Танқийҳул манот
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Араб тилида «танқиҳ» сўзи «қайта кўриб чиқиш», «тўғрилаш» ва «тафтиш» маъноларини билдиради.

«Манот» сўзи эса бир нарсани илиб ёки боғлаб қўйилган жойни билдиради. Усулул фиқҳ илмида эса шариат ҳукмга боғлиқ қилган ва насс ёки ижмоъ собит бўлган васфлардан бирига иллатни тайин қилиш бўйича ижтиҳод қилишга «танқийҳул манот» дейилади.

Бу иш ҳукмга таъсир қилишда дахли йўқ нарсаларни чиқариб ташлаш ва унга яқин бўлган васфларни эътиборга олиш билан амалга ошади. Бунга Рамазонда хотинига қасддан жинсий яқинлик қилган аъробийнинг рўзаси очилгани учун адо қилиши лозим бўлган каффорот ҳақидаги ҳадисни мисол қилишимиз мумкин. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ҳалок бўлдим, ё Расулуллоҳ!» деди. «Сени нима ҳалок қилди?», дедилар. «Рамазонда хотинимнинг устига чиқдим», деди. «Қул озод қилишга нарса топа оласанми?» дедилар. «Йўқ», деди. «Икки ой кетма кет рўза тута оласанми?» , дедилар. «Йўқ», деди. «Олтмиш мискинга таом беришга нарса топа оласанми?», дедилар. «Йўқ», деди. Сўнгра кутиб ўтирди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир занбил хурмо келтирилди. Ул Зот (ҳалиги одамга): «Мана буни садақа қилиб юбор», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, биздан кўра фақирроққами? Аллоҳга қасамки, у (Мадина)нинг икки четининг орасида биздан кўра муҳтожроқ аҳли байт йўқ», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар, ҳатто тишларининг оқи кўриниб кетди. Сўнгра: «Бор! Уни аҳлингга таом қилиб бер», дедилар. Бешовлари ривоят қилишган.

Ҳадис аъробийга каффоротни вожиб қилган иллат жинсий яқинлик эканига далолат қилиб турибди. Бироқ мужтаҳид баҳс қилса, ҳукмга таъсири йўқ бўлган бошқа нарсаларни ҳам топади.

Масалан, жинсий алоқа қилган кимса аъробий – саҳройи саводсиз кимсалиги. Аммо ҳукм бир шахсга хос қилинмаган бўлса, шариат бир шахс билан иккинчиси орасини ажратмайди. Шаҳарликми, қишлоқликми ёки саҳроликми – барибир. Ёки мужтаҳид жинсий алоқа қилинган кимса ўша саҳройи арабнинг ўз хотини бўлганини иллатга лойиқ, деб гумон қилади. Бироқ хотини бўлмаган кимса билан жинсий алоқа қилиш ҳаромлиги билан бирга, каффорот вожиб бўлишига лойиқроқдир. Шундай қилиб, аъробийлик ва ўзининг хотини бўлиш, каффоротнинг вожиб бўлишига таъсири бўлмагани учун бекор қилинади. Каффоротнинг вожиб бўлишига таъсири бор нарса, Рамазон ойида кундуз куни жинсий яқинлик қилиш бўлади. Мана шу каби таъсири йўқ бўлган нарсаларни иллатликдан чиқариб ташлаш «танқийҳул манот» дейилади.

Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари буни эътиборга олганлар ва: «Рамазон ойида кундузи қасддан жинсий яқинлик қилган одамга каффорот адо қилиш вожиб бўлади, еб-ичиш  эмас», деганлар.

Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари эса бу масалада бошқача йўл тутишган. Улар Рамазон ойида кундузи қасддан еб-ичганни жинсий яқинликка қиёс қилганлар. Уларнинг мазҳабида Рамазон ойида кундузи қасддан еб-ичган одам ҳам каффорот ўташи лозим. Уларнинг бу масалада каффоротни вожиб қилишларига асос бўлган иллат, ҳар икки ҳолда ҳам Рамазон ойи ҳурматининг оёқости қилинганидир.

 

«Усулул фиқҳ» китобидан олинди.
Мавзуга оид мақолалар
Илк бор араб мамлакатидан бўлган мусулмон ёзувчи аёл 2019 йил Букер мукофоти номзодлари рўйхатига давоми...

10:16 / 16.03.2019 1948
Иккинчи халифа Умар ибн алХаттоб розияллоҳу анҳу даврларида барча ёш муслималар учун Нур сурасини ёддан давоми...

13:55 / 06.02.2017 9762
Исми Шифа бинти Абдуллоҳ бин Абд Шамс бин Халаф бин Шадад алҚурашияҳ алАдавияҳ маккалик бўлган. Ривоят давоми...

06:43 / 28.12.2016 3136
Қайси шаҳарга тоунўлат касали кирмайди а. Макка б. Мадина с. Тоиф. д. Макка ва Мадина   Расулуллоҳ давоми...

10:54 / 26.02.2017 10491