Зулҳижжадаги маҳбуб амаллар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зулҳижжа ойининг ўн кунлигида қилиниши маҳбуб бўлган амаллар: * Фарз намозларини жамоат билан ўқишга ва масжидга эртароқ келишга ҳаракат қилиш. Нафл намозларини ҳам кўпайтириш. Чунки булар энг улуғ қурбатлардир.

* Рўза тутмоқлик. Оналаримиз Умму Салама ёки Ҳафса розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулҳижжанинг тўққиз кунида ва Ашуро куни рўза тутар эдилар». عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه عَنْ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَا مِنْ أَيَّامٍ أَحَبُّ إِلَى اللَّهِ أَنْ يُتَعَبَّدَ لَهُ فِيهَا مِنْ عَشْرِ ذِي الْحِجَّةِ ، يَعْدِلُ صِيَامُ كُلِّ يَوْمٍ مِنْهَا بِصِيَامِ سَنَةٍ، وَقِيَامُ كُلِّ لَيْلَةٍ مِنْهَا بِقِيَامِ لَيْلَةِ الْقَدْرِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ учун Зулҳижжанинг ўн куничалик унга ибодат қилишдай маҳбуброқ кун йўқ. Уларнинг бир кунлик рўзаси бир йиллик рўзага тенгдир. Уларнинг бир кечасини бедор ўтказиш эса, Қадр кечасини бедор ўтказишга тенгдир», дедилар. (Термизий ривояти)

*Арафа кунининг рўзаси. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Арафа кунининг рўзаси олдинги сананинг ва ундан кейинги сананинг каффорати бўлишини Аллоҳдан умид қиламан», дедилар. (Келаси йил учун ҳам каффорат дейилди. Бу дегани келаси йил гуноҳ қилишдан муҳофаза қилади ёки шундай савоблар берадики, келаси йил каффорати учун ҳам етади, деганидир.)

* Такбир, таҳлил ва таҳмид айтмоқлик. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолар ушбу ўн кунларда бозорга чиқиб такбир айтар эдилар. Уларнинг такбирлари сабабли одамлар ҳам такбир айтардилар. Бундай унутилиб бораётган суннатларни тирилтирмоқ биз учун муносибдир.

Саҳобалар ва тобеинлардан такбирнинг турли сийғалари ворид бўлган: 1. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбару кабиро. 2. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, валлоҳу акбару валиллаҳил ҳамд. 3. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбару валиллааҳил ҳамд.

* Аллоҳ таолони кўпроқ зикр қилиш. Аллоҳ таолони зикр қилиш инсоннинг қалбига таскин беради. وعن أبي موسى رضي الله عنه قال: قال النبي صلى الله عليه وسلم: مثل الذي يذكر ربه والذي لا يذكر ربه مثل الحي والميت. رواه البخاري

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббисини зикр қилувчи билан Роббисини зикр қилмайдиганнинг мисоли тирик билан ўликнинг мисоли кабидир», дедилар. Бу кунларда кўпроқ Аллоҳ таолодан дунё ва охиратнинг офиятини сўраб дуо қилиш керак.

* Ҳақиқий тавба қилиш. Чунки тавбада банданинг нажоти бор. «Бaрчaлaрингиз Aллoҳгa тaвбa қилинглaр, эй мўминлaр! Шoяд, нажот қучсaнгизлaр». (Нур, 31)

* Гуноҳ-маъсиятлардан узоқлашиш. Гуноҳлардан доим узоқлашиш лозим, хусусан, бу кунларда батариқа авлодир. Чунки улуғ кунларнинг ҳурматини поймол қилиб, у кунларда қилинган гуноҳларнинг жазоси бошқа кунларникидан кўра оғирроқ бўлади.

* Хайри-эҳсон қилиш ва садақалар бериш. Савоб кўпайтириб бериладиган кунларни ғанимат билиб, хайри-эҳсонларни кўпайтириш керак. Ҳар доим ҳам, айниқса бу кунларда Аллоҳнинг йўлида молини инфоқ қилиш ўта савобли иш.

«Aллoҳнинг китoбини тилoвaт қилaдигaн, нaмoзни мукaммaл aдo этaдигaн вa биз улaргa ризқ қилиб бeргaн нaрсaлaрдaн мaxфий вa oшкoрa эҳсoн қилaдигaн зoтлaр сирa кaсoд бўлмaйдигaн тижoрaтдaн (яъни ихлос билан қилган тоатлари савобидан) умидвoрдирлaр». (Фотир;29)

وعن أبي هريرة - رضي الله عنه - قال: جاء رجل إلى النبي صلى الله عليه وسلم فقال: يا رسول الله، أي الصدقة أعظم أجرا؟ قال: أن تصدق وأنت صحيح شحيح، تخشى الفقر وتأمل الغنى، ولا تمهل حتى إذا بلغت الحلقوم، قلت: لفلان كذا، ولفلان كذا، وقد كان لفلان. متفق عليه

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Ё Расулуллоҳ, қандай садақанинг ажри кўпроқдир?» деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзинг саломат ҳолингда, камбағал бўлиб қолишингдан қўрқиб, бойликни орзу қилиб туриб, (жонинг) ҳалқумга келиб, фалончига мунча, фалончига мунча дейишга кечиктирмай садақа қилишинг, чунки у (яъни жонинг ҳалқумга келган) пайтда молинг (шундоғам сенинг ихтиёрингдан чиқиб) фалончиники бўлган бўлади, дедилар. (Муттафақун алайҳ)

Ҳайит кунидан аввал ҳам хайри эҳсонни кўпайтирайлик. Камбағал-бечораларга совға-саломлар улашайлик. Чунки бунда улар ҳам ҳайитга хурсандчилик билан чиқишади. Ҳайит куни йўқлаб боришни ҳамма билади, кутади. Аммо ҳайитдан олдин, Зулҳижжанинг аввалги тўққиз кунида қилган хайри-эҳсонларимиз кутилмаган совға бўлади. Уламолар, кутилган катта совғадан кўра кутилмаган кичик совға инсонни кўпроқ хурсанд қилади, деганлар.

*Кечаларни қоим қилиш. Агарчи камгина намоз ўқиса ҳам. Намоз, Қуръон тиловати ва бошқа амаллар билан кечани қоим қилишлик. وقيام الليل سنة مؤكدة حث عليها الرسول صلى اله عليه وسلم: عليكم بقيام الليل فإنه دأب الصالحين قبلكم ، وقربة إلى الله تعالى ، ومنهاة عن الإثم وتكفير السيئات ، ومطردة للداء عن الجسد. رواه أحمد .

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кечани қоим қилишга тарғиб қилиб: «Кечани қоим қилишни лозим тутинглар, чунки бу – сиздан олдинги солиҳларнинг одати, Аллоҳ таолога қурбат, маъсиятдан қайтарувчи, гуноҳларга каффорат ва жасаддан касалликни қувувчидир», дедилар. (Имом Аҳмад ривояти)

Кечани қоим қилиш қалбни Аллоҳга боғлайди ва инсонни ҳаёт қийинчиликлари ва ташвишларига бардош бера оладиган қилиб қўяди.

* Хулқларни янада гўзаллаштириш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминларнинг энг иймони комили хулқи гўзалидир», дедилар. (Абу Довуд ва Термизий ривояти)

عن عائشة رضي الله عنها قالت: قال رسوالله صلى الله عليه وسلم: ما من يوم أكثر من أن يعتق الله فيه عبدا من النار، من يوم عرفة. Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Арафа кунидан кўра Аллоҳ таоло бандаларини дўзахдан кўпроқ озод қиладиган бирор кун йўқ», дедилар. (Муслим ривояти)

* Қурбонлик қилиш. * Имкон қилиб, шу ўн кун ичида Қуръони каримни бир марта хатм қилиш. * Қабристонни зиёрат қилиб, ўлимни эсга олиш. * Баъзи рўзадорларга ифторлик қилиб бериш.

* Фарзандларга шу кунларда кўпроқ зикр, тасбеҳ ва одобларни ўргатиш. Чунки улар ҳақида ота-оналарлар қиёмат куни сўроққа тутилади. Қиёмат кундаги сўроқ оғир, ҳисоб қийин, қўрқинч катта, жаҳаннам эса яна қўшимча борми, деб туради.

Бу ўн кунликларда, бундан ташқари, Қуръон ўқиш, ўргатиш, ҳадислардан ўрганиш, ўргатиш, кўпроқ истиғфор айтиш, ота-онага яхшилик қилиш, қариндош-уруғга силаи раҳм қилиш, саломни кенг ёйиш, таом улашиш, икки уришиб қолган кишилар орасини ислоҳ қилиш, амру-маъруф ва наҳйи мункар қилиш, тилни ва кўзни сақлаш, қўшниларга яхшилик қилиш, меҳмонга икром кўрсатиш, мусулмонлар юрадиган йўлдан азият берадиган нарсаларни олиб ташлаш, мусулмонларга азият бермаслик.

Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилиш, аҳли-оиласини хурсанд қилиш, етимларнинг бошини силаб, кўнглини олиш, касалларни зиёрат қилиш, дўстларининг ҳожатини раво қилиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ саловат айтиш, қўл остидагиларга мулойим бўлиш, дўстларининг ортидан дуо қилиш, муҳтожга ёрдам бериш, масжидга қатнаш, намоздан кейинги дуоларни ҳам бекаму кўст бажариш, мусулмонлар қалбига хурсандчилик киритиш, фарзандларга бу кунларнинг улуғ экани ҳақида таълим бериш, мусулмонлар билан яхшиликда ҳамкорлик қилиш ва ҳоказолар билан машғул бўлиш керак.

Аллоҳ таоло ҳаммамизга бу кунларни ғанимат билиб, унинг фазлидан фойдаланиб олишни насиб айласин! Омин.

Мавзуга оид мақолалар
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳеч бирингиз ўзи учун яхши давоми...

04:02 / 11.05.2019 2180
Шу кунларда Ислом оламининг энг мўътабар бўлган сайтлардан бири onislam.netда «Бу Самарқандда бўлганди», деган давоми...

02:13 / 22.01.2017 4449
Арабларда ва иссиқ ўлкада яшовчи баъзи халқларда аёлларни ҳам хатна қилиш одати бор. Али ибн Ғуробнинг давоми...

06:54 / 25.11.2016 6620