Қўлингдан келган ҳамма ишни қилдингми?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Кичкина бир болакай оғир тошни ўрнидан қўзғатмоқчи бўлди. Лекин уддасидан чиқолмади. Уни кузатиб турган отаси сўради:

— Бор кучинг билан ҳаракат қилдингми?

Терга ботган бола:

— Ҳа, қўлимдан келган барчасини қилдим. Бироқ тошни силжита олмадим, – деб жавоб берди.

Ота эса шундай деди:

– Йўқ, болам, ҳаммасини қилганинг йўқ. Ҳали мендан ёрдам сўрамадинг-ку...

Фарзандингиз мактабга илк қадамини қўйганидан бошлаб қийинчиликларни енгишига ишониши лозим. Саволларига у тушунадиган тарзда жавоб беринг. Боланинг муваффақиятсизлигини фалокатдек кўрсатмаслик керак. Унга далда бўлиш, қоқилганида ўрнидан туриб, олдинга интилишни ўргатиш лозим.

Бола тарбиясида, «ёмонга ёмонлик» йўлидан бориш асло ярамайди. Масалан, бола нарсаларини, ўйинчоқларини йиғиштирмаса, онаси «Тарбиясизлигинг жонимга тегди, нарсаларингни йиғиштирмасанг, мендан кўрасан» дейиши ёқимсиз ҳолат. Бунинг ўрнига: «Ўйинчоқларингнинг ҳар ерда ётиши яхши эмас, меҳмон келса, уятга қоламиз» деса, болани тарбияга ва меҳмонни улуғлашга ўргатган бўлади.

Бола тарбиясида калтакка асло ўрин йўқ. Балки болани калтаклаш билан маълум муддат ёмон ишларни қилишидан қайтариш мумкиндир. Бироқ калтак таъсири кетганидан сўнг бола ўша хатоларни яна такрорлаши мумкин. Тарбияда тез-тез калтак ва бошқа жазоларни қўллаш болада килган хатоси учун афсусланиш туйғуси ўрнига интиқом, ота-онасидан аччиқланиш, нафрат туйғуларининг пайдо бўлишига сабаб бўлади.

Юқоридагилардан кўринадики, бола парвариши ва тарбиясида ота-она маълум бир билим ва тажрибага эга бўлиши шарт. Бу борада кеч қолдик, деб ҳисобласангиз, хато қиласиз. Ҳамиша бугунги хатоларимизни тузатишга интилайлик. Дастлабки қадамни ташлашнинг ўзи омаднинг ярми демакдир.

Асло эсдан чиқармайлик, оила бир чаман бўлса, фарзанд шу чаманнинг энг гўзал атиргулидир. Бу гўзал ғунчанинг табассуми – оила учун энг катта БАХТ.

Ота ва онанинг тутган йўли бола ривожланишига таъсир кўрсатадими?

Мутахассислар боланинг келажакда бахтли ва етук инсон бўлиб етишишида энг тўғри тарбия йўлларини белгилаш ҳаракатидалар. Ота-она ва оиладаги бошқа аъзоларнинг болага муносабати фарзанднинг яқинларига муносабатини белгилайди.

Болани парваришлаш, тарбия борасида бирор йўлни танлашда, албатта, ота-она фарзандининг ривожланиш босқичларидаги ўзига хосликларни эътиборга олиши лозим.

Ҳар бир оиланинг ўзига хос тарбия усуллари бор. Ота-онанинг хулқ-атвори, орзулари, мақсад ва ютуқлари боланинг шахс бўлиб етишишига таъсир қилади. Оиладаги тарбия билан боғлик камчилик ва хатоларни аниқлашда, дастлаб оиланинг болага муомаласини ўрганиш сезиларли натижа беради.

Бола ўзида айнан ота-онасининг фазилатларини мужассамлаштирмаса-да, лекин улардан икки нарсани олиши аниқ:

— меҳр;

— тарбия.

МЕҲР деганда қўллаб-қувватлаш, кўмаклашиш, севиш ва севилиш каби гўзал туйғулар йиғиндисини тушунамиз.

ТАРБИЯ эса барча билимлар, қоидалар, қадриятлар, кишининг ижтимоийлашуви учун керак бўлган барча анъаналарни қамраб олади.

Нотўғри оила бошқаруви

Юқорида айтганимиздек, ҳар бир оилада ўзига хос тарбия усуллари мавжуд. Оиладаги бола тарбияси даражасини аниқлаш учун маълум бошқарув тизимини яратиш лозим.

Нотўғри оила бошқарувида севги, меҳр ва тарбия ноаниқ ўлчовсиз шаклда кўрсатилади. Оқибатда кутилмаган, хаёлга келмаган вазиятлар пайдо бўлади. Оила томонидан кўрсатилган меҳр ё етарли эмас, ё ҳаддан зиёда ортиқ, тарбия эса жуда бўш бўлади.

Ўта мулойим бошқарувда ҳаддан зиёд эътибор ва меҳр болани худбин килиб куяди. Бола ўзига унча ишонмайди. Йўлида дуч келган тўсиқлардан ўтишда доим бировдан ёрдам кутади. Ота-онаси кўмакчи бўлишини истайди. Ўзи мустақил бирор муаммони ҳал эта олмайди.

Оилада меҳр керагича берилмагани натижасида бола салбий хислатларга одатланиб қолади.

Ўта талабчан оила бошқарувида болага бўлар-бўлмас таъқиқлар қўйилади. Йўқ ердаги тартиб-қоида асосида бола улғаяди. Бу бошқарувни танлаган ота-она фарзандининг энг кичик ҳатосини ҳам жазо йўли билан тузатишга уринади. Бундай оила жисмоний жазони биринчи ўринга чиқаради. Ваҳоланки, тарбияда жазо энг сўнги чора сифатида қўлланиши лозим.

Вақти-бевақт болани жазолаш орқали уни мустақил қарор қабул қилиш, имкониятларини ишга солиш, ўзи оёққа туриш истагидан маҳрум қиламиз. Шахснинг ўзига ишончини йўқотадиган, «жамиятда бир пулчалик аҳамияти йўқ» деган хулосага олиб келадиган бундай тарбия натижасида келажакда кибор, гиначи, таъсирчан, ҳаддан зиёд нозик инсон пайдо бўлади.

Бўш тарбияда оила «хуш қабул қил, эътибор берма» қабилида иш кўради. Бунга кўра, ота-она: «Барчасини боланинг ўзига қўйиб бер. У ҳали бола, истаганини қилсин. Бола мустақил,

эркин бўлмоғи керак. Унинг ҳар бир истагини амалга ошир. Унга фақат меҳр берсанг, бас», деган тушунчалар билан йўл тутади. Бу ҳолатда ота боланинг ноўрин ҳаракатини ҳам мақтайди.

Ота-она бошқарувининг бола тарбиясига таъсир қиладиган асосий омиллар қуйидагилар:

  • бўлажак ҳар бир ота-она дунёга келиш арафасида бўлган гўдагини хаёлан тасаввур қилади. Дунёга келган фарзанд тасаввурларига уйғун келмаса,ундан қоникмаслик ҳисси уйғонади. Бу хислат баъзан ота-онанинг ўз фарзандини қўллаб-кувватламаслигига ҳам олиб келиши мумкин;
  • жамият қадриятлари;
  • болалар сони, жинси ва ўзига хос фазилатлари, (табиатан шўх, қайсар бола ота-онаси унга доим эътибор қилишини истайди. Қиз фарзандлар ўзларини севдирадилар. Ота-она ўғил фарзандига алоҳида эътибор бериши лозим);
  • бундан ташқари, ота-онанинг болалик чоғларидаги тажрибалари (болалик йилларида ўз ота-онаси билан ижобий муносабат ўрната олмаган, етарли меҳр кўрмаган ҳар бир ота ёки қизлигида ҳаддан зиёд тазйиқ остида улғайган онанинг тажрибалари ноўрин ҳаракатларга олиб келиши мумкин);
  • шунингдек, оиладаги эр-хотин орасидаги муносабат, албатта, фарзанд тарбиясига таъсир қилади.
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳнинг фазли ва марҳамати билан 30 март душанба куни эрталаб мажлис  марҳум Шайх Муҳаммад Саъид Рамазон давоми...

09:58 / 05.02.2017 4200
Йўқ бўлар қоронғулар, Нурга ғарқ бўлди жаҳон. Марҳабо, хуш келибсан, Эй муборак Рамазон Марҳабо, эй давоми...

21:09 / 06.03.2017 5042
   Инсон хаёти давомида ўқийди, ўрганади ва уларга амал қилишга харакат қилади. Кимки ўз ўрганганларига давоми...

12:33 / 06.03.2017 5630