Истинжо ҳукмлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Истинжо» луғатда «ахлат кетказиш»дир.

Фуқаҳолар истилоҳида эса нажосатни сув ва унга ўхшаш нарса ила кетказиш ёки тошга ўхшаш нарса ила артишга «истинжо» дейилади.

Уйқу ва елдан бошқа ҳар бир та=оратни кетказувчи нарсадан тошга ўхшаш нарса ила истинжо қилмоқ суннатдир. Суяк, тезак ва ўнг қўл билан эмас. Сўнг уни ювмоқ одобдир. Агар у махраждан бир дирҳамдан кўпроқ тарқалган бўлса, ундан истинжо қилмоқ вожибдир.

Қўлини ювгандан кейин уни бармоқларининг ич тарафи ила, махражини муболаға ила бўшаштирган ҳолда, ювади. Кейин қўлни ювади. Халода қиблага қарамоқ ёки унга ортини қилмоқ макруҳдир.

 Бу сарлавҳа остида келган маълумотларни «хало одоблари» десак ҳам хато қилмаган бўламиз. Ҳар бир кишининг кундалик ҳаётида бир неча бор такрорланиб турадиган бу муҳим амалга шариатда катта эътибор берилган. Бугунги кунда «шахсий озодалик» деб номланаётган ишни ислом қадимдан ўта тартиб ила йўлга қўйгандир. Келинг, ўша маълумотларни ўрганишга киришайлик.

Уйқу ва елдан бошқа ҳар бир та=оратни кетказувчи нарсадан тошга ўхшаш нарса ила истинжо қилмоқ суннатдир.

Уйқу ва елга ўхшаш, ҳушидан кетиш, жиннилик, мастлик каби, та=оратни кетказувчи нарсалардан ҳам истинжо қилинмайди. Қолганларидан, агар нажас бир дирҳам миқдоридан кам бўлса, истинжо қилиш суннатдир. Кўпчилик уламолар истинжо қилиш эркагу аёлга суннати муаккададир, деганлар.

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни доимо қилганлар.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким тош ила истинжо қилса, тоқ қилсин. Ким шундоқ қилса, яхши. Ким қилмаса, танглик (гуноҳ) йўқ»,– дедилар».

Имом Абу Довуд, Ибн Можа ва имом Аҳмад ривоят қилишган.

Суяк, тезак ва ўнг қўл билан эмас.

Бу ҳукмни фуқаҳолар қуйидаги шаръий далиллардан олганлар:

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатларига чиқувдилар, ортларидан бордим. Одатда, у киши ортларига қарамас эдилар. У кишига яқинлашувдим:

«Менга тошлардан олиб кел, улар билан истинжо қиламан (ёки шунга ўхшашроқ гап айтдилар), суяк ёки тезак олиб келма», – дедилар.

Кийимимнинг этагига тош солиб келтириб, ёнларига қўйдим ва ўгирилиб кетдим. У киши қазои ҳожат қилиб бўлиб, уларни ишлатдилар».

Бухорий ривоят қилган.

 Шунингдек, бу икки нарсанинг хусусиятларига эга бўлган нарсалар билан ҳам истинжо қилиб бўлмайди. Суяк –таом чиқиндиси, тезак – ҳайвон чиқиндиси ҳисобланиши эътиборидан шу гап айтилган. Шунингдек, таом, кўмир, шиша, латта, дарахт баргига ўхшаш нарсалар билан истинжо қилиш ҳам макруҳдир.

 Шундоқ бўлганидан кейин, фойдали нарсалар билан истинжо қилиб бўлмаслиги ўз-ўзидан маълум бўлади.

Баъзи қадимги уламоларимиз, қоғоз билан истинжо қилиш макруҳ, деганлар. Чунки уларнинг вақтида қоғоз камёб бўлган. Ҳозир ҳам фойдаланадиган қоғоз билан, хусусан, ёзуви бор қоғоз билан истинжо қилишга рухсат берилмаган. Аммо истинжо учун алоҳида тайёрланган қоғоз билан истинжо қилишга ҳамма уламолар рухсат берганлар. Чунки бу шу мақсад учун махсус тайёрланган нарсадир.

Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У кишига: «Пайғамбарингиз сизларга ҳамма нарсани, ҳатто қандоқ бўшанишни ҳам таълим берди», – дейилди.

Бас, у киши:

«Тўғри. Батаҳқиқ, у Зот бизни қазои ҳожат қилганимизда ёки сийганимизда қиблага қарамоғимиздан, ўнг қўл билан истинжо қилмоғимиздан ёки учтадан кам тош билан истинжо қилмоғимиздан ёки чиқинди ва суяк билан истинжо қилмоғимиздан наҳйи қилганлар»,–деди».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Сўнг уни ювмоқлик одобдир.

Ибн Можа, Ҳоким ва Байҳақий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Унда покланишни яхши кўрадиган эрлар бор» ояти нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй, Ансорийлар жамоаси! Аллоҳ сизларни покликда мақтади. Сизнинг поклигингиз нимадир?» – дедилар.

«Намозга та=орат қиламиз. Жанобатдан ғусл қиламиз. Сув ила истинжо қиламиз», – дейишди.

«Мана шунингиз! Уни маҳкам тутингиз!»– дедилар».

Агар у махраждан бир дирҳамдан кўпроқ тарқалган бўлса, ундан истинжо қилмоқ вожибдир.

Чунки бир дирҳам афв қилинган миқдордир. Ундан зиёдидан покланиш, албатта, вожиб бўлади.

Қўлини ювгандан кейин уни бармоқларининг ич тарафи ила, махражини муболаға ила бўшаштирган ҳолда, ювади.

Махражидаги нажасни ювишдан олдин қўлни ювиш унинг тозаланиш асбоби бўлганидандир. Махражини бўшаштириш ила унинг барча ерларидаги нажосатни ювиш осонлаштирилади.

Кейин қўлни ювади.

Шунда, қўлига теккан нажосат ва ноқулай ҳидлар кетади.

Халода қиблага қарамоқ ёки ортини қилмоқ макруҳдир.

Охирги жумладаги ҳукмни фуқаҳоларимиз қуйидаги ва шунга ўхшаш бошқа далиллардан олганлар:

Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачонки, бирортангиз қазои ҳожатга борса, қиблага юзланмасин ва унга ортини ҳам ўгирмасин. Шарққа ёки ғарбга қаранглар», – дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен сизларга, худди, отанинг ўрнидаман, сизларга таълим бераман. Қачонки, бирортангиз қазои ҳожатга борса, қиблага юзланмасин, унга орқасини ўгирмасин, ўнг қўли билан покланмасин», – дедилар.

Абу Довуд ривоят қилган.

Демак, қазои ҳожат қилаётган одам қиблага қараб ҳам, қиблага ортини қилиб ҳам қазои ҳожат қилмаслиги керак.

Ҳадисдаги «шарққа ёки ғарбга қаранглар», деган гап Мадинаи Мунаввара аҳлига айтилган. Улар шарққа ёки ғарбга қарасалар, қибла ён томонларида қолади. Бошқа жойларда қибла шарқ ёки ғарбда бўлиши мумкин. Уларга бу гап тегишли бўлмайди. Улар қиблага қараб ёки ортларини қилиб қазои ҳожат қилмасликлари зарурлигидан, шарқ ёки ғарбга қарамасликлари керак бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги гаплари Ислом дини хало одоби масалаларига жиддий эътибор берганидан далолат беради. Аввал айтганимиздек, инсоният тарихида Ислом биринчи бўлиб бу ишларни тартибга солишни бошлаган.

Масаланинг жиддийлигидан бу иш ҳақида Ислом шариатининг иккинчи масдари бўлмиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида алоҳида эътибор берилган. Энг мўътабар ҳадис, фиқҳ ва одоб китобларида албатта «Хало одоблари» боби бўлади.

 
Мавзуга оид мақолалар
Франция Миллий Фронт партиясининг етакчиси маҳаллий сайловларда ғолиб чиққандан сўнг, мактабларда давоми...

16:00 / 24.01.2017 2624
«Вафийётулаъён» ва бошқа китобларда қуйидагилар ёзилган «Бағдоднинг ҳадис соҳиблари унинг келганини давоми...

15:56 / 01.12.2016 3218
Бу воқеа яқин кунларда, Рамазон ойи кезлари юз берди. Ишдан одатдагидан кечроқ қайтар эканман, кечги давоми...

21:36 / 18.05.2022 18891