Ухдуд эгалари қиссаси (5)

0 641

Ўта камтарлик ҳам манманлик белгисидир

«Ухдуд эгалари» ҳақидаги ривоятда кунлардан бирида йигит йўлда кетаётиб, улкан, даҳшатли бир ҳайвон кўчани тўсиб одамларни ўтказмай қўйганини кўргани айтилади. Шунда йигит ҳайвонга тош отиб, уни ўлдирибди ва одамлар йигитнинг қилган ишидан хурсанд бўлибди.

Бу гаплар одамлар орасида жуда тез тарқаб кетибди. Ҳамма жойда одамлар бу йигитнинг қаҳрамонона ҳаракатларини гапира бошлабди. «Кўрдингми? Битта тош билан анави ҳайвонни ер тишлатди…». «Эшитдингми? Қўшни қишлоқдаги фалончи баҳайбат ҳайвонни қулатибди…». «Юр, қўшни маҳаллага борамиз, айтишларича, кимдир тош билан аждарга ўхшаган махлуқни ўлдирибди, кўриб келамиз…»

Ана хабару мана хабар. (Яқиндагина Келес туманида осмонда учадиган махлуқ ҳақида Whatsapp тармоғида тарқаган миш-мишлар бу йигитнинг бир тош билан баҳайбат ҳайвонни ер тишлатгани ҳақидаги хабарнинг олдида ип эшолмай қолибди. Қисқача айтганда, йигит одамлар орасида супер қаҳрамонга айланиб қолибди).

Шунда йигит бўлиб ўтган воқеани роҳибга айтибди. Роҳиб: «Эй болам, сен мендан афзал бўлдинг, энди келажакда фитналарга гирифтор бўласан, ўшанда мен ҳақимда бировга айтмагин», дебди.

Йигит қандай қилиб ўз устозидан афзал бўлиб қолди? Унинг афзаллиги шунда эдики, у олган билимларини ёдлаш билан бирга, уларни энди ҳаётга татбиқ қилишни бошлаган эди. Шунингдек, йигит қилган ишининг оқибатидан ва одамларнинг гап-сўзларидан мағрурланиб ҳам кетмади. Одамларнинг гап сўзига қарамай камтарликни ўзига лозим тутди.

Камтарлик ҳақида сўз кетар экан, ўта камтарлик ҳам манманлик белгисидир, деган гап эсга тушади. Камтар инсон аслида манманнинг аксидир, лекин қандай қилиб ўта камтар инсон манман бўлиши мумкин? Манман инсон ўзининг қилмишидан фахрланишни, одамларнинг эътиборида бўлишни жуда ҳам хуш кўради. Бир инсон ўзини атайлаб камтар кўрсатса, одамлар у ҳақда яна ҳам кўпроқ гапиришни бошлаши мумкин. Ҳар икки ҳолатда ҳам натижа бир хил бўлаяпти.

Уламоларимиз Аллоҳга бўлган ибодатлар ҳам баъзи ҳолларда манманлик ёки кибрга сабаб бўлиши мумкин дейишади. Бунда баъзи ҳожиларни эслашнинг ўзи кифоя. Кўпгина ҳожилар ҳаж ибодатларини бажариб бўлгач, жаннатнинг калитини қўлга киритдим, деб ўйлашади. Ҳаждан қайтиб келиб, истар истамас «ҳожи дода» ёки «ҳожи она» деган унвонга эришишади. Сўнгра ҳожилар учун махсус давра — «ҳожилар гапи»га қўшилишади. Бу даврага фақат ҳожиларнинг кириши эса ўзларини бошқалардан фарқли эканини кўрсатиш, сўнгра кибр ёки манманликка олиб келиши мумкин.

Яна шундай инсонлар ҳам борки, қилган амаллари билан Аллоҳга яхшилик қилаяпман деб ўйлайди. Аллоҳ уларнинг намозига, тутган рўзасига, қилган садақасига муҳтож, деб ўйлаб, бу ишларини миннат қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам шундай ҳолат бўлган эди. Бир кун саҳро араблари Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб, иймон келтирдик, деб миннат қилишганди. Аслида эса улар янги мусулмонлар бўлиб, ҳали ҳақиқий иймон қалбларидан жой олган эмас эди. Ҳали иймон нималиги билмасдан, Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирмай туриб, иймонига шубҳа аралаштирмасдан, Ислом учун бирор фойдали иш қилиб улгурмай, Аллоҳнинг йўлида на моллари ва на жонлари билан жиҳод қилмай туриб, иймонини миннат қиладими?

Ўша аъробийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан: «Ахир биз Исломни қабул қилдик-ку!» – деб баҳслашиб кўрди, шунда Аллоҳ таоло: «Сенга мусулмон бўлганларини миннат қилурлар. Сен: «Менга Исломингизни миннат қилманг. Балки агар содиқ бўлсангиз, Аллоҳ сизни иймонга ҳидоят қилганини миннат қилур», деб айт», деб оят нозил қилди. (Ҳужурот, 17)

Дарҳақиқат, гапнинг тўғрисини айтганда, миннат қилишга лойиқ нарса аъробийларнинг Исломга кириши эмас, Аллоҳ таоло уларни Исломга ҳидоят қилиб қўйганидир. Агар Аллоҳ уларни иймонга ҳидоят қилмаганида ҳеч ким буни қила олмасди.

Шу боис сизнинг ҳам иймонингиз зиёда бўлса, солиҳ амалларни кўпроқ қила бошласангиз, ибодатларни кўпайтирсангиз, бунинг учун миннат эмас, сизни бу нарсага бошлаган, солиҳ амалларга илҳомлантирган ва яхши амалларни сизга осонлаштирган Аллоҳга яна ҳам кўп шукр айтишингиз керак бўлади.

Акс ҳолда, агар Аллоҳнинг раҳмати ва унинг ҳидояти бўлмаганида сизнинг аҳволингиз нима бўлар эди? Аллоҳ таоло бизни сироти мустақиймга ҳидоят қилиб, ўша йўлда яшаб, Исломни маҳкам тутган ҳолимизда вафот қилишимизни насиб қилсин.

Мақола Ilmfruits.com сайтидан таржима қилинди.
Таржимон: Саид Комил

Баҳам кўринг

Leave A Reply