Рўза тутмасликка рухсатлилар ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўта қари шахс рўза тутишдан ожиз бўлса, оғзини очади ва ҳар бир тутмаган куни учун бир мискинга садақаи фитр миқдорида таом беради. Кейин рўза тутишга қодир бўлиб қолса, қазосини тутади.

Ҳомиладор эмизикли аёл ўзи ва боласига зарар етишидан қўрқса ва бемор(ҳам) хасталиги зиёда бўлишидан қўрқса, мусофир оғизларини очадилар ва фидясиз қазо қиладилар. Зарар қилмаса, сафарда рўза тутган афзал.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Ва у(рўза)ни қийналиб тутадиганларга бир мискин таомини бериш» ояти қари чол ва қари кампирга тегишли рухсатдир. Икковлари рўзани қийналиб тутурлар. Улар оғизларини очиб, ҳар бир кун ўрнига бир мискинга таом берурлар. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар қачонки қўрқсалар, оғизларини очурлар».

Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилишган.

Бухорийнинг лафзида:

«Ибн Аббос:

«Бу оят мансух эмас, балки қари чол ва кампир учундир. Улар рўза тутишга қодир эмас. Бас, ҳар бир кун ўрнига бир мискинни таомлантирурлар», – деди» дейилган.

Маълумки, Исломда инсонни тоқатидан ташқари ишга таклиф қилиш йўқ. Жумладан, рўза масаласида ҳам. Шу маънода, Аллоҳ таоло ўта қариб қолганлари туфайли рўза тутса, қийналиб қоладиган чол ва кампирларга рўза тутмасликка рухсат берган.

Бу ҳақда «Бақара» сурасида оятлар келган. Биз ўрганаётган ривоятда улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ана шу ояти кариманинг ҳукмини тушунтириб бермоқдалар.

Мазкур оятга кўра, ўта қари чол-кампирларга рўза тутмасликка рухсат бор ва рўзаси тутилмаган ҳар бир кун эвазига бир мискинга таом берсалар мумкин.

Баъзи кишилар ўзлари соғ бўлсалар ҳам, ёшлари катталиги туфайли, рўза тутсалар қийналадиган бўлиб қоладилар. Ана ўшандай кишилар ҳам рўза тутмасалар мумкин. Рўзанинг ўрнига фидя берадилар.

«Фидя»нинг луғавий маъноси, «фидо қилиш» бўлиб, шариат ҳукмига кўра, маълум бир нарсанинг ўрнига мол сарфлаш «фидя бериш» дейилади.

Қариликлари туфайли рўза тута олмайдиганлар учун фидя беришнинг жорий қилиниши бежиз эмас. Унда мискинларнинг манфаати билан бирга ўша рўза тута олмаган кишиларнинг ибодатни адо эта олмаганлари учун афсус-надоматларини енгиллатиш ҳам бор.

Бу ривоятда қари чол ва кампирлар ҳукмига ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳам қўшилиши, агар улар ёш болалари соғлигига зарар етишидан қўрқсалар, оғизларини очиб юришлари мумкинлиги ҳақида ҳам сўз кетмоқда.

Ҳомиладор ва эмизикли аёллар ўзлари ва болаларига зарар етишидан қўрқсалар, рўзани очиб юборишларига рухсат бор. Бунга ҳамма бир овоздан иттифоқ қилган.

Аммо Ҳанафий мазҳаби бўйича, мазкур тоифадаги аёллар рўзанинг қазосини тутадилар. Бу мазҳаб уламоларининг ўзларига яраша ҳужжат ва далиллари бор. Қари чол ва кампирларнинг фидя бериш билан кифояланишларига рухсат этилгани уларнинг кейинчалик ҳам рўза тутолмасликлари эътиборидандир. Чунки улар борган сари қариб заифлашиб бораверадилар. Уларнинг қайтиб ёшариб, рўза тутишларидан умид йўқ.

Ҳомиладор ва эмизикли аёллар эса вақтинчалик беморга ўхшайдилар. Ҳомилани туғиб, болани кўкракдан ажратгандан сўнг яна рўзани тутиш имконига эга бўладилар. Бир йилда бир келадиган рўзани қазо қилиб тутиш осондир.

Бемор ва мусофирларнинг рухсатлари Қуръони Карим оятларида зикр қилинган.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунлардан тутадир. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинликни хоҳламас», деган («Бақара» сураси, 185-оят).

Тузалишидан умид бор бемор киши Рамазон кунлари бемор бўлса ёки бир киши Рамазон кунлари сафарга чиққан бўлса, ўша кунлари рўза тутмай, кейин имкон бўлганда, тутмаган кунлари саноғича қазо рўза тутишига асосий далил мана шу ояти каримадир.

Шунинг учун бемор киши, агар рўза тутса беморлиги зиёда бўлиб кетадиган ёки тузалиши ортга суриладиган бўлса, Рамазон ойида бемалол рўза тутмай юриши мумкин. Аллоҳ таоло беморлиги туфайли унга рухсат берган.

Шунингдек, Рамазони шариф кунлари сафарга чиққан одам ҳам рўза тутмаслиги мумкин. Сафардан қайтгандан кейин Рамазоннинг қолган кунлари бўлса, уларни тутаверади. Рамазондан кейин эса сафарда неча кун тутмаган бўлса, ўшанча кун қазосини тутиб беради.

Мусофир учун, сафарда ортиқча қийинчилик бўлмаса, рўза тутгани тутмаганидан кўра афзалдир. Чунки Аллоҳ таоло мусофирларга рўза тутмасликка рухсат берган оятнинг охирида «рўза тутмоқларингиз сизлар учун яхшироқдир», деган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, рўза тутишга узрли бўлганлар қуйидагилардир:

1. Ўта қари кишилар.

2. Ҳомиладор аёллар.

3. Эмизикли аёллар.

4. Мусофирлар.

5. Беморлар.

Уламоларимиз яна қуйидаги тоифаларни ҳам узрлиларга қўшганлар:

6. Очлик ва чанқоқ оқибатида ҳолдан тойганлар.

Ўта қаттиқ очлик ёки чанқоқ оқибатида ҳалок бўлиш даражасига келган, ақлига ёки бирор аъзосига шикаст етиши хавфи туғилган киши ҳам рўза тутишдан узрли ҳисобланади. У ҳам кейин қазосини тутиб беради. Чунки, Аллоҳ таоло «Ва ўзингизни қўлингиз ила ҳалокатга отманг», деган.

7. Мажбурланган шахс.

Бировни ўлдириш ёки аъзоларидан бирини ишдан чиқариш ила таҳдид солиб рўзасини очишга мажбурланса, у ҳам узрли ҳисобланади. Қазосини кейин тутиб беради. Аёл кишининг номусига тегилса ҳам, қазосини тутиб беради.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан хатони, унутилган ва мажбур қилинган нарсани кечиргандир», – дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Бир одамни бошқалар қўрқитиб ёки куч ишлатиб мажбуран гуноҳ ишни қилдирса, мажбур қолган одамга гуноҳ бўлмайди. Мажбур қилувчилар эса гуноҳкори азим бўладилар. Мажбур қилиб рўзасини очтириш, намоз ўқитмаслик, динга қарши гапларни айттириш ва бошқалар, шунга киради.

Шу билан бирга, мажбурлаш мажбур қилинаётган одамнинг жонига ёки бирор аъзосига таҳдид солиши шарт. Бу бўлмаган даражада мажбурлаш гуноҳ ишни қилаверишга йўл очмайди. Фақат ўлим хавфи ёки танасидаги аъзоларидан бирининг йўқ бўлиши, майиб бўлиши хавфигина шаръий эътибордаги мажбурлаш ҳисобланади.

8. Машаққатли касб эгаси.

Агар касбини тарк этса куни ўтмайдиган бўлса ва рўза тутганда касбини қила олмай қоладиган бўлса, узрли ҳисобланади. Бу тоифага нонвой, темирчи ва кон ишчилари кабилар киради. Улар саҳарликни қилиб рўзани ният қиладилар. Иш давомида ҳоллари чатоқ бўлиб қолса, рўзани очиб, кейин қазосини тутадилар.

Агар бемор тузалганидан, мусофир муқим бўлганидан кейин бир муддат яшаб ўлса, меросхўри қазо қилган миқдорича фидя беради. Агар оз яшаб ўлса, соғ ва муқим бўлган кунлари миқдорича фидя беради. Бунинг учун васият шартдир.

Бемор тузалганидан, мусофир муқим бўлганидан кейин рухсат билан тутмаган рўзасини тутиши керак эди. Аммо «кейинроқ тутарман» деган хаёл билан юриб, уни тутишидан олдин ўлиб қолди. Агар унинг яшаган кунлари рўзани қазо қилган кунларича ёки ундан кўп бўлса, меросхўри қазо қилган миқдорича фидя беради. Аммо у қазо қилган кунларидан оз яшаб туриб ўлган бўлса, меросхўри унинг соғ ва муқим бўлган кунлари миқдорича фидя беради.

Меросхўр мазкур фидяни бериши учун маййит ўлишидан олдин бу ҳақда васият қилган бўлиши шарт. Агар васият қилмаса, меросхўрга фидя бериш лозим бўлмайди.

Васиятга амал қилиш учдан бирдан бўлади.

Яъни мазкур шахс ўлаётиб «Тута олмаган рўзамнинг фидяси берилсин» деган васиятни қилган бўлса, у меросга қолдирган молнинг учдан биридан берилади. Агар фидянинг миқдори мероснинг учдан биридан кўп бўлса, ортганини меросхўрлар бермасликка ҳақлилар.

Ҳар бир қазо қилинган намознинг фидяси бир кунлик рўзанинг фидяси миқдорича.

Киши ўлимидан олдинги беморлигида баъзи намозларини ўқий олмаган бўлса, ўша қазо қилинган намозларга ҳам меросхўрлари фидя беришлари мумкин. Ана ўшанда қазо қилинган бир вақт намоз учун бир кунлик рўзага берилган фидя миқдорида фидя берилади.

Бировнинг ўрнига бошқанинг қилган ибодати ўтмайди.

Яъни ўлган кишининг қазо намоз ва рўзалари ўрнига унинг меросхўрлари намоз ўқиб, рўза тутишлари жоиз эмас.

Имом Насаий қилган ривоятда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Бир киши бошқа бир кишининг ўрнига рўза тутмайди. Бир киши бошқа кишининг ўрнига намоз ўқимайди. Лекин унинг номидан ҳар бир кун ўрнига буғдойдан таом беради», – деган.

Абдурраззоқ келтирган ривоятда Ибн Умар розияллоҳу анҳу:

«Биров ҳеч қачон бировнинг ўрнига намоз ҳам ўқимайди, рўза ҳам тутмайди. Аммо қиладиган бўлсанг, садақа қилгин ёки ҳадя қилгин», деган.

Имом Термизий Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазо рўзаси бўла туриб вафот этган киши ҳақида:

«Унинг номидан ҳар бир кун ўрнига бир мискинга таом берилсин», – дедилар.

Нафл рўзани бошлагандан кейин охиригача тутиш лозим бўлади. Илло, рўза тутиш манъ қилинган кунлар бундан мустасно.

Шунинг учун, нафл рўзани очиб юборган одам унинг қазосини тутиши вожиб бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Менга ва Ҳафсага таом ҳадя қилинди. Икковимиз рўзадор эдик. Бас, оғзимизни очиб юбордик. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар ва биз у Зотга:«Эй, Аллоҳнинг Расули, бизга ҳадя қилинувди. Иштаҳамиз келиб оғзимизни очиб юбордик», – дедик.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икковингизга ҳеч нарса бўлмайди. Унинг ўрнига бошқа куни рўза тутиб қўйинглар», – дедилар».

Абу Довуд, Термизий ва Молик ривоят қилган.

Рўза тутиш манъ қилинган кунлар – рўза ҳайити куни, қурбон ҳайити куни ва ундан кейинги уч кун, ҳаммаси бўлиб беш кун.

Мазкур кунларда рўза тутиш манъ қилинган. Шунинг учун у кунларда тутилган рўзани ҳам очиб юбориш керак бўлади. Бинобарин, ўша очиб юборилган нафл рўзанинг қазоси тутилмайди.

Мазкур кунларда назр рўза тутса бўлади. Лекин уни очиб юбориб, кейин қазосини тутади. Агар тутаверса, рўзаси рўза бўлади.

Назр рўза тутиш мазкур кунларда рўза тутмаслик ҳақидаги наҳйилардан истисно қилингандир.

Нафл рўза тутувчи зиёфат узри ила рўзасини очса бўлади. Кейин қазосини тутади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни олдимизга кириб:

«Ҳузурингизда бирор нарса борми?» – дедилар.

«Йўқ», – дедик.

«Ундоқ бўлса, мен рўзадорман», – дедилар.

Сўнгра бошқа бир куни олдимизга келган эдилар,

«Эй, Аллоҳнинг Расули, бизга ҳийс ҳадя қилинди», – дедик.

«Қани, менга кўрсат-чи, рўза ният қилган эдим», – дедилар ва ундан едилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Мусофир муқим бўлган, ҳайзли аёл пок бўлган, ёш бола балоғатга етган ва кофир мусулмон бўлган куни куннинг қолган вақтида ўзини тияди. Охирги иккиси қазо тутмайди.

Яъни Рамазонда куннинг бир бўлаги ўтгандан сўнг мусофир сафардан қайтиб келса, ҳайз кўриб турган аёлнинг ҳайзи тўхтаса, ёш бола балоғатга етса ёки кофир Исломни қабул қилса, буларнинг ҳаммаси куннинг қолган қисмида худди рўзадордек бўлиб, емай-ичмай юради.

Балоғатга етган ёш бола ва янги мусулмон бўлган одамга ўша куннинг қазосини тутиш лозим бўлмайди.

Муқим сафарга чиқса, ўша куннинг рўзасини охирига етказади. Агар очиб юборса, унга каффорот лозим бўлмайди.

Ўз юртида яшаб турган шахс рўза тутиб олиб куннинг маълум қисми ўтганидан кейин сафарга чиқса, рўзасини сафарда бўлса ҳам охирига етказади. Мабодо, «Мусофир бўлдим» деган фикр ила ўша куннинг рўзасини очиб юборса, қазосини тутади. Аммо каффорот бермайди.

Ойнинг ҳаммасида мажнун бўлишлик рўзани соқит қилади. Баъзисида эмас.

Бир Рамазон ойи тўлиқ мажнун бўлса, унга рўза тутиш фарз бўлмайди. Аммо Рамазон ойининг баъзи кунлари мажнун бўлиб, қолган кунлари соғайиб қолса, соғ кунларининг адосини, жинни бўлган кунларининг қазосини тутади.

Агар бир неча кун ҳушидан кетиб ётган бўлса, ўша кунларнинг қазосини тутади. Илло, ниятини қилган кунни тутмайди.

Чунки ўша кунги рўзаси ўз ўрнида адо бўлган ҳисобланади.

Мавзуга оид мақолалар
ДЎСТЛАРИМ Таъсир қилса етиб сўзларим, Шод бўларди кулиб кўзларим, Ҳар бир ишни қилар давоми...

21:31 / 18.11.2016 3171
 2014 йилда Уммонда шариат қонунларига асосланган биринчи беш юлдузлик «GRAND MILLENIUM HOTEL MUSCAT» меҳмонхонаси давоми...

10:08 / 29.12.2016 2977
Мубоҳ. Шариат томонидан мукаллаф кишига қилиш ёки қилмаслик ихтиёри тенг берилган нарса мубоҳдир. давоми...

12:31 / 21.04.2017 4177
Ёмонликлар онаси ҳақида Қуръони Каримнинг «АлИсро» сураси 32оятида «Зинога яқинлашманглар Чунки бу давоми...

14:26 / 24.11.2016 4607