Умматнинг яхши бўлиши ва унинг бузилиши
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

                    Шубҳа туғдирмайдиган ҳақиқатлардан бири шуки, қандай бўлмасин, умматнинг тўғри бўлиши (яроқлилиги) уммат моҳиятининг пухталигига боғлиқдир. Қандай бўлмасин, умматнинг бузилиши (яроқсизлиги) уммат моҳиятининг йўқолишига боғлиқдир. Шунинг учун моҳиятга аҳамият бериш ва унинг риоясини қилиш инсон ҳаётидаги энг муҳим ишлардандир. Шу билан бирга, ушбу моҳиятнинг ҳимоясини қилиш ва унга озуқа бериш, тўғриланишнинг амалга ошиш йўлидир. Моҳиятга эътиборсизлик қилиб унга аҳамият бермаслик очиқдан-очиқ бузилишга олиб келади. Лекин ўша моҳият нима ўзи, эй Аллоҳнинг бандалари? Уламолар айтадиларки, нарсанинг моҳияти ана шу нарсанинг айнан ўзи бўлиб, у билан шу нарса рўёбга чиқади. Нарсанинг моҳияти бу ўша нарсанинг асосларига дохил бўлувчи ва унинг боқийлигини таъмин этадиган аслликдир. Аммо кўп инсонлар моҳият деб атаётган ва уларга кейин қўшилиб кетган ташқи оризлар (белгилар) моҳият дейилмайди. Уйдаги жиҳозлар, кўрпа ва тўшакларда уйлик моҳияти йўқ. Уйдаги фахрланадиган пардоз-андоз буюмларида ҳам уйнинг моҳияти йўқ. Чунки пардоз-андозлар келиб-кетиб турувчи нарсалардир. Уй жиҳозлари, кўрпа ва тўшаклар ҳам ўзгариб алмашиб туради. Аммо уйнинг моҳияти уйни ташкил этадиган хоналар, унинг деворлари ва шифтларидир. Бу мисолни тушуниб етганимиздан кейин шуни билайликки, умматнинг миллатчиликдан ва ирқчиликдан фойда топиб ҳузур қилиши инсонийлик мазмун моҳиятига кирмайди. Унинг миллатчилиги шу дунёни ўзида қолиб кетади. Бу дунёдан кетаётганида у билан қайтиб учрашмайдиган бўлиб хайрлашади. Гоҳида бойлик сабабидан ҳузур қилишимиз ёки фақрлик сабабидан қийналишимиз, илмдан роҳат олишимиз ёки билмасликдан қийналишимиз, кучимиздан фойдаланишимиз ёки кучсизликдан озор чекишимиз ва бу каби нарсаларнинг ҳаммасида инсон моҳиятига дохил бўладиган ҳеч нарса йўқ. Эртага дунёдан кетсак, бу сифатлар ва кейин қўшилган ташқи оризий белгиларнинг ҳаммаси биз билан хайрлашади. Атрофга назар солиб ҳузур қилаётган бойлигимизни, ҳатто қийналаётган фақирлигимиз соясини ҳам топа олмаймиз. Текшириб изласак ҳам, фойдаланаётган кучимиз ёки озор чекаётган кучсизлигимиз соясини ҳам кўрмаймиз. Бу дунёдан Аллоҳнинг олдига ўз моҳиятимиз билан борамиз. Инсон моҳияти ва унга кейин қўшилган белгилар ва сифатларни билиб тушундик, энди инсоннинг моҳияти нима ўзи? Инсонни дунёга келиш мазмун моҳияти уни йўқдан бор қилган яратувчисининг қўл остидаги қули эканидир. Инсоннинг моҳияти унга эгалик қилувчи подшоҳига бандалик қилишидир. Уни пешонасидан тутган ва уни ўзи хоҳлаганидек юзага чиқарган Роббисига ибодат қилишидир. Мана шу инсон моҳиятидир. Шу моҳият билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузурига борамиз. Аллоҳ ўз сўзини рост айтган; «Осмонлару ердаги барча кимсалар Роҳманга банда бўлган ҳолларида келурлар. Батаҳқиқ, У Зот уларни иҳота қилган ва санаб қўйгандир. Уларнинг барчалари У Зотнинг ҳузурига қиёмат куни ёлғиз ҳолларида келгувчидирлар». Марям, 93-95. Фаҳрланган сифатлардан ва унга кейин қўшилган оризий белгилардан ажралган ҳолида ҳамда миллатчилик ва ирқчиликларидан ҳам маҳрум қилинган ҳолида ёлғиз Аллоҳга бўлган бандалик моҳияти билан келади. «Оятларимизга куфр келтирган ва: «Албатта, (охиратда) менга молу дунё ҳамда бола-чақа берилажак», деганни кўрдингми?! У ғойибни билармикан ёки Роҳманнинг ҳузуридан аҳду паймон олдимикан?! (Ғойибда унга охиратда, албатта, молу дунё ҳамда бола-чақа берилиши муқаррар эканлиги ҳақида аломат бормикан?) Йўқ! Нима деганини, албатта, ёзиб қўямиз ва унга азобни узундан-узоқ қиламиз. «У айтаётган нарсага меросхўр бўлурмиз ва у бизга ёлғиз ҳолида келур». Марям, 77-80. (Кофир молу мулк, бола-чақа ва бошқа дунёвий нарсаларидан жудо бўлган ёлғиз ҳолида бизга–ҳузуримизга келади. Ўша пайт у билан қандай муомала қилишни ўзимиз биламиз. «Тафсири Ҳилол»). Аллоҳ бизни мана шу ҳақиқат олдига қўяди. Биз буни тантанали равишда ҳурмат билан қабул қилишимиз лозим. Аллоҳнинг олдида турадиган кунимизгача бизга ҳамроҳ бўлган моҳиятдан ажралмаслигимиз лозим. Кўпинча келиб-кетиб турувчи сифатларга ва кейин қўшилган белгиларга инсон берилиб кетмаслиги лозим. Бу ҳақиқатни тушуниб етганимиздан кейин бу дунё ҳаётимизда нимага эътибор қилишимиз керак, эй Аллоҳнинг бандалари? Биз мана шу моҳиятни ҳимоя қилиш ва уни озуқлантириш учун эгалик қилаётган ҳамма нарсамизни сарф қилишимиз лозим. Ҳар қандай савия ва даражада мен эслатиб ўтган кўринишда бу моҳиятни тўйдириш учун бор нарсамизни сарф қилишимиз лозим. Лекин моҳиятни ҳимоя қилишда озуқага ўхшатилаётган нарса нима? Ушбу моҳиятнинг озуқаси тарбиядир. Инсон илк болалик вақтидан бошлаб олган тарбиясида ўзини намоён қилади. Агар одамлар ушбу тарбияни ана шу савияда қабул қилсалар, бунинг ортидан жамиятда энг муҳим натижалар амалга ошади. Бу тарбияни инсон зоти учун озуқа деб қабул қилган чет ўлкаларнинг ҳеч бирида топишингизни имкони бўлмаган адолат амалга ошади. Тенг ҳуқуқлик асосидаги ҳақиқий тарбиянинг натижаларидан бири унда ёлғон ҳийлалар йўқлигидир. Бу тарбияни инсон моҳияти учун берган натижаларидан яна бири, инсонни Аллоҳ таолонинг қўл остидаги бандаси бўлиб, унга бўйсиниши ва унда буюк инсоний хулқларни шаклланишидир. Одамларини тарбиялаган ва мана шу тарбия сояларида униб ўсган Ислом жамиятидаги инсонлар ҳақида ўйлаб кўринглар. Уларнинг ҳаммалари ана шу моҳиятни илк болалик вақтидан бошлаб қабул қилганлар. Эътибор берсангиз, уларни ана шу муҳим сифатлар билан ажралиб алоҳида имтиёзга бўлганларини ҳис қиласизлар. Мен сизларга айтаётган ҳақиқатни бизнинг яқин ва ўтмиш тарихимиз тасдиқлаб унга гувоҳлик беради. Вақтимиз кам бўлса-да, сизларга бир мисол келтириб бераман. Келинглар, ўз озуқасини олган моҳиятнинг натижа ва самараларидан бир кўриниш олдида тўхталамиз. Амр ибн Ос Мисрнинг волийларидан бири эди. Унинг ўғли билан Миср қибтийларидан бир йигит ўзига тегишли бўлган оти тўғрисида тортишиб, улар ўртасида хусумат пайдо бўлди. Амр ибн Оснинг ўғли ҳалиги Қибтий йигитни қўлидаги қамчин билан қаттиқ калтаклади ва унга; «Ол буни, мен икки олийжаноб одамнинг ўғлиман», деди. Йигитнинг мусулмонларнинг ҳалифаси Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг олдиларига шикоятини айтиш учун Мадинаи Мунавварага йўл олишдан бошқа чораси қолмади ва у ерга борди. Умар ибн Хаттоб Амр ибн Осни ўғли билан бирга келишини талаб қилди. У йигитни яхши кутиб олиб ўз ҳузурида қолдирди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар; Мен кунларнинг бирида Умар ибн Хаттобнинг олдиларида эдим, шунда Амр ибн Ос ўғли билан бирга кириб келдилар. Умар: «Ҳузуримга мисрлик йигитни чақиринглар», дедилар. Йигит келиб, «мана мен», деди. Умар унга даррани бериб, «Бу билан икки олийжаноб одамнинг ўғлини ур», дедилар. Кейин йигитга:«Бу қамчинни Амр ибн Оснинг боши устида айлантир, чунки у қилган ишини ана шу отаси Султон бўлгани учун қилган», дедилар. Сўнгра Амрга қараб:«Қачондан бери одамларни қулга айлантирадиган бўлдинг? Уларнинг оналари болаларини ҳур ва озод этиб туққанлар», дедилар. Кўпинча айрим одамлар, бу қисса Умар розияллоҳу анҳунинг улуғворлиги ва фазилатини билдириш ҳамда у шахснинг тарихини алоҳида эслаш учун айтилган, дейдилар. Йўқ, эй дўстим. Бу Исломнинг улуғворлиги ва унинг фазилатидир. Бу мен сизларга айтиб берган тарбия озуқасини олган инсон моҳиятининг улуғлиги ва унга берилган фазилатдир. Ҳаммамиз ва ҳар бир одам ўзининг ишида ва ҳаёт йўлида ҳамда барча муомалаларида ҳазрати Умардек бўлиши лозим. Мана шу динимиздир ва айтилган адолат ҳақиқатидир. Вафот этганимда мен билан хайрлашган катта бойликни нима қиламан? Бу дунёдан ўтиб вафот этганимда мендан айрилган ҳамма билимларимни нима қиламан? Фахрланиб ундан маст бўлаётган кучим эртага бу дунёдан кетганимда вужудим бошдан оёқ кучсиз ҳолга келса, бу қувватни нима қиламан? Аллоҳнинг олдига ўз моҳиятим билан Унинг қўл остидаги қул ва бандалик ҳолимда борсам, кейин қўшилган дунё нарсаларини нима қиламан? Аллоҳ ўз сўзини рост айтган; «Осмонлару ердаги барча кимсалар Роҳманга банда бўлган ҳолларида келурлар. Батаҳқиқ, У Зот уларни иҳота қилган ва санаб қўйгандир. Уларнинг барчалари У Зотнинг ҳузурига қиёмат куни ёлғиз ҳолларида келгувчидирлар». Марям, 93-95. Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман. Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбаси. 18 июль.2008 йил. Эшонгузар жоме масжид имом хатиби Абдуллажон Ғуломов таржимаси. 22 ноябрь 2015 йил.
Мавзуга оид мақолалар
Англиялик бир киши Исломдаги айрим ҳукмлардан норози бўлиб, бир шайхнинг ҳузурига мунозара учун борибди. давоми...

06:28 / 13.12.2016 3313
БУГУННИНГ МУАММОСИ      Муаллима ўқувчиси Юсуфнинг ҳолати ҳақида маслаҳатлашиб олиш учун унинг отасини давоми...

13:02 / 29.04.2017 5168
 Россиянинг СанктПетербург шаҳрида 1910 йилда Бухоро амири Саид Абдулаҳадхон ҳомийлигида вақф тарзида барпо давоми...

15:29 / 02.06.2018 3125
«Истихора» сўзининг луғавий таржимаси «яхшилик сўраш»дир. Бир банда бир ишни қилишга иккиланиб қолса, Аллоҳ давоми...

11:13 / 01.12.2016 17809