РАМАЗОНДА ИБОДАТЛАРГА БЕПАРВО БЎЛМАНГ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

РАМАЗОНДА ИБОДАТЛАРГА БЕПАРВО БЎЛМАНГ!

   Шариатда ибодатларнинг турлари жуда кўп бўлиб, улардан энг улуғлари: поклик ибодати — таҳорат, ғусл; баданий ибодат — намоз; руҳий ибодат — рўза; молиявий ибодат — закот; баданий-молий ибодат — умра, ҳаж ҳисобланади.

Мазкур ибодатлар силсиласи ойлар султони Рамазон кунларида бажарилса, ажру савоблар бир неча баробарга кўпайтириб берилади.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича: «Ким унда (Рамазонда) ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади».

Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ: «Рўзанинг шундоқ ҳам бошқа амалларга нисбатан ажри бир неча баробар кўп бўлгач, Рамазоннинг рўзаси ҳам бошқа рўзаларга нисбатан бир неча марта устун бўлади. Бу унинг вақтининг шарофати ва у Аллоҳ фарз қилган рўза бўлгани ҳамда У Зот ушбу рўзани Ислом барпо қилинган аркон – устунларнинг бири қилгани эътиборидандир», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам марҳамат қиладилар: «Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлаши Аллоҳга тасбеҳдир, қилган амалининг савоби орттириб берилади, дуолари ижобат ва гуноҳи кечирилган бўлади».

Демак, Рамазони шариф – мукаррам ой. Ундан унумли фойдаланиб қолиш керак. Чунки Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ривоятларининг бирида «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда бошқа ойлардагидан кўра кўпроқ (ибодатга) жидду жаҳд қилар эдилар», деб айтганлар.

Қалбларга жило берадиган Қуръони Карим тиловати ҳам муборак Рамазон ойига хосланади. Сабаби Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсониятга Ўзининг муқаддас Китобини Рамазони шарифда нозил қилган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган» (185-оят).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Рўза ва Қуръон бандага шафоатчилик қилади. Рўза: «Ё Раббим! Мен буни кундузлари емоқ ва шаҳватдан тўсганман, унинг ҳақидаги шафоатимни қабул қил», дейди. Қуръон: «Ё Раббим! Мен уни кечалари уйқудан тўсганман, унинг ҳақидаги шафоатимни қабул қил», дейди. Шунда икковининг ҳам шафоати қабул қилинади».

Маълумки, шариятда ваъда қилинган савоблар эркагу аёлга тенг баробардир. Шу боис бу ойда аёллар ҳам кўплаб ажру мукофотларга эришиб қолишларида турмуш ўртоқлари, фарзандлари ҳамда оила аъзолари яқиндан кўмак берсалар, нур устига аъло нурдир. Негаки, опа-сингилларимиз саҳарлик ва ифторлик дастурхонимиз учун куйиб-пишадилар, рўзадор ҳолатларида кундалик рўзғор ишлари билан банд бўладилар, фарзанд тарбияси билан шуғулланадилар, оила аъзолари хизматига шай турадилар. Албатта, бу ишлар орқали савобга эга бўладилар. Лекин кундалик вазифалар билан аёлларимиз ифторликдан сўнг толиқадилар, натижада нафл ибодатлари ва Қуръон тиловатига вақт ажрата олмай қоладилар. Мислсиз ажрлар ваъда қилинган ойда кўпроқ ўз ибодатлари учун ҳам эътибор қаратишса ва бунда оила аъзолари яқиндан кўмак беришса, Рамазон ойи бундан-да шукуҳли ўтади. 

Шу билан бир қаторда опа-сингилларимиз ҳам ўзлари Рамазон ойида ибодатларига бепарво бўлишмасин, турли сериаллар ва бекорчи суҳбатлар билан ғанимат вақтларини бой бермасинлар. Аксинча, қазо ва нафл намозларини адо этиб, кўпроқ Аллоҳнинг зикрида бўлсинлар, истиғфор-тавбаларни кўпроқ айтсинлар. Мўътадил ва толиқмайдиган ҳолатда оила хизматига ярасинлар.

Сўз сўнггида шуни айтамизки, ушбу фазилатли Рамазон кунлари кундалик юмушлар, тирикчилик ишларини бироз енгиллатиб, кўпроқ ибодатларни ихлос билан қилиб олишга эътиборли бўлиш зарурдир. Чунки Рамазон мағфират ойи ҳамдир. Абу Ҳурайрадан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деган эканлар: «Кимки Рамазон рўзасини иймону ихлос билан тутса, ўтган жами гуноҳлари мағфират қилинади» (Имом Аҳмад ва «Сунан» соҳиблари – Термизий, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа).

«Хадичаи Кубро» аёл-қизлар ўрта махсус Ислом

билим юрти мударрисаси Н.Ғофурова

   
Мавзуга оид мақолалар
Савол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг отабоболаридан дастлабки бештасининг исмларини давоми...

12:23 / 21.11.2017 2635
ТАҚДИРИМГА ТАЪСИР ЭТГАН ПРОФИЛЬ мақола ижтимоий тармоқларга бағишланган. Iқисм Одатга кўра, ишларимни давоми...

17:44 / 27.02.2017 8412
Декабрь ойида Францияда қори ва қориялар мусобақаси бўлиб ўтиши кўзда тутилмоқда. «Abna.co» нинг хабар давоми...

06:33 / 30.12.2016 2474
GRAND TALIMда Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов билан илмий учрашув Бугун 30 май куни Ҳилолнашр нашриётининг давоми...

19:13 / 30.05.2018 3586