Мусибат етган хонадон аҳлига таъзия билдириш ва баъзи маросим одоблари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

الحمد لله و الصلاة والسلام على رسول الله اما بعد

Маълумки, ҳар бир мусулмон банданинг иккинчи мусулмон биродарига нисбатан маълум ҳақ-ҳуқуқлари бор. Чунончи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида марҳамат қиладилар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ - رضي الله عنه - قَالَ رَسُولُ اَللَّهِ - صلى الله عليه وسلم - حَقُّ اَلْمُسْلِمِ عَلَى اَلْمُسْلِمِ سِتٌّ: إِذَا لَقِيتَهُ فَسَلِّمْ عَلَيْهِ ، وَإِذَا دَعَاكَ فَأَجِبْهُ ، وَإِذَا اِسْتَنْصَحَكَ فَانْصَحْهُ ، وَإِذَا عَطَسَ فَحَمِدَ اَللَّهَ فَشَمِّتْهُ وَإِذَا مَرِضَ فَعُدْهُ ، وَإِذَا مَاتَ فَاتْبَعْهُ . رَوَاهُ مُسْلِمٌ .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмоннинг мусулмон зиммасида олтита ҳаққи бор: Қачон унга йўлиқсанг, салом бер; қачон сени (меҳмонга) чақирса, унга ижобат қил; қачон сендан маслаҳат сўраса, унга маслаҳат бер; қачон аксириб, Аллоҳга ҳамд айтса, унга ташмит* айт; қачон бетоб бўлиб қолса, уни зиёрат қил ва қачон вафот этса, унинг (жанозасига) эргаш», дедилар».  Муслим ривоят қилган.

Демак, мусулмоннинг танишларидан бирортаси вафот этса, унинг жанозасига ҳозир бўлиш мазкур ҳуқуқлардан биридир. Сўнгра маййитнинг қариндошларига таъзия билдириб, Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлиш, мусибатга сабр қилишлари ҳақида насиҳатлар айтиш ва марҳумнинг ҳаққига раҳмат ва мағфират сўраб, дуои хайр қилиш таъзиянинг одобларидандир.

Дафн кунидан бошлаб узоғи билан уч кунга қадар аза (мотам) тутишга шариатимиз рухсат беради. У кунлари жанозага кела олмаганлар мусибат етган хонадонга ёки таъзия маросимлари учун ажратилган жойларга келиб, маййитнинг яқин қариндошларига таъзия билдириб кетишлари мумкин.

Машҳур фатво китобларидан «Ал фатво ал Оламгирия»да (1671 бет) яна шу каби иборалар ёзилгандир: «Шу уч кун ичида маййит чиққан хонадонда овқат қилинмайди. Таъзия билдиришга келган одамларга дастурхон солинмайди, зиёфат берилмайди. Мусибат етган хонадон аҳли қайғули бир ҳолатда турганда улар учун меҳмонларга қараш, уларга ош-нон тортиш мусибат устига мусибатдир».

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг биродари Жаъфар ибн Абу Толиб «Муъта» жангида шаҳид бўлганидан аҳли аёллари ниҳоятда куюниб аза тутишган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофдагиларга қараб:

اصْنَعُوا لآلِ جَعْفَرٍ طَعَاماً فَإِنَّهُ قَدْ أَتَاهُمْ مَا يَشْغَلُهُمْ.

«Жаъфар оиласига таом тайёрлаб беринглар, чунки уларга машғул қилиб қўядиган нарса (яъни мусибат) етди», деб марҳамат қилганлар.

Бизларнинг яхши одатларимиздан бири шуки, мусибат етган хонадоннинг қўшнилари исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда дарҳол овқат қилиб чақиришади. Бу Ислом суннатларига мувофиқ одатдир. Овқатлар мусибат етган хонадон аҳли ва узоқдан келган меҳмонлар учун чиқарилади. Зарур бўлганда хонадон аҳли ўзлари учун овқат тайёрлашлари ҳам мумкин.

Мусибатхона одобларидан яна бири шуки, у ерда овозни баланд қилиб гаплашиш, ҳазиллашиш ва кулиш яхши эмас. Зеро, аза бор жойда бу каби ишлар ҳам диний, ҳам инсонийлик жиҳатидан номақбулдир. Шунингдек, мусибат эгаларидан ҳол-аҳвол сўралганда кулиш жоиз эмас, балки мусибат  Аллоҳнинг иродаси экани ва унга сабр қилиш лозимлиги ҳақида насиҳатлар қилинади.

Таъзияни ҳар қандай тасалли бергувчи лафз билан билдирса бўлади. Лекин баъзи уламоларни айтишича, энг яхши таъзия лафзи «Аллоҳ вафот қилганларни мағфират қилиб, ўз раҳматига олган бўлсин ва сизга сабр-бардош берсин», дейишдир. Бундан бошқача ҳар ким ўзи билган лафзи билан кўнгил кўтарса ҳам бўлади. Таъзия айтишдан асосий мақсад, мусибат етганларнинг қайғуларини бироз бўлса ҳам, енгиллаштиришдир.

Ҳозирги вақтда кўп тарқалган хурофий одатлардан бири шуки, пайшанбалик, якшанбалик деб худойилар қилиш ва йигирмалик, қирқлик номи билан катта-катта қозонларда ош дамлаб, кўп маҳаллалардан одам чақириб, катта маросимлар ўтказишдир. Бу ишлар шариатимиз буюрмаган одатлардан экани фиқҳ ва фатво китобларидан маълумдир. Бу ҳақда асримиз уламоларидан Шаҳобиддин ал Маржоний «Ал Барқул вамийз» деган китобларида: «Халқимиз ичида тарқалган кўп худойилар ношаръий садақалардандир, ундан на маййитга ва на хонадон соҳибига савоб бор», деб шарҳлаганлар.

Баъзи бир мусулмон фарзандлари ҳозирги даврда Ислом таълимотларини ва шариат аҳкомларини тўғри тушунмаганлари туфайли бу маросимларни фарз ҳукми ўрнида кўриб, унга шундай катта эътибор билан қарайдиларки, гўё бутун мусулмончилик шундан иборатдир.

Мусулмонлар яхши билишлари керакки, хайр-эҳсонлар қилиш мустаҳаб амалдир. Уни шариат таълимотига мувофиқ ҳолда ўтказиш эса шартдир. Акс ҳолда ажру савобдан маҳрум бўлинади. Аммо нафақаи аҳлу аёл фарз амаллардан ҳисобланади. Шунинг учун тўй қиламан деб бола-чақанинг ризқини қийиш айни хатодир.

Бордию маҳалла ошини еганман, маҳаллага ош бермасликка номус қиламан, деб бошқалардан қарз олиб ёки олмасдан ҳам худойи қиладиган бўлса, бу айни гуноҳнинг ўзидир. Ҳозирги вақтда мусибатхонада бир эмас, бир неча марталаб худойи қилинмоқда. Бу маросимлар баъзи бир оилалар учун, хусусан, ҳозирги пайтда яна ҳам оғирроқ кечаётгани ҳаммага аён.

Бинобарин, Аллоҳ таолодан тавфиқ сўраган ҳолда қуйидаги фатвони ёзиб, мусулмон аҳолимизга тақдим этишни лозим топдик:

1. Мусибатхоналарда пайшанбалик ва якшанбалик номи билан қилинаётган худойи маросимлари ҳеч бир диний китобларимизда буюрилмаган.

2. Мусибат етган хонадонда муайян кунга боғламасдан ҳамда оила иқтисодига зарар етказмайдиган ҳолатда бирор марта худойи қилиб ўтказилса кифоя қилур. Уни ҳам илмий мажлис тарзида ўтказилиб, тиловати Қуръон, ҳадиси шарифлар асосида файзли мавъизалар қилинса,маросимда ҳозир бўлганларга руҳий ғизо бўлур.

3. Шунингдек, мусулмон фарзандларимизнинг ақди никоҳи тўйлари ва ақиқа каби маросимларини ниҳоятда иқтисод ва тежамкорлик билан ўтказиш шариатимиз руҳига жуда мувофиқдир.

4. Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари байрам бўлгани учун бу кунларни азага айлантирмасдан ўзига муносиб ҳолда байрам қилиб ўтказиш лозим. Марҳумларни эслаш ва руҳларига дуойи хайр қилиш жоиз. Лекин бу ҳайит байрамига таъсир кўрсатмаслиги даркор.

5. Барча диний ва миллий маросимлар тежамкорлик билан ҳеч қандай исрофгарчиликсиз ўтказилсин. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

إِنَّ الْمُبَذِّرِينَ كَانُوا إِخْوَانَ الشَّيَاطِينِ...

«Исрофгарлар шайтоннинг биродарларидир», деб огоҳлантирган (Исро,27).

6. Ҳар қандай муносабат билан ўтказиладиган маросимларда озодаликка, тиббий қонун-қоидаларга риоя қилинсин. Шунда «Покизалик иймон белгисидир», деган ҳадиси шарифга мувофиқ иш бўлур.

Бизнинг Ислом шариатимиз мусулмонларга ҳаргиз оғирликни раво кўрмайди. Чунки Қуръони Каримда айтилганки:

...وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ...

«Динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади». (Ҳаж, 78).

Яна: لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا...

«Аллоҳ ҳеч бир нафсга қўлидан келмайдиган ишларни буюрмайди» (Бақара, 286) каби Аллоҳ таолонинг сўзлари мусулмонларнинг маросимларни қийналмай ўтказишлари ва бемалол ибодат қилишлари учун айтилган илоҳий қонундир.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- :« اذْكُرُوا مَحَاسِنَ مَوْتَاكُمْ وَكُفُّوا عَنْ مَسَاوِئِهِمْ ».

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар», деганлар.

Ушбу муборак ҳадисларнинг маъносидан ҳам аён бўлиб турибдики, вафот этган одамни эслаш учун ҳамма эмас, балки фақат уни таниган: қўни-қўшнилар, ёру биродарлар ва хеш-ақробалар йиғилиб, дуойи фотиҳа қилиб, ёд олишса, кифоядир.

Юқорида айтганларимиз шариатимиз кўрсатмаларидан бўлиб, унга амал қилмоқ ҳар бир мусулмон учун ҳам дунёвий, ҳам ухровий манфаат ҳосил этилишига сабаб бўлур. Аммо бундай ношаръий ва беҳуда ишларга берилиб кетиш Ислом аҳкомларига итоат этмаслик ва Аллоҳга нисбатан нофармонликка олиб борур.

الْعِياذ بالله Аллоҳ сақласин! Ҳақ таолодан барчаларимизни тўғри йўлдан адаштирмаслигини сўраб, дуолар қилиб қоламиз.
Мавзуга оид мақолалар
«Гўзал ўрнак» ҳақида Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Биз мусулмонларга Рамазон рўзасини фарз қилган Аллоҳ давоми...

16:22 / 28.05.2017 4337
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ  Муаллиф муқаддимаси Аллоҳга ҳамд бўлсин, Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу давоми...

19:14 / 24.12.2016 8426
Ватанга қайтяпмиз. Учоққа чиқиб, ўриндиғимизга жойлашдик. Орқа томондан бир эркакнинг сўкингани, ортидан давоми...

03:06 / 12.08.2020 2854
embedhttpswww.youtube.comwatchvyfcbrwIKlrIfeatureyoutu.beembed «Рамазон чодири»да Ўзбекистон кечаси Рус тилидан Гўзал Дадамуҳамедова давоми...

22:18 / 27.05.2018 2455