Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб берган фитналар

0 2 921

   Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарликларини тасдиқловчи ва ўз умматига ўта меҳрибон эканларига ишора этадиган жумлаларга тўхталамиз.
Агар сиз Мустафо алайҳиссалом умматини бориб кўрсангиз ва уларни бугунги кундаги бошидан кечираётган воқеликларига эътибор берсангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати ҳар бир ҳолатда биз билан бирга яшаётгани ва ҳаётимизда юз берадиган барча мушкулликларимизда бизга ёрдам берувчи гўзал насиҳатларини учратасиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалар орасида айтган сўзлари фақатгина улар билан яшамайди ва бу сўзларни фақатгина уларнинг ўзларига айтган эмаслар, балки уларга айтиб бизларга насиҳат қилганлар. Уларга насиҳат қилган бўлса, бизларни огоҳлантирган, уларни огоҳлантирган бўлса, бизларни сирғанчиқ ва тойилиб кетиш мумкин бўлган йўллардан огоҳлатириб эҳтиёт қилиш учун олдинда учратишимиз мумкин бўлган барча ҳодиса ва фитналарни васф қилиб берганлар.

Фитналар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга бу тўғрисида жуда кўп бора айтиб, булардан сақланиш йўлларини бир неча марта тушунтирган ва унинг муолажасини аниқ кўрсатиб берганлар. Саҳобаи киромларнинг бунга эҳтиёжлари бўлмаса-да, аммо бу биз учун нубувват раҳмати бўлган эди. Чунки Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзидан кейинги халқларни бу насиҳатларни эҳтиёт қилиб сақлай олмасликларини ва бундан эҳтиёт бўлиш учун ғайрат қилмасликларини ҳам сезган эдилар.
Келинг, Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом замонларида мавжуд бўлмаган, ҳозирда биз бошимиздан ўтказаётган воқеликка тааллуқли бўлган у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир нечта насиҳатларига қулоқ тутамиз.
Имом Бухорий ўзининг саҳиҳида Ҳузайфа ибн Ямонийдан қилган ривоятида у киши айтади:
«Одамлар Расулуллоҳдан яхшиликлар ҳақида сўрар эдилар. Мен эса бирор кун ўзимга етиб қолишидан қўрқиб, ёмонлик ҳақида сўрар эдим. Мен у Зотга:
«Ё Расулуллоҳ, албатта, биз жоҳилиятда ва ёмонликда эдик. Бас, Аллоҳ азза ва жалла бизга ушбу яхшиликни келтирди. Ушбу яхшиликдан кейин ёмонлик борми?» – дедим.
«Ҳа», – дедилар.
«Ўша ёмонликдан кейин яна яхшилик борми?» – дедим.
«Ҳа. Унинг тутуни ҳам бор», – дедилар.
«Унинг тутуни недир?» – дедим.
«Ҳидоятсиз ва суннатимсиз йўл бошлайдиган қавмдир. Улардан (баъзи нарсаларни) ёқтирасан ва (баъзи нарсаларни) инкор қиласан», – дедилар.
«Ўша яхшиликдан кейин ёмонлик борми?» – дедим.
«Ҳа. Жаҳаннам эшигида турган даъватчилар. Уларга ким ижобат қилса, унинг ичига отурлар», – дедилар.
«Ё Расулуллоҳ, уларни бизга сифатлаб беринг», – дедим.
«Улар ўзимизнинг қавмдандир. Ўзимизнинг тилимизда гапирадилар», – дедилар.
«Ўша нарса менга етса, нима қилишимга амр қиласиз?» – дедим. Ҳузайфанинг саволига жавоб бериб Расулуллоҳ:
«Мусулмонлар жамоасини ва уларнинг имомини лозим тутасан», – дедилар.
«Агар уларнинг жамоати ҳам, имоми ҳам бўлмасачи?!» – дедим.
«Ўшал фирқаларнинг барчасидан четда бўлиб, уйинг ичини лозим тут. Агар дарахтнинг томирини тишлаб бўлса ҳам, бу фирқалардан четда бўл. Сенга ўлим келганда ҳам, ўшал ҳолда бўлишга ҳаракат қил», – дедилар».

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган узун бир ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар:
«Қўйларини етаклаб тоғ дараларига етаклаб кетиши, киши молининг яхшиси бўлиши мумкин бўлиб қолади». Яъни одамлардан четда бўлиши яхши бўлиб қолади.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Абу Бакрдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Огоҳ бўлинг! Албатта, келажакда кўп фитналар бўлади. Огоҳ бўлинг! Албатта, келажакда кўп фитналар бўлади. У вақтда (жим) ўтирувчи тик турувчидан яхши, тик турувчи (фитнага қараб) юрувчидан яхши, юрувчи шошилувчидан яхшидир. Огоҳ бўлинг! Агар шу кун воқе бўлса, ҳар бирингиз ўз уйининг ичини лозим топсин. Етказа олдимми, етказа олдимми, етказа олдимми?»– дедилар.
Шунда одамлардан бири: Ё Расулуллоҳ, агар менга шу кун етиб келса, нима қиламан?–деди.
«Қиличингнинг тиғига тош билан урасан» – деб, у ер-бу ерда бўлаётган фитна оламонларига қўшилиб кетмасликка киноя қилдилар.
Шунда бир киши: «Ё Расулуллоҳ, агар бир киши мени қиличи билан урса ёки ўқ келиб мени қатл қилса-чи?» – деди.
«Унга ҳам ўзининг гуноҳи, ҳам сенинг гуноҳинг бўлади. Ҳамда у дўзах соҳибларидан бўлади»,– дедилар».
Имом Бухорий аниқ ва равшан баён қилган яна бир ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
Огоҳ бўлинг! Албатта, келажакда кўп фитналар бўлади. Огоҳ бўлинг! Албатта, келажакда кўп фитналар бўлади. У вақтда (жим) ўтирувчи тик турувчидан яхши, тик турувчи (фитнага қараб) юрувчидан яхши, юрувчи шошилувчидан яхшидир. Огоҳ бўлинг! Агар шу ишлар содир бўлса, кимнинг туяси бўлса, (фитналардан йироқ бўлиб) ўз туясини қувиб етсин, кимннги қўйи бўлса, қўйининг изидан борсин, кимнинг ери бўлса, ўз ерини лозим тутиб(дехқончилигини қилсин).
У Зотнинг ёнларида ўтирганлардан бир киши :«Айтинг-чи, ё Расулуллоҳ, агар бир кишининг туяси, қўйи ва ери ҳам бўлмаса-чи?– деди.
Шунда Расулуллоҳ: «Қиличини олиб, тош билан тиғига уради. Сўнгра қочишга қодир бўлса, қочиб кетади. Аллоҳим, етказдимми?! Аллоҳим, етказдимми?! Аллоҳим, етказдимми?!» – дедилар.
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар ўзига итоат қилдирувчи хасис одамни, эргашувчи ҳавои нафсни, таъсир қилувчи дунёни ва ҳар фикр эгаси ўз фикри билан мақтанаётганини кўрсанг, ўзинг билан машғул бўлиб, кўпчилик ишини қўйгин»– дедилар.
Ушбу ҳадислар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биз – умматларига меҳрибонлиги сабабли, Аллоҳ таоло бандаларини имтиҳон қилишни ирода этган турли фитналардан, айниқса, қиёмат соати яқинлашган замонда қандай қилиб қутилиш мумкин эканини баён қилиб берган айрим насиҳатларидир.
Нима учун Расулуллоҳ бизларга бундай насиҳатлар қилдилар? Нима учун бу нарсаларни Расулуллоҳ фитналар деб номладилар? Нима учун бу насиҳатлар саҳобаларга тегишли эмас эди? Нимага Расулуллоҳ ўз саҳобаларини қиличларини қўйишга ва унинг тиғини ўтмас қилишга буюрмаган эдилар? Нима учун?! Чунки Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитналар деб номлаган мусибатлар нозик маънони ифода қилади. Агар бир инсон ушбу фитналардан қутулиш учун бир чора йўлини топса, топган ана шу йўлнинг ўзи уни яна бошқа бир катта фитнага улоқтириб ташлайди.
У одам фитнадан қутулишни хоҳлайди, аммо Аллоҳ ва Расули рози бўладиган соғлом ва мусаффо йўлни кўра олмайди. Нима ҳам қила олади, чунки йўллар қоп-қоронғу зимистон, сабаблар ҳам беркитиб ташланган, Расулуллоҳ сифатлаб берган сабаблардан бошқа сабабга боғланишнинг имкони қолмаган.
«Агар ўзига итоат қилдирувчи хасис одамни, эргашувчи ҳавои нафсни, таъсир қилувчи дунёни ва ҳар фикр эгаси ўз фикри билан мақтанаётганини кўрсанг…»
Мана шу ерда йўллар чалкашиб кетади, мана шу ерда воситалар аралашиб кетади. Инсон балолардан қочишга куч топа олмай қолади, топганда ҳам ўша балодан қутулмай туриб, ундан баттар ёмонликка дучор бўлади. Бундан қутулиш чораси нима? Бунинг чораси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсадир.
Ажабланарлиси шуки, айрим одамларга тавотур даражасига етган ушбу саҳиҳ ҳадислар эслатилса, уларни эшитишни хоҳламайдилар. Балки айрим ҳолларда бундай эслатма берувчи ва унга чорловчиларга салбий баҳо берадилар. Ким? Расулуллоҳ салбий ишга чақирадими? Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзи-ку!
Агар бу насиҳатлар муайян бир кишига ёки айрим озчилик кишиларга қаратилганида салбий бўлар эди, лекин Расулуллоҳ бу насиҳатларни мусулмонлар жамоасининг ҳар бирига алоҳида-алоҳида, бирма-бир васият қилдилар-ку.
Тасаввур қилиб кўринглар, мусулмонларнинг ҳар бири ўзини билиб, ўз қиличига ҳушёр ва хатарсиз бўлса ҳамда Аллоҳ таолонинг чегараларида аёли, фарзандлари ва ўзига тегишли бўлган кишиларни бошқара олса, қаерга борса ва қаердан келса, уларни яхшиликка буюриб ёмонликдан қайтарса, агарда мусулмонларнинг ҳаммаси мана шундай бўлсалар, бу фитналар яхшилик оловида эриб йўқ бўлар эди. Мусулмонларнинг ҳаммалари шу шаклда бўлсалар, тугунлар йўқолиб йўллар равшан бўлар эди.
Мен сизларга бир марта айтган эдим, тарбиячи устозлар ўз мадрасаларида толиби илмларга қарата айтган бу сўз, бир тарбия йўли бўлган эди.
Улардан бири айтади: Агар муаллим дарсхонасига кириб, у ерда гапирувчи сўзини англаб бўлмайдиган даражада шовқин сурон қилаётган талабаларни учратса. Униси у ерда, буниси яна бошқа ерда шовқин қилса, ҳатто муаллим ҳам уларга гапириш учун баланд овозда мурожаат қилса, шовқин устига яна шовқин қўшилади. Мана шу нотинчликни тўхтатиб, тинчлик ва сукунатни жойига қайтаришнинг энг чиройли усули нима?
Бунинг чораси муаллим ушбу жойда уларга шундай йўл тутиши лозим: уларни ҳар бирини ўзини босиб тинчланиб олишга чақиради ва бир киши бошқа киши номидан жавобгар эмаслигини тушунтиради. Чунки бир шахс бошқаларни масъулиятини ўз зиммасига олган вақтда, унга мурожаат қилувчилар сабабидан шовқин келиб чиқади.
Лекин ҳабибимиз ва муаллимимиз чорлаган мана шундай тарбиявий асосни биз ҳам қўлласак ва ҳар бир киши бир лаҳза ўзига келиб тинчланса, бу ерни тинчлик ва омонлик ҳолатига қайтганини кўрасиз.
Эй одамлар Расулуллоҳнинг айтган сўзини яна бир бор айтаман:
«Огоҳ бўлинглар! Қиёмат олдидан қоп-қоронғу тун бўлакларидек фитналар бўлади. Киши мўмин ҳолда тонг оттириб, кофир ҳолда кеч киргизади».
Шунда саййидимиз Али розияллоҳу анҳу: «Бундан қутулиш чораси қандай бўлади, Ё Расулуллоҳ?» деганида «Аллоҳнинг китоби ва менинг суннатим», деб жавоб бердилар.

Расулуллоҳнинг суннати ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг китобини маҳкам тутинглар! Шунда Аллоҳ таоло бизларни бу фитналар ботқоғидан чиқариб олади.
Биз бу ишларни розилик билан қабул қилиб таслим бўламиз, чунки Аллоҳнинг ҳукми, шак-шубҳасиз, амалга ошади. Шу билан бирг,а ҳар кунни кечиктирганимизда ва тонг оттирганимизда ушбу калимани айтишга одатланишимиз зарурдир.:
رضينا بالله رباً وبالإسلام ديناً وبمحمد نبياً ورسولاً
Маъноси: Аллоҳни робб, Исломни дин ва Муҳаммад алайҳиссаломни Набий ва Расул деб ихтиёр қилдик.
Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга мусибатлар ҳақида қанчалик кўп насиҳат қилиб эслатсалар ҳам, охирги пайтларда бундан сақланишни бошқа бир нарса билан ўргатиб кетганлар.
Билингки, у ҳайру саховат ва садақа қилишдир. Бу нарсани мўминларнинг оналарига ва ўз саҳобаларига доим насиҳат қилар эди. Садақа балони даф қилиши тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп марта турли услублар билан ёритиб берган.
Эй одамлар, биз Аллоҳнинг файзу раҳматини тушира олмасак-да, унинг тушишига жуда муҳтожмиз. Биласизларм,и бу раҳматни қандай туширасизлар? Ораларингизда меҳру-шафқатни ошкора қилиш билан туширасизлар. Хайру-саховат билан икром қилиш учун фуқароларни излаб топишингиз билан туширасизлар.
Фитна ёмонлигини ўчириш йўлида ҳар бирингиз яхшилик қўлини қоим қилиш билан Аллоҳнинг раҳматини туширинглар.
Бу йўлда яхшилик қўлини қандай қоим қилинади? Муҳтожларга эҳсон улашиш билан. Фуқароларга садақа бериш билан. Мана шу ишлар билан Аллоҳнинг розилигини изланглар. Буни ҳисоб қилинмаслик учун адо этинглар. Аллоҳнинг хазиналари очиқ эканига ҳамда Аллоҳ йўлида қилинган саховатга шубҳасиз эваз берилишига ишонган ҳолингизда эҳсон қилинглар.
Эй одамлар! Устингиздан Аллоҳнинг ғазаби кўтарилиши учун ҳамда тепангизга файзу раҳматлари ёғилиши учун бир-бирингизга меҳрибонлик қилишга ҳаракат қилинглар. Меҳрибонлик сўз билан эмас, амал билан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам васият қилган бу насиҳатларни рўёбга ошириш учун бор имкониятингизни ишга солинглар. Мен буни сизларга эслатдим. Сиз ҳам ака-укангиз, дўсту ёрингизга етказинг. Агар бизга Аллоҳ иззат-икром кўрсатишини истасангиз, бир-бирингизни ҳурмат қилинглар. Бойлар фақирларни икром қилсин. Холи танг бўлган муҳтожларга эътибор беринглар. Ҳеч ким: «Мен фақирларни билмайман, сен биласанми?» деб айтмасин. Уларни қидириб топишингизни Аллоҳ сизга юклаган. Уларни ўз жойларидан ва тор масканларидан қидиринг. Сиз учун берганингизга бериладиган савоб баробарида, қидирганингизга ҳам ажр берилади.
Аллоҳим, сендан ҳидоят, тақво, офият ва беҳожатлик тилаймиз.
Сўзимни Аллоҳнинг ушбу сўзи билан тамомлайман:

Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам, кўрадир.
Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам, кўрадир.
Залзала, 7,8.
(Яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам катта-кичиги бўлмайди. Ҳаммасининг ҳисоб-китоби бўлади, қиёматда жавоб бериш керак. Ҳар доим яхшиликни қилиб, агар у кўзга кўринмас зарра миқдорида бўлса ҳам, ёмонликдан қочиш керак.)

Албатта, молу жонда синовга учрайсиз. Албатта, сиздан олдин китоб берилганлардан ва ширк келтирганлардан кўплаб озор эшитасиз. Агар сабр қилсангиз ва тақво қилсангиз, албатта, бу салмоқли ишлардандир.
Оли Имрон. 186.
(Барча ақида ва даъватларда, албатта, бало-офат ва синовлар бўлиши шартдир. Душманлардан озор эшитиш ва жафо кўриш ҳам бор нарса. Бундай пайтларда сабр-тоқатли, чидамли бўлиш ва Аллоҳ таолога тақво қилиш зарурдир. Чунки бу йўл олий мақсад йўлидир. Жаннат йўлидир. Жаннат йўли доимо тиканлар билан ўралган бўлади. Дўзах эса шаҳвоний ишлар, лаззатлар билан ўралган бўлади.«Тафсир ҳилол»)

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.
Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутий жума хутбаси.
26 февраль 1982 йил.
Шайхонтаҳур туман Эшонгузар жоме масжиди имом хатиби:  Абдуллажон Ғуломов таржимаси.
16 август 2015 йил

Баҳам кўринг

Leave A Reply