Таҳовий ақийдаси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ

Қуйида Ислом миллати олимлари бўлмиш Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит Ал-Куфий, Абу Юсуф Яъкуб ибн Иброхим Ал-Ансорий ва Абу Абдуллоҳ Мухаммад ибн Хасан Аш-Шайбонийлар Ислом дини асослари хақида нимани эътиқод қилганлари ва Аллоҳ Роббул оламинга қайси эътиқод билан сиғинганлари зикр қилинади ҳамда ана шу уламолар мазҳабларида Аҳли сунна вал жамоа ақидаси қандай бўлиши кераклиги баён қилинади:

1. Аллоҳнинг тавҳиди хусусида Аллоҳ тавфиқи ила эътиқод килиб айтамизки: Аллоҳ яккадир, Унинг шериги йўқдир.

2. Унга ўхшаш ҳеч нарса йўқ.

3. Уни ҳеч нарса ожиз қолдирмайди.

4. Ундан ўзга илоҳ йўқ.

5. У ибтидосиз «қадим» ва интиҳосиз «доим» (ҳамиша мавжуд) Зотдир.

6. У фоний эмас ва ҳалок бўлмайди.

7. Фақат У хоҳлаган нарсагина бўлади.

8. Унинг ҳақиқатига гумону хаёллар етолмайди, Унинг моҳиятини ақл идрок қилолмайди.

9. У махлуқларга ўхшамайди.

10. Ўлмайдиган тирик ва ухламайдиган қайюмдир.

11. Бирон хожати бўлмай туриб яратувчи ва қийинчиликсиз ризқ берувчидир.

12. (Ҳеч кимдан) қўрқмасдан (махлуқотлар) жонини олувчи ва машаққатсиз қайта тирилтирувчидир.

13. Махлуқотни яратишдан аввал хам барча сифатлари Аллоҳда бор эди. Улар яралиши билан Аллоҳ аввал Ўзида мавжуд бўлмаган бирор сифат зиёда қилмаган. Барча сифатлари Аллоҳда азалдан бор бўлгани каби ҳамма сифатлари Унда абадий мавжуд бўлиб қолади

14. «Яратувчи» номини яралмишни яратгандан сўнг олгани йўқ. Борлиқни яратмай туриб ҳам «Борий» исми бор эди!

15. Ҳеч қандай марбуб (яъни парваришга муҳтож махлуқ) бўлмаганда хам, рубубият (парвардигорлик) сифати Унда мавжуд эди ва ҳеч қандай махлуқ бўлмаган ҳолда хам яратувчилик сифати Унга собит эди.

16. Аллоҳ Таоло ўликларни қайта тирилтиргандан сўнг ўликларни тирилтирувчи бўлса-да, уларни қайта тирилтиришдан аввал ҳам шу исмга ҳақли бўлган. Шунингдек, У махлуқларини яратмасдан аввал ҳам Яратувчи исмига хақли бўлган.

17. Чунки Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир ва барча нарса Унга муҳтождир. Ҳар қандай иш Унга осон ва У ҳеч нарсага муҳтож эмас. Унга ўхшаш ҳеч нарса йўқ ва У эшитувчи ва кўрувчидир.

18. Халқларни ўз илми билан яратди.

19. Улар учун (барча) тақдирларни ўлчаб-белгилаб қўйди.

20. Уларнинг муддат-ажалларини тайинлади.

21. Уларни яратмасдан аввал ҳам Унга ҳеч нарса махфий эмасди. Уларни яратишдан аввал ҳам уларнинг нима қилажакларини биларди.

22. Уларни ўзига итоат қилишга буюрди ва осийлик қилишдан қайтарди.

23. Ҳар бир нарса Аллоҳнинг тақдири ва хоҳиши билан бўлади. Унинг хоҳиши, албатта, амалга ошади. Бандалар учун Аллоҳ нимани хоҳлаган бўлса, улар учун шундан ўзга хоҳиш йўқдир. Аллоҳ нимани улар учун хоҳласа, бўлади, нимани хоҳламаса, бўлмайди.

24. Хоҳлаган бандасини Ўз фазли-карами ила ҳидоят килади, (гуноҳ қилишдан) сақлайди ва (бало-мусибатлардан) офият беради. Хоҳлаган бандасини адолати ила адаштиради, (гуноҳлардан сақланишга) ёрдам бермайди ва (бало-мусибатлар билан) имтиҳон қилади.

25. Барча (бандалар) Унинг хоҳиши доирасида – фазли билан адли ўртасида ҳаёт кечирадилар.

26. У ўзига рақиблар ёки тенглар бўлишидан олийдир.

27. У тақдир қилган нарсани қайтарувчи, Унинг ҳукмини орқага сурувчи, Унинг амрига ғолиб келувчи йўқдир.

28. Юқоридагиларнинг барчасига иймон келтирдик ва барчаси Унинг ҳузуридан эканлигига аниқ ишондик.

29. (Яна шуни айтамизки) Муҳаммад алайҳиссалом Унинг танланган бандаси, сараланган Пайғамбари ҳамда (Парвардигори ундан) рози бўлган Расулидирлар.

30. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарларнинг охиргиси, тақводорларнинг имом-раҳбари, элчиларнинг саййиди (улуғи) ва оламлар Роббисининг хабибидирлар.

31. У Зотдан кейинги ҳар қандай пайғамбарлик даъвоси ботил ва ёлғондир.

32. У Зот барча инсону жинларга хақ ва ҳидоят, нур ва зиё билан юборилгандирлар.

33. Қуръон Аллоҳнинг каломидир, кайфияти бизга номаълум ҳолда Аллоҳ Таолонинг ўзи тарафидан (сўзма-сўз) айтилиб содир бўлган ва (кейин) уни Расулига ваҳий тарзида нозил қилгандир. Ҳамма мўминлар Қуръонни, дарҳақиқат, ана шундай деб тасдиқлаганлар ва уни махлуқларнинг каломи каби яратилган эмас, балки Аллоҳ Таолонинг хақиқий каломидир, деб иймон келтирганлар.

Кимда ким Қуръонни эшитгач, бу инсонларнинг сўзи деб ўйласа, шубҳасиз, кофир бўлади. Бундай кимсани Аллоҳ Таоло мазаммат қилган ва «Мен уни тез кунда «сақар» – жаханнамга киритажакман», деб унга тахдид қилгандир.

(Қуръон тўғрисида): «Бу инсоннинг сўзидан бошқа нарса эмас», деган кимсани Аллоҳ «сақар» билан огоҳлантириб қўрқитган экан, шундан биз Қуръонни Яратганнинг сўзи эканлигини ҳамда инсонлар сўзига ўхшамаслигини билдик ва иймон келтирдик.

34. Ким Аллоҳ Таолони фақат инсонларга хос бўлган бирон сифат билан васфласа, шаксиз кофир бўлади. Буни англаган инсон ибратланади ва кофирларникига ўхшаган сўзлардан тийилади ҳамда Унинг сифатлари инсонларники каби эмаслигини (аниқ) билади.

35. Жаннат аҳли Қиёмат куни Аллоҳни нигоҳ билан тўлиқ қамраб олмасдан, кайфияти бизга (ҳозирча) номаълум ҳолда кўриши хақдир. Парвардигормиз китобида айтилганидек: «Баъзи юзлар ўша кунда порлоқдир хамда Роббисига қаровчидир». Бу оятлар шарҳи Аллоҳнинг иродаси ва илмига ҳаволадир. Шу ҳақда саҳиҳ ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳар қандай хабарни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай айтган бўлсалар, шундайлигича, маъносини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иродаларига ҳавола қилган ҳолда қабул қиламиз. Бундай хабарларни тушунишда ўз фикрларимиз билан таъвил қилиб, ҳавою хоҳиш таъсирига берилмаймиз. Зеро Аллоҳ ва Расулига тўла бўйсунган ва тушунмай қолган нарсасини Билувчи Зот иродасига ҳавола қилган кишигина динида саломат қолади.

36. Аслида, Исломнинг қадами фақат тўла таслим бўлиш ва бўйсуниш билан мустаҳкам бўлади. Бас, ким (Аллоҳ ва Расулига) таслим бўлиш билан қаноатланмасдан (Аллоҳ тарафидан) беркитилган нарсани билишга интилса, бу интилиши уни холис тавҳиддан, (Аллоҳ тўғрисидаги) тўғри билим-маърифатдан ва саҳиҳ иймондан тўсиб қўяди. Оқибатда у довдираган ҳолда куфр билан иймон, инкор билан иқрор ўртасида адашиб-улоқиб юради. Ўзининг на комил мўмин ва на кофир эканлигини билмай қолади.

37. Ким қиёмат кунида Аллоҳ Таолони кўришни ўзининг хаёлидагидек тасаввур қилса ёки ақли билан уни таъвил қилса , унинг иймони нотўғри бўлади. Чунки қиёмат кунида Аллоҳни кўришнинг чин таъвили рубубиятга дахлдор бўлган ҳар қандай маънонинг таъвили сингари мутлақо таъвил қилмасдан тўла таслим бўлишдир. Ислом ана шу қоида устига барпо қилинган. (Аллоҳ ўзига исбот қилган сифатларни) инкор этишдан ва (уларни махлуқлар сифатига) ўхшатишдан эҳтиёт бўлмаган кимса, албатта, тойилади ва (аслида Аллоҳни поклашни мақсад қилган бўлса-да, Уни) поклашда хатога йўл қўяди. Зеро Буюк Роббимиз зотида ҳам, ишларида ҳам танҳо Ўзига хос сифатларга эгаки, ундай сифатлар бирон махлуқда бўлиши мумкин эмас.

38. Чегара-ҳудудлардан, ғоя-мақсадлардан, арконлардан ҳамда аъзо ва асбоблардан (яъни уларга муҳтож бўлишдан) олийдир. Ва Уни бошқа махлуқларни (ўраб тургани) сингари олти тараф ўрамайди.

39. Меърож воқеаси ҳақдир. Пайғамбар алайҳиссалом (ўша кечаси Маккадан Байтул-Мақдисга) сайр қилдирилганлар ва у Зотни уйғоқ ҳолларида осмонга, сўнгра Аллоҳ хоҳлаган юксакликка шахсан олиб чиқилган. (У ерда) Аллоҳ у Зотни Ўзи истаганчалик иззат-икром этган ва нимани хоҳласа, ваҳий килган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари кўрган нарсаси хақида ёлғон гапирмаган. У Зотга дунёю охиратда Аллоҳнинг салавотлари бўлсин.

40. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, умматларига мадад бўлсин, Аллоҳ Таоло инъом этган ҳавзи кавсар ҳақдир.

41. Хабарларда ривоят қилинганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматлари учун сақлаб қўйган шафоатлари ҳам ҳақдир.

42. Аллоҳ Таоло Одам алайҳиссаломнинг ўзлари ва зурриётларидан олган аҳд-мийсоқ ҳақдир.

43. Аллоҳ Таоло жаннатга кирувчиларнинг хам, дўзахга кирувчиларнинг хам умумий сонини азалда аник билган. Энди бу сонга ҳеч нима қўшилмайди ва ундан бирон нарса камайтирилмайди.

44. Амаллар ҳам худди шундай. Аллоҳ Таоло улар нима қилишларини билган бўлса, (ўша амалларгина қилинади, хеч нарса қўшилмайди ва ҳеч нарса камайтирилмайди). Хар бир киши нима учун яратилган бўлса, ўшанга муяссар этилади. Амалларга якунига қараб баҳо берилади. Чинакам бахтли инсон - Аллоҳнинг такдири ила бахтли бўлган инсондир. Ҳақиқий бадбахт - Аллоҳнинг тақдири ила бахтсиз бўлган кимсадир.

45. Тақдир аслида Аллоҳ Таолонинг бандаларидан сир тутган бир нарсасидир. Ушбу сирдан ҳеч бир муқарраб фаришта ва ҳеч қайси Пайғамбар воқиф бўлмаган.

Шунинг учун бу ҳақда мунозара қилиш, фикрга шўнғиш, васвасаланиб қолишдан ҳазир бўлмоқ лозим. Зеро Аллоҳ Таоло тақдир илмини махлуқотдан беркитди ва уни билишга интилишдан бандаларини қайтарди. «(Аллоҳ) қилаётган иши хақида сўралмайди, бандалар эса сўраладилар». Нима учун Аллоҳ бундай қилди – деб сўраган кимса, юқоридаги оят ҳукмини рад этган бўлади, Қуръон ҳукмини рад қилмоқ эса куфрдир.

46. Шуларнинг бари Аллоҳга дўст бўлган, қалби (иймон нури билан) мунаввар зотлар учун керакли маълумотлардир. Илмда мустаҳкам бўлганлар даражаси хам шудир.

Чунки илм икки хил бўлади: махлуқотлар орасида мавжуд илм ва уларга берилмаган илм. Бор илмни инкор қилиш хам, йўқ илмни даъво қилиш хам куфрдир. Мавжуд илмни кабул қилиш ва йўқ илмни излашдан тийилиш билангина иймон собит бўлади.

47. Лавҳга, қаламга ва лавҳга битилган барча нарсага иймон келтирамиз. Аллоҳ Таоло лавҳда «бўлади», деб ёзиб кўйган нарсани бўлдирмаслик учун барча халқлар жамлансалар ҳам, қўлларидан ҳеч нарса келмайди. Аллоҳ Таоло лавҳда «бўлмайди», деб ёзиб қўйган нарсани бўлдириш учун барча халойиқ жамланса ҳам, ҳеч нарсага эриша олмайдилар.

Қиёмат кунига қадар нима бўлиши керак бўлса, ўшани қалам ёзган, сиёҳ қуригандир. Бандага нимаики тегмаган бўлса, аслида унга тегиши ҳам керак эмас эди. Унга теккан нарса эса аслида уни четлаб ўтиши ҳам мумкин эмас эди.

48. Банда яна шуни билиши лозимки, махлуқот тарафидан нимаики содир бўлса, ўшани Аллоҳ Таоло аввалдан билган ҳамда уни пухта ва ўзгармас қилиб тақдир этгандир. Осмонлару ердаги бирон махлуқ ушбу тақдирни бузишга, кечиктиришга, йўқотишга, ўзгартиришга, камайтиришга ёки кўпайтиришга қодир эмас.

(Тақдир хақида) ана шундай эътиқодда бўлиш иймон арконларидан ҳамда Аллоҳни тўғри таниш ва рубубиятда Унинг ягона Зот эканлигини эътироф этиш асосларидандир. Аллоҳ Таоло марҳамат қилади: «У ҳар бир нарсани яратди ва унинг тақдирини аниқ ўлчаб-белгилаб қўйди». Яна бир оятда эса:«Аллоҳнинг амри-иродаси (албатта, содир бўлиши лозим бўлган) тақдири азалий бўлди». Шундай экан, тақдир борасида касал қалб билан фикр юритиб, ушбу масалада Аллоҳ билан талашган кимсага вайл бўлсин. Зеро у ожиз фикри билан ғайбни титкилаб, Аллоҳ беркитган сирни билмоқчи бўлди ва (тақдир тўғрисида) ёлғон сўзлаб, гуноҳкор бўлди.

49. Арш ҳам, Курсий ҳам ҳақдир.

50. Аллоҳ Таоло Аршдан ҳам, ундан қуйи нарсалардан ҳам беҳожатдир.

51. У ҳамма нарсани (илми ва қудрати билан ўраб) иҳота қилган ва (ҳамма нарсадан) юқоридадир. Махлукотларини эса Ўзини иҳота қилишдан ожиз қолдиргандир.

52. Аллоҳ Таоло Иброхим алайҳиссаломни Ўзига халил (яқин дўст) қилган ва Мусо алайҳиссаломга чинакам тарзда гапирган, деб иймон келтирамиз, (шу тўғрида келган саҳиҳ хабарларни) тасдиқлаймиз ва (кайфиятини Аллоҳга ҳавола этиб) таслим бўламиз.

53. Фаришталар ва пайғамбарларга ҳамда элчиларга нозил қилинган барча китобларга иймон келтирамиз ва ҳаммалари очиқ-ойдин ҳақиқат устида бўлганлар, деб гувоҳлик берамиз.

54. Қибладошларимиздан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган барча нарсани тан олган, у Зот айтган ҳар бир сўз ва хабарни тасдиқлаган кишини мўмин-мусулмон, деб айтамиз.

55. Аллоҳ (нинг зоти) хақида чуқур кетмаймиз. Аллоҳнинг динида талашиб баҳслашмаймиз.

56. Қуръон хусусида тортишмаймиз. У Аллоҳнинг каломи экани ҳамда уни (Аллоҳ ҳузуридан) Руҳул Амийн олиб тушиб, элчилар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўргатганига гувоҳлик берамиз. Қуръон Аллоҳнинг каломидир. Махлуқлар каломидан бирон нарса унга баробар бўлмайди. Қуръонни махлуқ демаймиз ва мусулмон жамоа (эътиқоди)га мухолиф бўлмаймиз.

57. Аҳли қибладан ҳеч бир кишини қилган гуноҳи туфайли – башарти, шу гуноҳни қилиш ҳалол деб эътиқод қилмаса – кофир демаймиз.

58. Шунингдек, агар кишида иймон бўлса, қилган гуноҳининг унга зарари бўлмайди, деб ҳам айтмаймиз.

59. Аллоҳ Таоло солиҳу тақводор мўминларнинг (хато-камчиликларини) афв этишини ва Ўз раҳмати билан уларни жаннатга киритишини умид қиламиз. Шу билан бирга, улар борасида тўла хотиржам ҳам бўлмаймиз ва уларни жаннатий бўлди, деб аниқ айтмаймиз. Ёмон амаллар қилган мўминлар ҳаққига Аллоҳдан мағфират сўраб дуо қиламиз. Улар (нинг оқибати) борасида қўрқиб турамиз ва (айни пайтда) уларни умидсизлантирмаймиз.

60. Зеро (Аллоҳнинг макри ва азобидан) хотиржам бўлиш хам, (Унинг раҳматидан) умидни узиш ҳам кишини диндан чиқаради. Қибла аҳли учун ҳақ йўл шу икки нарса ўртасидадир.

61. Банда ўзини иймонга олиб кирган нарсани инкор қилган ҳолдагина диндан чиқади .

62. Иймон тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиқлашдир.

63. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шариат ва унинг баёни ҳақида нимаики саҳиҳ нақл қилинган бўлса, барчаси ҳақдир.

64. Иймон (барча учун) бир нарсадир ва мўминлар иймоннинг аслида баробардирлар. Улар бир-бирларидан фақат (Аллоҳдан) қўрқиш, тақво қилиш, ҳавойи нафсига эргашмаслик ҳамда авлороқ (яъни тақво эгаларига лойиқ бўлган) йўлни тутиш билан афзал бўлишлари мумкин.

65. Барча мўминлар Раҳмон Таолонинг дўстларидир. Аллоҳ ҳузурида мўминларнинг энг мукаррами энг итоаткор ва Қуръонга кўпроқ эргашувчи мўминдир.

66. Иймон Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, элчиларига, Охират кунига ва тақдирнинг яхшию ёмони, ширину аччиғи Аллоҳ Таоло тарафидан эканлигига ишонмоқдир.

67. Биз шуларнинг барчасига иймон келтирамиз ҳамда Аллоҳнинг элчиларидан ҳеч бирларини ажратмаймиз ва (Аллоҳ ҳузуридан) олиб келган барча хабарларида уларга ишонамиз.

68. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларидан кабира гуноҳларни қилганлар, модомики, тавҳид ақидасида жон бериб, Аллоҳни таниган (Унга иймон келтирган) ҳолларида Унга йўлиқсалар, гарчи гуноҳларидан тавба қилмаган бўлсалар ҳам, дўзахда абадий қолмайдилар. Улар Аллоҳнинг иродаси ва ҳукмига ҳавола бўладилар. «Ширкдан бўлак гуноҳларни истаган бандасидан кечиради», деб марҳамат қилганидек, агар Аллоҳ хоҳласа, уларни фазли карами ила кечиради. Хоҳласа, адли билан уларни дўзахда азоблайди, сўнгра Ўз раҳмати билан ва итоатгўй-солиҳ бандалари орасидаги шафоат қилувчилар шафоати билан уларни дўзахдан чиқариб, жаннатига киритади. Чунки Аллоҳ Таоло Ўзини (ҳаққи-рост) таниган (яъни иймон келтирган) бандаларининг дўстидир. Аллоҳни танимаган, Унинг ҳидоятидан ва Унга дўст бўлиш шарафидан насибадор бўлмаган кимсалар билан Ўз дўстларини Аллоҳ Таоло икки дунёда ҳам баробар қилмайди. Эй, Ислом ва мусулмонлар дўсти бўлган Зот! Ўзингга йўлиққунимизга қадар, бизни Исломда собит қилгин!

69. Қибла аҳлидан бўлган ҳар қандай солиҳ ёки фожир кимса орқасида (яъни унга иқтидо қилиб) намоз ўқишни ҳамда улардан вафот этганларига жаноза ўқишни жоиз, деб биламиз.

70. Қибла аҳлидан хеч кимни жаннат ёки дўзаҳда, деб айтмаймиз. Модомики, куфр, ширк ва нифоқ аломатини изҳор қилмаган кишини кофир, мушрик ёки мунофиқ деб гувоҳлик бермаймиз. Дилларидаги сирни эса Аллоҳ Таолога ҳавола қиламиз.

71. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларидан ҳеч кимга қарши қилич кўтаришни жоиз демаймиз. Фақат қилич билан жазоланиши вожиб бўлган кимсалар бундан мустасно.

72. Ҳалифа-имомларимизга, бошлиқларимизга – гарчи бизга зулм қилсалар хам – қарши чиқишни жоиз, демаймиз. Уларга дуоибад қилмаймиз ва итоатларидан бўйин товламаймиз. Модомики, маъсиятга буюрмасалар, уларга итоат қилишни Аллоҳ азза ва жаллага итоат қилиш жумласидан бўлган фарз, деб эътиқод қиламиз. Уларга салоҳият ва офият сўраб дуо қиламиз.

73. Суннатга ва жамоатга эргашамиз. Жамоадан ажралиб чиқишдан, ихтилофлашишдан ва бўлиниб кетишдан четланамиз.

74. Адолатли ва омонатдор (мўмин)ларни яхши кўрамиз, золим ва хиёнаткорларни ёмон кўрамиз.

75. Тушунолмай қолган нарсаларимиз ечимини (Аллоҳга ҳавола қилиб) «Аллоҳ билгувчироқ»,деймиз.

76. Ривоятларда келганидек, сафарда ҳам, муқимликда ҳам маҳсига масҳ тортишни жоиз, деймиз.

77. Ҳаж ва жиҳод мусулмонлардан бўлган солиҳу фожир раҳбарлар бошчилигида то қиёматга кадар давом этади. Бу икки ибодатни ҳеч қандай сабаб бекор қилолмайди.

78. (Амалларимизни) ёзувчи фаришталарга иймон келтирамиз. Аллоҳ Таоло уларни бизга ҳимоячи қилиб қўйгандир.

79. Барча махлуқлар жонини олишга вакил қилинган Малакул-мавт (ўлим фариштаси)га иймон келтирамиз.

80. Қабр азобига лойиқ бандалар учун қабрда азоб борлигига ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлардан ривоят килинганидек, хар бир киши қабрида Мункар ва Накир фаришталари тарафидан Раббиси, дини ва Пайғамбари хақида сўроқ қилинишига иймон келтирамиз.

81. Қабр (солиҳ мўминлар учун) жаннат боғларидан бир гулшан ёки (кофирлар ва баъзи осий мусулмонлар учун) дўзах чуқурларидан бир чуқурчадир.

82. Қиёмат кунида қайта тирилиш, амаллар учун мукофот берилиши, (амалларнинг Аллоҳга) рўпара қилиб, ҳисоб-китоб қилиниши, номаи-аъмолларнинг ўқилиши, савоб ва жазо (белгиланиши), (жаҳаннам устидан тортилган кўприк бўлмиш) Сирот, (бандаларнинг яхши ва ёмон амаллари тортиладиган) тарозу – барчаси ҳақ эканлигига иймон келтирамиз.

83. Жаннат билан дўзах яратиб қўйилган ва асло йўқ бўлиб кетмайди. Аллоҳ Таоло жаннат билан дўзахни бошқа махлуқотларидан олдин яратди ва ҳар иккиси учун (муносиб) бандаларни ҳам яратди. Бандаларидан кимни Аллоҳ жаннатий бўлишини ирода қилган бўлса, бу Унинг фазли-карами туфайлидир. Кимни дўзахий бўлишини истаган бўлса, бу Унинг адли тақозосидир. Ҳар бир инсон ўзи учун азалдан ҳал этиб қўйилган нарса (жаннат ёки дўзах) учун амал қилади ва нима учун яратилган бўлса, ўша сари ўзи боради.84. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бандаларга (азалдан) тақдир килингандир.

85. Бирор ишнинг амалга оширилиши учун зарур бўлган (ҳақиқий) қодирлик – масалан, Аллоҳнинг бандани бир ишни амалга оширишга муваффақ қилиб қўйиши ўша иш амалга ошаётган пайтда вужудга келади (ва банда бундан масъул эмасдир) . Аммо соғлик, тоқат-имконият, асбоб-ускуналар каби банда тарафидан бўладиган қодирлик эса ўша амалдан олдин мавжуд бўлади. Шариатнинг хитоблари ана шу иккинчи қудратга тааллуқли бўлади. «Аллоҳ Таоло бирон кимсага унинг тоқатидан ортиқ бўлган нарсани юкламайди».

86. Бандаларнинг амалларини Аллоҳ яратади, бандалар эса (шу яратилган амалларни) ўзлаштирадилар.

87. Аллоҳ Таоло бандаларга тоқатлари етадиган нарсаларнигина буюргандир. Улар ҳам Аллоҳ буюрганидан ортиғига қодир бўлолмайдилар. «Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ» калимасининг маъноси шудир. Биз бу ҳакда шундай деймиз:«Аллоҳга маъсият қилишдан ҳеч ким ўзича на ҳийла билан, на бирор ҳаракат билан қутула олади. Фақат Аллоҳ ёрдами билангина бунга эришиш мумкин. Шунингдек, Аллоҳга итоат этиш ва тоат-ибодатда бардавом бўлиш учун ҳам Аллоҳ Таоло тавфиқидан бошқа қувват йўқдир».

88. Ҳар бир нарса Аллоҳ Таолонинг хоҳиши, илми, қазо ва қадари билан амалга ошади. Аллоҳнинг хоҳиши барча хоҳишлардан устундир, Унинг қазо ва қадари эса ҳамма хийла-тадбирлар устидан ғолибдир. У (ҳеч кимга) зулм қилмаган ҳолида Ўзи хоҳлаган ишини қилади. У ҳар қандай ёмонлик ва ҳалокатдан олийдир, барча айбу нуқсонлардан покдир. «У қилаётган иши ҳақида сўралмайди, бандалар эса сўраладилар».

89. Тирикларнинг дуо ва садақаларида маййитлар учун фойда бордир.

90. Аллоҳ Таоло дуоларни ижобат қилади, ҳожатларни раво қилади.

91. У ҳамма нарсанинг эгасидир, Унга эса ҳеч ким эгалик қилолмайди. Ҳеч ким бирор лаҳза ҳам Аллоҳдан беҳожат бўлолмайди. Кимки бир лаҳзага бўлса ҳам Аллоҳдан беҳожат бўламан деса, кофир бўлади ва ҳалокат аҳлига айланади.

92. Аллоҳ Таоло ғазабланади ва рози бўлади, бироқ бу сифатлар бандаларники каби эмасдир.

93. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларини яхши кўрамиз. Аммо биронталарига бўлган муҳаббатимизда ҳаддан ошмаймиз ва ҳеч бирларидан воз кечмаймиз. Уларни ёмон кўрган ва номақбул сўзлар билан эслаганларни ёмон кўрамиз. Ўзимиз уларни фақат яхшилик билан ёдга оламиз. Уларни яхши кўриш дин, иймон ва эҳсондир, уларни ёмон кўриш эса куфр, нифоқ, ҳаддан ошишдир.

94. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг ҳалифаликни умматнинг энг афзал ва муқаддам вакили Абу Бакр Сиддиқга, сўнгра Умар ибн Хаттобга, сўнгра Усмонга, сўнгра Али ибн Абу Толибга исбот қиламиз (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин) . Шу зотлар рошид ҳалифалар ва ҳидоятли раҳбарлардир.

95. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номларини айтиб, жаннат башоратини берган ўн кишининг жаннатий эканларига биз хам гувоҳмиз. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзлари айни ҳақиқатдир. Улар: Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Талха, Зубайр, Саъд, Саид, Абдурраҳмон ибн Авф ва умматнинг энг омонатдор кишиси Абу Убайда ибн Жарроҳдир. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин.

96. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари, покиза аҳли-аёллари ва ҳар қандай ёмонликдан пок зурриётларини фақат одоб билан тилга олган киши ўзини нифоқдан сақлаган бўлади.

97. Саҳоба ва тобеинлардан ҳамда улардан кейин ўтган салаф уламолари – аҳли ҳадислар, фиқх ва назар олимлари – фақат яхши ном билан тилга олинишлари лозим. Уларни ёмон сўз билан тилга олган кимса ҳақ йўлда эмасдир.

98. Ҳеч бир авлиёни бирор Пайғамбардан устун санамаймиз, балки биргина Пайғамбар жамики авлиёлардан афзал деймиз.

99. Уларнинг (яъни авлиёларнинг) кароматлари тўғрисида бизга ишончли кишилар орқали етиб келган саҳиҳ ривоятларни тасдиқлаймиз.

100. Дажжолнинг чиқиши, Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари, қуёшнинг кунботар тарафдан чиқиши, Доббатул арз (ер ҳайвони) нинг ўз еридан чиқиши каби Қиёмат аломатларига иймон келтирамиз.

101. Коҳинларга, фолбинларга ҳамда Қуръон, Суннат ва мусулмонлар ижмосига зид нарсаларни даъво қилган бирон кимсага ишонмаймиз.

102. Жамоатни хақ ва тўғрилик деб, ажралиш-тафриқани эса хато ва азоб, деб биламиз!

103. Ерда ҳам, осмонда ҳам Аллоҳнинг дини ёлғиз Исломдир. Аллоҳ Таоло марҳамат қилади: «Аллоҳ наздида (ягона мақбул) дин Исломдир». "Сизлар учун Исломни дин, деб рози бўлдим".

104. Ислом дини чуқур кетиш билан сусткашлик қилиш ўртасида, ташбеҳ билан таътил ўртасида, жабрия билан қадария эътиқоди ўртасида ҳамда (Аллоҳнинг макридан) хотиржамлик билан (Аллоҳнинг раҳматидан) умидсизланиш ўртасидадир.

105. Ана шу нарсалар бизнинг динимиз ва ошкору махфий эътиқодимиздир. Ушбу эътиқодга мухолиф бўлган ҳар қандай кимсадан поклигимизни Аллоҳга эълон қиламиз.

Ушбу китоб шарҳи www.islom.uz cайтида

Мавзуга оид мақолалар
Кўзларимизни ёшлаб, Кўнгилларимиз ғашлаб, Биз ғарибларни ташлаб, Устозим кетиб қолди Илм бобида давоми...

23:15 / 02.02.2017 5946
Маҳр никоҳ ақди ёки эру хотин бўлиш билан эр зиммасига юкланадиган ва хотинга бериш лозим бўлган давоми...

18:59 / 10.11.2016 15884
         НИКОҲ МАРОСИМИГА ТЕГИШЛИ БИДЪАТХУРОФОТЛАР ёхуд ғарбдан кириб келаётган урфодатларга кўркўрона давоми...

12:09 / 20.03.2017 4312
embedhttpswww.youtube.comwatchv63hT01Fcl4embed

16:38 / 13.08.2018 3518