Хушбўйлик мустаҳабдир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши хушбўй нарсани қайтармас эди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хушбўй нарсани қайтармас эдилар, деган даъвони қилар эди».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Бошқа бир ривоятда:

«Кимга хушбўй нарса тақдим қилинса, рад қилмасин, чунки унинг ҳиди хушбўйдир ва вазни енгилдир», дейилган.

Термизийнинг ривоятида:

«Уч нарса қайтарилмас: болишлар, хушбўй нарса ва сут», дейилган.

Шарҳ: Хушбўйликнинг соф инсон табиати учун маҳбублиги матлуб. Ҳамма жойда, ҳамма вақтда хушбўйлик бўлишига нима етсин. Исломда бу нарсага эътибор берилиши қанчалик экани ушбу ривоятнинг ўзидан ҳам яққол кўриниб турибди. Бунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хушбўй нарса тақдим қилинганда ҳеч ҳам қайтармай қабул қилиб олганлари ва саҳобаи киромлар ҳам ушбу яхшиодатга эргашганлари ҳамда қолган барча мусулмонлар ҳам бунга эргашмоқликлари лозимлиги таъкидланмоқда.

Охирги ривоятда хушбўй нарсага болиш ва сут ҳам қўшилмоқда.

Худди шу ривоятларда айтилган нарсалар мусулмонларнинг ўзаро алоқалари маданиятига мустаҳкам ўрнашган нарсалар бўлиб қолган. Мазкур нарсалар ҳадя қилинса, рад қилинмайди. Мабодо, баъзи кишилар унутибми, билмасданми рад қиладиган бўлсалар, суннатда бу нарса рад қилинмаслиги айтилган, деб эслатма берилади. Қаранг, қандоқ ҳам гўзал.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суккалари бор эди. У Зот ўша билан хушбўйланар эдилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: «Сукка» хушбўй нарсанинг идиши, дейдилар уламолар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хушбўй нарса истеъмол қилишни ўзларининг доимий одатлари қилиб олганларидан махсус идиш ҳам қилиб қўйган эканлар. Қани, ҳозирги мусулмон эркакларда шунга ўхшаш нарса борми? Хушбўйга шунчалик эътибор бериш борми?

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга видолашув ҳажида эҳромга киришларидан олдин ҳам, эҳромдан чиқишларида ҳам қўлим ила «зарийра»дан бўлган хушбўй суртиб қўйдим».

Шарҳ: «Зарийра» Ҳиндистондан келтириладиган хушбўй бўлиб, шу номли ўсимликни қуритиб, майдалаб туйиб қилинган бўлар экан.

Ушбу ривоятдан бир неча мулоҳазалар келиб чиқади.

Аввало, хушбўйга эътибор кучли бўлганидан, чет эллардан унинг яхши навларини келтиришга ҳам алоҳида аҳамият берилган экан.

Иккинчидан, ҳаж ёки умрага эҳром боғлаётганда ёки эҳромдан чиқаётганда хушбўй суртиш ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари экан. Шунинг учун ҳам, бу иш ҳозиргача қилиб келинади.

Учинчидан, аёл киши ўз эрига хушбўй суртиб қўйиши. Бу ҳам жуда яхши нарса. Эрининг ораста бўлишига аёл кишининг эътибор бериши, бу ишда унга ёрдам бериши жуда ҳам муҳим.

Яна ўша киши айтадилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эҳромга кираётган пайтларида ўзимдаги энг яхши хушбўйдан суртиб қўяр эдим».

Иккисини икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Мулоҳаза қиладиган бўлсак, эҳромга кириш пайтида хушбўйликка алоҳида эътибор берилар экан. Тўғри келган хушбўйни эмас, мавжуд хушбўйлардан энг яхшисини суртилар экан.

Яна ўша киши айтадилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзимизда бор хушбўйнинг энг яхшисини суртиб қўяр эдим. Бошларида ва соқолларида хушбўй нарсанинг ялтирашини кўрар эдим».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бунда ўша вақтларда ишлаб чиқариладиган мойсифат хушбўйлар ҳақида сўз кетмоқда. Ҳозир бизларда хушбўй нарсаларни сепиш маъносида тушунилади. Лекин араб юртларида ҳозир ҳам суртадиган хушбўйлар жуда кўп.

Ушбу ривоятдан хушбўйни соч-соқолга суртиш одати ҳам борлигини билиб оламиз.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон аёл киши атир сепиб, унинг ҳидини билдириш учун бир қавмнинг олдидан ўтса, у бундоқ-бундоқдир, деб қаттиқ гап айтдилар».

Сунан эгалари ривоят қилган.

Шарҳ: Бошқа бир ривоятда, ул аёл зониядир, дейилган. Чунки хушбўй нарса ила қасддан бегона эркакларнинг эътиборини ўзига жалб қиладиган, улар кўнгилларининг суст кетишига сабаб бўладиган аёл яхши аёл бўла олмайди. Бу нарсага аёл-қизларимиз, алоҳида эътибор бермоқлари лозим.

Исломда аёл кишининг ўткир ҳидли хушбўй нарсаларни ўзига суртиб олиб бегона эркакларнинг шаҳватини қўзитишлари ўта маданиятсизлик ҳисобланади. Маданиятли муслима бундай вазиятда ҳиди кучсиз хушбўйларини ишлатади. Бу ҳақда олдин баҳс юритганмиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сиз аёллардан бирортангиз хуфтонга ҳозир бўладиган бўлса, хушбўй суртмасин», дедилар».

Насаий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Чунки ундоқ ишни қилган аёл хуфтон намози ўқигани келганларни мушавваш қилади, хаёлларининг тум-тарақай бўлишига сабаб бўлади. Шу билан бирга, аёл киши ўз уйида ҳар қанча ва ҳар қандай хушбўй ишлатса, жоиз. Ҳамма нарса ўз меъёрида ва ўз ўрнида бўлганига нима етсин.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уч тоифага фаришта яқин келмайди: кофирнинг ўлигига, халуқ суртиб олган ва таҳорат қилмаган жунубга», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: «Халуқ»–заъфарон қўшиб тайёрланган хушбўй. Бу аёлларга хос хушбўй бўлгани учун эркакларнинг суртиши маъқул эмас. Демак, хушбўй ишлатиш маданиятида эркак киши эркакларга хосини, аёл киши аёлларга хосини ишлатишига алоҳида эътибор бериш керак экан.

Шунингдек, жунуб бўлган шахс тезда ғусл қилиб покланиб олиш пайидан бўлмоғи лозим экан.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам халуқ суртиб олган кишини кўриб қолиб, «бор, уни ювиб ташла, сўнгра яна ювиб ташла, кейин буни яна қила кўрма!» дедилар.

Шарҳ: Хушбўй суртиш маданиятида хатога йўл қўйган одам уни тузатмоғи лозим экан. Бу сафар билмай қилиб қўйибман, энди такрорламайман, дегани бўлмас экан. Балки хатони тушуниб етиши билан дарҳол тузатишга ўтиши лозим экан.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эркак хушбўйининг яхшиси ҳиди зоҳир ва ранги махфий бўлганидир. Аёллар хушбўйининг яхшиси ранги зоҳир, ҳиди махфий бўлганидир», дедилар».

Иккисини Термизий яхши санад ила ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифнинг маъносини олдин батафсил шарҳ қилганмиз.

Мавзуга оид мақолалар
Ишонч билан айта оламизки, ўтган 2019 йилда муслима аёл нафақат итоаткор хотин ва меҳрибон она бўлиши, балки давоми...

03:43 / 15.01.2020 5397
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Аввало «Бу танловнинг давоми...

16:17 / 14.05.2019 2786
 Муқаддима Мана, бу йилги ҳаж мавсуми ҳам бошланди. Ҳожиларнинг Маккаи Мукаррамага етиб борганини, у ердаги давоми...

10:37 / 08.04.2019 10073
ФранкоМалия футболчиси Фредерик Умар Кануте йирик Eвропа клублари бўлган Лион ва Тоттенхэм ҳужумчиси давоми...

21:00 / 26.08.2019 2175