«Рамазоний аёл қандай бўлмоғи лозим» II қисм
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муслима аёл-қизларнинг Рамазон ойидаги кундалик дастури

Дастурни татбиқ этишдан аввал бир неча изоҳлар билан танишинг:

1- мулоҳаза. Дастур шартларини адо этиш ихлос, холис ният ва кучли иродани талаб этади. 2- мулоҳаза. Дастурдаги тартибга қаттиқ боғланиб қолиш талаб этилмайди. Имкониятдан келиб чиқиб, амалларнинг ўрнини алмаштириш, олдин ёки кейинроқ бажариш мумкин. 3- мулоҳаза. Катта оила бекаси, зиммасидаги катта масъулиятни ҳисобга олсак, дастурни тўлиқ бажаришга қодир эмас. Унга, иншааллоҳ, уй ишлари, фарзандларининг тарбияси учун ҳам ажрлар ёзилади. Лекин у қурби етганча амал қилиши, Аллоҳдан ёрдам ва вақтининг баракали бўлишини сўраши лозим. Унинг ҳаёти бу каби масъулиятлардан холи бўлганлар учун бир ибратдир: «Банд бўлиб қолишингдан аввал бўш вақтингни ғанимат бил». 4- мулоҳаза. Ушбу дастурнинг татбиғи Аллоҳнинг фитратини ўзгартириб, тунни кунга, кунни тунга алмаштириб қўйганлар учун қийин кечади.

БОМДОД

  1. Бомдод намозини вақтида адо этиш, сўнг намоз зикрлари ва субҳ зикрларини ўқиш. 2. Бомдод намозидан сўнг қуёш чиққунга қадар Аллоҳнинг зикрини қилиб ва Қуръон тиловат қилиб ўтириш, қуёш чиққач, икки ракъатли Ишроқ намозини ўқиш. Ушбу намозни ўқисангиз, ҳаж ва умра ибодатларини тўлиқ адо этгандек бўласиз. Саҳиҳ ҳадисга мувофиқ, бу мукофот Ишроқ намозини ҳар куни ўқисанг, ҳар куни берилади. 3. Ундан кейин савоб умидида ухлаш. (Яъни: Аллоҳнинг ибодатига куч тўплаш учун дам оламан, деган ниятда.) 4. Икки ракаат бўлса-да, Зуҳо намозини адо этиш учун тушдан аввал уйғониш. Бу «солатул-аввобин» (тавба қилувчилар намози) бўлиб, ким уни ўқиса, танасининг ҳар бир бўғини учун садақа берган бўлади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: «Ҳар бир аъзо (бўғин)ингиз учун садақа лозимдир. Ҳар бир тасбиҳ садақадир, ҳар бир ҳамд садақадир, ҳар бир таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ дейишлик) садақадир, ҳар бир такбир садақа, яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтариш ҳам садақадир. Зуҳода ўқилган икки ракъат намоз уларнинг ўрнини босади».

 Муслим ривояти 5. Аллоҳнинг зикри ва истиғфор айтган ҳолда уй ишларини бажариш. Агар ишга жуда берилиб кетмаган бўлсангиз, Қуръон тиловат қилиб ишласангиз ҳам бўлади.

ПЕШИН

  1. Пешин намозини вақтида ўқиш ва ундан кейинги зикрларни айтиш. 2. Ўзингиз учун намоздан кейин муайян вақт ажратинг ва унда Қуръондан камида бир пора ўқинг. Шунда Рамазон охиригача Қуръонни камида бир маротаба хатм қилиб оласиз. 3. Бироз дам олиш ёки баъзи ишларни ниҳоясига етказиб олиш.

АСР

  1. Аср намози ва ундан кейин ўқиладиган дуолар. 2. Ифтор дастурхонини исроф ва дабдабадан йироқ бўлган ҳолда ҳозирлаш. Уй ишларини қилиш жараёнида радио ёки магнитофондан Қуръони Карим ҳамда фойдали маърузаларни тинглаб бориш.

ШОМ

  1. Ифторлик қилиш. Бу чоғда дуо қилишга эътиборли бўлиш керак, чунки ҳадисларда келганидек, оғиз очар маҳалдаги дуолар ижобат бўлади. 2. Таомни кўп емаслик мустаҳабдир, чунки кўп ейишлик ибодатга дангаса қилиб қўяди ва рўзанинг моҳиятига зид келади. 3. Шом намозини вақтида адо этиш ва таом билан чалғиб қолишдан эҳтиёт бўлиш. Намоздан кейинги дуоларни ва оқшом зикрларини ўқиш. 4. Оила даврасида фойдали нарсаларни ўрганиш, турли бефойда сўзлар ва ишлардан йироқ бўлиш. Шунингдек, уй ишлари билан банд бўлиш, болаларга қараш, ифторликнинг қолганини тановул қилиш. Яна радио, журналларда эълон қилинадиган мункар ишлардан холи, исломий мусобақаларда иштирок этиш ҳам мумкин. 

ХУФТОН

  1. Хуфтон намозини ўз вақтида адо этиш ва ундан кейинги зикрларни айтиш. 2. Уйдами ёки масжиддами, таровиҳ намозини адо этишга эътиборли бўлиш. Агар масжидга чиқиладиган бўлса, ўраниш ва хушбўйланмаслик каби одоб шартларига риоя қилиш. 3. Таровиҳ намозидан кейин қариндошлар, қўни-қўшни ва дўсту биродарлар зиёратига бориш мумкин. Улар билан вақтни бекорга ўтказмай, китоблар ўқиш, таълим олиш, аёлларга хос – таҳорат, ҳайз, нифос кабиларга оид фатволар билан танишиш, ғийбат ва бошқа ҳаром ишлардан четланиш лозим. 4. Саҳарлик тайёрлаб, болалар, хусусан, мактабга борадиганлар ҳолидан хабар олиб, сўнг эртароқ ухлаш. 5. Бедорликдан тийилиб, кечалари ухлашни одат қилинг, чунки тунги уйқуда яхшиликлар, саломатлик ва барака бўлади. 6. Ухлаш чоғида таҳорат билан, ўнг томонга ёнбошлаб ётиш ва Пайғамбар   соллаллоҳу алайҳи васалламнинг   уйқуолди дуоларини ўқиш каби суннатларини унутманг. 7. Саҳарда барвақт туришга кўзингиз етмаса, витрни ухлашдан аввал ўқиб олинг. 8. Тунда озгина бўлса-да, таҳажжуд намозини ўқиш учун уйғонинг. Кечанинг охирги учинчи қисмида Роббимиз таборака ва таоло дунё осмонига тушади ва дейди: «Истиғфор айтгувчи борми, кечираман. Сўровчи борми, сўраганини бераман. Дуо қилувчи борми, ижобат қиламан». Қайси биримиз Аллоҳнинг мағфирати ва фазлини хоҳламаймиз? Орамизда кимнинг Аллоҳга эҳтиёжи йўқ? 9. Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳарлик қилинглар, саҳарликда барака бордир» Бухорий ривояти, деган ҳадисларига мувофиқ саҳарликни суннатда белгиланган вақтида, олдинга ҳам сурмай, кечга ҳам қолдирмай тановул қилиш. Саҳарликни Бомдодга тақаб қилиш ва унда хурмо ейиш суннатдир. Саҳарликнинг фазилати ҳақида Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам  шундай деганлар: «Албатта, Аллоҳ таоло ва унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга салавот йўллайди».

          Табароний ривояти 

Муаллиф: Марям ас-Солим

Мавзуга оид мақолалар
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан  ривоят қилинади «У ўз ўлимидан олдин ўғлига айтди «Эй, ўғлим Сен давоми...

14:47 / 05.12.2016 3756
gallery linkfile sizemedium ids11739,11740,11742,11741,11743,11744,11745,11746,11747,11748,11749,11750,11752 orderbyrand Муборак мавлид ойлиги бошланди Биз учун давоми...

06:47 / 25.02.2017 4727
Ўғлим ҳуқуқшунослик факултетида талаба эди. Мен у билан жуда кўп тортишиб қолардим. Бирор бир кун уни давоми...

06:31 / 01.01.2023 4591