Нега муслималар саратон касалига камдан-кам чалинишади?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозирги замонда онкология касалига чалинганлар тинимсиз кўпайиб бормоқда. Бу касаллик кенг тарқалиши бўйича юрак-томир хасталиклари ва жароҳатланишдан (травматизм) кейин учинчи ўринни эгаллаб турибди. Эркаклар орасида ўпка саратони, аёллар орасида эса кўкрак бези саратони энг кўп тарқалган. Оврупа мамлакатлари ва Россияда саратоннинг ривожланиш даражаси 100000 аёлга  50 дан 70 тагача тўғри келади. Исломий мамлакатларда бу касаллик бир неча баробар кам учрайди (Масалан, Ўзбекистонда 100000 аёлга 18 та касалланиш ҳодисаси тўғри келади). Мусулмон аёлларининг бу хавфли касалликдан кўпроқ ҳимояланганига нима сабаб бўлган? Бунинг сири нимада? Бу саволга жавоб топиш учун кўкрак бези саратонини келтириб чиқарадиган сабабларни кўриб чиқиш керак бўлади.

 

Булар: кўп сонли абортлар (қачон янги аборт қилинар экан, саратон ривожланиши эҳтимоли ҳам ортиб боради); туғилишнинг камлиги (энг хавфли гуруҳ туғмаган аёллар, Оврупа мамлакатларида роҳибалар); болаларни кўкракдан эмизиш муддатини камайтириш; қаттиқ зўриқишли (стресс) вазият (бу гормонал муҳитнинг бузилишига олиб келади). Саратон ривожланишининг барча омиллари ижтимоий сабабларга эга, яъни кўрак бези саратонининг олдини олиш учун шифокорлар аралашуви шарт эмас.

Бугунги кунда Оврупада аёллар саломатлиги қай даражада?

Аборт (болани олдириш) оралиғи жуда юқори. Россия статистика маълумотларига кўра,  бу мамлакатда аборт энг кўп тарқалган туғишни чеклаш воситаси ҳисобланади. Ҳозирги пайтда Россияда бир туғилишга тўрт аборт тўғри келади. Туғилишнинг жуда камлиги бир қатор Оврупа мамлакатларини аҳолининг батамом қирилиб кетиши хавфини туғдиради. Бу ўринда иш фақат ижтимоий ва моддий муаммоларда эмас: Оврупа иттифоқи мамлакатларида бола туғиш ва уни боқиш учун бериладиган пулга бемалол ишламасдан яшаса бўлади. Асосий муаммо шундаки, Оврупа аёллари ўзларига хизматда юксалишни (карьера) асосий мақсад қилиб, кўпинча асосий вазифалари – бола туғишни эсдан чиқариб қўйишади.  Аксар ёш оналар орасида кўкрак билан эмизиш оммалашмаган. Кўпчилик кичкинтойларни кўкрак билан эмизишни зерикарли (чарчатадиган) иш деб ҳисоблайди: қадди-қоматига футур етиши, уйга доим боғланиб қолиш хавфи ва ҳоказо баҳоналар ҳам бор. Ахир  навбатдаги эмизишни буви ёки энагаларга топшириб бўлмайди-ку!  Шунинг учун ҳам аксари замонавий оналар сўрғичли шишани боласининг саломатлигидан афзал кўрадилар. Саноат ҳам ишловчи аёлларнинг муаммоларига бефарқ қараб ўтирмади: ҳамиша яхшиланиб борувчи ва кўкрак сутининг ўрнини босувчи ҳар хил аралашма-қоришмалар заминимизда кўпайгандан кўпаймоқда.  Аммо орзиқиб кутилган «ишни енгиллатиш» билан бирга оналарга кўкрак бези саратонини ва болакайларга эса тошмалар  билан бозиллашни (аллергия) ҳам олиб келди. Зўриқиш (стресс) ўз табиатига кўра гормонларга боғлиқ бўлгани учун ҳам, айнан аборт, кам туғиш ва кўкрак билан эмизишдан воз кечишлар шундай гормонал бузилишларга олиб келади. Маълумки, гормонал ўзгаришлар кўкрак саратон касалини келтириб чиқарадиган  сабаблардан биридир.

Мусулмон аёллар нима қилишади?

Исломда аборт қатъий ман қилинган (она ҳаётига хавф туғдирган ва яшай олмайдиган ҳомила ҳақида ишончли қўйилган ташхис истисно ҳолати ҳисобланади, ҳатто шунда ҳам аборт ҳомила 120 кунлик бўлганидан кейин қилинмаслиги керак) ва чин иймон эгаси бўлган аёл онгли равишда Аллоҳ қонунини ҳеч қачон бузмайди. Исломда кўп бола туғиш маъқулланади. Мусулмонлар уммати кўпайиб бориши керак, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат куни уларнинг бошқа умматлардан кўплиги билан фахрланадилар. Қуръони карим: «Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизадилар», дейди (Бақара сураси, 233-оят). Сурункали зўриқишлар  ривожининг олдини олишнинг энг ишончли воситаси  мунтазам хотиржамлик, ташқи дунёдан узилиш ва ички дунёга кўпроқ эътибор беришдир. Мусулмонлар ҳаётида ички дунёга эътибор бериш кунлик ибодатлар билан амалга оширилади. Кўпгина ёш оналар меъёрида ухлаш ва овқатланишга вақт етишмаслиги баҳонасида намозларини ҳам қолдира бошлашади. Аммо аёл киши намозини қолдирар экан, Аллоҳнинг ёрдамидан ўзини мосуво қилган бўлади. Намозга туриб, Парвардигорга сиғинишга чоғланар эканмиз, бир неча дақиқага уй-рўзғор юмушларидан тўла узиламиз. Ибодатга бағишланган дақиқалар – зўриқиш ва чарчоқнинг энг яхши давосидир.

Аллоҳ таоло аёл-она зиммасига бола туғишдек шарафли мажбуриятини юклаган экан, шубҳасиз, улар муҳаббат, ғамхўрлик ва ҳурматга лойиқдирлар. Кичкина одамни дунёга келтириш қанчалик машаққат ва сабр талаб қилишини  биладиганлар ҳеч қачон оила бекаси бўлишни хорловчи ва номуносиб машғулот дея олмайди. Биз, шифокорлар, чақалоқнинг дунёга келиш мўъжизасини, деярли, ҳар куни кузатганимиз учун ҳам бу ҳақда бошқалардан кўра кўпроқ биламиз. Оддий одамлар ўнгланмас фалокат деб ҳисоблайдиган ҳолатларга шифокорлар хотиржам қарашади. Туғруқхонадаги шароит доимо осойишта: Раҳмонова каравоти,  шифокор ва акушерларнинг майин овозлари, ҳатто туғаётган аёлнинг қичқириқлари ҳам «тиббий шароит»га мос келади. Албатта, аёл киши оғриқ чекаётганини ҳамма тушунади, аммо ҳар биримиз бусиз фарзанд туғилиши мумкин эмаслигини билган ҳолда бу оғриқларни табиий, зарурий жараён деб қабул қиламиз.  Туғруқ вақтида иштирок этмаганлар ҳеч қачон энди дунёга келган чақалоқнинг қанчалар ожиз ва ночор эканини билишмайди.  Чақалоқ туғилиши билан бир неча сония қунишиб жим қолади. Бир неча сония ўтгачгина, унинг янги ҳаёт таваллудидан хабар бериб қичқирганини эшитамиз. Бу лаҳзалар ҳеч кимни – нафақат онани, балки фарзанд туғилишига алоқаси бор ҳар бир инсонни ҳам бефарқ қолдирмайди. Ва айнан шу вақтда аёлнинг барча дард, оғриқ ва кўз ёшларига фақат шу қичқириқни эшитиш учунгина бардош берганини тушуниб етасиз. Кўп ойлар мобайнида она чақалоғини эмизиш учун уйқусини бузади, ҳорғин қўлларида кўтариб соатлаб алла айтади, овутади, касаллигида ҳамма нарсадан кечиб парвариш қилади. Кейинчалик бола ўсиб ва ривожланиб  бораркан, жажжи тананинг нафақат жисмоний талабларини, айни пайтда вояга етаётган инсоннинг маънавий эҳтиёжларини қондириш учун янада кўпроқ куч талаб этилади. Болани Ислом руҳида вояга етказиш  учун ҳам жуда кўп куч, сабр ва илм талаб қилинади. Биз, мусулмонлар, боласини қорнида кўтарган, туққан ва тарбиялаб вояга етказган ва бунда сабр-бардош кўрсатиб, Аллоҳнинг тақдирлашидан  умид қилган аёл Парвардигорнинг энг олий мукофотига муносиб эканига ишонамиз. Бу қуйидаги ҳадисларда ўз тасдиғини топган: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб:«Эй Аллоҳнинг Расули, одамлар ичида яхшилик қилишимга ким ҳақлироқ?» деди. «Онанг», дедилар. «Сўнгра ким?» деди. «Онанг», дедилар. «Яна ким?» деди. «Онанг», дедилар. «Яна ким?» деди. «Отанг», дедилар». (Бухорий ва Муслим) Оналарни қандай ажр-савоблар кутаётгани ҳақида айтилган бошқа ҳадислар ҳам бор. Парвардигор жорий қилган қонунлар инсонларни ҳимоя қилади ва уларга фақат яхшилик келтиради. Исломда аёл энг аввало онадир ва ҳеч қандай турмуш муаммолари унинг оила қуриш истагига таъсир ўтказа олмайди. Дарҳақиқат, муслиманинг аҳволи қайси тарафдан олиб қарасангиз ҳам, ҳамиша гўзал. У– она ва уйдаги ўчоқбошининг бекаси, у Аллоҳнинг амрини бажаради, қайтарганларидан узоқлашади, вазифасини ва эрининг истакларини бажаришга ҳаракат қилади. Аллоҳ қонунларини бажараётган мусулмон аёл ўзининг танасини қўрқинчли касаллик – кўкрак бези саратонидан ҳимоялаб ўз саломатлиги ҳақида ҳам қайғуради.  Қандайдир сабабларга кўра оила қура олмаган ёки фарзандли бўла олмаган аёлларни ҳам ёдда тутишимиз керак, улар ҳам ҳурматга лойиқдирлар. Иншааллоҳ, улар сабрлари эвазига мукофот сифатида боқий дунёда уларга катта оила ато қилинади. Аллоҳнинг қонунларига амал қилиб келса-да, аммо бу касалликка чалинган аёлларга уларни умидлантирувчи бир-икки сўз айтмоқчиман. Замонавий фанга саратондан шифо топиб кетилган ҳодисалар маълум. Аллоҳ таоло иродаси билан, касалликнинг илк босқичларида саратонни самарали даволаса бўлади. Ҳаммангизга сиҳат-саломатлик тилайман!

Абу Муслим таржимаси (www.muslima.ru)

Мавзуга оид мақолалар
Бу мавзуга алоҳида тўхталишимизга Ислом.уз таҳририятига келган кўплаб савол ва таклифлар туртки бўлди. давоми...

18:42 / 18.02.2017 6125
embedhttpswww.youtube.comwatchvnBOmCd8pARUembed

14:29 / 02.05.2018 2628
Дилфуза КОМИЛ Иш билан банкка бориб, бугунги кунимизнинг фожеасини шундоқ кўрсатиб берган бир ҳолатга давоми...

21:00 / 02.12.2019 3060
Бу дунёда бизларни нозик ҳилқат соҳибалари сифатида халқ қилиб Ўзининг ҳабиби бўлган Муҳаммад мустафо давоми...

10:33 / 26.02.2017 3798