Ҳайит пишириқлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ҲАЙИТ ПИШИРИҚЛАРИ

ҲАЙИТ ПИШИРИҚЛАРИ

ЛОЧИРА

Ун — 150 г, қўй ёғи — 10 г, сут — 50 г, пахта ёғи 5 г, хамиртуруш — 1 г, туз — таъбга кўра. 1 дона пишган лочиранинг оғирлиги — 200 г.

1. Илиқ сутга ийланган хамиртуруш қўшиб юмшоқроқ қилиб хамир қорилади ва илиқ жойга қўйиб, 2-3 соат оширилади. 2. Хамирдан 230 г оғирликда зувалалар узилади. 3. Ҳар бир зувалани 1/2 см қалинликда ёйиб, зич қилиб чакичланади. 4. Шу тариқа ясалган лочиралар тандирга ёпилади ёки тунука ликопча ёхуд листга териб, духовкада пиширилади. Лочирани оширилмаган хамирдан хам пишириш мумкин. Бунда хамирга қўй ёғи қўшиб қорилади. Пишган лочиралар бир оз шамоллатиб совитилгач, дастурхонга тортилади.

БЎҒИРСОҚ

Ун - 500 г, сут — 1/2стакан, сариёғ ёки эритилган қўй ёғи — 50 г, шакар — 1 ошқошиқ, хамиртуруш - 15 г, омихта ёғ - 500 г, тухум -1 дона, туз — таъбга кўра.

1. Бўғирсоқ хамирини қоришда хамиртурушни илиқ сутда ивитиб қўйиб, кейин сут, ун, ёғ, тухум, шакар ва тузни солиб, биратўла хамир қорилади. 2. Хамирдан ўқлоқдек узун зувалача ясалади ва ёнғоқ катталигида кесиб чиқилади. 3. Ҳар бўлак хамирни бармоқлар орасида салгина яссилантириб, ғалвир ёки човлининг орқа томонига босиб, шакл берилади. 4. Сўнгра бўғирсоқлар қизиб турган ёғда пиширилади.

ҚОВУРМА ЧУЧВАРА

Гўшт — 110 г, ун — 50 г, тухум — 1 дона, пиёз ~ 30 г, ёғ — 20 г, озгинадан мурч ва туз.

1. Қиймалагичдан гўшт пиёз билан биргаликда ўтказилиб, қийма тайёрланади. Қиймани мурч, туз қўшиб мижиғланади. 2. Сувга тухумни чақиб, туз солиб, хамир қорилади. Хамирни муштлаб пишитилади. 3. Хамирни юпқа қилиб ёйиб, 4x4 см катталикда жилдлар кесилади. 4. Ҳар бир жилднинг ўртасига 1 чой қошиқ қийма қўйиб, чучваралар тугилади. 5. Тугилган чучваралар қозонда доғ қилинган ёғда бир неча донадан қовуриб олинади.

ЮПҚА

Ун - 90 г, қўй гўшти — 100г, пиёз - 20 г, зиравор - 2 г, ёғ — 17 г, туз - 3 г.

1. Қовурилган чучвара хамиридек хамир қорилади ва тиндириб қўйилади. 2. Гўшт пиёз билан биргаликда гўшт қиймалагичнинг майда панжарасидан ўтказилади. Қиймага зиравор ва туз қўшиб аралаштирилиб, енгилгина қовуриб олинади ва совутиб қўйилади. 3. Тиндириб қўйилган хамирдан 100-120 г оғирлигида зувалачалар узилиб, юпқа қилиб ёйилади, 4. Ҳамма зувалачалар ёйиб бўлингач, қозон ёки това қиздирилади, мой суртилади ва юпқалар бирин-кетин қозон ёки товага ёпиб пиширилади. Пишган юпқалар устма-уст тахланиб, усти ёпиб қўйилади. Сўнгра ҳар бир юпқанинг ўртасига қовурилган қиймадан солиб, конвертсимон буклаб, лаганга тахланади.

ҚАТЛАМА

Ун — 500 г, сув — 200 г, сариёғ ёки маргарин - 150 г, туз —таъбга кўра. озгина қандупа. Қатламани қовуриш учун ёғ - 100 г.

1. Сувга тузни солиб, хамир қорилади ва зувала қилиб 15 минут тиндириб қўйилади. 2. Зувала юпқа қилиб ёйилади ва юзига сариёғ суртилади. Сўнгра хамирни ўқлоққа ўраб, ўқлоқнинг бошидан охиригача пичоқ тортиб, кесилади. Бунда энлик тасмалар ҳосил бўлади. Бу тасмалардан эни 2 см бўлган тасмалар кесилади. Ҳар бир тасмани бир четидан ғилдирак қилиб ўралади. Ҳосил бўлган ғилдирак зувалачаларни ўқлоқ ёки каттароқ жўва ёрдамида ёйиб, 1 см қалинликдаги қатламалар ясалади. 3. Това ёки қозонга оз-оздан ёғ суртиб қатламалар қизартириб пиширилади. Пишган қатламаларнинг устига қандупа сепиб, дастурхонга тортилади.

СУТЛИ ЎРАМА Ун — 500 г, сут — 50 г, тухум — 5 дона, шакар -15 г, қандупа - 125 г, сода - бир чимдим, сариёғ — 50 г, таъбга кўра туз. Ўрамани қовуриш учун ўсимлик мойи — 500 г.

1. Сирли идишга сутни қуйиб, тухумларни чақиб солинади, шакар, туз, сода, юмшатилган сариёғ ва унни солиб, хамир қорилади. 2. Зувалачани бир оз тиндиргач, 2-3 мм қалинликда ёйилади ва ёйилган хамирдан буранда ёки пичоқ ёрдамида эни 3-4 см бўлган тасмалар қирқилади. 3. Ҳар бир тасмани ингичка жўванинг бир учига ўраб олиб, қозондаги қизиб турган ёққа тиқиб туриб пиширилади. Ўрама пишиши оддидан жўвани тасма ўрамасига тескари равишда оҳиста айлантириб, юқорига кўтарилса, ўрама жўвадан тушади. Ўрама қизғишроқ бўлиб пишгач, човлида олиб совитилади. Сўнгра вазага териб, устига қандупа сепилади ва дастурхонга тортилади.

ОДДИЙ (АРЗОН) ЎРАМА

Ун - 500 г, шакар — 1 чой қошиқ сув -- 100 г, тухум - 2 дона, сариёғ - 50 г, туз -таъбга кўра. Қовуриш учун ўсимлик мойи - 500 г.

1. Сирли идишга сувни қуйиб, туз ва шакарни солиб, сўнгра тухумни чақиб солинади ва юмшатилган сариёғ ҳамда унни солиб, хамир қорилади ва бироз тиндирилади. 2. Тиндирилган хамирни 1 мм қалинликда ёйиб, ундан буранда ёки пичоқ ёрдамида эни 5-6 см бўлган тасмалар кесилади. 3. Тасмаларни «Сутли ўрама»даги каби ингичка жўвага ўраб, қовурилади ва қизғишроқ бўлиб пишгач, човлида олиб, совитилади. Совиган ўрамаларни вазага териб, қандупа сепилади ва дастурхонга тортилади.

«АТИРГУЛ»

Ун - 500 г, сут - 50 г, тухум — 5 дона, шакар -15 г, сариёғ — 50 г, қандупа — 125 г, бир чимдим чой содаси, таъбга кўра туз. Қовуриш учун ўсимлик мойи — 500 г.

1. «Сутли ўрама»даги каби хамир қорилади («Оддий ўрама»даги каби масаллиқларни олиб, ўшандай хамир қориб ҳам «атиргул» пишириш мумкин!). 2. Тиндирилган зувалани юпқа қилиб ёйилади, 3. Ёйилган хамирдан думалоқ форма ёки юпқа стакан ёрдамида доирачалар кесиб олинади. 3-4 та доирачани устма-уст тахлаб, марказига бармоқ билан қаттиқ босиб, доирачалар бир-бирига ёпиштирилади ва 5-6 жойидан четидан марказига қараб 1,5 см чуқурликда кертилади (кесилади). 4. Сўнгра «атиргул»лар ёғда (сариёғда қовурса янада мазали бўлади) қовурилиб, човлида сузиб олиниб, совитилади. Совиган «атиргуллар»ни вазага териб, қандупа сепилади ва дастурхонга тортилади.

«ҚУШТИЛИ»

Ун - 500 г, сут - 50 г, тухум - 5 дона, шакар -15,г, сариёғ — 50 г, қандупа - 125 г, бир чимдим чой содаси, таъбга кўра туз. Қовуриш учун ўсимлик мойи - 500 г.

1. Хамир «Сутли ўрама»даги каби қорилади ва тиндирилади («Оддий ўрама»даги каби масаллиқлардан ўшандай хамир қориб ҳам «қуштили» пиширса бўлади!). 2. Хамирни юпқа қилиб ёйиб, буранда ёки пичоқ ёрдамида эни 2-3 см бўлган тасмалар кесилади. Тасмалардан узунлиги 4-5 см бўлган ромбчалар кесилиб, қизиб турган ёғда (ёки сариёғда) пиширилади. Пишган «қуштили»ларни човлида сузиб олиб совитилади ва ваза ёки ликопчаларга солиб, устидан қандупа сепиб, дастурхонга тортилади.

ЧАК-ЧАК

Ун - 900 г, тухум - 10 дона, сут - 100 г, сариёғ -1 кг, асал - 900г, шакар - 100 г, таъбга кўра туз.

1. Сирли тоғорачага тухумларни чақиб, сут, туз ва унни солиб юмшоққина хамир қорилади. 2. Хамирни угра хамиридан қалинроқ қилиб ёйиб, эни 3-4 см бўлган тасмалар кесилади ва бу тасмалар уградан йирикроқ қилиб кесилади 3. Угралар қиздирилган сариёғда қизғиш сариқ қилиб қовурилади (сариёғга ўсимлик мойи қўшиш ҳам мумкин). Бир текисда пишиши учун уграларни аралаштириб туриш лозим. 4. Алоҳида идишда асалга шакарни қўшиб, тўхтовсиз аралаштириб турилади. Асалнинг етилганини билиш учун гугурт чўпига озгина илиб олиб совитилади. Совигандан сўнг чирс этиб синса, асал етилган ҳисобланади. Асални қизаргунича узоқ вақт қайнатиш ярамайди. Бундай асал чак-чакнинг мазасини бузади. 5. Сўнгра қовурилган уграни сирли катта тоғорача ёки бошқа катта идишга солиб, устидан асални қуйган ҳолда тўхтовсиз аралаштирилади. Бунда асал совиб қолмаслиги лозим. Бунинг учун бир киши асални қуйиб туриб, иккинчи киши аралаштиргани маъқул. Аралаштираётганда угра қўлга ёпишмаслиги учун қўлни тез-тез сувга ботириб туриш лозим. 6. Мой суртилган лаганга (ёки шунга ўхшаш исталган идишга) асалли уграни солиб, ҳўл қўл билан босиб-босиб зичлаштирилади. Шу вақтда чак-чакка исталган (думалоқ, юлдузсимон ва ҳ.к) шаклни берилади ва совитиш учун совиткичга қўйилади.

ПАҲЛАВА

Ун - 500 г, тухум — 6 дона, сут - 120 г, ёнғоқ мағизи — 200 г, сариёғ — 200 г, шакар — 200 г, асал — 250 г, туз — таъбга кўра.

1. Сирли идишга тухумларни чақиб солиб, бир оз ийланади, сўнгра сут, туз ва унни қўшиб қаттиққина қилиб хамир қорилади. Хамирдан 100 г ли зувалачалар узиб, думалоқлаб оштахтага териб қўйилади. Паҳлава 5-6 қатли, хамир кўп бўлганда эса 8-10 қатли қилиб ҳам пиширилади. Паҳлава неча қатли бўлса, зувалачалар сони ҳам шунча бўлиши лозим. 2. Ёнғоқ мағизини товада салгина қовуриб олиб, қуритилади ва майда қилиб туйиб, шакарга аралаштириб қўйилади. 3. Битта зувалачани юпқа қилиб ёйиб, мой суртилган това ёки листга ёзилади ва юзига сариёғ суртиб, шакарли мағиз сепилади. Сўнгра иккинчи зувалачани ёйиб, товадаги биринчи қатлам устига ёзилади ва яна сариёғ суртиб ёнғоқли сепма сепилади. Қолган зувалачалар билан ҳам шу жараён такрорланади. Энг устки ёйманинг юзига озгина сув томизиб суюлтирилган тухум сариғи суртилади. Шундан сўнг паҳлава ўткир пичоқ билан тўрт бурчак ёки ромб шаклида кесиб чиқилади ва пичоқнинг изига зритилган сариёғ қуйилади. Сўнгра паҳлавани духовкага қўйилади. 4. Алоҳида идишга асални солиб эритилади ва паҳлаванинг пишишига яқин қолганда това духовкадан олиниб, паҳлаванинг устига асал қуйилади ва яна духовкага қўйилади. 30-40 минутдан кейин това духовкадан олиниб, паҳлава бўлаклари бир-биридан ажратилади ва совитилади. Совиган паҳлаваларни лаганча ёки вазага чиройли қилиб тахлаб, дастурхонга тортилади.

ХОЛВАЙТАР

Ун - 250 г, шакар - 300 г, ёғ - 100 г, сув 50-60 г

1. Қизиб турган қозонга ёғни солиб қиздирилади. Сўнгра қозонни оловдан олиб ёғни бир оз совитиб, ун солинади ва қозонни яна оловга қўйиб, унни қизартириб қовурилади. 2. Сўнгра устига олдиндан тайёрлаб олинган шакар шарбатини қуйиб, оловни пасайтириб, тўхтовсиз кавлаб турилади. Холвайтар бир оз қайнагач, анча қуюлади. Қуюлган холвайтарни ликопчаларга сузиб, бир оз совитиб, дастурхонга тортилади

Мавзуга оид мақолалар
Арабларда ва иссиқ ўлкада яшовчи баъзи халқларда аёлларни ҳам хатна қилиш одати бор. Али ибн Ғуробнинг давоми...

11:54 / 25.11.2016 7389
Пишлоқ ва зайтунли салат . Маҳсулотлар 0,5 кг пишлоқмоцарелла, туз, мурч, зайтун ёғи, 10 та зайтун меваси, 12 та давоми...

10:24 / 23.02.2017 4877
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ёдимда... Чамаси  тўртбеш ёшлик қизалоқ эдим. Биз Ҳазратимнинг муборак давоми...

10:29 / 02.03.2017 7636
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим Охирги ва мукаммал, қиёматгача боқий қолувчи, барча замон ҳамда маконларга давоми...

14:25 / 06.12.2016 3269