Рашк марғубдир

0 1 212

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ рашк қиладир. Мўмин ҳам рашк қилади. Аллоҳнинг рашки мўминнинг Аллоҳ ҳаром қилган нарсасини қилмоғидан келадир», дедилар».

Термизий ва Бухорий ривоят қилишган.

Шарҳ: Рашк аслида шерикчилик мумкин бўлмаган нарсага шерикчилик қилиш оқибатида ҳақ эгасининг ғазаби қўзишини англатади. Кўпроқ эру хотиннинг бир-бирини бошқалардан қизғанишига рашк, деб одатланилган.

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рашк Аллоҳ таолога ҳам хос нарса эканини айтиш билан бирга, мўмин кишида рашк бўлиши зарурлигини таъкидламоқдалар. Аллоҳнинг рашки Ўзи қилмасликни амр этган ҳаром ишлар мўмин киши томонидан қилиниши туфайли келиши ҳам баён қилинмоқда. Яъни Аллоҳ учун тарк қилиниши лозим бўлган ишнинг қилиниши Аллоҳнинг амрини эмас, бошқанинг амрини тутилиши Аллоҳнинг рашкини, яъни ғазабини келтириши турган гаплиги айтилмоқда. Ожиз инсон ўзига тобе одам бошқанинг айтганини қилса, қанчалар аччиғи чиқади, аммо ҳамма нарсага қодир Аллоҳнинг айтганини қилмай, бошқанинг айтганини қилишни ўзига эп кўради.

Никоҳ китоби мавзуига қайтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло рашк қиладиган бўлганидан кейин мўмин киши ҳам рашк қилмоғи лозим. Мўътадил, васваса даражасига ўтмаган рашк яхши сифатдир.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ бандасининг ёки чўрисининг зино қилишини кўргандаги рашкидек рашкни ҳеч ким қила олмайди. Эй Муҳаммад уммати, агар мен билган нарсани билганингизда, албатта, оз кулиб, кўп йиғлаган бўлур эдингиз», дедилар». 

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Аллоҳнинг эркак бўлсин, аёл бўлсин бандадан энг қаттиқ ғазабланадиган ҳолларидан бири-банданинг зино қилиш пайти экан. Албатта, бу улкан жиноят, катта хиёнат фақат бандага нисбатан эмас, балки Аллоҳга нисбатан ҳам қилинган жиноят ва хиёнат ҳисобланишидандир. Аллоҳнинг рашк қилиши ана ўша маънони билдиради. Кишилар зинокор зино қилганида ўз жуфти ҳалолига ёки яқин кишисига хиёнат қилади, ана ўшалар рашк қилиши, ғазабланиши, чора кўриши керак, деб ўйлайдилар. Аллоҳнинг рашк қилиб, ғазабланишини билмайдилар.

Умуман олганда ҳам одамлар кўп нарсаларни билмайдилар, агар билганларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаганлардек, оз кулиб, кўп йиғлар эдилар. Аллоҳ таолонинг розилигини топиб, ғазабини қўзғатмаслик учун ҳаракат қилиш билан машғул бўлур эдилар.

Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу: «Агар хотиним ила бегона эркакни кўрсам, уни қиличнинг тиғидан ўтказар эдим», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саъднинг рашкидан ажабланаяпсизларми?! Мен ундан кўра рашкчироқман, Аллоҳ мендан кўра рашкчироқ», дедилар».

Муслим қилган зиёдада:

«Аллоҳ Ўз рашки сабабидан фоҳиша ишларнинг ошкорасини ҳам, махфийсини ҳам ҳаром қилди. Аллоҳдан кўра рашкчироқ, ҳеч қандай зот йўқ. Аллоҳдан кўра узрни яхши кўрадиган зот ҳам йўқ. Шунинг учун Аллоҳ Расулларни башорат берувчилар ва огоҳлантирувчилар этиб юборди. Аллоҳдан кўра мадҳни яхши кўрувчи зот йўқ. Шунинг учун Аллоҳ жаннатни ваъда қилди», дейилган».

Шарҳ: Аҳли Мадина ансорий саҳобаларнинг раҳбарларидан бўлмиш улкан саҳобий Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу жуда ҳам ғайур рашкчи киши эдилар. Зино тўғрисида, бир эр киши ўз хотинини бегона эркак билан ушлаб олиши тўғрисида гап кетганда, ушбу ҳадисдаги гапни айтиб, ўша зинокор эркакни қилич билан чопиб ўлдиришларини айтганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга ўзлари Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан кўра, Аллоҳ таоло эса У зотдан ҳам кўра рашкчи эканлигини баён қилганлар.

Аммо шундоқ бўлса ҳам на Аллоҳ таоло, на Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинини бегона эркак билан ушлаб олган кишига зинокорларнинг иккисини ёки бирини ўлдиришга рухсат беради! Чунки одам ўлдириш жуда ҳам оғир иш, у бир кишининг гувоҳлиги ёки ҳукми билан бўлиши керак эмас. Агар хотинини бегона одам билан ушлаб олган кишига уни ўлдириш ҳуқуқи берилса, ҳар ким ўзи ёмон кўрган одамни ўлдириб қўйиб, кейин хотиним билан ушлаб олиб ўлдирдим, деб қутулиб кетаверарди.

Бундай ҳолатда ҳукуматга арз қилинади. Агар зино собит бўлса, зинокорларга нисбатан шариатда белгиланган жазо берилади. Зино собит бўлмаса, эр-хотин қасам ичиб, бир-бири билан лаънатлашадилар ва оралари ажратилади. Аммо эр зино тўғрисида арз қилиб туриб, лаънатлашишдан бош тортса, унга туҳматчи сифатида дарра урилади. Бу ҳукмлар кези келганда, иншааллоҳ, батафсил ўрганилади.

Ушбу ҳадиси шарифнинг Имом Муслим келтирган ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учта муҳим ҳикматни баён қилмоқдалар;

1. «Аллоҳ Ўз рашки сабабидан фоҳиша ишларнинг ошкорасини ҳам, махфийсини ҳам ҳаром қилди. Аллоҳдан кўра рашкчироқ, ҳеч қандай зот йўқ».

Аллоҳ таоло бандаларни яратиб, уларга ҳалол-пок яшаш йўлларини кўрсатиб қўйди. Улар ўша Аллоҳ кўрсатган йўлдан юришлари лозим. Аллоҳ шуни амр қилган, шуни хоҳлайди. Энди биров Аллоҳнинг бандаси бўла туриб, бошқанинг йўлидан юрса, албатта, Аллоҳнинг ғазаби келур. Жумладан, жинсий ҳаётда ҳам ҳамма бандалар Аллоҳ кўрсатган йўлдан юришлари лозим. Бўлмаса, Аллоҳ таолонинг рашки келади. Ана ўша рашки туфайли, бандаларим рашкимни келтирмасинлар, деб ошкораю махфий барча фоҳиша ишларни ҳаром қилган.

2. «Аллоҳдан кўра узрни яхши кўрадиган зот ҳам йўқ. Шунинг учун Аллоҳ Расулларни башорат берувчилар ва огоҳлантирувчилар этиб юборди».

Бандалар Расулларнинг айтганларига юриб, Аллоҳга тавба қилиб узр айтсалар, ўзларига башорати берилган жаннатга эришадилар ва огоҳлантирилганлари дўзахдан қутуладилар.

3. «Аллоҳдан кўра мадҳни яхши кўрувчи зот йўқ. Шунинг учун Аллоҳ жаннатни ваъда қилди».

Демак, Аллоҳ ваъда қилган жаннатга эришиш учун У зотга мадҳ–ҳамду сано айтиш лозим экан. Бу Аллоҳ таолога ибодат қилиш, шукр қилиш ва У зотни зикр қилиш билан бўлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мўътадил рашк–яхши нарса, бу сифат Аллоҳнинг, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва ҳақиқий мўмин-мусулмонларнинг сифатидир.

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply