизматлар қилишган. Диёримиздан етишиб чиққан алломаларнинг асарларида диний бағрикенглик билан боғлик қадриятлар тарғиб қилинган ғояларни кўп учратамиз.

Масалан, буюк аллома, мотуридия ақидавий йўналишининг асосчиси Абу Мансур Мотуридийнинг «Таъвилоту аҳлис-сунна» деган бутун оламга машҳур тафсир китоблари бор. У зот мазкур тафсирларида, «Ҳаж» сурасининг 40-ояти тафсирида: «Черков ва синагогаларни (черков – насронийларнинг, синагога – яҳудийларнинг ибодатхонаси) вайрон қилиш ман этилади. Бу масалада илм аҳли орасида ихтилоф йўқдир» деб ёзганлар. Шунинг учун ҳам ўн тўрт аср мусулмонлар ҳукмрон бўлиб яшаган юртларда ҳам черков ва синагогалар бугунги кунгача бузилмай сақланиб қолган.

Самарқандлик улуғ фақиҳ, буюк муфассир Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Баҳрул улум» деган тафсирларида ҳам «Мумтаҳана» сурасининг 8-9-оятларини шарҳлаб, шундай ёзганлар:

«Сизлар билан динда уруш қилмаган ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинглар, чунки Аллоҳ таоло ўша оятларда «Сизлар билан дин борасида урушмаганларга яхшилик қилишингизда, уларга адолат қилишингизда ҳеч қандай монелик йўқ», деган.

Мовароуннаҳрлик яна бир машҳур фақиҳ, муфассир Абул Баракот Насафийнинг «Мадорикут-танзил» деб номланган тафсирлари ҳозир ҳам Ислом оламида машҳурдир. Биз «Тафсири Насафий» деган ном билан машҳур бўлган бу тафсирни раҳматлик устозимиз шайх ҳазратларининг ҳузурларида бошидан охиригача тўрт ярим йил ўқиш бахтига мушарраф бўлганмиз. Тўрт жилддан иборат бу тафсир бўйича устоздан ижоза ҳам олганмиз. Бу ижозанинг санад силсиласи Абул Баракот Насафийнинг ўзларига бориб тақалади. Алҳамдулиллаҳ, ҳозирги кунда ушбу тафсирдан Тошкент Ислом Институтининг тўртинчи курс талабаларига дарс бериш ҳам насиб қилди. Албатта, бу ишда устозимизнинг хизматлари беқиёс, Аллоҳ у кишининг руҳларини шод қилсин.

Абул Баракот Насафий ушбу тафсирда мазкур оятга: «Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинглар, уларга сўзда ҳам, амалда ҳам яхшилик қилинглар», деб шарҳ берганлар.

Юқоридаги оят ҳақида Ҳаким Ат-Термизийнинг асарларида ҳам насронийларнинг баъзи тоифалари ҳақида фикр юритилиб, улар Пайғамбар алайҳиссалом башорат қилган «нажот топган фирқа» деб тафсир қилинади. Мотуридий насронийларнинг қалби мусулмонларга мойилроқ, дўстона муносабатга яқин эканини айтганлар. Абул Баракот Насафий ҳам насронийларнинг мусулмонларга кўнгли яқинлигини айтганлар, улар орасида мутавозеъ, камтар зотлар, олим ва обидлар бор деб таърифлаб, илм кимда бўлишидан қатъи назар, албатта, яхшиликка етаклашини алоҳида таъкидлаганлар. Шайх Аҳмад Яссавий ҳам ўз «Ҳикмат»ларида: «Суннат эрмиш, кофир бўлса, берма озор. Кўнгли қаттиқ дилозордан Худо безор» деб ёзганлар. Бурҳониддин Марғилоний ҳазратларининг «Ҳидоя» асарида мусулмонлар диёрида черков ва ибодатхоналар бузилиб кетган бўлса, уларни яна қайта тиклаш жоизлигини алоҳида айтиб ўтганлар. Шунинг учун фақиҳларимиз фиқҳ китобларида бу ҳақда алоҳида тўхталиб, мусулмонлар диёрида черков ёки бошқа ибодатхоналар бузилиб кетган бўлса, ўша ердаги насронийлар уни тиклашни талаб ёки илтимос қилиб чиқса, уларни қайта тиклаш мумкинлиги ҳақида боблар киритганлар.

Исломий бағрикенглик борасида бунга ўхшаш мисоллар жуда ҳам кўп.

Азизлар! Динимизнинг бағрикенглик фазилатини ўрганар эканмиз, гап бориб аслида одоб-ахлоққа бориб тақалишини кўрамиз. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, динимизда ғайридинларга, хусусан, насронийларга, яҳудийларга кескин муомала қилиш, душманчилик қилиш мумкин эмас экан.

Шу ўринда «Ундай бўлса нима учун бугун биз мусулмон биродаримиз билан урушяпмиз? Нима учун мусулмон мусулмонни бўғизлаяпти, мусулмон мусулмоннинг қонини тўкяпти? Нима учун бугун дунёнинг қаерида уруш бўлса, мусулмонлар орасида бўляпти?» деган ҳақли саволлар туғилади.

Минг афсуски, бу каби саволларнинг жавоби битта: буларнинг барчаси Исломнинг аслидан узоқлашиш оқибатидир. Бир пайтлар мусулмонлар ўзларининг гўзал ахлоқлари билан бутун дунёнинг Исломга киришига сабаб бўлганлар.

Шайх Ғаззолийнинг бир фикрларини айтиб ўтиш ўринлидир: «Бугунги кунда диндорларнинг айби туфайли дунёнинг ярми мусулмон эмас. Худди шунингдек, тариқатда ҳам сохта, жоҳил пирлар одамларнинг тариқатдан қўрқишига, тасаввуфдан ихлоси йўқолишига сабабчи бўлиб қолишди», яъни мусулмонлар ўзларининг ёмон ахлоқлари, ёмон феъллари билан одамларда Исломга нисбатан ёмон тушунча ҳосил қилиб қўйдилар. Натижада одамлар Исломдан қўрқадиган бўлишди, исламофобия юзага келди. Бу киши барчага маълум ва машҳур Абул Ҳамид Ғаззолий эмас, балки Мисрда, шайх Шаъровийлар билан бир даврда яшаган Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳдир.

Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун одамзотга яхши муомала қилишга буюрганлар. Демак, динимизнинг жавҳари, асл моҳияти инсон зотини севишдир. Ҳар бир инсон Аллоҳнинг йўқдан бор қилган, яратган бандасидир. Бинобарин, инсоннинг жисмида, табиатида ҳеч қандай фарқ йўқ, аммо гап унинг сифатида. Гуноҳкор инсоннинг бири кофир, бири мунофиқ, бири мушрик, бири фосиқ, бири фожир, бири қотил, бири ғийбатчи, бири ёлғончи, бири ҳаромхўрдир.

Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ «Гуноҳ қилган одам ҳақида яхши гумонда бўлиш авлиёларнинг хислатидир», дейдилар. Шунинг учун бир гуноҳкор билан тортишиб қолсангиз, уни ёмон кўриб, ўзингизни ундан баланд олманг, чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сизнинг гуноҳларингизни яшириб тургани учун сиз бошингизни баланд кўтариб юрибсиз. Эҳтимол, сиз кўрган гуноҳи унинг учун охиргисидир, балки, у тавба қилиб, Аллоҳнинг ризосини топар? Аммо сизнинг ибодатингиз ҳам охиргиси бўлиб қолиши, залолатга кетиб, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлиб қолишингиз ҳам мумкин-ку. Шунинг учун бир инсонга муомала қилганда у қилган гуноҳ-маъсиятига қараб муомала қилиш керак эмас. Аввало, унинг инсонлигини эътиборга олиш керак. Мана шу амал суннатдир.

Нима учун динимиз қўполликдан, ҳақоратдан, сўкишдан қайтаради?

Ибн Касир ўз тафсирларида тақво ҳақидаги оятларнинг тафсирида: «Тақводорлик авлодларга таъсир қилади. Аллоҳ тақводор, солиҳ одамнинг етти пуштини муҳофаза қилади» деб ёзганлар. Ҳазрати Мусо алайҳиссаломнинг тарихларида Хизр алайҳиссалом билан бирга икки етим бола яшайдиган уйнинг деворини тузатиб қўйганлари айтилган. Аллоҳ таоло иккита азиз бандасини – уларнинг бири Пайғамбар, бири илми ладуний ато этилган зотни – ухлаб ётган икки етимга текин мардикор қилиб қўйди. Нима учун? Бунинг ҳикмати шу эканки, ўша етимларнинг отаси солиҳ одам бўлган экан. Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ шу оятнинг тафсирида «Ўша икки етимнинг бевосита туғдирган отаси эмас, еттинчи авлодидаги бобоси солиҳ зот бўлган» деб келтирадилар. Умуман, бир ёмонликнинг етти пуштга уриши, етти пуштини суриштириш деган истилоҳ бекорга қўлланилмайди. Авлодлар орасида етти пуштгача ўзаро алоқалар бўлади. Қайси бир суҳбатимизда инсоннинг уруғи орқали нафақат қон, суяк, тирноқ, соч каби белгилар, балки ирсий маълумотлар ҳам ўтади, деган эдик. Буни бугунги куннинг юксак тараққий этган генетика, психогенетика фани тасдиқлаб турибди, таърифлаб беряпти

Демак, бу ижобий таъсир Қуръон ва суннатнинг маҳсули, илмнинг маҳсули экан. Аммо яхшилик етти пуштга етганидек, ёмонликнинг зарари ҳам етти авлодгача бориши ҳам бор.

Яқинда россиялик олимлар бир янгиликни ихтиро қилиб, ундан ўзлари ниҳоятда ҳайратланишди. Уларнинг айтишича, одамзод ёмон гап гапирса, уят сўз айтса, бировни сўкса, ҳақорат қилса, бу нарса ўша заҳоти ўша одамнинг ҳужайраларига таъсир қилар экан. Бундан олдинроқ япон олимлари ёмон сўзлар сувнинг таркибига таъсир қилишини исботлаб беришган эди. Масоро Эмото деган япониялик олим бир идишга сув қуйиб, тажриба ўтказди. Сувнинг олдида яхши гаплар айтсангиз, микроскопда сувнинг молекулалари чиройли кристалларга айланяпти. Ёмон сўзлар айтсангиз, сўкишлар, ҳақоратлар айтилса, сувдаги кристаллар бузилиб кетяпти. Бу биздаги Қуръон ўқиб, сувга дам солишнинг худди ўзи. «Фотиҳа» сурасини 1000 марта ўқиб, сувга дам солинса, унинг шифо бўлиши шундан экан, чунки сувнинг таркиби бутунлай ўзгариб кетиб, шифобахш хусусиятга айланар экан. Бу хусусият мана, милодий XXI асрда кашф этилибди, ваҳоланки, Пайғамбар алайҳиссалом бундан ўн тўрт аср муқаддам Қуръоннинг шифо эканини айтиб кетганлар.

Демак, ёмон сўз айтилса, инсонни қонида ўзгаришлар бошланади, генетик жиҳатдан унинг молекулаларида ўзгариш бошланади. Маълумки, ген авлоддан авлодга ўтади, кўзимизга кўринмаса ҳам, ота-она ва фарзандлар ўртасида мустаҳкам алоқа бўлади, ирсий маълумотлар ўтиб туради. Айниқса, бола вояга етаётган даврда ота-онасига доимий равишда бевосита боғлиқ бўлади, улардан бевосита таъсир олади.

Россиялик олимларнинг айтишича, ёмон сўзлар айтилганда инсоннинг қонида бузилиш бошланади, ҳатто инсон ўзини ўзини нобуд қилиш ҳолатига тушиб қолади. Дарҳақиқат, доимо сўкиш, ҳақорат билан, куфр сўзлар билан яшаб ўтган одамни кўрсангиз, унинг ҳаётида ҳеч бир яхшилик бўлмаганини кўрасиз, чунки у ўзини ўзи барбод қиляпти, йўқ қиляпти, қонини, генини бузяпти. Аммо у нафақат ўзини бузади, балки бу бузилиш унинг етти авлодигача мерос бўлиб қолади.

Фан-техника тараққиёти динимизнинг ана шундай буюк ҳақиқатларини кашф қилмоқда, буни ғайридин олимлар, мутахассислар ихтиро қилишяпти. Аммо минг афсуски, шу муқаддас диннинг баъзи вакиллари нафақат ғайридинларга, бегоналарга, балки ўзининг биродарига, миллатдошига, ватандошига ҳасад, адоват, гина-кудурат билан қарамоқда. Ваҳоланки, динимиз инсониятга бағрикенгликни ўргатиш учун юборилган.

Динимизда бағрикенгликни шундай тушуниш лозимки, унда инсон тугул ҳайвонга ҳам озор бериш йўқ, ҳайвон тугул набототга бесабаб зарар етказиш йўқ. Ҳатто урушда, инсон ҳаётига хавф туғилиб турган вазиятда ҳам боғ-роғларни бекорга йўқ қилишдан, дарахтларни беҳуда кесишдан қайтарилган.

Шунинг учун ҳам бугунги мураккаб даврда ўз ахлоқимиз билан динимизнинг беқиёс фазилатларини намоён қилиш биз мусулмонларнинг зиммамизда фарз бўлиб турибди. Бугунги дунёда Ислом ҳақида, мусулмонлар ҳақида нотўғри тушунча шаклланиб қолган. Динимизга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънларига туҳмат, таъна-маломат тошлари отилмоқда. Бу даъволарга раддия бериб, уларнинг пуч, асоссиз эканини исботлаш, дунё афкор оммасининг кўзига асл ҳақиқатни кўрсатиб қўйиш, динимизнинг шаънини оқлаш зиммамиздаги энг муҳим фарз бўлиб турибди. Шунинг ўзи Исломга энг гўзал, энг таъсирли даъват бўлади.

Буюк  аждодларимизнинг бой маданият ва маърифат булоқларидан баҳраманд бўлган халқимиз нафақат миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик балки дину диёнат, иймону эътиқод, одобу ахлоқ, меҳру мурувват, оила, фарзанд тарбияси, ота-она ҳурмати ва иззати борасида ҳам ўзига хос кенг феъллик, саховат ва мўътадиллик тамойилларига амал қилиб келмоқда. Мамлакатимиз тарихан кўп миллатли ўлка бўлганлиги туфайли бу заминда турли-туман дин вакилларининг эмин-эркин яшашлари учун барча шароитлар яратилган. Юртимиздаги бошқа ташкилотлар қатори диний жамоалар ҳам жамият тараққиётида тобора фаол иштирок этиб, халқимизнинг маънавияти ва қадриятини тиклаш, ўзлигимизни англаш, энг асосийси, мустақиллигимизнинг мустаҳкам ва боқий бўлишига ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Ҳар бир инсон, бутун жамият ўзаро муносабатларни халқларнинг турли-туман урф-одатлари, маданияти ва қадриятларини тан олган ҳолда бағрикенглик асосига қуриши зарур. Зеро, тинч-тотувлик, бағрикенглик тараққиёт гаровидир.

Аллоҳ таоло азиз ва мустақил юртимизда яшаётган барча диндорларни тинчлик, тотувлик ўзаро ҳурмат ва эътиборда истиқомат қилишларида мададкор бўлиб, Она-Ватанимизни турли бало ва офатлардан ҳифзу ҳимоясида сақласин, Аллоҳ Ўзи бизларни Ҳақ динидан айирмасин ва иймонимизни доимо ҳамроҳ қилсин!

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

 
Мавзуга оид мақолалар
Ёшлик чоғларимизда остонада ўтирсак ёки туриб қолсак, катталар .Ҳой бола, остонада ўтирма, ёмон бўлади,, деб давоми...

08:00 / 01.03.2020 5835
     Яна бир Рамазонга етказиб, бизга марҳамат кўрсатган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин Расулуллоҳ давоми...

22:44 / 10.03.2017 4642
САВОЛ. Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари. Ушбу сайтни кўриб, жуда мамнун бўлдим. Мени анчадан бери давоми...

19:58 / 20.11.2016 3117
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан сўрадилар Эй Али, мени яхши давоми...

06:01 / 28.12.2016 2708