Муслима уй бекаларига…
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кўпчилик муслима аёллар уй ишларига кўмилиб кетганидан, Қуръон тиловати, зикр, китоб мутолааси, нафл ибодатлар учун вақт ажрата олмаганини айтишади. Ҳақиқатдан ҳам уй юмушлари – овқат тайёрлаш, уй тозалаш, кир ювиш, дазмоллаш, болалар парвариши – ҳеч қачон тугамайдигандек. 

Аммо динимизда аёлларга илм олиш фарз қилинган. Қолаверса, фарзанд тарбиясида онанинг ўқимишли, илмга муҳаббатли бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Қандай қилиб ҳаммасига улгуриш мумкин? Қуйидаги баъзи тавсиялар сизга уй ишларига камроқ вақт сарфлаш ва рисоладагидек муслима аёл бўлиш учун ёрдам бериши мумкин: 1. Ҳар ҳафта кунлик тайёрлайдиган таомларингиз рўйхатини тайёрлаб қўйинг. Бу сизни ҳар кунги «нима овқат қилсам экан» муаммосидан халос қилади. Жадвални тайёрлашда оила аъзоларингизнинг ҳар биридан ёрдам сўрашингиз мумкин, бу ишни осонлаштиради. 2. Овқат тайёрлаш жараёнини осонлаштиринг. Кунига 3 маҳал таом тайёрлаш жуда ҳам кўп вақтни олади. Сиз бунга ижодкорона ёндашиб, буни ихчамлаштиришингиз мумкин. Овқат масаллиқларини олдиндан тайёрлаб қўйишингиз мумкин. Мисол учун нонуштага балиш учун тайёрлаган хамирингизни кўпроқ қилиб, қолганини музхонага солиб қўйсангиз, бошқа куни ундан бўғирсоқ, пирожки, ширин кулча пиширишингиз мумкин. Пирог учун тайёрлаган хамирдан эса сомса ёки пицца қилиш мумкин. Чучвара тугсангиз, кўпроқ тугиб, музхонага қўйиб қўйинг. Эртага тушликка уни бошқача услубда тайёрлаб берсангиз бўлади. Умуман олганда, осонроқ рецептлар излаб кўринг. 3. Вақтингизни назорат қилинг. Кунни энг қийин юмушни бажаришдан бошланг. Эрталабдан уни бажариб бўлсангиз, куннинг қолган қисми анча осонроқ ўтади. Эрталабки толиқишдан сўнг бироз Қуръон тиловати, зикр ёки бадантарбия билан машғул бўлишингиз мумкин. Бу сизнинг миянгизни чалғитади, дам олишингизга ёрдам беради. Бунда ўзингиз учун ёқимли ҳар хил машғулотлардан танлаб олишингиз мумкин. Масалан, ҳар куни маълум миқдорда Қуръон ўқиш, ёдлаш, такрорлаш ёки бирор китобдан маълум миқдорда ўқиш, керак бўлса, конспекст қилиб бориш ёки қазо, нафл намоз ўқиш. Иложи бўлса, бирор дугонангизни шерик қилиб олинг. Бомдод намозидан олдин уйғонишга ҳаракат қилинг. Бу вақтингизни баракали қилади. Бироқ бунинг учун эртароқ ётишингиз керак бўлади. Хуфтондан кейинга иш қолдирманг. Болаларингизни ҳам эртароқ ётишга одатлантиринг. 4. Иш. Одатда, агар аёллар бирор жойда ишлашса, жудаям фидойилик билан ишлашади. Зиммангизга тоқатингиздан ташқари вазифани олманг. Ҳаётингизда сиз учун ҳамма нарсадан муҳим бўлган бирламчи вазифаларингизни белгилаб олинг ва уларни зинҳор унутманг. Ҳаётингизни ишингизга бағишлашга ҳожат йўқ. 5. Хуфтондан кейинги вақт. Хуфтондан кейин иш қилманг. Ҳордиқ чиқаринг. Оилангиз билан суҳбатлашинг. Уларни тингланг. Бу жудаям муҳим оилавий фурсатдир, уни бой берманг. Ҳеч бўлмаганда ярим соатни оилангиз билан бирга ўтказинг. Кейин эса зикрларингизни қилиб, ухлашга ётинг. Истасангиз, эртанги кунлик режаларингизни ёзиб қўйинг. Буни эрталаб қилсангиз ҳам бўлади. 6. Болаларингизни машғул қилинг. Кўпчилик оналар ҳамма нарсани ўзлари қилиб ўрганган. Фарзандларингизни уй юмушларига жалб қилинг. Навбат билан дастурхонни йиғишлари, идишларни ювишлари ва шу каби енгил ишларни бажаришда кўмаклашишлари мумкин. Агар улар ишни қойил қилишмаса ҳам, сиз сабр қилинг. Секин-секин ўрганишади. Муҳими масъулиятни ҳис қилишсин. Биргаликда юмушларни бажарганда уларга катталардек муомала қилинг, бу уларга ёқади. Агар улар иш қилишни хоҳлашмаса, уларга ҳаммасини ўзингиз қилсангиз, қаттиқ чарчаб касал бўлиб қолишингиз мумкинлигини яхшилаб тушунтиринг. Бу уларга таъсир қилади. Уй ишларини болалар ўртасида мусобақага айлантириш ҳам мумкин. Албатта, иш охирида уларни мақташни ва рағбатлантиришни унутманг. 7. Бир ишга тўлалигича киришинг, яъни бир ишни қилганда бошқаси ҳақида ўйламанг. Мисол учун бирор ишни бошласангиз, фақат у ҳақида ўйланг. Уни тезроқ ва осонроқ қилиш йўлларини топинг. Ижодкорона ёндашинг. Бу иш ҳам бошқалари қатори ҳаётингизга ранг қўшсин. Шунда ташвишдан узоқ бўласиз. 8. Ҳамиша ижобий фикрланг. Кўп-кўп дуо қилинг ва ташвишларингизни Аллоҳга ҳавола қилинг. Ўзингизни айбламанг, салбий ҳиссиётлардан четда бўлинг. Улар сизга ёрдам бермайди. Сизда нима бор ёки йўқлигидан қатъий назар, Аллоҳга шукр қилинг, ўз бахтингизни ҳис қилинг. Дуо қилиб, Аллоҳга заифлигингизни билдирдингизми, энди фаол ҳаракатда бўлинг. Ақлингизни ишлатиб, турмуш ўртоғингизни ҳам ёқимли тарзда доимий даъват қилиб туриш йўлларини топинг. Тўла итоатда бўлинг, аммо бу доим жим юриш ёки зерикарли бўлиш дегани эмас. Унга яхши кайфият бахш этишга ҳаракат қилинг.

Ҳамма нарса бир зумда ўзгариб қолмайди, бироқ секин-аста сиз кўзлаган натижангизга эришишингиз мумкин. Бу сиздан бироз ҳаракат талаб қилади.

Мавзуга оид мақолалар
«Қудрати ва шарафи чексиз Аллоҳ иймон келтирган қулларини уларнинг хулқидан исёнкорликни кетказиш, давоми...

18:53 / 01.02.2017 10140
Зулҳижжанинг ўн куни дейилганида, бу ойнинг биринчи ўн кунлиги кўзда тутилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан давоми...

15:24 / 10.11.2016 4216
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим          Бизларга Рамазон рўзасини фарз қилган, рўза билан тақвони зиёда қилишни давоми...

12:27 / 08.02.2017 4649
Қадимги замонда бир ёмон табиатли савдогар бозорда айланиб юриб, ичига саккиз юз тилла танга солинган давоми...

09:41 / 24.01.2017 3528