Рамазоннинг менинг ҳаётимга таъсири (танлов учун 1- мақола)

0 482

Рамазоннинг менинг ҳаётимга таъсири.

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва боракатуҳ. Бутун мавжудотни яратган ва биз инсонларни Ўзининг Буюк китоби Қуръони каримида: «Дарҳақиқат, биз бани одамни (одам болаларини) мукаррам қилиб қўйдик» дея мақтов ила яратган Аллоҳ Таолога ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбарларнинг энг сўнггиси ва уларнинг энг афзали, Аллоҳнинг энг суюкли бандаси бўлмиш Пайғамбарларимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга салоту саломлар бўлсин. Ҳар бир кун ва ҳар бир ой Аллоҳнинг кунидир.  Лекин Аллоҳ таоло бу кунларнинг баъзиларини баъзиларидан фазилатли қилиб қўйди. Буларнинг орасида Рамазон ойи биз мусулмонлар учун энг қувончли, интизор бўлиб кутиладиган ойдир.

Аллох таоло Ўз бандаларига маълум яхшилик кунларини рахмат килиб берди. Бу кунларда уларнинг солих амаллари бир неча баробарга кўпаяди, гунохлари кечирилади, даражалари зиёда бўлиб, калблари Ўз хожаларига кўпрок якинлашади. Инсонлар ўзларини поклаб саодатга эришадилар ёки ўзларини булғаб, ғафлатда колиб барчасини бой берадилар. Саҳл ибни Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Жаннатда саккизта эшик бўлиб, ўларнинг орасида «Райён» деган эшик бор. У эшикдан фақатгина рўзадорлар киради» (Муттафақун алайҳ). Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Бақара сураси 186-оятида марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз» ва яна: «Рамазон ойи — унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган. Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин» деган. (Бақара сураси 185-оят). Аллоҳга ҳамд бўлсинки, мана Рамазон ойи ҳам кириб келди. Бу кунда Осмон эшиклари очилур, жаҳаннам эшиклари ёпилур, шайтонлар кишанланур. Бу ойда ҳар қанча дуо қилсак ҳам дуоларимиз ижобат бўлур инша Аллоҳ. Рўза Аллоҳ таолога қилинган ибодатдир, улкан аҳлоқдир, унда мўмин инсон кўпгина ҳислатларга эга бўлади. Рўза нафс балосига қарши жиҳоддир. Ҳозирги кун олимлари ҳам рўза тутиш айнан соғлиқ учун ниҳоятда фойдали экани ҳақида таъкидлашмоқда. Рўза турли касалликларга шифо бўлиши билан бирга, киши баданидаги тўпланиб қолган турли кераксиз моддаларни кетказади. Бу ойда Аллоҳ таоло доимо мени кузатиб турганини ҳис қиламан, бу ой мен учун қувончу шодликлар, қалбимга тақволар олиб келадиган ойдир. Рамазон ойида нафсимни мутлоқ тийиб, сабрни ўзимга ҳамроҳ қиламан. Кўзларим фаҳш ва мункардан боғланиб, ғийбат ва бўҳтондан тилларимни тияман.  Рамазон ойи мен учун барча ойдан ҳам яҳшироқдир. Рамазонда Аллоҳнинг мағфират этган қулларидан бўлиш учун жон-жаҳдимиз ила ҳаракат қиламиз, бор кучимиз билан интиламиз! Чунки, Аллоҳ бизни бир ҳисоб қилса, ҳолимиз хароб, Мағфират қилса, қандай бахт. Рамазон ойини қанча эҳтиром қилсак, қанча севсак ва унда қанча ғайрат қилсак, шунча оз. Шундай гўзал бир ойга етишиб турибмизки, Аллоҳга ҳамду санолар айтмасликнинг иложи йўқ! Аллоҳ таоло Рамазон ойида барча нарсаларни бизларга барокотли қилиб берган. Рўза жасадга ҳам, руҳга ҳам файз бағишлайди, уни қайта тирилтиради. Моддий ва маънавий зарарлардан муҳофаза этади. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади: «Албатта, Биз у (Қуръон)ни Лайлатул Қадрда туширдик» (Қадр сураси, 1-оят). «Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир» (Қадр сураси, 3-оят). Бизни тўғри йўлга бошловчи, саодат  сари етакловчи Қуръони карим мана шундай улуғ ойда нозил бўган.  Аллоҳ таоло ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг ажру савобидан кўра яхшироқ ажру савоб беришидан умидвормиз. Бу ойда ихлос, самимият ила тавба қилсак, гуноҳларимиз кечирилади, дуолар қилсак, ижобат бўлади, иншоаллоҳ! Ҳатто фаришталар ҳам бу ойда Аллоҳнинг махсус фармонини бажариш учун ерга тушадилар. Рамазон ойини, рамазон рўзасини, Қадр кечасини буюк бир муҳаббат ва айрича ҳурмат билан кутиб оламан. Бу ойда хатми Қуръон, таровиҳ ва ифторликлар мусулмонларни янада жипслаштиради, уларда меҳр-оқибат, дину диёнат туйғуларини жунбушга келтиради.  Бу муборак кунларда дуо қилайликки, Аллоҳ тушларимизда бизга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни кўрсатсин. «Рамазонинг қабул бўлди, фарзандим», – дея Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган илтифотини Аллоҳ барчамизга насиб айласин! Бизларни шод айлаб, йўлида  интизор қилган Раҳмат ойи бўлмиш Рамазон барчамизга ҳайрли бўлсин. Аллоҳ таоло бу муборак ойга етказганига шукрлар бўлсин. Рамазон ойини чиройли бир суратда, ибодатда ўтқазишни насиб этсин. Инша Аллоҳ. Тутадиган рўзамиз билиб-билмай қилган гуноҳларимизга каффорот бўлсин. Рамазон ойи барча мусулмонларга муборак бўлсин. Аллоҳ барча мусулмонлардан рози бўлсин.  Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Зайнаб Закия.

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply