Мавлидга нисбатан салбий муносабатда бўлувчиларга.......
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

      Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган макон дунёдаги энг яхши жойлардан бири эканида шубҳа йўқ ва у уммат иттифоқ қилган нарсалардан биридир ва яна шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дафн қилинган макон дунёдаги энг яхши жойлардан бири эканига ҳам уммат иттифоқ қилган.

Одамлар доим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган уйда яхшилик аломатларини кўриб келганлар ва бу макон ер юзидаги энг яхши жойлардан бири эканини биладилар. Бу ерга кириб ҳамиша у жойда хайру барака аломатларини кўрадилар. Агар бу маълум иш бўлиб, уламоларнинг ҳаммалари шунга иттифоқ қилган бўлсалар, демак, унда замон ҳам маконга ўхшаш бўлиб, макон ўрни билан замон ўрни ўртасида фарқ йўқдир. Агар Расулуллоҳ таваллуд топган макон ер юзининг энг яхши жойи деб саналса, шубҳа йўқки, у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган замон ҳам барча замондан яхшидир. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган макон дунёнинг энг яхши макони бўлса, нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган макондаги замон ҳам, дунёнинг энг яхши замонларидан бири бўлмаслиги керак? Шундан маълум бўладики, мусулмонлар саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган жойда йиғилиб тантана ташкил қилишларига ҳамда у Зот дафн қилинган жойни муқаддас ҳисоблаб, ҳурмат қилишларига ҳақлари бўлгани каби, у Зотнинг туғилишларини эслатадиган мавсум бошланишини ҳам байрам қилиб нишонлашларига ҳақлари бор. Чунки замон ҳоли билан ўрин ҳоли ўртасида фарқ йўқдир. Биз биламизки, Аллоҳ таоло маконлар ўртасини афзал деб билгани каби, юзага келган турли ҳодисалар мисолида замонлар ўртасида ҳам афзалини танлаган. Бу ерда замон билан макон ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқдир. Шунга қарамай, ҳар йили мусулмонларга бу муборак ойнинг қуёши чиқса ва рабиул аввал ойининг ўн иккинчи куни келса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган ойни йиғилиб тантана ташкил қилишларининг мумкинлиги тўғрисида ниҳоясиз тортишувлар ва маъноси йўқ жанжаллар қўзғалади. Бу тортишувлар муаммони ечиб, ҳал қилиш ва уни тушуниш сабабидан эмас, нафратланувчи қалб сабабидан келиб чиқади. Бу уммат бошига тушган энг катта мусибатлардандир. Агар мусулмонлар бундай ўта хатарли иш тўғрисида келишиб олиш учун йўл топа олмасалар ҳам, низо ва жанжалларни тугатишлари лозим эди. Ҳолбуки бу тортишувни тўхтатиш учун йўл бор. Билингки, у саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эълон қилган вақтларидаги огоҳлантирган йўлдир.  Албатта, инсон агар бирор ижтиҳодий масалада ижтиҳод қилиб тўғри топса, унга икки ажр бор. Агар хато қилса унга битта ажр бор. Ана шу вақтда бу ўз шеригига узр айтади, униси ҳам ўз шеригига узр айтади, натижада тортишув тўхтаб, бу ишда низо, жанжал тугайди. Лекин ҳатто икки тарафнинг бири жим қолиб ишни тўхтатса ҳам, иккинчи тараф бу жанжални тўхташини ҳеч хоҳламайди ҳамда ниҳояси йўқ жанжални ва қоронғу фитнани қўзғашни хоҳлайди. Ҳой! Агар сен ижтиҳодингда савоб олувчи мужтаҳид бўлсанг, Аллоҳ тайёрлаб қўйган икки ажр сенга муборак бўлсин. Сенга насиҳатим ёки сенга топшириғим шуки, Аллоҳни биз учун ҳозирлаб қўйган битта ажри билан бизларни муборакбод эт. Кейин бу баҳс майдонини тарк этиб, мусулмонлар учун муҳим бўлган ва улар бирлигини жамлайдиган мавзуни муҳокама қил. Агар сен хато қилиб, биз тўғри топувчилардан бўлсак, биз ҳам сени битта ажр билан ёки тўғри топувчи инсонга бериладиган ажрнинг ярми билан табриклаймиз. Биз ҳам, сен ҳам бошқа мавзу ҳақида муҳокама қиламиз. Мана шу йўл, жанжални тўхтатади ва тортишувни тугатади. Бу ишдаги сўнгги чегара, албатта, у ижтиҳодий масала эканидир. Тўғри топган икки ажр, хато қилган битта ажр олади. Бу диндаги қилиниши зарур бўлган маълум ва машҳур ишлардан эмас. Ҳаттоки хато қилувчи катта йўлни таний олмай қоладиган даражадаги ҳамда Аллоҳнинг йўлидан узоқлашиб кетадиган даражадаги ишлардан эмас. Албатта, биз мантиқ илмига эътиборимизни қаратиб, унга айтамиз; Муқаддас ишларга ва илоҳий марҳаматларга ҳамда Анбиё ва Расулларнинг ҳолатларига гувоҳлик берадиган вақтлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган ойни йиғилиб тантана ташкил этиш инкор қилинадиган ишлардан эмас. Бу нарсани Аллоҳ таолонинг дини ҳақида тўғри тушунчаси бўлган ҳарбир киши билади. Лекин имом Муслим ўзининг саҳиҳида келтирган ҳадисни билмаган «маълумотли» инсон ким у ўзи?! Ибн Аббос, Абу Мусо ал-Ашъарий ва Ойша розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида Яҳудийларни Ашуро кунининг рўзасини тутаётганларини кўриб улардан бу ҳақида сўрадилар. «Бу солиҳ кундир. Бу кун – Аллоҳ Мусо ва Бани Исроилни Фиръавндан қутқарган кун. Биз бу кунни байрам қилиб, рўза тутамиз ёки бу хотирани эслаб рўза тутамиз»,  дейишди. У Зот алайҳиссолату вассалом; «Мен сизлардан кўра Мусога ҳақлироқман», дедилар ва бани Асламдан бир кишига одамлар ичида «Ким эрталабда бирор нарса еган бўлса, куннинг қолганида таом емасин, ким эрталабдан рўза ният қилган бўлса рўзасини охирига етказсин», деб жар чақиришга амр қилдилар . Ўша кун Ашуро куни эди. Бу Мусо алайҳиссалом ва у киши билан бирга Бани Исроилни Аллоҳ таоло қутқарган кунга қайтиш ва у кунни эслаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тантана қилишлари эмасми?!

Қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биродари Мусо алайҳиссаломнинг нажот топганларини эслаб тантана қилишлари жоиз бўлди? Қандай қилиб бу кунда саҳобаларни рўза тутиб тантана қилишларига буйруқ бериш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга рухсат берилди? Қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари туғилган кунда тантана қилган бўлсалар-да, биз байрам қилишга ҳақли эмасмизми? Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни душанба куни рўза тутишларини ким билмайди. Бу ҳақида у Зотдан сўралганида, саҳиҳ ҳадисда келишича, «Бу мен туғилган кундир», – деб жавоб бердилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари туғилґан кунни байрам қилиб нишонладилар ва рўза тутдилар. Ҳар йили рабиул аввал ойининг ўн иккинчи куни эмас, балки ҳар ҳафта душанба куни нишонладилар, чунки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишларига гувоҳ бўлган вақт эди. Бу далиллар ҳақида тортишишнинг ҳожати йўқ, эй дўстим!

Шундай бўлса ҳам биз ортидан одамларни эргаштиришни истаётган киши билан кўп тортишишни хоҳламаймиз. Лекин биз уларга айтамиз: ижтиҳодингиз ўзингизга муборак (ош) бўлсин. Лекин бизни ижтиҳодимизни тек қўйинглар, икки иш ҳам ижтиҳодий масала, сиз ҳам савоб оласиз, биз ҳам савоб оламиз. Биз шошқолоқлик қилиб:«Албатта, биз тўғримиз, сизлар хатокорсиз», демаймиз. Йўқ, биздан ким тўғри топса ҳам ва биздан ким хато қилса ҳам, барча савоб олади. Маъно шуки, ҳамма савобга етишади, албатта, Аллоҳ таолонинг раҳмати иккала томонни ҳам ўраб олади. Албатта, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у томоннинг ҳам, бу томоннинг ҳам ишларини табриклаб, уларни муборакбод этади. Эй одамлар, сизга нима бўлдики, кенг йўлни тор оласиз? Нима учун Аллоҳнинг марҳаматларидан бўлган катта раҳматга тўсқинлик қиласиз? Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатни у Зотнинг туғилган вақтини эслаб байрам қилиш билан ифодалашни истаётган одамга йўлни тор қиласиз? Барча уммат Расулуллоҳ дафн қилинган жойнинг муқаддаслигига ижмо қилгани каби Расулуллоҳ туғилган жойнинг ҳам муқаддаслигига иттифоқ қилганлар. Баъзан мен ўйлаб қоламан: агар бу ерда Расулуллоҳ туғилган ва у Зотнинг борлги барча оламга порлаб юзага чиққан жой билан, Расулуллоҳ дафн қилинган жой ўртасида афзаллик бўлса, Аллоҳ таолонинг олдидаги даражаси буюк ва энг муқаддас жой, Расулуллоҳ туғилган жой эканини мантиқ тақозо этар эди. Кўрган ижтиҳодларига йўналишни истаётган ўша дўстлар бизни ва бизнинг фикр муносабатларимизни ташлаб кетишлари мумкинми? Улар бу уммат бирлигининг риоясида биз билан ҳамкор бўлишлари мумкинми? Уларни ўзига қайтиб, қилаётган ишларидан уяладиган ва ҳижолат бўладиган вақт келмадими. Бир неча йил олдин Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг туғилган кунини эслаб байрам қилиш учун йиғилдилар ва бу йўлда ортиқча молу дунёларини сарф қилдилар. Бунга дунёнинг турли ўлкаларидаги уламоларни ҳам чақирдилар, ўша чақирилганлар орасида мен ҳам бор эдим. Бу иш Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб учун қилинса яхши кўрилган иш бўлади-ю, кейин бу иш саййидимиз Аллоҳнинг Расули Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун қилинса, Аллоҳнинг йўлидан чиқарувчи ёмон иш бўладими?! Бу қандай иш, эй биродарлар?! Қайси оқил инсон бу ишни тасдиқлаши мумкин? Бугунги кунда ваҳҳобийлик оқимига нисбати берилаётган Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб бўладими ёки бошқа солиҳ кишилардан бири бўладими, уларнинг туғилган кунини эслаш мақсадида ўтказилаётган конференция остида одамларни жамлаш учун миллионлаб бойликлар сарф қилинади-ю, биз учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунини эслаб байрам қилишимизга рухсат бўлмайдими?!

Шундай бўлса ҳам, биз ўзимизни хато қилганлардан, уларни эса тўғри топганлардан, деб фараз қилайлик. Биз ижтиҳодда хато қилганлардан бўлдик, Расулуллоҳ бизни битта ажр билан муборакбод этади. Улар тўғри топувчилардан бўлдилар, Расулуллоҳ ҳам, биз ҳам уларни икки ҳисса ажр олишлари билан муборакбод этамиз. Демак, ҳамма ажрга эга, ҳамма илоҳий раҳмат майдонида ҳаракат қилмоқда.

Нима учун? Такрорланиб келаётган ушбу саволга жавоб эшитишни умид қиламан. Нима учун, кейин нимага, кейин нима сабабдан бу гуруҳ, қолган уммат бирлигини вайрон қилиш йўлида ҳаракат қилмоқда? Нима учун инсонлар орасида нафрат ва адоват туйғуларини пайдо қиладиган турли бўлмағур воситаларни қўзғайди? Ҳолбуки, биз муҳаббатга ва бу муҳаббат остидаги ўзаро дўстлик, бирдамлик ва унсу улфатга жуда муҳтожмиз. Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.

Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбасидан. 11 август 1995 йил.

Эшонгузар жоме масжид имом хатиби Абдуллажон Ғуломов таржимаси. 23 декабрь 2015 йил.

Мавзуга оид мақолалар
Исломда ҳомиладорлик хусусидаги ҳукмлар ва тиб илми Савол Бугунги тиббиётга кўра ҳомила тўрт, беш, давоми...

14:05 / 24.11.2016 10971
Куз келиб барчамиз қиш ғамини кўрамиз. Қишда бекаларимиз асраб қўядиган асосий озуқаларидан бири қовоқ давоми...

11:32 / 25.11.2016 6433