Рамазонни қандай кузатамиз?

0 1 037

     Яна бир Рамазонга етказиб, бизга марҳамат кўрсатган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амаллар уларнинг охирига (якунига) кўра баҳоланишини айтиб ўтганлар. Ҳайит байрамига тайёргарлик кўрар эканмиз, бу муқаддас ойни ҳурматини жойига қўйиб кузатаётганимизга амин бўлишимиз керак.

Тавба

Бу ойни биз Аллоҳ таолога ҳокисорлик ва тавба мақомида юзланган ҳолда кузатамиз. Ундан мағфират тилаймиз ва тавба қиламиз, чунки амалларимиз нуқсонли эканини тан оламиз, нафсимизга ва атрофимиздаги одамларга етказган зарарларимизни тан оламиз.

Аллоҳга тавба қилиш Аллоҳ таоло бизни солиҳ амалларга ҳидоят қилганининг бир белгисидир, аммо биз ҳали У тавбамизни қабул қиладими, йўқми, билмаймиз. Бир ишни Аллоҳдан мағфират сўраш билан якунлаш суннатлардан биридир. Биз намозларимиздан сўнг, турли мажлисларни якунлаётган пайтда мағфират сўраймиз. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Макка фатҳидан сўнг ҳам мағфират сўрашни ва тавба қилишни буюрган.

Шукр

Биз бу ойни Аллоҳ таолога шукр қилган ҳолимизда кузатамиз. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «…Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки шукр қилсаларингиз». (Бақара, 185)

Биз Аллоҳ таолога бу ой давомида тортиқ этган ҳар бир неъмати учун шукр келтирамиз. У бизни ибодат қилувчилардан қилди, рўза тутиш, намоз ўқиш ва солиҳ амалларни қила олиш учун соғлик ва тоқатни берди.

Шукр келтириш Қуръон ва Суннатда мақталган мўминларнинг фазилатларидандир. Мўминлар ҳатто Жаннатга кирганда ҳам: «Бизни шунга ҳидоят қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, агар Аллоҳ бизни ҳидоят қилмаганда, ўзимиз йўл топа олмас эдик. Роббимизнинг элчилари ҳақни келтирдилар», дейдилар. (Аъроф, 43)

Шукр қилиш ва миннатдор бўлиш мўмин одамни камтарликка, ҳокисорликка чақиради. Аллоҳнинг раҳмати билангина ҳозирги неъматлар бизга берилди.

Такбир

Бу ойни Аллоҳ таолони бизни ҳидоят қилган нарсаси учун улуғлаш билан кузатамиз. Аллоҳни улуғлашнинг энг яхши йўли Унга такбир айтишдир. Ҳайит кечасидан бошлаб Ҳайит намозига қадар Унга такбир айтамиз: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Ла илаҳа иллаллоҳ. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд». Бу бизга Аллоҳдан кўра қудратли Зот йўқлигини эслатиб туради.

Ўзгариш учун ният

Биз бу ойни рўза тутишни тўхтатмаслик, намозларимизда ва солиҳ амалларимизда бардавом бўлиш нияти билан кузатамиз. Рамазон бизга бутун йил давомида маънавий қувват бериб турадиган ўзгариш ойидир. Рўза тутиш ва ибодатда қоим бўлишнинг фазли Ҳайитни нишонлаш билан тугаб қолмайди, балки Ҳайит Рамазонда бошлаган яхши одатларимизда давом этишимиз учун янги саҳифани очиб беради. Биз Қуръон ўқишда, Душанба ва Пайшанба кунлари ёки оқ кунларда рўза тутишда, тунлари таҳажжудда қоим бўлишда бардавом бўла оламиз.

Биз тунги намознинг, дуога қўл очишнинг, узун давом этган кундан кейин рўзани очишнинг, бировга садақа бериб, қувонч улашишнинг ширин таъмини тотиб кўрдик. Шундан кейин ҳам қандай қилиб итоатсизликка, солиҳ амалларни тарк қилишга киришамиз?

Ҳайит намозидан кейиноқ эски ёмон одатларга ғарқ бўлишдан сақланинг! Аллоҳ таолодан ибодатда ва солиҳ амалларда собитқадам қилишини сўранг. Рамазон сизни тарк этгани билан бу ойни яратган Зот сизни тарк этмайди! Унинг сиз учун тайёрлаб қўйган ажрлари эса абадийдир.

Умму Абдуллоҳ

Баҳам кўринг

Leave A Reply