«Йасин» ва «Духон» суралари фазли

0 2 418

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби «Йасин»дир. Ким «Йасин»ни қироат қилса, Аллоҳ унга бу қироати учун Қуръонни ўн марта қироат қилган(савоби)ни ёзади», дедилар».

Термизий ва Байҳақий ривоят қилган.

Шарҳ: Ҳар нарсанинг қалби унинг асосий аъзоларидан бири бўлади. «Йасин» сураси ҳам Қуръоннинг қалби бўлиши ила ана ўша мартабага эришган. Бу сураи каримада иймон ва унга боғлиқ нарсалар, киши ҳаётида учраб турадиган турли ҳолатлар ва Аллоҳга суянишга чорловчи оятлар бўлгани учун ҳам олий мақомни олган.

«Йасин» сурасини доим қироат қилишни ўзига вазифа қилиб олганларнинг зўрлиги ҳам шундан. Тасаввуф йўлини тутган зотлар ҳар куни бомдод намозидан кейин бу сураи каримани ўқишни ўзларига кундалик вазифа қилиб олганлар.

Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Йасин» Қуръоннинг қалбидир. Ким уни Аллоҳни ва охират кунини умид қилиб ўқиса, албатта, мағфират қилинади. Уни ўликларингизга ўқинглар», дедилар».

Имом Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилишган.

Шарҳ: «Йасин» сураси фақат бу дунёда эмас, у дунёда ҳам фойда берар экан. Ким уни ният ва тадаббур ила Аллоҳни ва охират кунини умид қилиб ўқиса, албатта, мағфират қилинар экан.

«Йасин» сурасини ўликларга ўқишни икки хил тушунилган. Бири ўлим тўшагида ётганларга ўқиш бўлса, иккинчиси ўтиб кетганларга бағишлаб ўқишдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким «Йасин»ни кечаси Аллоҳнинг розилиги талабида ўқиса, уни мағфират қилинади», дедилар».

Имом Молик ва Байҳақий ривоят қилишган.

Шарҳ: «Йасин» сурасининг фазли ҳақида кўпгина ҳадислар ривоят қилинган. Уларнинг аксариятида «Йасин» сураси Қуръоннинг қалби экани таъкидланган. Шунинг учун «Қуръон қалби» сурага иккинчи ном бўлиб қолган.

Имом ал-Баззор Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби «Йасин»дир. Мен уни умматимдан ҳар бир инсоннинг қалбида бўлишини истардим», деганлар.

Мазкур ҳадиси шарифлар ва шунга ўхшаш бошқа тарғиб ҳадисларга амал қилароқ, мусулмонлар ичида бу сураи каримани ёдлаш, уни доимо ўқиб юриш кенг одат тусига кирган.

Агар бу амалга суранинг маъноларини англаб етиш ва тадаббур қилиш ҳам қўшилса, айни мурод ҳосил бўлар эди. Зеро, «Йасин»ни ўқишга бунчалар тарғиб қилувчи ҳадислар бекорга келмаган.

«Йасин» сурасининг маъноларини ўрганиб чиққан одам нима учун бу сураи карима «Қуръоннинг қалби» деб аталгани, нима учун унинг фазли ҳақида ҳадиси шарифлар ворид бўлганини англаб олади.

Сурада мўъжаз калималар билан Аллоҳ таолонинг биру борлиги, ҳар бир нарсага қодирлиги, Пайғамбарлик ва ваҳийнинг ҳақлиги, кишилар Пайғамбар етказган ваҳийни ўзларига дастур қилиб яшамоқлари лозимлиги, ўлгандан кейин қайта тирилиш каби масалалар муолажа этилади.

Булар ҳар бир кишининг қалбида туриши лозим бўлган ва ҳар бир киши эртаю кеч эслаб туриши зарур бўлган масалалардир.

Ушбу масалаларни ўз ичига олган «Йасин» сурасини ким иймон билан ўқиса, гуноҳлари мағфират бўлишига лойиқдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким «Ҳаа мийм Духон»ни кечаси қироат қилса, тонг отгунча унга етмиш минг фаришта истиғфор айтиб чиқади», дедилар».

Термизий ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда «Духон»ни кечаси қироат қилса» деганда қандай кеча экани айтилмаган. Қайси кечаси эканини келгуси ҳадиси шарифдан билиб оламиз.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким «Ҳаа мийм Духон»ни жума кечаси қироат қилса, уни мағфират қилинади», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ана энди аниқ маълум бўлди. «Духон»ни жума кечаси қироат қилса, уни мағфират қилинар экан. Ўша мағфират қилинадиган гуноҳлар сағира – кичик гуноҳлар эканини уламоларимиз алоҳида таъкидлаганлар.

Тобаронийнинг ривоятида:

«Ким «Ҳаа мийм Духон»ни жума кечаси ёки жума куни қироат қилса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади», деганлар».

Шарҳ: «Духон» сурасини фақат эртага жума деган кечаси эмас, жума куни кундузи ўқилса ҳам бўлади. Аллоҳ таоло уни ўша вақтда қироат қилган бандага жаннатда бир уй бино қилар экан.

Имконини топган кишилар ушбу ҳадиси шарифларга амал қилиб юрсалар, албатта, катта савобга эга бўладилар.

Баҳам кўринг

Leave A Reply