Дуонинг таърифи ва фазилатлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дуонинг таърифи ва фазилатлари

  Дуо сўзи луғатда “чақирмоқ”, “талаб қилмоқ”, “тарғиб қилмоқ” маъноларини билдиради. Истелоҳда эса банда Аллоҳ таолога муҳтожлигини изҳор қилиб, Ундан ёрдам ва иноят сўрашидир. Дуо орқали бандалик намоён бўлади.

Аллоҳ таолога мақтов изҳор этилган ҳамда У Зотга сахийлик ва карам сифатлари нисбат берилган дуо энг гўзал, энг олий ибодатлардан ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда дуо инсоннинг Роббисига илтижосидир, деб марҳамат қилган. Дуо ҳам ибодат ҳисобланади.

Бизнинг улуғ аждодларимиз бу юртнинг ҳаққига кўплаб дуолар қилиб ўтишди. Уларнинг дуолари барокатидан бугун юртимиз озод ва ҳур, обод ва тинч. Халқимиз фаровон ҳаёт кечирмоқда. Юртимиз ҳар томонлама тараққий этиб бормоқда.

Дуо банданинг икки қўлини бир-бирига яқинлаштириб, кафтларини юзига қаратиб туриб, Аллоҳдан ўзига керакли нарсаларни сўрашидир, деган тушунча кўпчиликка бегона бўлмаса керак. Дастурхон устидан дуо қилмасдан туриб кетадиган  одам  ҳам  деярли йўқ. Айниқса, намоздан кейин дуо қилиш ҳеч кимнинг эсидан чиқмайди.

Охирги  пайтда дуо китобларининг кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, “Фалон дуони фалон вақтда, фалон ададда ўқиса, эллик йиллик ибодатнинг ўрнига ўтади, мушкули осон бўлади, иши юришиб кетади, душманлари фалон бўлади” каби фикрлар кишиларни ўзига ром қилиб қўйгани ҳаммага маълум. Баъзи азизларимиз “Нимага шунча дуо қилсак ҳам, ишлар кўнгилдагидек эмас?!” қабилидаги саволларни ҳам бера бошладилар. Уларга ҳали дуонинг ҳақиқатига эришганимиз йўқлигини англатишимиз лозим.

Шунингдек, дуо фақат икки қўлни кўтариб, маълум сўзларни такрорлашдан иборат эмаслигини, бу ҳол сўров дейилишини, дуо эса бошқа нарса эканини эслатиб ҳам қўйишимиз даркор. Дуонинг ҳақиқати ҳақида ҳам кўплаб гаплар бор.

Фақиҳ раҳимаҳуллоҳ айтадиларки, обид киши ҳар вақт Аллоҳга дуо қилиши, ҳожатларини сўраши мустаҳабдир. Мана шу бандалик аломати ҳисобланади. Бандаларнинг Аллоҳ таолога энг севиклиси – Ундан ҳожатларини сўрайдиган  киши. Аллоҳ таолога бандаларнинг энг ёмони – Ундан беҳожат бўлгани. Бандаларнинг одамларга энг яхшиси – улардан беҳожат бўлгани, улардан бирор нарса сўрамагани. Бандаларнинг одамларга энг ёмони – улардан (нимадир) сўрайдигани.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таолога дуодан улуғроқ бирор нарса йўқ", деганлар. Яна: "Дуо – ибодат", дедилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: "Банда доим яхшиликдадир, модомики шошилмаса", дедилар. У зотдан: "Банда қандай қилиб шошилади?" деб сўрашди. У киши: "Мен дуо қилдим, аммо ижобат қилинмади, деб шошилади", дедилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Банда дуо қилса, албатта, Аллоҳ унга сўраган нарсасини беради ёки сўраганидан каттароқ бир балони ундан қайтаради ёхуд сўраганидан яхшироқ нарсани қиёматга сақлаб қўяди", дедилар. Иброҳимнинг шундай деганларини ривоят қиладилар: "Агар биронтангиз тушида ёмон нарсани кўрса, чап томонига уч марта туфласин, Аллоҳнинг фаришталари ҳамда Расули паноҳ тилаган нарса билан тушимда кўрган нарсаларнинг ёмонлигидан менга дунё ва охиратда зарар беришидан паноҳ тилайман, деб айтсин, чунки бу унга Аллоҳ таолонинг изни билан зарар келтиради".

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар биронтангиз ёмон туш кўрса, чап томонига уч марта туфласин, унинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ тиласин, шунда унга зарар бермайди", дедилар".

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: "Уйлансанг, хотингга буюр, икки ракат намоз ўқисин, сўнг унинг бошидан ушла ва: "Эй Парвардигор, менга оиламда ва оиламга менда барака бер, мени улардан ва уларни мендан ризқлантир, бизни яхшиликда жамлаган нарсанг билан жамла ва орамизни ўзинг ажратган яхши нарса билан ажрат", деб айт", дедилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: "Агар биронтангиз аҳлига яқинлашса: "Эй Парвардигор, шайтонни мендан ва мени ризқлантирадиган нарсангдан узоқлаштир", деб айтсин. Агар уларнинг орасида бола туғилса, шайтон унга Аллоҳ таолонинг изни билан зарар бермайди", дедилар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қиладиларки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ бандаларига инъом этган неъмат оилада ёки молда ё болададир. Агар банда: "Машааллоҳу ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ", деб айтса, ундан ўлимдан бошқа офатни кўтаради", дедилар.

Мужоҳид айтадилар: "Агар сенга бирор хурсандчилик етса, “Машааллоҳу ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” (“Яхшиликларни фақат Аллоҳ келтиради, ёмонликларни фақат Аллоҳ кетказади”), деб айт, сўнг хурсандчиликни юзингга чиқар".

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо: "Кимни бир залолат адаштириб қўйса, икки ракат намоз ўқисин, ташаҳҳуддан сўнг: "Эй Парвардигор, эй адашувчиларни ҳидоят қилгувчи ва адашишдан қайтарувчи, Ўз иззатинг ва султонлигинг билан мени адаштиришдан қайтар, чунки бу Сенинг фазлинг ва марҳаматингдандир", деб айтсин", дедилар.

Суфён Саврий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога нисбат бериб айтадиларки: "Агар аёл туғишга қийналса, "Бисмиллаҳил лазий ла илаҳа иллаллоҳул-ҳалимул карийм, субҳана Роббил ъаршил ъазийм. Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламин", деб ёзсин", дедилар". Суфён бу калималарни жомга ёзиб, сўнг уни сув билан чайиб ичишни айтганлар.

Уббон Усмондан ривоят қиладики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимки тонг оттирганида: "Бисмиллаҳил лазий ла язурру маъ асмиҳи шай’ун фил арзи ва ла фис-самаи ва ҳувас самиъул ъалийм", деб уч марта эрталаб айтса, кечгача, кечаси айтса, тонг отгунча унга бало етмайди", дедилар.

Усмон ибн Абул Ос айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг олдимга келдилар, менда ўлдириб қўядиган даражада қаттиқ оғриқ бор эди. Шунда у зот: "Ўнг қўлинг билан етти марта оғриётган жойингни сила ва: "Аъузу биллаҳи ва қудротиҳи мин шарри ма ажиду" (“Аллоҳ иззати ва қудрати билан ўзим топаётган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман”), деб айт", дедилар".

Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: "Исломга янги кирган бир киши: "Кеча ухлай олмадим", деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сабабини сўрадилар. У чаён чаққанини айтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар сен "Аъузу бикалиматиллаҳит-таммати куллиҳа мин шарри ма хулиқ", деб айтганингда, иншааллоҳ, сенга зарар бермас эди", дедилар".

Баъзи саҳобалар: "Ким аксирганда "Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламийн ъала кулли ҳал", деса, ҳар қандай жағ тиши оғриғидан омонликда бўлади", дейишган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким аксирган одамдан олдин "Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламийн", деса, тиш, қулоқ ва қорин оғриғидан омонда бўлади", дедилар. Яъни, аксирган одамдан олдин аксирмаган одам “Алҳамдулиллаҳ”, деб айтса, шундай мукофотни қўлга киритар экан.

Ибн Маъсуд розияллоҳу анҳу: "Бақара сурасидан ўн оят – аввалидан тўрт оят, оятал Курсий ва ундан кейинги икки оят, суранинг охиридаги уч оятни эрталаб ўқиса, кечгача бу хонадонга шайтон кирмайди, агар кечанинг аввалида ўқиса, тонг отгунча кира олмайди. Агар жиннига ўқилса, ўзига келиб қолади", дедилар.

Олдингиларнинг баъзилари айтади: “Кимга неъматлар жамланса, Аллоҳга ҳамд айтишни кўпайтирсин. Кимнинг ғами кўпайса, истиғфорни кўпайтирсин. Агар камбағаллик унга қаттиқ ёпишиб олса, "Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ"ни кўп айтсин”.

Жаъфар ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳу дедилар: "Тўртта нарса билан балоланган одамнинг тўрт нарсадан ғафлатда қолганидан ажабландим: ғам-ташвиш билан балоланиб, "Ла илаҳа илла анта субҳанака инний кунту миназ-золимийн", деб айтмаган кишидан; бир нарсадан қўрқиб, "Ҳасбияллоҳу ва ниъмал вакийл", деб айтмаган кишидан; одамлардан қўрқиб, "Уфаввизу амрий илаллоҳ", деб айтмаган кишидан; жаннатни хоҳлаб туриб, "Машааллоҳу ла қуввата илла биллаҳ", деб айтмаган кишидан. Тавфиқ Аллоҳдандир ва Аллоҳ ҳар бир тангликда кифоя қилади. Аллоҳдан тўғрилик ва ҳақиқатга ҳидоят қилишини сўрайман”.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта махсус билим юрти

3-курс талабаси Ҳайдарова Муниба

 

Мавзуга оид мақолалар
Афғонистонлик ихтирочи қизлар жаҳонни лол қолдирмоқда Афғонистонлик бир гуруҳ қизлар Таллинда бўлиб ўтган Robotex роботехника фестивалида ғалаба қозондилар. давоми...

01:55 / 03.01.2018 3949
Охирги пайтларда кўпчилик, жумладан, эркаклар ҳам ўпишиб кўришишни одат қилдилар. Ўзаро яқинлик ифодаси бўлган бу бачкана қилиқни ўзлаштирган айримлар оғиз давоми...

02:56 / 24.11.2016 4582
embedhttpswww.youtube.comwatchvr1clZlpM7rIembed

02:11 / 29.04.2017 4716
Масаллиқлар Блинчикка 4 дона тухум, 1,5 стакан сут, 1 стакан сув, 2 стакан ун, 0,5 стакан какао кукуни, 6 чой қошиқ сариёғ, 2 ош қошиқ шакар, 2 чой қошиқ ванилин Ичига давоми...

10:10 / 01.01.2017 3808