Аёллар нима ҳақида суҳбатлашадилар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар  бир нарсани билишга интиладиган олимларнинг тадқиқотларига асосан, эркакларга нисбатан аёллар учун мулоқотда бўлиш  физиологик даражада муҳим экан. Яъни аёллар кундалик йиғилган кечинмалари, муаммолари, фикрлари, таассуротларини ўртоқлашишлари ўзларини эркин, қулай ҳис қилишларига ёрдам берар экан. Эркак киши эса ишдан чарчаб келаркан, фақатгина ширин таом билан қорнини тўйғазиб, тинчгина дам олишни истайди. Биз, аёллар бўлсак, дугонамиз билан  кўнгилдан бўлган суҳбатдан қувватланамиз. Бир пиёла иссиқ чой устидаги учрашув эса росмана байрам ва ёмон кайфиятнинг айни давосидир. Бу каби ёқимли суҳбатлар нафақат чарчоқ ҳамда доимий муаммолардан қутулишга ёрдам беради, балки эшитувчиларимиз кўмагида айрим муаммоларнинг ечимини топишга эришамиз.

Шундай қилиб, барча юмушларни орқага ташлаб, учрашув кунини ва кимникида йиғилишни ҳал қилдик. Хушбўй чойни дамлаб, кўнглимизга яқинларимиз билан мазза қилиб янгиликларни ўртоқлашишга тайёрмиз. Хўш, нима ҳақида гаплашамиз? Сўзсиз, ёш оналар фарзандларининг  овқати, ухлаши ҳақида гапириб, бу соҳада устаси фаранг бўлиб кетган оналардан маслаҳат олишади. Ишлайдиганлари ҳойнаҳой хизматчиликдан гап очишади. Уй бекалари эса зарур муаммоларини ҳал қилишга ҳаракат қилишади. Хуллас, яқин дугоналар доим гаплашишга гап топишади.

Аммо … гапирган сари гап кўпайиб, умуман бизга алоқаси бўлмаган мавзуларга ўтганимизни сезмаймиз: умумий танишлар, қариндошлар, кимнингдир тўйи бўлди, яна кимдир фарзандли бўлди. Бир қарашда айбсиз  бир суҳбат: ёмонламаяпмиз, ғийбат қилмаяпмиз. Лекин кўнгилдан гаплашиб, тилнинг суяксизлиги туфайли қандай қилиб қалин чакалакзорларга кириб кетганимизни билмай қоламиз… Шунинг учун ҳам эркаклар аёлларнинг дўстона  йиғилишларини хуш кўрмайдилар. Чунки нозик ҳилқатнинг нақадар сермулоқот ҳамда ўзини назорат қила олмаслигини биладилар. Ахир дугоналар билан бўлган энг оддий учрашув оғир гуноҳга, сафсатабозликка, ғийбат ва ғулуга олиб келиши мумкин.  Юракларни заҳарловчи бу оғу, ўйламасдан айтилган бир оғиз сўз  қиёматда  ҳал қилувчи бўлиши мумкин.

 Аянчли оқибатларни олдини олиш учун дугоналаримиз билан тил гуноҳларига бас келишда, бир –биримизга ёрдам беришни келишиб олсак, яхши бўларди. Опа-сингилларим! Келинг,  тилларимизга ҳушёр бўлайлик! Гапираётганимиз ғийбатга айланаётганини эслатишганда хафа бўлмайлик! Ахир мўминликнинг асли ҳам  биродарига ўзи яхши кўрган нарсани  раво кўришда-ку!

Аксарият суҳбатларда алоҳида ўринни оиладаги тушунмовчиликлар, жанжаллардан нолишлар эгаллаган. Жаҳл чиқса, ақл кетади деб, эр-хотин орасидаги ўзгалар учун тақиқланган айрим гап ва муносабатлар юзага чиқади. Биз, аёллар, табиатан дардимизни айтиб, кўнглимизни тўкиб-сочишга муҳтожмиз. Мана шундай пайтларда  жуфти ҳалолимиз билан гаплашганимиз яхши. Улар эса ўз навбатида  аёл киши ҳиссиётга берилиб, ўзи устида назоратни йўқотиб қўйиши мумкинлигини англаган ҳолда, умр йулдошини  эшитишга, тушунишга ҳаракат қилсалар, мақсадга мувофиқ бўлади. Аёлини қувватлаб, биргаликда муаммонинг ечимини топишга ҳаракат қилиш эса, менимча, эркакларга хос олийжанобликдир.

Агар кечинмалари билан яқин дугонамиз ўртоқлашаётган бўлса, қўллаб-қувватлашдан ташқари, Аллоҳнинг амрларини эслаб, мусулмон эканлигимизни унутмаган ҳолда тўғри маслаҳат бермоқлик муҳимдир. Оилавий жанжалнинг икир-чикирларини сўраб, вазиятни оғирлаштирмасдан, дугонамизни аччиғидан туширишга ҳаракат қилганимиз яхши. Диндаги опангиз ёки синглингизни ақл ила иш кўришга чақириб, уни жанжалдан чалғитсангиз, оилада яна барқарор топган тинчликдан сўнг, сизга, албатта, ташаккур айтади.

Хуллас, навбатдаги учрашувни тайин қилар эканмиз ёхуд телефон орқали суҳбатлашар эканмиз, оғзимиздан чиқаётган ҳар бир гапимизни мулоҳаза қилиб, шариатга хилоф бўлмаган ҳолда айтсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Суҳбат мавзуси чегарадан чиқаётганда, ҳамсуҳбатимизни тўхтатишдан  уялмайлик. Ахир биз бу ишни ёмон бўлиши учун эмас, балки биродаримизга муҳаббатимиздан, Аллоҳга муҳаббатимиздан қилган бўламиз. Гапларимиз икки дунёда манфаатли бўлишини Аллоҳ барчамизга насиб этсин. Омин!

                                                                                             Сафия Фокина

                                         Манба: assaloam.ru

 

Мавзуга оид мақолалар
Закотни Исломнинг учинчи рукни қилиб, у орқали бойларга молиявий ибодат қилиш ва камбағалларга моддий ёрдам давоми...

09:14 / 08.10.2016 3377
Ойижон, мен, албатта, бу йил рўза тутаман, деди. Жамол ўз онасига Рамазондан бир кун олдин. Сен эндигина 6 га давоми...

18:28 / 28.12.2016 2953
Дунёга неча минг олимлар келди, Барчаси Худонинг хизматин қилди, Лек Сиздек олимни кўрмаган давоми...

20:00 / 05.02.2017 6840
Аллоҳ таоло «Албатта, Биз ҳар бир нарсани қадар ила яратдик», деган Қамар, 49. Муаллиф бу ояти каримани давоми...

13:58 / 08.11.2016 4977