Алҳамдулиллаҳ, Рамазон келди

0 916

   

Алҳамдулиллаҳ, Рамазони шариф келди. Энди дам оламиз. Гуноҳлардан дам оламиз, тинмасдан овқат ейишдан дам оламиз. Ва бошқа жуда кўп нарсалардан дам оламиз. Кўзимиз ногоҳон тикилиб қолувчи зинодан дам олади. 

Телевизор пультини қўлимизга олиб, каналдан каналга олар эканмиз, аввал бўлгани каби беҳаё кадрларда тўхтамаймиз. Рўзам очилиб кетади, деб тез-тез ундан ўтиб кетамиз. Кўчада ярим яланғочларни кўриб, нигоҳимизни ерга қадаймиз, мўминлигимиз ёдимизга тушади.

Ҳатто аёл кишининг аёл кишига қараши мумкин бўлмаган ерларини кўрсатиб юрганларни кўриб, ғашимиз келади. Нигоҳларимиз ҳаромдан ва зинодан дам олади. Кимдир бировни ғийбат қила бошласа, мен рўзаман, деймиз. Ва бу суҳбатдан узоқлашамиз. Қулоқларимиз гуноҳлардан дам олади.

Кимнидир сўкмоқчи ёки қарғамоқчи бўлсак, мен рўзаман, деймиз ва бу фикрдан қайтамиз. Тилимиз гуноҳлардан дам олади. Бирор иш юзасидан ёлғон гапиришга тўғри келаётган бўлса, ростини айтиб қўя қоламиз. Чунки рўзадормиз. Яна очилиб кетмасин, деймиз.

Ростини айтиб, ерга гуноҳкорона тикилиб турамиз. Чунки айбдормиз. Бошқа пайт бўлганда ажойиб ёлғонни тўқиб, бу вазиятдан ютиб кетардик. Аммо бугун ютқазсак ҳам майли. Чунки рўзадормиз. Билмаймизки, аслида бугун ютдик, ростини айтдик. Ютган бўлиб кўринган ўша сафарда эса ютқазган эдик, чунки гуноҳларимиз кўпайган эди.

Яна ошқозонимиз дам олади. Истайдими ёки йўқми ҳар икки уч соатда мажбур ейдиган турфа овқатлардан, кимёвий моддалар билан «боқилган» турфа газли ичимликлардан, «Е моддаси»нинг турли хиллари билан тўйинтирилган фаст фуддан дам оламиз.

Чунки саҳарлик соат учда. Бу вақтда гамбургер ёки лаваш олиш имконсиз, ифторлик эса, одатда, ҳар куни қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар даврасида, уйда. Рамазоннинг биз билган ва билмаган фойдалари ҳали талай. Санайверсак китоблар ҳам етмаса керак.

Юртимизга кириб келган муборак ойнинг ҳар бир куни учун алҳамдулиллаҳ! Ҳар бир соати, дақиқаси учун шукрлар бўлсин! Чунки биргина ибодатимизга берилажак ўн баробар савоб бу ойда ҳар доимгиданда кўпроқ бел боғлаб, ибодат қилишга чорлайди бизни.
Аллоҳ таоло бу ойда бажаражак ибодатларимизни ўз даргоҳида қабул айласин! Омин!

Баҳам кўринг

Comments are closed.