Нифос ва истеҳоза ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нифос ҳақида

Нифос боланинг ортидан келадиган қондир. Унинг озининг чегараси йўқ. Кўпи қирқ кун. У, эгизакларнинг онаси учун, Муҳаммадга хилоф ўлароқ, биринчи боладан бошланади. Иддасининг тугаши эса охиргисидан эканига иттифоқ қилинган.

Тушиб кетган ҳомиланинг баъзи аъзоси аён бўлса, бола ҳисобланади. Бас, унинг онаси нифосли ҳисобланади.

Она чўри бўлса, умму валад бўлади. Унинг туғилишига боғлаб қўйилган нарса воқеъ бўлади ва у билан иддаси тугайди.

 Нифос ҳайзга яқин нарсадир. Уларнинг ҳукмлари ҳам деярли бир хил. Аммо нифоснинг ўзига хос хусусиятлари ҳам бор. Келаси сатрларда ўша нарсалар ҳақида батафсил баён келади.

«Нифос» сўзи луғатда «туғиш» ва «қон» маъноларини англатади. Шариатда эса:

 Нифос боланинг ортидан келадиган қондир.

Боладан олдин ва у билан бирга чиққан қон нифос ҳисобланмайди.

 Унинг озининг чегараси йўқ. Кўпи қирқ кун.

Чунки шаръий манбаъларда нифоснинг ози тўғрисида маълумот келмаган. Бас, бундай ҳолда воқеълик эътиборга олинади. Баъзан нифос кўрмайдиган аёллар ҳам учрайди.

Нифоснинг кўпи ҳақида эса шаръий далил бор.

 Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«У киши:

«Нифос кўрган аёллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қирқ кун ўтирар эдилар. Юзларимизга нарса тошиб кетиб, варас суртиб олар эдик»,–деди».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

 У эгизакларнинг онаси учун, Муҳаммадга хилоф ўлароқ, биринчи боладан бошланади.

Эгизак туққан аёлнинг нифоси биринчи боланинг туғилган вақтидан бошланади. Чунки, бола туғилганидан кейин келган қон нифос бўлади.

 Иддасининг тугаши эса охиргисидан эканига иттифоқ қилинган.

Аллоҳ таоло «Талоқ» сурасида:

«Ҳомиладорларнинг иддаси ҳомилаларини қўймоқликдир», деган (4-оят).

Биринчи бола туғилгандан кейин ҳомиланинг ярми қолган бўлади ва иккинчи бола туғилганда идда тўлиқ чиқади.

 Тушиб кетган ҳомиланинг баъзи аъзоси аён бўлса, бола ҳисобланади. Бас, унинг онаси нифосли ҳисобланади. Она чўри бўлса, умму валад бўлади.

Муддатидан олдин тушиб кетган ҳомилада бирорта панжами ёки шунга ўхшаш аломатлар бўлса, у ҳомила бола ҳисобланади ва онасига бола туққан аёлга жорий қилинадиган ҳукмлар жорий қилинади. Жумладан, ўша она нифосли ҳисобланади. Қадимда, қул ва чўрилар бор вақтида, она чўри бўлса, ҳалиги каби ҳомиласи тушганда хўжайинига умму валад бўларди.

 Унинг туғилишига боғлаб қўйилган нарса воқеъ бўлади ва у билан иддаси тугайди.

Мисол учун, эри, туққан кунинг талоқсан, деган бўлса, ҳалиги сифатдаги ҳомила тушиши билан талоқ бўлади.

Иддаси тугаши эса Аллоҳ таолонинг «Талоқ» сурасида:

«Ҳомиладорларнинг иддаси ҳомилаларини қўймоқликдир», деган оятига биноан бўлади.

 Истеҳоза ҳукмлари

Ҳайзнинг озидан кам бўлган, дастлаб ҳайз кўрувчининг ҳайзидан зиёда бўлган, у ўн кундир ёки дастлаб нифос кўрувчининг нифосидан зиёда бўлган, у қирқ кундир ё иккисида ҳам одатга биноандир, шунингдек, иккисининг кўпидан ортиб кетган ҳамда ҳомиладор кўрган нарса истеҳозадир.

У намозни ҳам, рўзани ҳам, жинсий яқинликни ҳам манъ қилмайди.

 
Мавзуга оид мақолалар
Бу саволга жавоб излашимиз учун биз яшайдиган сайёра бўлмиш Ер ҳақидаги баъзи маълумотларни эсга олишимиз давоми...

21:00 / 18.08.2019 1984
Шу кунларда Ислом оламининг энг мўътабар бўлган сайтлардан бири onislam.netда «Бу Самарқандда бўлганди», деган давоми...

07:13 / 22.01.2017 4874
Эр аёлини қизғаниши рашк қилиши, унинг орномусини сақлаши даркор. Оқибати бузуқ бўладиган ҳар қандай ҳолга давоми...

22:42 / 17.02.2023 2370
Муборак Рамазон ойи рўзаси холис Аллоҳ учун тутилишини ҳаммамиз яхши биламиз. Меҳрибон Аллоҳ бизга бу давоми...

19:00 / 16.05.2018 1838