Рўза ва саломатлик
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

РЎЗА ВА САЛОМАТЛИК Рўзанинг инсонга келтирадиган фойдалари ҳақида гап кетар экан, унинг инсон саломатлигига нисбатан ўта фойдали эканлиги энг кўп гапириладиган мавзулардан бирига айланиб қолганини айтиб ўтмоқ лозим. Ҳа, бу ҳақида бугун бутун дунё гапирмоқда. Бундан аввал ҳам гапирган. Фақат худосиз коммунистларгина рўза киши саломатлиги учун зарарли, дейишар эди. Ўзларига илм нисбатини берган бу жоҳиллар яқин-яқингача одамларга рўза соғлиқни бузувчи энг катта омил эканини уқтирмоқчи бўлиб келдилар. Рўза яқинлашиши билан коммунистик ахборот воситалари унга қарши ташвиқот ишларини бошлар эди. Ҳамма жойларда «Билим жамияти» деб номланган жаҳолат марказларининг гумашталари одамларга рўзанинг зарарлари ҳақида маъруза ўқишни бошлар эдилар. Табиб номига доғ туширувчи оқ  кийимли кишилар эса, асосан, тиб номидан қора ишларни қилиб, рўзани инсон соғлигига зарар, деб сафсата сотишар эдилар. Ишхона, ўқув юртларида рўзадорларга қарши кўрилган жазо чораларини гапиришнинг ўзи инсоният учун ор-номус. Лекин шу билан бир вақтда, Исломдан, Қуръондан, шариатдан умуман бехабар халқ ва юртлар вакиллари улардан билим ва тиб хизматлари рўзанинг инсониятга, хусусан, соғлик соҳасида  қанчалик фойдали эканлиги ҳақида кашфиётлар қилишар, тажрибалар ўтказишар, илмий асарлар ёзишар эдилар. Энг қизиғи, ўша рўзанинг, ихтиёрий оч қолишнинг фойдаси ҳақида гап кўтарганларнинг кўзга кўринганлари биздаги худосизларнинг катта оғалари ўрислар ичида эди. Кейинроқ бошқа тараққий этган давлатларда бу борада анча ишлар қилинганилиги аниқ бўлди. Жумладан, Англия, Франция, Германия ва АҚШдаги олимлар кишиларни очлик билан даволаш ҳақида сезиларли натижаларга эришдилар. Рус профессори Николаев ва шериклари очлик билан даволашлари ҳақида юқорида тўхталиб ўтдик. Америкалик мутахассис Пол Брегг бўлса ўзининг эллик йиллик шахсий тажрибаси маҳсули ўлароқ «Мўъжизакор очлик » деб аталган китобини ёзди. Дунёдаги кўплаб тилларга таржима қилинган бу китоб, рўза инсон соғлиги учун энг зарур омил эканлигининг ташвиқотчисига айланди. Инсон соғ-саломат бўлай деса, рўза тутиши зарур экан. Бу эса Имом Табароний ўзларининг «Ал-авсат» китобларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган: «Рўза тутинглар – саломат бўласизлар», деган ҳадиси шарифнинг илмий тасдиғидир. Энг ажабланарлиси, рўза билан даволовчилар «Киши соғ-саломат юриши учун йилига 28-32 кун ихтиёрий оч қолиши керак» деган хулосага келганлар. Аллоҳ таоло эса бу муддатнинг ўртачаси - 30 кун Рамазонни биз мусулмонларга бундан 15 аср илгари фарз ибодати қилиб қўйган. Буюк ватандошимиз Шайхур раис Ибн Сино ҳам кишиларни очлик йўли билан даволаган. Ҳозирги кунимизда Сурия бош муфтийси Шайх Аҳмад Куфтару  ҳазратлари Ислом оламида рўза билан даволаш бобида анча шуҳрат қозонганлар. Айниқса, у кишининг ҳузурларида машҳур спортчи , асримиз бокс тарихи афсонасига айланиб қолган жаҳон  чемпиони Муҳаммад Алининг шифо топиши катта шов-шувга сабаб бўлди. Баъзи аъзолари қалтирайдиган касалга мубтало бўлган Муҳаммад Али шифо излаб бормаган жойи қолмаган эди. У ўзини даволатиш учун 30 миллион доллар сарфлаган, аммо бирон натижага эришмаган эди. Аллоҳ унга йигирма кунлик очликдан сўнг шифо берди. Яқинда, очлик билан саратон-рак касалидан шифо топган одамлар ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. Ана шундай фойдали нарсани биз, мусулмонларга савоб, маънавий ибодат қилиб қўйган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ 

«Рамазонни қаршилаб» китобидан

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим «Етимларни то никоҳёшига етгунларича синаб туринглар. Агар уларнинг эсҳуши давоми...

06:26 / 29.11.2016 3127
Қандай жараён тарбия жараёни деб аталади Тарбия кенг маънода ёшларнинг, инсонларнинг объектив ва давоми...

05:43 / 19.10.2016 4502
«Эҳтилом» дегани «уйқуда жинсий яқинликни кўриш», «уйқуда булғаниш» демакдир. Биров тушида ғусл вожиб давоми...

07:06 / 04.05.2017 3801
Японияда ҳалол туризм соҳаси фаол ривожланиб, мусулмон мамлакатларидан келадиган сайёҳлар учун янги давоми...

08:17 / 25.02.2019 1904