Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дил изҳори

0 1 345

Сиз (соллаллоҳу алайҳи вассаллам)ни оламларга раҳмат этиб юборган ва Ўзининг улуғ Каломида, «Ва, албатта, сен улкан хулқдасан», (Қалам, 4) дея таъриф берган Роббимиз субҳанаҳу ва таолога Ўзининг жамоли, камоли, қудратига лойиқ ҳамдлар бўлсин!

«Мен яхши хулқларни батамом қилиш учун юборилганман», дея ҳусни хулқни ўзига бурч билиб, дунё яратилганидан буён ҳеч кўрилмаган энг гўзал ахлоқларни ўзида мужассам қилган Сиз Ҳабиб Пайғамбаримизга салоту-дурудлар бўлсин! Сиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни карамли хулқингизни ўзлаштириб, икки дунё саодатига эришишда бизга гўзал намуна бўлган саҳобаю киромларга Аллоҳнинг розилиги бўлсин!

Ё, Расулуллоҳ, Сиз бокира қиздан ҳам ҳаёлироқ эдингизки, бир нарсани ёқтирмаганингизни муборак юзингиз ифодасидан билардилар. Сиз севикли Пайғамбаримизга дурудлар бўлсинки, Сизнинг ушбу гўзал ҳулқингизга интилганимизда – сўзлашишда, юриш-туришда, кийинишда, хулласки, ҳар борада сиздаги ҳаёдан ибратланганимизда қалбларимиз хотиржам, жисмларимизда ғубор кам. Яқинларимиз, ота-онамиз, ака-ука, опа-сингилларимиз, маҳрамларимиз, фарзандларимиз олдида ҳурматдамиз, жамиятда обрўйимиз бутун. Тиллар у ёқда турсин хаёллар ҳам фаҳшлардан холи…

Бугунги кунда биз умматларингиздан кимки шу сифатингиздан йироқлашганида қалбларни ва жисмларни бахтсизлик қопламоқда. Дилларда хотиржамлик йўқолиб, жисмларда турли иллатлар пайдо бўлмоқда. На оилада, на жамиятда обрў-эътибор қолмоқда. Ушбу ҳулқингиздан йироқлашилганидан тилларга фаҳш сўзлар яқин бўлиб, тасбиҳу салавотлар йироқлашиб охират бахтидан-да умид қолмаяпти…

Ё, Расулуллоҳ, Сиз ғазаб қилмасдингиз (илло, Аллоҳ йўлидагиси мустасно…). Мана шу хулқингиздан ибратланмасак, ўзимизга келтираётган зарарларимизнинг адоғи йўқ. Бу хулқингизга интилмасак, беҳуда ғазаб билан қалбларимизни кибр, ҳасад, риё каби фасодларга тўлдириб, қалб кўзларимизни кўр қилиб оламиз.

Атрофимиздаги инсонларни ҳам нафратларини қўзиб, хотиржамликларини йўқотамиз. Асабларимиз касалланиб бутун жисмимиз озор топади, руҳимиз оромидан айрилади. Оқибатда – ибодатларимизда ҳаловат йўқ. Бу билан ўзимизга, яқинларимизга зулм қиламиз ва Аллоҳимнинг раҳматидан бебаҳра қоламиз. Бу улкан бахтсизлик эмасми?!

Аллоҳнинг буйруғига итоат этиб, Сизни хулқингизга эргашсак, «…ва ғазабланган вақтида кечириб юборадиганлар…» (Шуаро, 37)дан бўла олсак, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам бахтлимиз, иншааллоҳ.

Ё, Ҳабиб Пайғамбаримиз, Сиз сахий, саховатли ва карамли эдингиз! Сахий инсон қандай ҳам бахтли! Ундан атрофидагилар фақат яхшилик кўрадилар. Сизни бу карамли хулқингиз билан зийнатланган умматингиз нафақат моли билан, балки, шижоати, куч-қуввати билан яхшиликка интилади.

Қайсики, инсон яхшилик қилар экан, албатта, қалби ҳузур топиб, бахтли бўлади. Сиз севикли Набийимиз айтганингиздек, бу хулқ эгалари Аллоҳга яқин, жаннатга яқин одамларга яқин бўладилар. Дўзахдан йироқ бўладилар. Бу икки дунёдаги саодатмандлик эмасми?!

Ё, Расулуллоҳ, биз Сиздек сахий ва карамли бўлишга ҳаракат қилмас эканмиз, бахилликка яқинлашиб қоламиз. Бахиллик – бу шундай бахтиқароликки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз Китобида «…Аллоҳ Ўз фазли ила берган нарсага бахиллик қилганлар, буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур…» деган. (Оли Имрон,180)

Биз Сизни бу карамли хулқингиздан йироқлашарканмиз, шундайин улкан бахтсизликка юзланиб қоламиз! Бахиллик ила ўзимизда сақлаганларимиз вақт ўтиши билан ўз қадри ва хусусиятини йўқотади. Биз эса бу дунёда маҳрум бўлганимиз етмаганидек, охиратда қалбдаги бахилликка қўшиб пасткаш ва исрофчи бўлганимиз учун азобланамиз. Аллоҳ барча мўминларни, бизни ва зурриёдларимизни бу фалокатдан асрасин!

Ё, Аллоҳнинг Расули! Сиз завжайи мутоҳҳароларингизга шундай ҳилмли эдингизки, Сизни бу гўзал хулқингиздан ибратланган эрларнинг аёллари – дунёдаги энг бахтли аёллардир! Қандай ҳам бахтли бўлмасинларки, маҳрамларидан фақат яхши сўзлар эшитсалар, ҳожалари илм ўргатсалар, адолатли бўлсалар, рўзғор ишларида қарашсалар, фарзанд тарбиясида ёрдам берсалар, ҳалол ризқ изласалар, аёлларининг саломатликлари ҳақида қайғурсалар, уларнинг баъзи камчиликларидан кўз юмсалар?! Шунингдек, бу эрларнинг ўзлари ҳам бахтлиларки, аёллари улардан рози!

Аксинча, бу хулқингизга эргашмаган эркакларнинг на аёллари, на ўзлари бахтлилар. Уйларидан хотиржамлик, барокат нари. Аёллари ҳам, фарзандлари ҳам паришон, ўзларини кераксиздек ҳис қиладилар, ҳаётдан мазмун топа олмай қоладилар …

Ё, Расулуллоҳ, сиз болаларни севардингиз! Уларга ҳамиша меҳрибон, шафқатли эдингиз. Ҳаттоки, намоз каби улуғ ибодатингизда ҳам боланинг ўйинига ҳалақит қилмасликка уринардингиз! Биз ҳам болаларни севамиз, лекин доим ҳам Сиздек, шафқатли бўла олмаймиз. Сиз каби болаларни иззат қила олсак эди, улар эришган бахтларидан бизнинг-да бахтимиз юз чандон бўлар эди! Сиздек ҳилм билан таълим-тарбия бера олсак эди, фарзандларимиз нафақат ўзларини балки бошқаларнинг ҳам бахтли бўлишларига сабабчи бўлардилар.

Дунё руҳшунослари турли руҳий таҳлилларни ўтказиб, аниқлашяптики, бугунги кунда кишилар ҳаётидаги кўпгина муваффақиятсизликлар – жамиятда, оилада ўз ўрнини топа олмаслик, бирор каттароқ мақсадга эришишга жазм қила олмаслик ва ҳоказо каби ҳолатларга болаликда олинган руҳий шикастланишлар сабаб экан. Ҳилмли Расулуллоҳим, Сиздан бу борада ўрнак ололмасак, ука-сингилларимиз, фарзандларимизни бахтлари кемтик бўлишига сабабчи бўлиб қолишимиз мумкин экан.

Ё, Расулуллоҳ, Сиз шундай муросали эдингизки, қаршингиздаги энг бадхулқ инсон ҳам бу хулқингиздан ўзини ўнглаб оларди. Қанча ёмон ниятлар билан келган бўлсада, гўзал одобингиздан бадниятларини унутиб қўярди. Қани энди биз ҳам бу борада сиздан ибратлансак! Бизни ҳам чиройли муомаламиздан қаршимиздагиларнинг қалблари Исломга мойил бўлса! Хайрли ишларга сабабчи бўлиб, икки дунёда бахтли бўлсак!

Кўп ҳолларда Сиздек муросага интилмаганимиздан, ўзимизни фикр ва қарашларимизни қўполлик билан ҳимоя қилишга уринамиз. Оқибатда, турли тортишувлар, беҳуда баҳслар билан асаблар таранглашиб, қимматли вақт ва саломатлигимизга путур етказамиз. Орадан меҳр-муҳаббат, мурувват кўтарилади. Кўнгилларимиз озорланади. Гарчи, бу муросасиз можаролар бизни фойдамизга ҳал бўлса ҳам, кўнгилларда, қалбларимизда ғубор қолади. На мағлубиятдан, на ғалабадан бахт туямиз.

Севикли Пайғамбарим, сиз ҳеч бир ишдан камчилик қидирмасдингиз. «Нега ундай қилдинг, нега бундай қилмадинг?» деган эмассиз. Сизга хизмат қилганлар қанчалик бахтли эканларки, Сиздек зотга хизмат қилишлик билан эришган савоблари билан бирга ҳеч қачон қилган ишлари туфайли мулзамликни ҳис қилмаганлар. Биз ҳам ҳамма ҳулқларингиз каби бу одобингиздан ҳам ўрнак олсак, бировларни камчиликларини ўзимиз яхши намуна бўлиб тузатишга интилсак, ҳам савобга, ҳам обрўга эришамиз. Ҳам ўзимизни, ҳам атрофимиздагиларни асабларини асраймиз. Бундан хотиржамлик ва бахт топамиз.

Ё, Расулуллоҳ, Сиз шундай улуғ авф соҳиби эдингизки, Сизга энг қабиҳ ёмонликни раво кўрганларни ҳам иймонга келишлари сабаб, кечириб юборгандингиз! Сизга жуда аламли озорлар етказган бўлишса ҳам, тилларига иймон калимасини олишлари билан ўч олиш ниятидан қайтдингиз!

Ё, Ҳабибимиз, бизга вой бўлсинки, шундай улуғ, чиройли хулқингизни ўзлаштиришда ниҳоятда оқсаяпмиз. Иймонсизлар у ёқда турсин, қалбида иймони бор биродарларимизга нисбатан ҳам кек ва адоватларимиздан кеча олмай қоляпмиз. Баъзан арзимаган озорчалар учун ҳам «боплаб қўйиш» фикри бизни тинч қўймай қолади.

Хаёлларимизни ўч олиш фикри эгаллаб олади. Қанийди, шу ўринда Сиздан ибратланиб, тафаккуримизни бу зарарли ўйлардан халос қилиб, Роббимизнинг зикри билан, Унинг йўлида илм олиш, фойдали изланишлар билан банд қила олсак! Қалбларимиз қораймасдан, зеҳнларимиз кирланмасдан, аксинча хотиржамликда икки дунёдаги энг чиройли бахт соҳиб, соҳибалари бўлармидик?!…

Ё, суюкли Набийимиз, Сизни ихтиёрингизга икки иш ташланса, гуноҳ бўлмаса, албатта енгилини танлардингиз. Ғоятда чиройли бу тадбирингиздан ўрнак олсак, ҳаётимиздаги кўпгина муаммоларни осон ечимини топамиз. Зеҳнимиз ва жисмимиз қувватини беҳуда сарфламаган бўламиз. Билъакс, дин йўлида қанча қийналсак, шунча савоб оламиз, деб нотўғри тушунчаларга борадиган бўлсак, ҳам савобдан, ҳам қувватдан қоламиз.

Оламларга раҳмат қилиб юборилган, саййидимиз ё, Расулуллоҳ! Сизнинг гўзал, карамли хулқларингизни адоғи йўқ! Сизнинг бу жамил хулқингиз ила яшаган ҳаётингиз ҳақида шунча асрлардан буён меросхўрларингиз улкан-улкан китоблар битмоқдалар ва битажаклар! Уларни ўқиганимиз, ўрганганимиз сари Сизга бўлган севгимиз янада ортади, янада қаттиқроқ соғинамиз…

Сизнинг ҳаётингиз мана шу адоғсиз ҳусни хулқ ила ўтдики, буни бир кичкинагина изҳорларимизга ҳеч қачон сиғдира олмаймиз! Ё, Ҳабиб Расулуллоҳим, бу ёзганларим ожиздан ожиза бир умматингизни ожиз тафаккуридаги унданда ожиз мулоҳазаларининг бир парчаси холос.

Ё, Расулуллоҳ… Аллоҳим, бизни сиз ҳабибимизнинг шундайин улкан, энг намунали хулқингиздан насибадор қилиб, икки дунёда ҳам энг бахтиёр бандалари сафида бўлмоқлигимизни насиб этсин.

Баҳам кўринг

Leave A Reply