Хотира танловига

0 910

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу.
Ҳазратимиз , устоз Шайхурраис Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини хотирламоқчи бўлиб, устоз билан бўлган бир-икки воқеаларни эслаб, сиз азизлар билан баҳам кўрмоқчиман.  Парвардигори Роббил аъламийн ўзи мададкор бўлиб, хайрлик ва барокотлик қилсин. 2014-йилнинг куз кунларининг бирида Ҳазратимизни бизнинг диёрларга ташриф буюришини интиқлик била кутдик. Ниҳоят Аллоҳ таъоло насиб этиб Денов туманида тўйда устознинг суҳбатларидан, панду насиҳатларидан баҳраманд бўлдик. У зотнинг ҳовлига кириб келишини интиқлик билан минглаб кишилар кутиб турарди. Шу онларда қалбимиз тўрида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Мадинада саҳобаи киромлар интиқлик билан кутгани-ю, У зотнинг меросхўри бўлмиш Шайх ҳазратларини кириб келишини энтикиб кутиб турганимиз ўхшаб кетганлигини ҳис қилдик. Шундан кейин орадан ойлар ўтиб 2015-йилнинг февраль ойининг бошларида Ҳазратнинг зиёратини истаб, Тошкент шаҳрига бордим. Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таолога чексиз ҳамду санолар бўлсинки Ҳазратнинг суҳбатларига киришликни насиб этди. 10-февраль куни пешиндан кейин Ҳазратнинг қабулига киришга мушарраф бўлдик. Салом-алик, ҳол-аҳвол сўрашганимиздан сўнг, шерикларимиз дуолашиб чиқиб кетишди. Каминанинг бахтига охирида қолиб Ҳазрат билан озроқ суҳбат қилишликка фурсат бўлди. Ҳазратнинг олдидан чиққим келмасди, лекин Шайх Ҳазратнинг вақтини олиб беодоблик ҳам қилгим келмади. Шу сабаб Ҳазратга «Зиёратингизга тез-тез келиб турсак рухсат берасизми?»- дедим. «Ҳа майли, яхши бўлади келиб туринг»-дедилар. Бу гапдан сўнг хурсандлигимни билсангиз эди. Ҳазратдан юртимиз, фарзандларим ва ўзимиз ҳақимга дуо олиб чиқиб кетдим. Хурсандлигимдан теримга сиғмасдим. Лекин орадан бир ой ўтиб тонг вақти бу мусибатни эшитиб чуқур қайғуга тушдим. Кўзларимдан ёш тўхтамасди, лекин мусибатга сабр қилишлик Аллоҳнинг амри бўлганлиги учун сабр қилдик. Баҳор ойларининг охирида яна Тошкентга Ҳазратнинг зиёратларига бордим. Бироқ бу сафар Кўкча қабристонига бориб, Ҳазратимизнинг руҳларига тугатган хатми Қуръонни савобини бағишладим. Ўзимни аранг тутиб хатмни бағишладим. Зиёратчилар кўпчилик эди. Илоҳо Ҳазратимизни руҳларини шод қилгин. Ҳазратимнинг уйларига бориб Исмоилжон акага таъзия билдирмоқчи эдик. Лекин у кишининг вақтларини олишни истамай шу зиёрат билан кифояланиб уйга қайтдик.

Қалб чекар эди ҳасрат
Сизни этгали бир зиёрат
Ҳузурингизга келдик ниҳоят
Сиздан эшитгали панду-насиҳат

Насиҳатлари қалбимизга эрди озиқ
Муборак исмлари Муҳаммад Содиқ
Бу миллатга қилдилар кўп тортиқ
Илоҳо жаннатларда қилинг ҳордиқ

Кунлар , ҳафта , ой ўтар
Ҳазратимизнинг ўрни билинар
Юрак оҳ урар, қалб ўртар,
Шогирдингиз дуою салом илинар

Кўз ўнгимдан кетмайди
Ҳазратнинг муборак юзлари
Қулоғимда дур бўлиб жаранглайди

Ҳазратнинг пурҳикмат сўзлари

Мўминларга меҳр-ла боқарди

Ҳазратимнинг меҳрли кўзлари
Ҳазратимнинг қабри нурларга тўлсин
Илоҳо юртимиз ҳамиша тинч бўлсин.

Сафаров Файзуллоҳ

Баҳам кўринг

Leave A Reply