Уҳуд жанги (Гулнинг гулларининг давоми)

0 85

Кунлар ўтиб борарди.

Ясриб Мадинага айланганидан буён ҳамма нарса ўзгарган, гуллаётган эди.

Тиканлар гуллаган, зулматлар ойдинлашган, ойдинлар эса чароғон нур бўлганди.

Аммо зулматни севувчилар, нурни ёқтирмовчи қоронғи тушунчалилар ҳам бор эди. Улар гулларни узиш, топташ, гина ва адоватни хуш кўришарди. Улар мушриклар, кофирлар, бутпарастлар, мунофиқлар эди! Ва улар бўш ўтирганлари йўқ эди.

Ислом ва муслимлар душманлари бирлашиб, катта қўшин ҳолида Мадинага юриш қилди. Ҳар нарсадан вақтида огоҳ бўлувчи Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларини йиғиб кенгашдилар ва натижада Ислом лашкари ҳозирлана бошланди.

Мушриклар Уҳуд тоғи этагига қароргоҳ қуришди. Шу тарзда ҳижратнинг учинчи йилида Ислом ва ширк лашкарлари Уҳуд тоғида тўқнашди. Ислом лашкари зафарга эришаётган чоғда ўқчиларнинг кичик хатоси туфайли иш чаппасига кетди. Ислом лашкари танг вазиятга тушиб қолди. Мусулмонлар бир четга сиқилиб қолишди.

От кишнашлари, туя бақириқлари, қиличлар шақиллаши, ўқ визиллаши… Бир он ҳаммаси тугагандай бўлди. Шундай оғир вазиятда Пайғамбармиз алайҳиссалом амрлари билан лашкар бошқатдан йиғилди ва янги куч билан душманга ташланди. Мушриклар халқасини ёриб чиқиб, Уҳуд тоғи сари юра бошлашди.

Жанг ҳақидаги бир-биридан ваҳимали хабарлар аёлларни шошириб қўйди. Ҳазрат Фотима ва ҳазрат Оиша бошлиқ аёллар қўлларига илинган нарса – қилич, қалқон, ўхлов кабилар билан Уҳуд тоғига югуришди. Улар бир зумга кабутар эканликларини унутиб, бургутга айланишган эди.

Етиб борганларида атрофнинг қону ярадорларга тўла экани, мушрикларнинг орқа-олдига қарамай қочаётганини кўришди.
– Нима бўлди?
– Аввал ютдик, кейин ютқаздик, сўнг яна ютдик.
– Отам қаерда?
– Хавотир олма, Пайғамбар алайҳиссалом қизи, отанг ғорда.

– Аҳволи қанақа?
– Афсуски, ярадор.
– Нима-а?..
Бўрондай учди, чақмоқдай отилди, Уҳуд тоғининг ғори томон.
– Отам қандай?!
– Яхши, яхши.
– Қани отам?
– Ичкарида.
Ичкарига отилиб кирди. Отасини кўрар-кўрмас кўз ёши дувиллаб оқди.

– Отажон!.. Аллоҳнинг расули! Сизни нима қилди, отажон?!
– Қўрқма, қизим, Аллоҳ отангни асрайди!
– Муборак юзингиз қон!

Ғордагилар маҳзун эди. Кимдир йиғларди. Пайғамбар алайҳиссаломни бу аҳволда кўриш буларга оғир эди. Ҳазрат Алига кўзи тушди.
– Эй Али! Отамга не бўлди? Сизлар қаёқда эдингиз?
– Шу тарзда қутула билдик, Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизи.
– Тез сув келтиринг, тез.
– Ҳозир.

Ҳазрат Али сув келтирди. Қалқонда келтирилган сув билан ҳазрат Фотима Пайғамбар алайҳиссалом юзларини ювди. Аммо қон тўхтамасди. Бу Фотимани қўрқитди, хожасига ўтин йиғдириб ёқтирди. Қўлини отасининг жароҳатига қўйди. Қон тўхтай бошлагач, отасини қучиб йиғлаб юборди.

Шаҳидларнинг баъзилари шу ҳолда ҳам қийноққа солинганди. Айниқса, ҳазрат Ҳамзанинг жасади парча-парча эди. Буни кўрган ҳазрат Фотима ва ҳазрат Оиша йиғиларини боса олмадилар. Мушриклар мусулмонларни жонсиз ҳолда ҳам тинч қўймай, бирор аъзоларини кесиб роҳатланганди. Булар бир ваҳшийлар эди, булар одам эмасди.

Ярадорларнинг жароҳати боғланди, шаҳидлар ерга қўйилди. Мушрикларнинг ҳаммаси бир ерга қўйилди. Сўнг Мадинага йўл олишди. Мадинада уларни Уҳудга бора олмаганлар кутиб олишди. Булар хаста, кекса кишилар, эмизикли аёллар, ёш болалар эди. Барчаси бирдай маҳзун…

Ярадорлар уйларига жўнатилиб, даволана бошлашди. Шаҳид кетганларнинг оилалари зиёрат қилинди, моддий ва маънавий эҳтиёжлари қондирилди, етим ва тул қолганларнинг ёлғизлиги билдирилмади.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизлари оталари ёнидан бир қадам ҳам жилмас, айтганларини беками кўст адо этишарди. Уларнинг хавотирларини кўрган Пайғамбар алайҳиссалом келажакка оид гўзал ҳодисаларни сўзлаб, кўнгилларга тасалли берардилар. Шу тарзда зеҳн ва қалбларни аччиқ синовдан ўтказди, Уҳуд жанги…

Бани Мусталиқ жанги

Ҳижратнинг бешинчи йили бошланди…
Ислом тез ёйилар, қоронғуликлар ёришарди. Тобора кўп одамлар Исломни қабул қилар, қулга қул бўлиб эмас, Ҳаққа қул бўлиб яшаш завқини тотишарди.

Бир йил олдин ҳазрат Фотима яна ўғилли бўлган, унга ҳам Ҳасанга қилинган маросимлар адо этилиб, Ҳусайн деб исм қўйилганди… Шундай масрур кунларда Хузр қабиласининг Мусталиқ ўғиллари уруғи бир фитна режалаштирарди. Мақсад – Ислом ёйилишини тўхтатиш, уни таг-томири билан қўпориб ташлаш.

Мусталиқ ўғиллари ўз атрофларига бошқа қабилаларни ҳам йиға бошлашди. Мадинага юриш қиламиз, деб туришганида бундан Пайғамбаримиз алайҳиссалом огоҳ бўлдилар. У зот тез ҳаракатланиб, Бани Мусталиқ устига юриш бошладилар.

Мусулмон ҳар ерда мусулмондир. У ҳар қандай вазиятда ҳам Исломга уйғун бир ҳаракат қилади. Пайғамбар алайҳиссалом жангга аёлларидан бир ёки иккитасини олиб кетардилар. Шу тарзда бошқа муслимларга ўрнак кўрсатардилар.

Бани Мусталиқ жанги номини олган бу жангга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам севимли аёллари ҳазрат Оиша билан ҳазрат Умму Саламаларни олиб кетдилар. Буюк зафарлар билан якунланган бу жанг мусулмонлар кучини яна бир бор кўрсатди.

Ислом қўшини қайтаётиб, йўлда ҳазрат Оишани ташлаб кетди. Бу шундай бўлди: ҳазрат Оиша эҳтиёж юзасидан лашкар турган жойдан бироз узоқлашди, қайтаётиб бўйнидаги маржони тушиб қолганини кўрди. Уни топгунча анча вақт ўтди. Бу орада қўшин турган жойидан жилди. Ҳазрат Оиша туяга маҳкамланган маҳофада юрарди. Маҳофани туяга юклаган саҳобалар ҳазрат Оишани унинг ичида деб ўйлашди. Чунки ҳазрат Оиша жуда енгил эди.

Қароргоҳга келган ҳазрат Оиша лашкарларнинг кетиб қолганини кўриб бир бурчакка биқинди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир қароргоҳга бирор нарса қолиб кетганми-йўқмилигини текширувчи саҳоба тайинлардилар. Қайтиб келишлари аниқ эди. Ва шундай ҳам бўлди. Ўша саҳоба ҳазрат Оишани туясига мингаштириб олиб кетди. Бор гап шу эди, аммо фисқу фасодчилар фурсатни қулай топиб, миш-миш тарқатишди.

Айниқса, Пайғамбар алайҳиссалом оилаларидаги аёллар ҳеч ким тушунмаган ғайрат билан бу фитнани қувватлантирарди. Бундан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда сиқилиб, турли шубҳалар гирдобига тушиб қолдилар.

Шундай вазиятда гуллар яна бир бор гулликларни кўрсатишди. Дунё тарихида кўрилмаган тарзда ҳазрат Оишани оқлашди. Бошқа оналарини ҳам шунга даъват этиб, ҳазрат Оиша ёнига киришларига сабаб бўлишди…

Ниҳоят тушган ояти карима билан буюк Аллоҳ томонидан оқланган севимли онамиз шукр саждасини қилган, бор-йўғини фақирларга улашган эди. Гуллар ҳам шундай қилишди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг гулистонлари яна бир бор яшнаган, фасодчилар бармоқ тишлаб қолишганди…

Ҳандақ

Ҳижратнинг бешинчи йили…
Ислом асосларига биноан яшаётган муслимлар иймони тобора кучаяётгани мусулмонларнинг душманларни сергаклантирар, хавфга соларди.

Уйқулари қочган, қўрқувга тушган мушриклар, яҳудийлар, насронийлар, бутпарастлар – ҳар хил олчоқлар тезда юриш бошлаб, мусулмонларни янчиб ташлашга, Пайғамбар алайҳиссаломни эса ўлдиришга қарор қилишди.

Уларнинг йўлга чиққанларидан огоҳ бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан кенгашдилар. Ҳазрат Салмон таклифига биноан ҳандақ қазишга киришишди.

Турли ваҳшат, йўқчилик, тазйиқларга бой бўлган бу жангда аёлу эркак, ёшу қари – барча мусулмонлар бирдай қатнашди. Кучлар нотенг эди, мушриклар жуда кўп, мўминлар озчилик эди. Аммо иймон, ишонч, эътиқод уларга ёр бўлди. Катта талофат, йўқотишлар эвазига мусулмонлар сафи кенгайди, илоҳий мададни кўрган мадиналикларнинг иймон келтирмаганлари ҳам бу жангдан сўнг Исломни қабул қилди. Ҳандақ янги саҳифа очган эди…

* * *

Пайғамбар алайҳиссалом аммалари ҳазрат Софийя бу жангда шундай қаҳрамонлик кўрсатдики, ҳатто эркаклар ҳам лол қолишди.
Ҳар қандай эҳтимолни холи қилмаган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу жангда ҳам аёллару болаларни қўриқлаш учун мустаҳкам бир уйга олиб бордилар ва шоир, жасур саҳоба ҳазрат Ҳасанни қўйиб кетдилар. Жанг пайтида яҳудийлар ҳийлага ўтишди. Аёллар ва болалар яширинган уйни қуршаб олишиб, ўққа тутишди. Шунчаликки, аёллар ва болаларнинг ўлими муқаррар бўлиб қолди. Аёллар фарёд чекиб, бурчакка биқинадиган заифалардан эмасди, аксинча, эркаклардай эди.

Ҳазрат Софийя қўлига илинган узун таёқни олиб, эшикка отилди. Аёллигини билдирмаслиги учун юз-кўзларини беркитиб олди. Эшикни очиб, рўпарасидан чиққан яҳудий бошига таёқ билан шундай туширдики, яҳудий ерга йиқилди. Бу билан қаноатланмаган аёл яҳудийнинг бошини олиб, ташқарига улоқтирди. Кесилган каллани кўрган яҳудийлар орқа-олдига қарамай қочиб қолишди.

Давоми бор……….

Баҳам кўринг

Leave A Reply