Расулуллоҳга мактуб (мактубнинг охири)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзида «Агар ҳозир Расулуллоҳ келиб қолсалар нима қилар эдим?» деган савол хаёлимдан ўтади. Уятдан қаерга қочишни билмай қолармидим ёки ҳамма нарсани қойиллатиб қўйган одамдай бемалол пешвоз чиқармидим...

Агар мўъжиза рўй бериб, Сиз ҳозирги замонимизга келиб қолсангиз, биз умматларнинг ҳолига қараб, қай аҳволга тушишингизни ҳатто тасаввур қилсам ҳам, ёмон бўлиб кетаман. Қай юз билан маъсум чеҳрангизга қарай олардик.

Қуръонга тўлиқ амал қилиш ўрнига, уни ўқишни ўзи катта бир амал деб ҳисоблаймиз. Қуръондан ҳам, Сизнинг ҳадисларингиздан ҳам насронийларга ўхшаб, нафсимизга ёққанигагина амал қиламиз. Дунёнинг қайси бир чеккасидаги бир кофир бадбахт, жоҳиллиги туфайли Сизни масхара қилса, ғазабдан қалбларимиз ларзага келади-ю, аммо ёнгинамизда юрган қариндошимиз, қўшнимиз, танишимиз «мусулмон» бўлиб туриб, Аллоҳнинг амрини бажармаса, Сизнинг суннатингизни менсимаса, ҳеч нарса бўлмаётгандай бамайлихотирмиз. Ахир энг катта разолат, энг ёмон ҳақорат шу эмасми?! Сиз бизга Исломда қандай яшаш, қандай ибодат қилиш, қандай ейиш-ичиш, кийиниш, ётиш-туриш, ҳатто халога қандай кириб-чиқиш, қўйингки, икки дунё саодатига эришиш учун керакли ҳамма нарсани ўргатсангиз-да, биз бўлсак «яшаш»ни Исломдан хабари йўқ ёки унинг душманлари бўлган дунё аҳлидан ўрганиб, улар ўрнатган қонунлар бўйича яшашни оддий ҳол деб биламиз ва яна Сизнинг шафоатингиздан умид қиламиз... Ё Расулаллоҳ! Сиз «мол-дунё фитнасига учишидан қўрққан» умматингиз аллақачон бу фитнага учиб, унинг домидан қутулолмай юрганини кўрсангиз, қанчалик маҳзун бўлишингизни тасаввур ҳам қилгим келмайди. Аввалги ўтган пайғамбарларнинг қавмлари бир турли гуноҳни қилиб, Аллоҳнинг қаттиқ азобига учраган бўлишса, ҳозирги дунё аҳли, шу жумладан, Сизга умматликни даъво қилаётган қавмлар эса ўша гуноҳ ишларнинг ҳаммасини баравар қилаётганини кўриб, Аллоҳнинг азоби ҳам шунга яраша бўлишини ўйласам, юракларим тўхтаб қолай дейди, Ё Расулаллоҳ! Булар бир гап, холос. Аслида Сиз билан дийдорлашув қиёмат куни эканини ҳаммамиз яхши биламиз, лекин сийратингиз, халқингиз ва гўзал хулқингиз билан танишганимиз сари Сизни кўриш шавқи ортаверади. Ё Расулаллоҳ! Мана 10 йилдан бери Сизни тушларимда кўрармикинман, деб умид қиламан. Ҳажга боришга, Сизнинг зиёратингизга интиқман. Жаннат бўйидек ҳидларингизни туйсам, Сиз туғилган, яшаган, қадамларингиз теккан жойларни кўзларимга суртсам дейман. Лекин сабр қиламан ва кутаман. Балки, мен ҳали бунга лойиқ эмасдирман. Аллоҳ хоҳлаган куни, албатта, ўша орзиқиб кутилган кунлар келишига ишонаман. Чунки шу пайтгача ниманики ният қилган бўлсам, Аллоҳнинг марҳамати билан, аста-секин амалга ошиб келмоқда. «Кўзларинг нега маъюс?» деб сўрашади мендан. Ҳаёт қийинчиликлари ёки бетобликдан, деб ўйлашади кўпчилик. Йўқ ундай эмас. Кўзлар қачон қувончдан порлайди? Севганига қараганда дейишади баъзилар. Аллоҳни севганларнинг, Унинг Ҳабибини севганларнинг кўзлари шунинг учун маъюсмикин... Ҳақиқий ишқ эгаси бўлмиш Аллоҳнинг жамолини кўрмагунча, Унинг Ҳабиби Расулуллоҳнинг нурли юзларига боқмагунча порламагайми бу кўзлар... Балки, ўзи каби ошиқларни кўрганда, Аллоҳ учун бир-бирига кўнгил қўйганларнинг кўзларида, қалбларида илоҳий муҳаббатнинг шуъласи жилваланар. Лекин буни ҳақиқий, орзиқиб кутилган висолга тенглаб бўларми?... Ҳақиқий бахт жаннатда бўлишини билган инсонга, бу дунё бахти лаззат берарми?... Ё Расулаллоҳ! Нега нолияпман ахир? Сиз, кўзимнинг қувончи намоздадир, деб турганингизда, нега мен ҳам кўзларимни намоз билан қувонтирмай? Ё Расулаллоҳ! Ёзганларим Сизнинг нурли юзингизни кўришга, муаттар бўйингизни ҳидлашга, ширин сўзларингизни тинглашга ташна қалбнинг ноласи, Аллоҳ дегани учун, Сизни суйгани учун, илм ўрганиш учун кўп азиятлар чеккан, одамлар томонидан тушунилмаган қалб эгасининг, ўзлари тирик бўлса ҳам, қалблари ўлик одамларга айтолмаган дардларини, руҳи тирик, уйғоқ қалб эгасига айтаётган дарду ҳасратлари эди бу. Ёлғизликдан қийналиб, меҳрга зор бўлган пайтларида, юрагидаги яраларга малҳам бўла оладиган бир дўст топа олмаган пайтида Аллоҳнинг зикри билан, Сизнинг хаёлингиз билан ўзини юпантирган дилнинг изҳори эди бу. Олдингизда қанчалик айбдор бўлсам-да, ғариб кўнглимни кўтариш учун бир бора тушимга кирсангиз-чи, Ё Расулаллоҳ! Умматим десангиз-чи, Ё Расулаллоҳ! Шафоат қилсангиз-чи, Ё Расулаллоҳ!...

Сизни соғиндим, Ё Расулаллоҳ!

Кўнгил хун бўлди шавқингдан бўяндим,Ё Расулаллоҳ! Бу ҳижронга чидам қайда, билмайман, Ё Расулаллоҳ! Фироқ йиғлар, висол йиғлар, азал масруринг бўлмаса, Жамолинг-ла фароғ нақд айлаки, ёндим,Ё Расулаллоҳ!

2013 йил Рабиъул аввал

Умму Айюб

Мавзуга оид мақолалар
Энг яхши китобга энг яхши одоб Қуръони Карим башарият учун нозил қилинган энг яхши китоб, Аллоҳ таолонинг давоми...

07:27 / 17.03.2017 4582
embedhttpswww.youtube.comwatchv54N9VlrxQwkampfeatureyoutu.beembed Мен Аллоҳ азза ва жала Ўз Каломида бизга баён қилган ҳамда Расулуллоҳ давоми...

15:26 / 17.12.2018 3171
Daily Timesнинг хабар беришича, Канада ва Британияга тааллуқли икки университет томонидан олиб борилган давоми...

13:36 / 05.02.2019 2712
Сулаймон ибн Сурд розияллоҳу анҳудан ривоят ҳилинади «Икки киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

19:03 / 12.11.2016 4323