Жума суҳбати
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Романир Роҳим! Алҳамду лиллаҳи Роббил аъламин, вассолату вассаламу ала хойри холқиҳи Муҳаммадин ва ала алиҳи ва соҳбиҳи ажмаин. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Муҳтарама опа сингиллар, Аллоҳга шукрлар бўлсинки, сизлар ила ҳар жума куни суҳбатлашиш имкони туғилди. Ижозатингиз ила бугунги суҳбатимиз китоб ўқиш ҳақида бўлса.

Китоб ўқиш аҳамияти ҳақида гапиришга ҳожат йўқ, бу ишнинг ўта аҳамиятли экани ҳаммага маълум. Гапириш керак бўлган нарса китоб ўқишни йўлга қўйиб олишдир.

Агар бизнинг юртда ёки бизнинг аёллар, умума,н китоб ўқишмайди десак, тўғри гап айтмаган бўламиз. Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, бизда китоб ўқийдиган аёллар топилади.

 

Аммо бошқа халқ аёлларига солиштирганда ёки мўътадил миқёсга солиб кўрилганида бу нарсани кам ҳажмда эканлиги билиниб қолади.

Уламоларимиз аёлларнинг Исломдаги ўрнини гапирганларида, албатта, бу мавзуда тўхталиб ўтадилар. Улар, аёлларга китоб ўқиш ўта муҳимлигининг асосий сабаби фарзандларга бўладиган таъсири, деб таъкидлашади.

Бунга мисол келтирадиган бўлсак, 2010 йил Кувайт давлатида аёлларга хос конференция ўтказилди. «Умматнинг уйғониши ва аёл» номли конфиренцияда Доктор Абдулкарим Баккор сўзга чиқиб, айнан шу мавзуда нутқ қилди.

Мени ажаблантирган нарса шу бўлдики, ҳисоблаб чиқилса, энг кўп китоб ўқийдиганлар ҳиндлар экан. Бир киши ўртача ҳисобда йилига ўттизта китоб ўқир экан. Кейин европаликлар, уларники йигирма саккизта атрофида. Аммо араб ва мусулмонлар давлатларида бир киши йилига бир дона китоб ўқир экан.

Доктор америкалик ва европалик аёлларни таърифлаб: «Кўчаларда, боғлардан ўтиб кетаётиб, ўриндиқ, дарахт тагларида овозини чиқариб ўқиётган аёлни кўриб ҳайрон бўласан. Қарасанг, атрофида ҳеч ким йўқ. Билсанг, у қорнидаги ҳомиласига ўқиб бераётган бўлади. Қаранг, бола ҳали дунёга келмасдан туриб, уни китоб ўқишга одатлантирар экан».

Ҳа, уларнинг фильмларида кўпинча ота ёки онанинг уйқудан олдин боласига китоб ўқиб беришини кўрамиз. Бу ҳолат уларда аллақачон одатга айланиб бўлган. Бу билан уларга тақлид қилиш, уларга эргашишга чорламоқчи эмасмиз. Аслида бу масалада биз улардан илғор бўлишимиз керак. Чунки бир вақтлар китоб ўқишда, китоб таълиф қилишда Ислом умматига ҳеч ким тенг кела олмаган.

Ливияда ўқиб юрганимизда, III - курсда Адаб (адабиёт) фанидан таълим берган устозимиз жуда қимматли насиҳатлар қилар эдилар. Шулардан бири у киши бизга кунда йигирма саҳифадан китоб ўқишни тайинлаганлар. «Кунига йигирма, ҳафтасига бир юз қирқ, бир ойга олти юз саҳифа, бу дегани бир йилда ўртача китоблардан бемалол ўн, ўн бешта ўқиб қўйиш мумкин», деганлар.

Айниқса, ҳозирги вақтда бунга янада қаттиқ киришмасак бўлмайди. Чунки телевизорларда бўлар-бўлмас, чалғитадиган нарсалар кўп. Интернет ундан баттар. Сайтда фаолият олиб борар эканмиз, одамларни ўқишга эринчоқ бўлиб кетаётганлари яққол билинади. Мураккаб маъноли, ҳажми катта ёзилган нарсаларни унча ўқишмайди, қисқа, енгил нарсаларга мойил бўлишади.

Ривожланган бу даврда интернетдан исталган китобни топиб, юклаб олиш мумкин. Шундай ҳолатларда комьпютерга юклатилган китобни қоғозга босиб беринглар, деб юраман. «Тайёр комьпютердан ўқийвермайсизми?» дейишади. Китобдан ўқиган, қоғоздан ўқиган бошқа.

Яна болаларнинг китоб ўқиш масаласига қайтсак, авваллари уларга муносиб китоб топа олмас эдим. Топсам ҳам, кўпинча рус тилида бўлар эди. Ранг-баранг, чиройли.. Чет элларга бориб қолсам ҳам, китобларга қарар эдим, афсуски, ё инглизча, ё арабчаси бўларди.

Биз яхши китоблар йўқ, деб баҳона қиламиз. Лекин керакли жойларга китобга бўлган эҳтиёжимизни билдирсак, албатта, бунинг имконияти бўлади.

Яқинда уйимиз яқинидаги ўқув қуроллари дўконига кириб, хурсанд бўлиб кетдим. Турли китоблар кўзни қувнатиб турибди. Болаларга оид адабиётлардан бир нечтасини топиш мумкин. Айниқса, ҳали мактабга бормаган болалар учун ҳам махсус китоб ва дафтарчалар бор. Энди болаларни китоб ўқишга одатлантириш масаласи қолди. Ўша дўкончадан ўн бир ёшларга кирай деб қолган қизимга бир китоб олиб бердим. Бир оз ўқиди-да, ташлаб кетди. Аммо тўрт ёшдан ўтиб, бешга қараб кетаётган қизим, ўзига олинган китоб ва машғулот дафтарларини ҳар куни қўлига олади. Қулоқ солиб турсам, дугонасига: «Йўқ, мен ўйнай олмайман, дарсимни қилишим керак», деяпти. Демак, болани қанча тез одатлантирса, шунча яхши экан. Катта қизимга: «Китоб нима ҳақида экан?», дедим. «Битта бола ҳақида, роса шўх бўлар экан», деди. Исми нима экан, десам, ўйланиб қолди. Кейин бир оздан кейин қўлига китобни қайта олди. Кетма-кет саволлардан кейин ўқий бошлади. Болаларни шу услубда йўналтириш керак. Авваламбор, ўзимиз ўрнак бўлишимиз керак. Қуш уясида кўрганини қилади. Кейин уларга тушунча бериш, қизиқтириш ва кўмаклашиш керак, вақти-вақти билан уларни тақдирлаб туриш керак. Муҳтарама аёллар, бу нарсаларга бепарво бўлманглар. Зеро, кишининг илми, маданияти, савияси, фикрлаши китоб ўқишга боғлиқдир.

Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Мавзуга оид мақолалар
Хадича бинти Хувайлид ибн Абдулуззо ибн Қусой Қарашийя, Асадийя «Фил воқеаси»дан ўн беш йил илгари Маккада давоми...

12:33 / 10.01.2017 6270
Гўзал ўрнак, албатта, жамиятда ўз аҳамиятига эга. Диндор, тақводор, илммаърифатли, гўзал хулқли кишилар доим давоми...

14:14 / 08.05.2019 2274
Ислом фобияси сабабли Австралиянинг айрим мусулмон аёллари вақтинчалик ҳижоб ечишни ўйлашаётган бир давоми...

14:16 / 27.01.2017 5136
Энг маърифатли имом2019 кўрик танловида ЭНГ КЎП МАҚОЛА НАШР ЭТГАН ИМОМ йўналиши бўйича нуфузли мукофот билан давоми...

16:00 / 26.09.2019 3895