Рамазон танлови

0 377

— Ойижон, қаранг, ой юм-юмалоқ бўлиб тўлибди. Рамазоннинг ярми дарров ўтиб кетибди-я. Бир йил кутган Рамазонимиз бунча тез ўтиб кетмаса…
— Ҳа, жуда тез ўтяпти. Айтгинчи, нима сабаб Рамазонни бунча яхши кўрасан? — қизимнинг фикрини билиш учун сўрайман.
— Бу ой жуда бошқача-да, кундузлари ҳам, тунлари ҳам қандайдир файзли. Ҳаммамиз биргаликда саҳарлик, ифторлик қиламиз, Қуръон ўқиймиз, акаларим билан фақат мулойим гаплашамиз. Бошқа вақтларда доим ҳам ҳаммамиз дастурхон атрофида бирга бўлмаймиз-ку. Акаларим таровиҳ намозидан келишгач, «имом бундай деди, бугун бу суралар ўқилди», деб гапириб беришлари жуда ҳам мароқли. Рамазондан бошқа вақтда бундай суҳбатларни топиш қийин. Ҳар куни Хадича опоқига ифторлик олиб чиққанимда йиғлаб дуо қилганларида менинг ҳам кўзимдан ёш оқади, аммо йиғласам ҳам бу менга ёқади. Хадича опоқи хурсанд бўладилар-да…
Қизимни Рамазон ойи ҳақида тўлқинланиб гапиришини эшитиб, хурсанд бўламан. Шу ёшда ўзимнинг Рамазон ҳақидаги фикрларим қандай эди? Ўйга толаман…
Рамазон рўзасини болалигимдан тутаман. Раҳматли бувим «ҳали сенларга фарз эмас, шундай бўлса ҳам тутинглар, ўрганасизлар», деб рўза тутишга ундардилар. Қадр кечасида ушлаган нарсамиз тиллага айланиб қолишини истаб, кечаси билан осмонга тикилиб, “лайлатул қадр” номли қушнинг учиб ўтишини кутганларимиз… Йиллар ўтган сари Рамазон ойининг моҳиятини янада кўпроқ англаб етаман. Қадр кечаси ҳақидаги болалик тушунчаларимни эслаб, кулгим келади. Аммо шу кечани ибодат билан бедор ўтказиб, минг кечада қилинган ибодат савобини топиш, дарҳақиқат, олтинга тенг эканини тушуниб етаман. Ҳар йил, «балки бу охирги Рамазонимдир», деб кўпроқ вақтдан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан. Кўпроқ вақтимни фарзандларим билан биргаликда Қуръон ўқиб, нафл намозлар ўқиб, зикру тасбеҳлар билан банд қиламан. Хонадонимдаги ҳар бир ҳолат Рамазон ойи кирганидан дарак бериб туради. (Қизимнинг мулоҳазаси шундан).
Бу ойнинг аввали Аллоҳнинг раҳматига, авсати мағфиратига, охири эса дўзахдан халос бўлганлар сафидан ўрин олишга эришишга имкондир.
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ишониб ва мукофотини Аллоҳдан умид қилиб Рамазон рўзасини тутса, ўтмиш гуноҳлари кечирилади”, деганлар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Аллоҳимнинг раҳматига, мағфират қилишига ишонч билан рўза тутамиз ва кун сайин жисмимизда енгиллик туямиз, елкаларимизни босиб турган гуноҳларимиз тўкилиб бораётганини ҳис қиламиз. Кун бўйи ташналик, очликдан чарчоқни эмас, роҳатни, фараҳни сезамиз. “Ўтмиш гуноҳлари кечирилади”… Нақадар ҳузурбахш мужда! Бундай имкониятдан фойдаланмаслик мумкинми?!
Мўминлар онаси ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бошқа ойларда қилолмаган (ибодат)ларини Рамазон ойида астойдил бажарардилар. Рамазон ойида адо этолмаган (ибодат)ларини охирги ўн кунликда бажарар эдилар” (Имом Муслим ривояти).
Жоним фидо бўлсин сизга, Расулуллоҳ! Аввалу охир гуноҳлари авф қилинган Аллоҳнинг сиздек ҳабиби бу ойда шунчалик ибодат қилсангиз, биз гуноҳкор умматларингиз нега Рамазонни ғафлатда ўтказайлик?! Нега шайтонлар занжирбанд қилинган бу ойда ашаддий душманимиз бўлган нафсимизни ибодатлар билан енгмайлик?!
Рамазоннинг ҳар кечасида Аллоҳ таоло дўзахдан озод қиладиган одамларни танлайди. “Ё, Аллоҳ, шу кечалардан бирида мени ҳам, ота-онамни ҳам дўзахдан озод бўлганлар рўйхатига киритгин” деб ибодатларга зўр берамиз. Яна келаси Рамазонгача етиши учун ўн бир ойга етгулик қувватни шу ойда тўлдириб олиш учун сониялармизнинг ҳам бекор кетишини қизғанамиз.
Аллоҳим, бизни Рамазонга етказиб икром қилдинг, бу ойда қилган ожизона ибодатларимизни қабул қилиб, бизларни хушнуд қил!
Бу ойда қалбларимизни банд этган сурур — ибодат лаззати йил бўйи бизни тарк этмасин. Бу ойда юртимизга, хонадонларимизга ёғилган файз, раҳмат, барака келаси Рамазонгача сақланиб қолсин.
Қуръон ойи, баракот, раҳмат, мағфират ойи, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, жаннатга эришиш ва дўзахдан озод бўлиш ойи — Рамазондан гуноҳлардан ҳоли бўлиб, иймонимиз, тақвомиз тобланиб чиқишини барчамизга насиб этсин!
Муножат.

Баҳам кўринг

Leave A Reply