Гўзал ҳамжихатлик намунаси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(муфтий Муҳаммад Таки Усмонининг турмуш ўртоқлари билан суҳбат)

Мазкур интервью бутун жаҳонга машҳур муфтий, Дорул Улум Карачи Университети проректори, ҳадис, Ислом ҳуқуқи ва молияси бўйича мутахасис Муҳаммад Таки Усмонининг (Аллоҳ у кишини асрасин) муҳтарама турмуш ўртоқлари билан уюштирилган.

Муфтий Таки Усмони бутун мусулмон оламида атоқли олим сифатида тан олинган. Кўпроқ у Ислом бизнеси соҳасида илмий ишлари билан машҳурдир. Бу соҳада унинг фикрлари намуна сифатида қабул қилинадиган бўлган. Шахсан мен учун, у раҳбар ва устоз бўлиб, унга тенг келадиганларни мен кўрмаганман. Менимча, бундай одамлар фақат ўтмишда бўлганлар. Алҳамдулиллаҳ, биз бундай буюк инсонни замондошлари бўлиш бахтига сазовор бўлиб турибмиз.

У жуда кўп китоблар ёзган бўлиб, уларнинг дурдонаси сифатида «Такмила Фатҳ Ал-Мулҳим», Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларига ҳамда Имом Термизийнинг тўпламларига ёзилган шарҳларини келтиришимиз мумкин. У кишидан ҳаётда бундай муваффақиятларга қандай эришгани тўғрисида сўрашганида, у биринчидан, Аллоҳга, кейин эса ота-онасига ва устозларига шукрона билдириш орқали ва шу билан бирга вақтни режалаштиришни муҳимлигини тушуниб етиш орқали, деб жавоб берган. У ақлбовар қилмас даражада вақтга нисбатан пухталиги билан яхши танилган. Ўз вақтининг ҳар бир дақиқасини моҳиятан англаган ҳолда ўтказишга ҳаракат қилади ва буни у кишининг муҳтарама турмуш ўртоқларининг мазкур интервьюдаги сўзларидан ҳам кўриш мумкин. Ҳатто ўз хонасидан ўқув хонасига бораётганда, у қадамини тезлатади ва Аллоҳни зикр қилиб боради. У кишининг ҳурматли оталари айтганидек: «Агар икки ишни қилишга вақт бўлса, учтасини қил». Шунингдек, мазкур интервью эр-хотинлар учун оилавий муҳаббат муҳити, ҳамжихатлик ва ўзаро тушуниш бўйича дарс бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга, ғоятда банд иш жадвали бўлганда ҳам оила билан вақт ўтказиш қанчалик муҳимлигини кўришимиз мумкин. Умид қиламанки, мазкур суҳбат барча мусулмонларни, айниқса, имомлар ва аёлларини бир-бирларига меҳр ва эътибор билан муносабатда бўлишлари ва Ислом равнақи йўлида ҳаракат қилишларига руҳлантиради. Аллоҳ бизни, ҳаммамизни бунга руҳлантирсин. Омин.

Суҳайл Тармахомад

Суҳбат Покистоннинг «Интеллект» журналининг сонидан, озгина тузатиш киритилган ҳолда, иккала турмуш ўртоқларнинг розилиги билан келтирилмоқда.

Муфтий Таки Усмони бутун умри давомида, тинимсиз Исломга хизмат қилганлиги билан танилган. Бундай ютуқларга эришишга (машааллоҳ) уйида ҳам маълум бир қўллаб-қувватлаш бўлса керак. Қандай ва нима билан унга ёрдам беришингиз тўғрисида сўзлаб бера оласизми?

Никоҳимизнинг биринчи кунидан бошлаб, Аллоҳдан ажр-савоб олиш умидида, шайхни диний ишларга бутунлай эътиборларини жамлай олишлари учун уйдаги барча юмушларни ўз зиммамга олишга қарор қилдим. Шу тариқа у кишининг Ислом йўлидаги ҳаракатлари эвазига мени ҳам улушимга ажрлар битилса, деб умид қиламан. Бунинг учун мен нафақат уйда диний муҳитни ушлаб туришга (мисол учун у кишини бефойда гап-сўзларга жалб қилмасдан), балки у кишини уй юмушларидан, маҳсулотлар, кийимлар ва бошқа нарсаларни сотиб олишдан сақлашга ҳаракат қиламан. Шунингдек, катта ва кичик уй ишларини мустақил ҳал қилишга ҳаракат қиламан, мисол учун агар телефон бузилса, уни тузатишга ўзим бораман. Фарзандларимиз кичик ёшда бўлганларида, улар билан боғлиқ кунлик ишлар билан шайхни шуғулланмаслигига ҳаракат қилганман. Шуни айтишни хоҳлардимки, Аллоҳ таоло менга уйда мен учун энг яхши муҳитни, ҳам моддий, ҳам маънавий борадаги муҳитни, ҳар доим таъминловчи энг эътиборли бўлган турмуш ўртоқлардан бирини берган. Алҳамдулиллаҳ, бу тўлиқ бахтнинг ўзидир.

Шайх бошқа юртларга жуда кўп боради. Сиз у киши билан сафар чиқасизми? Агар шундай бўлса, у делегациялар билан учрашганда ва ишлаётганида нима билан машғул бўласиз?

Мен шайхнинг сафарларида кўп бора ҳамроҳ бўламан. Одатда, биз самолётга чиққанимизда, у киши бутун учиш давомида ноутбукда ишлайдилар. Бу вақтда, мен ўзимнинг ҳар кунлик Аллоҳни зикр қилиш (масалан, вирд) билан машғул бўламан. Меҳмонхонада шайх ўзларининг ташрифлари мақсади билан шуғулланишни бошлайдилар, мен эса Қуръонни очаман, уни ўқийман, таржимани ўқийман ва бошқалар.

Мен ўқишни яхши кўраман. Уйдаги ҳар кунлик юмушлар билан бўлиб, қунт билан ўқишга вақт топиш мушкул. Сафарларда эса бу камчиликни тўлдиришга имкон топилади. Бундан бир муддат аввал араб тилини ўргандим, шунинг учун арабий китобларни очардим ва улар билан шуғулланишга ҳаракат қилардим. Шайх тушликка келганда, тушунмаган жойларимни у кишига кўрсатардим. Мен харид ва экскурсияларни кўп ҳам яхши кўрмайман. Шунинг учун бирданига кўплаб аёллар шаҳарни кўрсатишни таклиф қилишганида, менга меҳмонхонада қолиш ва одатий ишларим билан шуғулланиш кўпроқ ёқади. Бомдод намозидан кейин, қаерда бўлишимиздан қатъи назар, биз шайх билан ярим соатлик биргаликдаги сайрга чиқамиз. Кечқурунлари, ҳатто уйда бўлганимда ҳам, югуриш майдончасида пиёда юриш билан шуғулланаман, бунда Қуръони каримнинг камида бир жузини ўқийман. Чет элдаги сафарлар вақтида, расмий ишлар тугаганидан сўнг, кўпинча шайх мен учун у ерда туришимизга қўшимча равишда яна бир кун қўшадилар, менга шаҳарнинг эътиборга сазовор ҳар хил жойларини кўрсатадилар. Фарзандлар катта бўлишгандан кейин, одатда аёлларда кўпроқ бўш вақт пайдо бўлади. Сиз ундан қандай фойдаланасиз? Одатда, ўзингизнинг кунингизни қандай ўтказасиз? Ҳар пайшанба куни шайхнинг «Руҳий маърузалар» китоблари бўйича «Хира Фаундейшн» мактабининг (Дорул Улум Карачи Университети ҳудудида, диний ва дунёвий фанлар қўшиб ўқитиладиган мактаб) аёллар жамоаси олдида чиқиш қиламан. Мактаб ишини текшириш учун кутилмаган ҳолда, тез-тез бориб тураман. Менинг кунлик иш режам шайхдан ноқулайликларни истисно қилиш учун у кишининг режалари билан ҳамоҳанг бўлади. Одатда, бу шундай кўринишда бўлади. Бомдоддан сўнг биз у киши билан сайрга чиқамиз, кейин 7:30 да нонушта қиламиз. Сўнгра шайх кетадилар ва 8 дан 10 га қадар Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларидан дарс берадилар, мен бу вақтда уй юмушлари билан машғул бўламан. Соат 10 да қайтадилар ва 12 га қадар ноутбукда ишлайдилар (китоб ёзадилар ва ҳоказо). Куннинг ярмидан соат 14:00 га қадар у кишида иш вақти ҳисобланади, шунинг учун кетадилар. Пешин намозидан сўнг 2:15 лар чамасида биз бирга тушлик қиламиз, кейин ярим ёки бир соатча дам оламиз (чамаси 3:30 га қадар). 3:30 дан бошлаб ва аср намози вақтига қадар у киши ишда бўладилар, у ерда ўқитувчилар, талабалар ва бошқа одамлар у кишига ўзларини қизиқтирган саволларини берадилар. Аср намозидан шом намозига қадар бизда оилавий вақт ҳисобланади. Шайх бу соатларда ҳаммамиз биргаликда ўтиришимиз ва бизни қизиқтирган саволларни муҳокама қилишга катта эътибор қаратадилар. Шом намозидан бошлаб ҳуфтон намозига қадар у киши ўз ишлари билан машғул бўладилар. Агар китоб устида ишлаётган бўлсалар, уни ёзадилар, керакли тадқиқотлар ўтказадилар ва ҳоказо. Кечки овқатдан сўнг ҳаммамиз жамланиб ўтирамиз ва 10-15 дақиқа давомида шайх китобдан парчалар ўқиб берадилар. Набиралар ҳам бундай кечки ўқишда иштирок этишлари керак бўлади. Бундан сўнг у киши яна ишлашга қайтадилар ва соат тунги 12 да уйқуга ётадилар.

Аёлларни маънавий ўзгартириш бўйича ўз ишларимизни яхшилаш учун нима қилиш керак?

Авваламбор, аёллар учун кўпроқ ва тез-тез маърузалар уюштириб туриш ва маъруза давомида салафи солиҳинлар ҳаётларидан воқеаларни сўзлаш лозим. Бу сўзларни қанчалик кўп аёллар эшитсалар, бу шунчалик кўп натижа беради. Бу нафақат аёлларнинг ўзларига, балки фарзандларига ва оила аъзоларига яхши таъсир қилади.

Иккинчидан, одамларни ислоҳ қилиш бўйича ёндошувимиз агрессив ёки ҳатто дангаллик хусусиятига эга бўлмаслиги керак. Бошқа одамларни ҳақорат қилиш керак эмас, ахир, бу фақат уларни ғашига тегади. Яхши маслаҳатни қабул қилишни ўрнига аёл киши натижада буни тескарисини қилиши мумкин. Билвосита диний йиғилишларга чақириш орқали мавжуд нуқсонлари тўғрисида тушунча бериш лозим.

Масалан, аёл киши уйда фарзанд тарбияси билан банд ва шу билан бирга, Исломга ташвиқот қилишга қизиқади ёки қўшни аёлнинг ниманидир нотўғри қилаётганлиги унга оғир ботмоқда. Бундай ҳолда, у ўзининг кунлик режасидан бор-йўғи 15-20 дақиқа ажратсин, ўша қўшни аёлни ва бир-иккита бошқа аёлларни норасмий учрашувга чақириб ва салафи солиҳинлар тўғрисидаги китобдан бир неча саҳифа ўқиб берсин. Натижада қўшни аёл бундай киноявий усулда тўғри хулқ-атвор ҳақида маълумотга эга бўлади. Бу иш қандайдир кичик кўринаётган бўлиши мумкиндир, лекин Аллоҳ насиб қилсин, бу ишда бардавом бўлиш катта таъсир кўрсатади. Ахир томаётган сувнинг томчилари аста-секин қаттиқ тошни ҳам тешади. Фарзандларимизга кичик ёшдан Суннатга мувофиқ амал ва ибодатларни ўргатишни эсдан чиқармаслигимиз лозим. Бу уларда Суннатга амал қилиш одатини ривожлантиришга ёрдам беради. Агар бошқаларга маслаҳатларимизнинг таъсир кучини оширишни хоҳласак, ҳар доим аввал керакли дуо- илтижоларни қилишимиз керак. Мен қачонки, у ёки бу йиғилишда сўзласам, ҳар доим менинг уринишим ўзимга ва тингловчиларимга фойдали бўлиши учун ҳожат намозини ўқийман. Ҳозирги нотинчлик давримизда, ажрашишлар оддий ҳолат бўлиб қолганда, сиз аёлларга бахтли оилавий ҳаёт учун нима маслаҳат берасиз? Бир ҳолат борки, бу эрларнинг маъқул кўрган нарсаларига эътиборли бўлиш: уларга нима ёқади-ю, нима ёқмайди. Маълумки, хозирги вақтда аёллар кўчага чиқаётганда ўзларининг энг яхши кийимларини кийишади, духи ва макияждан фойдаланишади. Уйда бўлса, эски ёки жудаям оддий кийим кийишади. Косметикани айтмаса ҳам бўлади. Аёл кишидан уйда ошхонанинг ҳидидан бошқа ҳид келмайди. Ҳаммаси бунинг айни тескариси бўлиши лозим. Кўчага оддий кийим кийиш ва ҳижобда бўлиш керак. Бу яхши муҳитни юзага келтиради. Шайхнинг қайси одати сизга ҳаммасидан ҳам кўпроқ ёқади? Ҳаммаси! Машааллоҳ. Ҳақиқатдан ҳам қариндошларим устимдан ҳазиллашишади. Ҳеч қачон аёлни ўз эрининг сўзларини бунчалик диққат билан эшитишини кўрмаганмиз, дейишади. Машааллоҳ, Аллоҳ таоло бизни гўзал ҳамжиҳатлик билан ёрлақаган. Бунинг ҳаммаси бир-биримиз учун Аллоҳдан ажр олиш ниятида ҳаракат қилишимизнинг натижасидир. Бугунги кунда бизни ҳар тарафдан иллатлар ўраб олган. Бир томондан оммавий ахборот воситалари томонидан Исломга қарши даъватлар, бошқа томондан мусулмонларнинг Исломга ёт бўлган маросимларни қабул қилишни бошлаганлари: тўйларда қандайдир махсус маросимлар, ҳижобни тарк этиш, исрофгарчилик, таъқиқланган усулларда пул топиш ва шунга ўхшаш ҳолатлар. Бундай ҳолатда қандай қилиб ўзимиз ва болаларимизни асрай оламиз? Қандай қилиб фарзандларимиз оқимга қарши сузишларига тўғри келганда, уларга ўз кучларига ишонч ҳиссини сингдира оламиз? Бундай даврда уйда яхши ва хотиржамлик ҳолатини сақлаб қолиш энг муҳим деб ўйлайман. Агарда уйда исломий муҳит ҳукмронлик қилса, фарзандларни диний талабларига мувофиқ тарбия қилинса ва уларга нима яхши-ю, нима ёмон эканлиги ҳақида тўғри таълим берилса, иншааллоҳ, улар ота-оналарининг уйини тарк этгандан кейин ҳам хавфсизликда бўладилар.

Қачонки уйда ҳамма вақтида намоз ўқиса, рўза тутса ва Аллоҳни зикр қилсалар, бундай ҳолатда Аллоҳ таоло уларни шайтоннинг ёмонлигидан асрайди. Тарбияда энг муҳим вазифа онанинг зиммасига тушади. Агар аёл киши уйда ўзгартириш киритишни хоҳласа, у уйдаги бутун ҳолатни ўзгартириши мумкин.

Англияга қилган сафарларимиздан бирида биз бир мусулмон жамоаси билан кўришдик. Уларнинг болалари бошқа покистонлик болаларга қараганда Суннатдаги ибодатларни кўпроқ билардилар. Уларнинг қизлари ҳижоб нормаларини адо этишарди ҳамда, машааллоҳ, катталари ҳам Ислом қонунларига риоя қилишарди. Намозларни масжидда ўқиш ва исломий кийимларни кийиш билан биргаликда Буюк Британияда ҳукм сураётган енгил-елпи ҳолатнинг ичида бундай ҳаёт тарзини қандай қилиб сақлаб қолишганлигини улардан сўралганда, улар уйларидаги ҳамма нарса керакли даражада, холос, деб жавоб беришди. Шунинг учун ҳам фарзандлар ташқи ёмон унсурлар таъсирига берилмаслиги бизнинг хоҳишимизга боғлиқ экан. Исломни бугунги кунда ҳам аввалгидек амалда тадбиқ қилса бўлади. Агар биз унга бутунлай амал қилмоқчи бўлсак, бу мақсадни ҳаётга тадбиқ қилиш учун бизга қатъий ва ихлосли ният керак. Бошқаларини эса Аллоҳ таоло енгил қилади.

Суҳбатимиз якунида журналимиз ўқувчиларига, айниқса, ўзларининг диний мажбуриятларини борган сари кўпроқ англаб етаётган, лекин уйларида маълум бир босимга ва ҳаттоки қарши тазйиққа учраётган қизларимизга нима дейишни хоҳлардингиз?

Улар диний илмлар бериладиган йиғинларга бориб туришга барча имкониятларни ишга солишлари ва ўтмишдаги солиҳларимизнинг китобларини мутолаа қилмоқликлари лозим. Буни улар қанчалик кўп қилишса, иншааллоҳ, улардаги ўзгаришлар жараёни шунчалик енгил ва тез содир бўлади.

Агар қиз ўзининг ҳаётини ўзгартиришга қарор қилса ва бунда собитқадамлик ва қатъийлик кўрсатса, ҳеч ким унга ҳалақит бера олмайди. Бундан ташқари, унинг уйидагилар аста-секин ундаги яхши томонга ўзгаришларни сеза бошлайдилар ва ўзлари ҳам, иншааллоҳ, тўлиқ исломий ҳаёт тарзида яшай бошлайдилар.

Бизга вақт ажратганингиз ва ўзингизнинг қарашларингиз билан ўртоқлашганиз учун Аллоҳ Сизни мукофотласин!

Манба: аskimam.ru Рус тилидан Анвар Абдуллоҳ таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
Юртимизда Қуръон мусобақасидан сўнг илк бор ҳадиси шариф бўйича беллашув бўлиб ўтиши кутилмоқда. Ҳадиси давоми...

20:47 / 03.05.2018 3481
Холид ва Фотима Қуръони Каримдан ҳар куни ўқийдиган вазифаларини ўқиб бўлганларидан сўнг, отаонасининг давоми...

08:31 / 25.12.2016 3517
Солиҳлик йўли. Солиҳлик йўли «Фотиҳа» сурасининг «Бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин. «Ўзинг неъмат давоми...

15:16 / 17.11.2016 3531