1 ўрин: Ҳасад ақлни кесар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло инсонни икки мураккаб унсур – руҳ ва жисмдан яратди. Унга турли хулқ-атвор, шакл-шамойилни ризқ қилиб берди.

Пок фитратда туғилган гўдак шу икки асоснинг тарбия этилишига муҳтождир. Ўтган салафларимиз энг аввало руҳий тарбияга эътибор қилганлар. Чунки бу дунёда ҳам, охиратда ҳам жисмнинг роҳатда бўлиши учун, аввало, ана шу руҳнинг тозалиги катта аҳамиятга эгадир.

Маънавий дунёнинг хазиналаридан бўлган олий сифатлар билан бирга, инсонинг таназзулига сабаб бўлувчи ёмонлик, ёлғон, ғийбат, адоват каби разил хулқлар дунё яратилгандан бери Одам фарзандлари орасида яшаб, ҳар бир жараёнда ўз таъсирини кўрсатиб келмоқда. Шу сифатлар қаторида ўз ўрнига эга бўлган, кўплаб ёмон ишларнинг онабошиларидан бири – ҳасаддир.

Ҳасад – бировда бор бўлган неъматнинг зойил бўлишини исташ, ҳатто йўқотишга ҳаракат қилишдир. Ҳасад – бу яширин рақобатдир. Рақобат бўлганда ҳам зарари умумий, натижаси надомат билан тугайдиган хили.

Ҳасад иблис алайхиллаънадан бошланиб, инсоният орасида кўпайди. Бу иллат, аввало, ўзи жой олган инсон танасини захарлаб, кейин зарарларини у орқали атрофга тарқатади. Натижада, турли ижтимоий парокандалик вужудга келади.

Аллоҳ Таоло ҳасаддан, ҳасадчидан узоқ юриш, уларнинг ёмонлигидан паноҳ сўраш учун оятлар нозил қилди ва:

«Ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан (паноҳ сўрайман) деб айт» дея марҳамат қилди.

Қуръони Карим қайтараётган, айтилиши осон, оқибати азобли бўлган бу сўз бора-бора мустаҳкам ришталарнинг узилиши, бақувват таналарнинг йиқилиши, интизомли давлатларнинг тарқаб кетишига сабаб бўлади.

Ҳасад инсоннинг ҳам, замон ва маконнинг ҳам фарқига бормайди. Чунки у нодонликнинг аломатидир. У бор жойда ақл анча сиқилади, баъзан аразлаб кетиб қолиши ҳам мумкин. Агар ҳасаднинг кўзлари кўр, қулоқлари кар бўлмаганида, агар ақлни ўзига дўст тутганида Абдуллатиф падаркушга айланармиди? Қобил ва Юсуф алайҳиссаломнинг биродарлари ўз жигарларининг жонига қасд қилармидилар, у бўлмаганида?! У ақл четга сурилган, нодонлик бутун жисмни ишғол этиб, жилов шайтонир  рожимнинг қўлида бошқарилаётган, кўзлар фақат битта мақсадга қаратилиб, қулоқлар ҳар қандай қувватли қайтариқни эшитишдан ожиз бўлган ҳолат эди.

Ана шу жараёнда ҳасад ўз вазифасини тўкис адо этди: У номига монанд, инсондан ақл ва тафаккур неъматларини арчиб, шилиб олди. Ақли бўлмаган киши эса оқиллар қилиши лозим бўлган амаллардан четлатилади. Булар шунчаки ёзилиб, қоғозда қолиб кетадиган баландпарвоз гаплар эмас, бу Одам болалари ўйлаб, танасига сингдириши лозим бўлган амалга чақириқдир. Биз, бир ота-онанинг фарзандлари нима учун ўзаро муносабатларимизни Аллоҳ буюрган тартиботлар асосида эмас, шайтон алайхиллаънанинг қабиҳ хулқи, Отамизга қилган адоватининг ҳосилалари устида бино қилишимиз керак? Иблиснинг измида, унинг буйруқларига кўниб яшаш Қиёматда дунё аҳлининг олдида музтар бўлиб туришу, жаҳаннамга ўтин бўлишга арзийдими?!

Ҳасад ақлни чеклаб қўйиши фанда ҳам ўз тасдиғини топган масаладир. Эллина Владимировнанинг аниқлашича, ҳасад – чекланишдир. Бу ҳолатда инсон фақат битта мақсад учун ҳаракат қилади. Мотивациянинг бу тарзда чекланиши эса фикр доирасининг торайишига олиб келади. Оқибатда шахс шаклланиши бузилиб, ақлий жараён сусаяди. Питер Куттернинг аниқлашича, ҳасад натижасида қон томирлари торайиб, одам оқаради, артериал босим ошади.

Кўрдингизми, Одам Ато ва унинг болаларининг азалий душмани иблис алайхиллаъна шу ерда ҳам ўз душманлигини билдириб ўтди. «Шайтон қон томирларидадир», у ана шу жойдан туриб, инсоннинг соғлиғига ҳам таъсир этади. Бу хиссий жунбушга келиш босқичи – алам ҳисси, ўз ҳолатидан норозилик, ғазабланиш ёки изтироб, тўлиқсизлик, тақдирнинг адолатсизлиги деган ҳисни вужудга келтиради. Тақдирдан норозилик эса...

Уламоларимиз ҳасадни келтириб чиқарувчи 6 омилнинг бири деб, мақсадга эришолмасликдан қўрқишни ҳам кўрсатиб, уни кундошлар ўртасидаги муносабатга қиёслайдилар. Чунки улар бир инсоннинг эътиборини қозониш учун ҳар қандай ишни амалга ошира оладилар.

Муслималарга намуна нубувват ҳонадонининг шарафли хонимлари бўлган оналаримиз ҳам таъбир жоиз бўлса, кундошлар эдилар. Улар бир-бирларидан оддий инсонни эмас, Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайхи васалламни қизғанар эдилар. Улар ҳам рақибалар бўлиб, рақобатлари яхшилик йўлида мусобақалашиш эди, холос.

Оддий мисол: Оиша ва Зайнаб бинти Жаҳш оналаримиз. Улар ҳам кундош эдилар. Бир-бирларидан Аллоҳнинг дўстини қизғанар эдилар.

Оиша онамизга туҳмат тошлари отилган, нафақат муслималар, балки бутун Ислом умматининг шаъни кўндаланг турган ўша машъум «Ифк» ҳодисаси бўлганда эса бу рақобат четга улоқтирилди, ўз таъсирини йўқотди. Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб онамиздан Оиша ҳақида фикрларини сўраганларида, у зоти мутоҳҳаро ҳеч бир ёмон сўз айтмадилар, ҳатто шунга яқин киноя қилиб, унинг обрўсини туширишни ўйлаб ҳам кўрмадилар. Чунки у зотда ҳасад деган қора туйғунинг асари ҳам йўқ эди.

Тасаввур қилиб кўрайлик, агар Зайнаб онамизда ана шу иллат бор бўлиб, пайтдан фойдаланганларида, ёки Набий алайҳиссаломнинг бошқа аёллари ҳам тил бириктириб, Оиша онамизни ёмонлаганларида нима бўлар эди? Инсоният саййидининг суюклиси шу ишни қилибди-да, мусулмон аёлларнинг аҳволи шу эканда, Ислом дегани шундоқ бўлса... деган бўлмағур гаплар кўпайиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қаддилари букилиб, юзлари қизармасмиди. У Зотни бу ҳолатда кўришдан кўра ўз жонидан кечиш минг бора осон бўлиб қолмасмиди саҳобалар учун?

Ҳасад инсонни занг темирни емиргани каби емиради. Бундаги зангдан мақсад касалликлардир. Улар ёпишган ҳар қандай бақувват инсон ҳам аста-секин йиқила бошлайди.

Касалликларнинг кўпи феъл-атворга боғлиқ бўлади. Яъни психологияда маълум бўлган феъл-атворларга ҳасад туйғусининг қўшилиши турли касалликларга олиб келади.

Инсонларга, айниқса, ўз душманига зарар келтириш истаги билан кечувчи агрессив феъл-атвор  холерикларда томир торайиши, юрак тез уриши, асаб гипертонияси узатилади. Улар ўз ғазабига чидай олмай, уни амалга оширишга ҳаракат қилишади. Бу Абу Лаҳабнинг Исломга, Пайғамбаримизга қилган қабиҳликликларини эслатмайдими? Улуғ Парвардигорга ибодатдаги бир карамли кишини ундан тўсиш учун йўлларга тиканлар сочди, сажда қилаётганларида бошларидан ахлатларни ағдарди.

Меланхоликларда ҳасад туйғуси бўлса, улар зарарни биров орқали бажаради. Уларда муаммо кўпроқ ошқозон-ичак тизими касалликлари, жигар ва ўт коликалари, ошқозон яраси бўлади.

Бундай кишилар ўз аламини фолбинлар, сеҳр-жоду ва қотиллар воситасида олишга уринадилар. Шулардан бири Лабид исмли яҳудий бўлиб, у Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари ва тирноқларига сеҳр-жоду қилиб, шикаст етказмоқчи бўлган.

Сангвиниклар бошқа характерларга нисбатан ҳасадга камроқ мойил бўлади. Буларда ҳасад оқибатида юрак қон-томир касалликлари ва иммунитет бузилиши кузатилади.

Флегматиклар атрофга нисбатан лоқайд бўлишади, шу сабаб уларда ҳасадгўйлик кузатилмайди.

Биз ҳасаднинг шунчалик кўп жисмоний ва маънавий зарарларини билиб олдик. Энди ҳам бу дунёда, ҳам охиратда унинг зарарини татиб яшашдан сақланиш Аллоҳнинг изми билан ўз ихтиёримизга топширилди. Биз бугун ундан тийилиш лозимлигини билдик, демак, уни қилмасликка мукаллафдирмиз.

Ҳасад, сеҳр, фолбинлик каби нарсаларга ишониш, мана шулар воситасида ўз ниятига ета олиш фикри кўпроқ аёлларда учрар экан. Улар бу ишлари билан қалбларга бироз таскин бериб, ором топа олар, лекин бир кун келиб, қилган ёмонликларининг жабрини фарзандлари тотганда кўзлари очилиб пушаймон қилиб қолмасмикинлар?

Қачонлардир, кимгадир қилган ҳасадимизнинг фалокати, не-не орзулар билан дунёга келтирган, масъум чехраси, беғубор кўзлари, ширин кулишлари билан қалбимизни шодликка тўлдириб турган жажжи гўдагимизнинг чекига тушса, қандоқ чидай оламиз?

Биз кимга эргашиб, кимга иқтидо қилишимиз керак: Отамизга ҳасад қилиб, жаннатдан туширилишга мажбур қилган ҳасадгўй Азозилгами ёки Аллоҳ Таолонинг буйруқларига итоат этиб, саодатга эришган солиҳларгами?

Зебуннисо Қутбиддинхон қизи

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Одамни тупроқдан яратган ва сокинлик топиши учун ундан ўз жуфтини яратган давоми...

09:15 / 07.03.2017 3780
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг фарзандлари муҳтарам давоми...

13:59 / 04.02.2017 5507
embedhttpswww.youtube.comwatchvt7R6RrMVK9Uembed Ширинлик «Шоҳлар тупроғи» Бугун эътиборингизга жуда осон ва тез давоми...

10:26 / 14.03.2017 4038
Аллоҳ розилиги учун тутиладиган хоҳ Рамазон рўзаси бўлсин, хоҳ нафл рўза бўлсин, иккаласи улкан ибодатдир. давоми...

14:32 / 25.12.2016 3014