ҚАЛБИМИЗДА ЎТҚАЗИЛГАН РАМАЗОН ОЙИ КЎЧАТЛАРИ САМАРА БЕРАДИМИ?!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Албатта, шундай муборак ойда масжидларни руку ва сажда қилувчи намозхонлар билан тўлиб-тошиши ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатганлари каби ушбу ойда кечани ибодат ила бедор ўтказиш учун барчанинг масжидларга бориб Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Китобининг тиловатига келишда мусобақа қилишлари ва бизларнинг эртаю кеч Аллоҳ азза ва жалланинг Китобини ўқишни кўпайтиришимиз ҳақиқатда чиройли иш. Буларнинг бари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога яқинлашиш воситаларининг ёрқин кўринишлари ҳамда ушбу муборак ойнинг шиорларига тааллуқли бўлган аниқ нарсалардир. Буларнинг ҳаммаси ер юзида тўлиб-тошган ўсимлик кўчатларига ва бу кўчатлар билан ер юзи худди яшилликка бурканганига ўхшайди. Хуллас, бу ойда одамларнинг масжидларга келишлари, масжидларни руку ва сажда қилувчи намозхонлар билан тўлиб кетиши ҳамда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг китобини ўқиб ўрганишга яқинлашишнинг кўпайиши, қўйингки, буларнинг ҳаммаси ер юзида кўкарган ўсимлик кўчатига ва бу ўсимлик ортидан келадиган самарага тааллуқли бўлган орзу-истакларга ўхшайди. Бу ойда масжидларга келишнинг самараси нима? Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Китобига яқинлашишнинг самараси нима? Ҳар кеча таровиҳ намози ўқиш учун ва Аллоҳ азза ва жалла китобидан бир жуз қироат тинглаш учун масжидларга келишнинг самараси нима? Бунинг самараси қалбларимизни дунё муҳаббатидан тозалаб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг олдига пок, саломат қалб билан келишимиздир. Аллоҳ азза ва жалла бизларни бирор ибодатга буюрган бўлса, ўша нарса билан қалбимизни поклаш учун буюрган. Аллоҳ таоло бизга руку ва саждани кўпайтиришни буюрган бўлса, ана шу ҳикмат учун буюрган. Аллоҳ азза ва жалла бизларни ўзининг зикрини қилишга ва унинг тоатига бутунлай ажралиб чиқишга буюрган бўлса, қалбимизни дунёнинг муҳаббатидан тозалаш учун буюрган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло буларнинг барини бизларга ана шунинг учун буюради. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўзининг мукаммал китобида бизларга қарата айтган; «Нафслар қизғанишга ҳозирдир». (Нисо, 128). Аллоҳ азза ва жалла шундай ҳукм қилган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизда дунёга муҳаббат уйғотиб, кейин бизни уни қизғаниш билан имтиҳон қилишни ҳукм этган. Аллоҳ таоло уни яхши кўрадиган қилиб қўйганидан кейин бу қизғаниш бизни бойлик ортидан қувадиган қилиб қўйган; «Албатта, у мол-дунёга ҳаддан ташқари ўчдир». (Аъдият, 8). Бунинг ҳикмати нима? Бунинг ҳикмати бизни молу дунёга бўлган муҳаббатдан қутқарадиган давога йўналтиришдир. Кейин Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизни имтиҳон қилган қизғаниш ва бахилликдан қутқарадиган давога йўналтиришдир. Намоз, сажда, руку, ва Қуръон қироатини кўпайтириш, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло китобини тиловат қилаётган имом ортида ҳар кеча бир жуз миқдорида Қуръон эшитиш учун туриш – буларнинг ҳаммаси даводир. Булар инсон қалбини дунё муҳаббатидан поклаб олиши учун ва Аллоҳ таоло бизларни имтиҳон қилган қизғанишдан қутқариш учун тузилган йўллардир. Экилган бу ўсимликлар самара бердими? Аслини олганда шодлик келтирадиган бу кўчатлар қалбларда ўз ҳақиқатини топдими? Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизлардан кутаётган бу самара аслини олганда амалга ошдими? Аллоҳ таоло бошқа бир ўринда айтган; «Ва кимки нафсининг қизғанчиқлигидан сақланса, ана ўшалар нажот топувчилардир». (Тағобун, 16.) Аввал: «Албатта, у мол-дунёга ҳаддан ташқари ўчдир», – деб, кейин: «Ва кимки нафсининг қизғанчиқлигидан сақланса, ана ўшалар нажот топувчилардир», – деган. Инсон айтиши мумкин: «Лекин эй Роббим, мени қизғанчиқликка ўзинг мубтало қилдинг, ўзинг мубтало қилган нарсадан қутулишимнинг йўли қандай?» Бунинг йўли Аллоҳ таоло сенга буюрган ўша нарсалар: руку ва саждани кўпайтириш, ушбу ойдаги таровиҳ намози, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг китобини ўқиш ва эшитиш учун келишдир. Бундан мурод нима? Бундан мурод жароҳатингни даволаш, нафсингни бахилликдан қутқаришдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизларни бойлик билан имтиҳон қилган ва уни бизга ўзимиз ўйлагандек эга қилган. Лекин Аллоҳ таоло ўзининг китобидаги бирор оятда бизни молу дунёнинг мутлақ ҳаммасига эга бўлишимизни айтмаган. Инсон бойликка эга бўлганини айтганида: «Аллоҳнинг сизга берган молидан уларга беринг», – деган ёки; «Сизларни халифа қилиб қўйган нарсалардан эҳсон қилинглар», –деган. Аллоҳнинг китобида молга инсоннинг ўзи эга эканини эълон қилган бирорта оятни кўрганмисиз? Мутлақо, топа олмайсиз. Лекин Аллоҳ азза ва жалла шунга қарамай, инсонни мол-дунёни яхши кўрувчи бўлишини ҳукм қилган. Ўзидан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг китобини ўқиб, уни бу ойнинг ҳар кечасида бир мартадан хатм қилсак ҳам, бу ой ўтиб кетганидан кейин қалбларимиз дунёга боғланиб, ўзимиз Аллоҳ таоло мубтало қилган бу бахиллик тузоғида қолаверамиз. Аллоҳ азза ва жалланинг китобидан ҳеч қандай фойдалана олмаймиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳорис розияллоҳу анҳудан сўраган вақтда унинг у Зотга айтган сўзларига қулоқ солинглар; «Эй Ҳорис, қандай тонг оттирдинг?» – деб сўрадилар. Шунда Ҳорис розияллоҳу анҳу: «Ҳақиқий мўмин бўлиб тонг оттирдим», – дедилар. «Гапингга эътибор қил. Ҳар бир нарсанинг ҳақиқати бўлади. Сенинг иймонингни ҳақиқати нимада?» – деб сўраганларида, у: «Намозни кўпайтирдим, Аллоҳнинг китобини бошидан охиригача ҳар кеча бир марта ўқидим», демади, балки: «Нафсимни дунёдан олиб қочдим. Худди Роббимнинг аршини аниқ кўраётгандекман. Худди аҳли жаннатни унинг неъматларида роҳат қилаётганларига назар солиб тургандекман. Худди аҳли дўзахни у ерда бир-бирларига қилаётган душманликларига қараб тургандекман», – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима деб жавоб бердилар, айтдиларки: «Эй Ҳорис, билибсан, маҳкам тут!» Бу –  ҳақиқатдир. Бу – намозни кўпайтириш самараси. Бу ибодатни кўпайтириш самараси, бу ёлғиз Аллоҳнинг ибодатига бутунлай ажраб чиқиш ва Унинг зикрини кўпайтириш натижасидир. Мен айрим кишиларга ҳайрон қоламан. У Аллоҳнинг китобини кўп ўқийди, ҳар кеча Аллоҳнинг китобидан бир жуз Қуръон тиловат қилинаётган масжидларга йўл олади, кейин у ерда намоз ўқиб, дуо қилади ва Аллоҳнинг ибодатига бутунлай ажраб чиқади. Агар кимдир молидаги Аллоҳнинг ҳаққидан бирор нарса сўраб, унинг эшигини тақиллатиб келса, норози бўлиб, ундан юз ўгиради ва уни жеркиб солади, эҳтимол, нақд пули йўқлиги учун узр сўрайди. Кўчат мева бермаса, уни қандай тасаввур қилиш мумкин, ҳолбуки у юқори кўтарилиб гуллаган бўлса. Самара бермайдиган дарахтни нима қиламан? Бу дарахтнинг қисмати ўчоқда ёнишдан бошқа нарса эмас. Эй дўстларим! Мусулмонларнинг чиройли ҳолда масжидларни тўлдириб туриши, бу – Аллоҳга ҳамд айтишимиз керак бўлган нарса. Лекин биз Ислом динимизнинг асоси бўлган мусулмонларнинг бирдамлигига эътибор берадиган бўлсак, бу соҳада бирорта мусулмонни топа олмаймиз, топсак ҳам, жуда кам нодир ҳолларда уларни учратамиз. Ҳамма шикоят қилади. Ҳамма иқтисодий ҳолатнинг ёмонлигидан афсус чекади. Ҳамма нақд пул йўқлигидан нолийди. Нақд пул деган сўз маъносини тижоратчилар яхши биладилар. Бу тўғрисида узр айтадиганлар жуда ҳам кўп. Лекин мен савол бераман; Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу сўзларни такрор айтиш орқали узр сўрашга буюрганми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У киши Рамазон ойида эсган шамолдан ҳам сахийроқ бўлиб кетар эдилар. Агар Аллоҳ таолога ўзи хоҳлаган тоат билан яқин бўлишни истасанглар, агар ибодатда ўзларингиз билан Аллоҳ азза ва жалла ўртасидаги масофани қисқартирмоқчи бўлсангизлар бахилликдан қочинглар ва Аллоҳ таоло сўзининг намунаси бўлинглар. «Ва кимки нафсининг қизғанчиқлигидан сақланса, ана ўшалар нажот топувчилардир». Тағобун, 16. Инсон Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қалбларимизга тож қилган иймоний ақида билан ўз нафсининг қизғанчиқлигидан халос бўлиши жуда осондир. Мен ўзини мўмин эканини даъво қилаётган ва иймон арконлари билан Аллоҳ айтганидек ранг олаётганини иддао қилаётган мўминни мол-дунё ортидан қуваётганига ва уни қизғанаётганига ҳайрон қоламан. Аллоҳга бўлган иймоним Аллоҳни бандаларига чексиз ризқ берувчи Раззоқ эканини ифода этади. Аллоҳга бўлган иймоним Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига бўлган ишончимни билдиради. «Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур». Сабаъ, 39. Аллоҳга бўлган иймоним Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг: «Ризқни Аллоҳнинг ҳузуридан истанглар», – деган сўзини англатади. Аллоҳга бўлган иймоним бу дунёнинг ўткинчи эканини англашимни ва уни Аллоҳнинг олдида чивиннинг қанотича қийматга эга эмаслигини тушунишимни исботлайди. Аллоҳга бўлган иймоним унга тескари бўлган нарса билан қандай бирга бўла олади? Мен Аллоҳга иймон келтирган мўминман, ваҳолангки, мен дунё ортидан қуваман. Мен мўминман, ваҳолангки, мен йил ўтса ҳам, менинг қўлимда турган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳаққи ҳақида ўйламайман. Бу ой Аллоҳнинг ибодатига бутунлай ажралиб чиқувчиларни, доимий тоат қилувчиларни, руку ва сажда қилувчиларни улфат бўлишга ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишга чорласа-да, у ерда бирор инсонни топа олмаймиз. Ҳурматли биродарлар! Аллоҳ азза ва жалла ўзининг мукаммал китобида айтган; «Баъзиларингизни баъзиларингизга синов қилдик. Сабр қиласизлармикин?! Роббинг кўргувчи бўлган Зотдир». (Фурқон, 20). Ушбу синовнинг ёрқин кўриниши шуки, Аллоҳ бойни фақир билан, фақирни бой билан синашидир. Агар Аллоҳ хоҳласа, барчанинг олдига раҳмат дастурхонини ёйиб, барча одамларни бойликда баробар қилиб қўяди. Лекин унда синов қолмайди. Аллоҳ таоло бойни унинг атрофида юрган ва кечаю кундуз бозорларда кўраётган фақир билан синайди. Кўрасиз, у ушбу фақирга бериш учун ўзи қизғанаётган бойлигидан бўлиб берармикин ва уни фақирлик даражасидан кифоя даражасига кўтара олармикин? Аллоҳ таоло фақирни бой билан синади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни: «Юқори қўл пастки қўлдан яхшидир», – деган сўзларини эслаб, сабр қилармикин?.. ва ҳоказо... Бу – дунё ҳақиқатидир. Инсон Аллоҳ таоло томонга шундай ҳаракат қилади. Мен бойларнинг молидаги Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳаққи тўғрисида гапиряпман. Эҳтимол, кўпчилик: «Бу масжид ўз атрофига фақат фақирларни йиғиб олган экан», деб ўйлаётгандир. Иш ундай эмас, эй дўстларим. Фақир ва бой – нисбий иш. Ҳар биримиз ўзидан пастроқ кишига нисбатан бой саналади. Ўзидан юқорига нисбатан эса фақир саналади. Шунингдек, ҳамма инсон ўзидан ортган мол-давлатини ўзидан қуйи бўлган кишига қайтаришга таклиф қилингандир. Ҳар биримиз турмуш даражасида ўзидан қуйи бўлган одамларни кўришга кучи етади. Лекин сени доим бойликда ўзингдан юқори бўлган кишига назар солишинг лозим эмас, ҳатто бу сени ўзингдан паст бўлган кишиларга назар солишингдан тўсиб қўяди. Бизларнинг ҳар биримиз бойликни қайсидир бир қисмидан фойдаланамиз. Ҳа, барчамиз Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ушбу сўзига бўйсуниб ва ундан ранг олиш учун унга қулоқ тутишимиз лозим. Аллоҳ айтади: «Аллоҳнинг сизга берган молидан уларга беринг». (Нур, 33). Барчамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини қўрқув ва хавотир билан тинглашимиз лозим. «Албатта, Аллоҳ таоло бойларнинг молида фақирларга етарли миқдордагисини ҳам қўшиб қўйган. Албатта, фақирлар ғайрат қилмайдилар. Агар улар оч-яланғоч қолсалар, фақат бойлари қилган иш туфайлигина оч қоладилар. Албатта, Аллоҳ уларни бу иши учун оғир ҳисобга тортади». Мен айтишни истаётган сўзимнинг ҳулосаси шуки, албатта, Аллоҳнинг олдида сўраладиган нарса руку ва сажданинг кўплиги ёки Аллоҳ азза ва жалланинг китобини кўп ўқиш ва таровиҳ намозида имомнинг орқасида мусҳафни кўтариб туриш эмас, буларнинг бари бир восита, холос. Албатта, масала инсонни Аллоҳга яқинлашиш ёки Ундан узоқлашиш ўлчовида кўринади. Албатта, бу иш инсонни ўзининг қизғанчиқлигидан қутулиш чегарасида ўз ифодасини топади. Эътибор беринг, эй мусулмон биродарим, агар сиз ўзингизни бир ҳолатга етганингизни сезсангиз, ўзингиз эга бўлган миллионларни фақир чўнтагига солишингизни ёки ўз чўнтагингизда туришини фарқи қолмаса (менда турди нимаю, унга бердим нима) дейдиган даражага етсангиз, билингки, албатта, Аллоҳ амалингизни қабул қилади. Сиз ўз чўнтагингизга яшираётган бойлик ўзингиз учун танглик ва елкангизда кўтариб юрган оғир юк эканини англашингиз энг олий даражадир. Аммо Аллоҳ таоло икром қилишингизни буюрган фақир чўнтагига солиб қўйган мол Аллоҳни сизга берган бойлиги ва ҳар қандай ҳолатда ҳам қуриб қолмайдиган чашмадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уйларига кириб уйда қолган гўшт ҳақида аёлларидан сўраб уларга айтган сўзларини эшитмаганмисизлар? Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, қўй гўштининг ҳаммаси тарқатилиб, биргина қўл қисми қолди», – дейишди. Шунда Расулуллоҳ: «Қўл қисмидан бошқа ҳаммаси қолибди, тарқатиб юборганингиз сиз учун, ўзингизда қолгани эса устимизда кўтариб юрган юкдир», дедилар. Биздан талаб қилинган нарса – ана шу, эй дўстларим. «Аллоҳнинг сизга берган молидан уларга беринг». «Сизларни халифа қилиб қўйган нарсалардан эҳсон қилинг». Бу дунёда бирор нарсага эга бўламан, деб ўйламанглар. Аллоҳга қасамки, инсон умрининг болалик давридан то ўлгунича бу дунёдан бирор нарсага эга бўла олмайди, магар қилган амали ва қабрга бирга тушадиган кафанига эга бўлади, холос. Сиз эга бўладиган нарса – шу. Аммо бунинг ортидаги ҳамма нарса сизни синаш учун берилгандир. Кўринг, Аллоҳнинг буйруқларини амалга ошира олармикансиз? Саховатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргаша олармикансиз? Бера олармикансиз, ҳолбуки сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган у кишининг: «Инфоқ қил, эй Билол, аршнинг эгаси бўлган Зот камайтириб қўйишидан қўрқма», – деган сўзларини эслайсиз. Ушбу сўзимни айтиб буюк Аллоҳдан мағфират сўрайман. Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбасидан. 2 февраль 1996 йил. Эшонгузар жоме масжид имом хатиби Абдуллажон Ғуломов таржимаси. 19 июнь 2016 йил.

Мавзуга оид мақолалар
Намознинг фарз, вожиб ва суннатлари борлиги маълум. Шунингдек, намознинг руҳи ҳам бўлиб, у ният, ихлос, хушуъ давоми...

07:41 / 13.11.2016 4792
Қалбларга юпанч бўлишга ҳарис бўлинглар. У инсонни муваффақият томон бошлайди. Мана, Эдисонни олайлик, олим давоми...

22:28 / 08.03.2023 2084
 Тарихда илк бор Тунис пойтахтининг мэри қилиниб нозик хилқат вакиласи тайинланди. 3 июль санасида давоми...

08:04 / 07.07.2018 2147
Жорий йилнинг 30 май куни Кувайт давлат Вақф ва Ислом ишлари Вазирининг ўринбосари, Жаҳон Васатия давоми...

06:12 / 23.12.2016 3177