Зулҳижжа ойи ғолиби бўлинг!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Спорт мусобақаларига қатнашувчилар зафар қозонишлари учун йил бўйи тайёргарлик кўришлари ҳаммамизга маълум. Демак, биз ҳам ғолиб бўлиш учун тайёргарлик кўришимиз керак. Шуни унутмайликки, ҳамма тайёргарлик кўрганлар ҳам муваффақиятли ўринларга эришавермайди. Чунки тайёргарликлар турлича бўлади. Ким кўпроқ жидду-жаҳд билан тиришиб тайёрланса, мукофот уники бўлади.

Номига тайёргарлик кўрганнинг кўрсаткич натижаси ҳам ўзига муносиб бўлади. Умуман тайёрланмаган ёки тайёргарлик ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган кишини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Унга мукофот қаердан ҳам келсин. Дунёвий мусобақаларга кўриладиган тайёргаликларга назар солганда, охират мусобақаси бундан-да ҳақлироқ эканини унутмайлик.

Чунки дунё ютуғи билан охират ютуғини тенглаштириб бўлмайди. Охират ютуғи учун шошилиш муносиброқ эмасми? Бугун биз ана шундай жаннатга эришиш учун мусобақалашадиган муборак кунларни қаршисида турибмиз.

«Роббингиздан бўлган мағфиратга шошилинглар» (Оли Имрон, 133) «Бaс, мусoбaқaлашувчилaр мaнa шундa мусoбaқa қилсинлaр!» (Мутоффифин, 26)

Аллоҳ таолонинг баъзи кунларни бошқа кунлардан кўра ортиқроқ ва афзалроқ қилиб қўйиши бандаларига савобларини кўпайтириб олишлари учундир.

عَنْ مُحَمَّدِ ابن مَسْلَمَةَ الأَنْصَارِيِّ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم :«إِنَّ لِرَبِّكُمْ فِي أَيَّامِ دَهْرِكُمْ نَفَحَاتٍ، فَتَعَرَّضُوا لَهُ، لَعَلَّهُ أَنْ يُصِيبَكُمْ نَفْحَةٌ مِنْهَا، فَلا تَشْقَوْنَ بَعْدَهَا أَبَدًا» .

Муҳаммад ибн Маслама ал Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Замонингизда Роббингизнинг туҳфалари бор, уни қарши олинглар. Шояд, улардан бир туҳфа сизларга етиб, ундан сўнг ҳеч қачон бахтсизлик кўрмасангизлар», дедилар.

(Тобароний ривояти)

Бандаларга туҳфа қилинган мавсумлардан бири Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни ҳисобланади. Бу кунларни ғанимат билган, уларни бекорга ўтказиб юбормаган инсон қандоқ ҳам бахтли инсондир. Бундай улуғ кунлар бандадан уни гўзал қарши олиши ва унда кўпроқ солиҳ амаллар қилишини талаб қилади. Инсон дунёда гўёки мусофир кабидир.

Мусофир сафарга тайёргарлик кўриб чиқса, сафари хайрли, барокатли бўлади. Биз учун дунёдан охират сафарига тайёргарлик кўриб бормоғимиз лозимдир. Бу кунлар эса ўта қимматли ва қайтиб келмайдиган кунлардир.

Зулҳижжа ойининг фазли

Қуръони Карим ва суннати набавияда унинг фазлига далиллар бор: «Қaсaмёд этaмaн тoнг (вaқти)гa ва ўн кeчaгa,.....» (Фажр, 1-2) Ибн Касир, Ибн Аббос, ибн Зубайр ва Мужоҳидлар розияллоҳу анҳумолар бу ўн кечадан мурод Зулҳижжанинг ўн кечасидир, деганлар. Аллоҳ таолонинг бу кечаларга қасам ичиши шу кечаларнинг фазилатли эканига кифоя қилади. Демак, бу кунлар ўта қимматли кунлардир.

عن ابن عباس رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «ما العمل في أيّام أفضل في هذه العشرة، قالوا: ولا الجهاد، قال: ولا الجهاد إلاّ رجل خرج يخاطر بنفسه وماله فلم يرجع بشئ». رواه البخاري.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бошқа кунлардаги амал бу ўн кунчалик афзал эмас», дедилар. Улар: «Жиҳод ҳамми?» дейишди. У Зот: «Жиҳод ҳам, фақатгина бир киши жони ва молини хатарга қўйиб чиқса-ю, бирор нарса билан қайтмаса, бундан мустаснодир, дедилар. (Яъни, моли-ю жони билан чиқиб, ўзи ҳам шаҳид бўлиб кетган киши бундан мустаснодир.) (Бухорий ривояти)

عن ابن عمر رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «مامن أيّام أعظم عند الله سبحانه ولا أحب إليه العمل فيهن من هذه الأيام العشر، فأكثروا فيهن من التهليل والتكبير والتحميد». رواه الطبراني في المعجم الكبير.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир кундаги солиҳ амал Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузурида ушбу ўн кунчалик улуғроқ ва маҳбуброқ эмас. У кунларда таҳлилни (лаа илаҳа иллаллоҳ), такбирни (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (алҳамду лиллаҳ)ни кўпайтиринглар», дедилар.

Ибн Ҳажар розияллоҳу анҳу айтадилар: «Бу ўн куннинг афзаллигининг сабаби, бу кунларда намоз, рўза, ҳаж, арафа куни ва садақалар беришдан иборат улуғ ибодатлар жамлангандир. Бошқа кунларда бундай улуғ ибодатлар бирга жамланмайди.

Бу ўн кун Аллоҳ таолонинг ҳузурида энг улуғ ва энг маҳбуб кунлар экан, бунинг қадрига етмоғимиз керак. Бу кунларда ҳар бир ибодатга шошилайлик. Аслида ўзимизга жадвал қилиб олишимиз керак. Яъни қачон қайси ибодатларни қилишга аниқлик киритиб олсак, кунларимиз барокатли ўтади. Қимматли вақтимизни беҳуда нарсаларга сарфлаб қўйишдан эҳтиёт бўлайлик!

Мавзуга оид мақолалар
     Меҳрибон ва раҳимдил Аллоҳ номи билан  Отаона томонидан фарзанд тарбияси борасида йўл қўйилган давоми...

19:29 / 12.02.2017 7965
Аллоҳ таоло марҳамат қилади Аллоҳ Пайғамбарлардан Сизларга китоб ва ҳикмат берганим учун кетингиздан давоми...

21:06 / 26.10.2023 3089
43 . « ». . Қирқ учинчи ҳадис Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

11:04 / 12.06.2018 3712
Бу бахтли оила эди. Она мамнун, ота хотиржам, болакай отаонаси билан ўйнайди, конструктордан бир нималар давоми...

11:37 / 26.10.2018 3334