Қора дона ўлимдан бошқа ҳар бир дардга даводир

0 7 529

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қора дона ўлимдан бошқа ҳар бир дардга даводир», дедилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган

Арабча матнларда «ал-ҳабба ас-савдаа» номи ила зикр қилинган нарсани биз сўзма-сўз «қора дона» шаклида таржима қилдик. Чунки ушбу «қора дона» нима экани ҳақида уламоларимиз кўп тортишганлар. Кўпчилик уни «шунбиз» номли қора рангли дона эканини таъкидлаган. Аслида, у қорамтир яшил бўлар экан-у, лекин кўпчилик қора сифатини айтишга одатланган экан. У «қора зира», «ҳинд зираси» деб ҳам аталар экан. Бизда «седана» ҳам дейилади. Табобатда седананинг ўрни бошқача. Седана инсон танасидаги иммунитет тизимини қувватлантиради ва бир қанча касалликларни даволашга сабаб бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Седанада ўлимдан бошқа ҳамма касалликларга шифо бордир» (Маснад Аҳмад) ҳадиси шарифи билан унинг нақадар шифобахшлигини айтиб ўтганлар. Ибн Сино эса «Седана – вужуд энергиясини тузатади, касалликлардан йўқ бўлган бактерияларни тиклайди», дея қайд этган. Седана  ўз шифобахш хусусияти билан оғир таомларни ҳазм қилишга ёрдам беради. Ота-боболаримиз унинг бу хусусиятини яхши билган бўлсалар, не ажаб.

Ислом инсоннинг табиатига мукаммал тарзда тушган диндир. Мусулмон сўзининг маъноси эса «таслим бўлиш»ни билдиради. Ислом буюрган ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга суннат қилиб қолдирган амаллар бизнинг ҳам руҳимизни, ҳам соғлиғимизни соғлом сақлашга хизмат қилади. Худди шундай 15 аср аввал шифобахш хусусиятлари айтиб ўтилган седана ҳам бугунга келиб буни илмий тасдиқлар билан исботламоқда.

1959 йилда турли ҳалқаро университетларда 200 дан ортиқ тадқиқотлар олиб борилди. Тадқиқот натижалари ҳайратланарли эди ва турли илмий журналларда чоп этилди.1989 йил Покистон табобат журналида қора седананинг хусусиятлари ҳақида мақола эълон қилинди. 1992 йилда эса Дакки (Бангладеш) тиббиёт университети департаменти седананинг антибактериал хусусиятлари 5 антибиотик: ампицилин, тетрациклин, катромокзазол, гентамицин ва налидикс  кислотасининг таъсирлари билан солиштириб кўрилди. Олинган натижалар таҳсинга лойиқ – қора седана ёғи кўпгина бактерияларга қарши самаралироқ ишлаши ва ундан ташқари тиббиёт препаратларига қаршилик кўрсатиши кучли бўлган вабо, е-коли (хом гўштларда учрайдиган инфекция тури) ва бошқа касалликларга таъсир қиларди.

Табобатда седананинг уруғи ва ёғидан фойдаланилади.

Таркибида тана учун керакли моддалар мужассам. Унинг тухуми таркибида 38 % гидрокарбонат, 35 % турли ёғлар, 21% альбумин (турли оқсиллар) бор. Қолган 6 % да эса юздан ортиқ фойдали моддалар мавжуд.

Инсон танаси ёғни ишлаб чиқара олмагани учун уни ташқаридан олишга мажбур. Бир грамм седана инсонга зарур кунлик ёғ эҳтиёжини қондира олади. Шифокорлар седанани истеъмол қилиш йўлининг энг унумлиси уни эзиб ейиш эканлигини таъкидлашади. Седана иммунитет тизимини мустаҳкамлаб, рак, ОИТС каби касалликларга қарши тавсия этилади. Қон босими, иситмани тушириши ва табиий антибиотик каби таъсир кучларига эга.

Шунингдек, тана тизимининг нормал ҳолига келиши учун седанани 4-6 ой истеъмол қилиш тавсия этилади. Ва яна баъзи шифокорларнинг тавсиясига кўра, седанани маълум бир муддат эмас, умр бўйи истеъмол қилиш яхшироқ, чунки инсон бир умр соғлом танага муҳтож бўлади.

Седананинг қайси касалликларга шифо эканлигини қисқача санаб ўтсак.

Седана куч ва энергия берувчи, иммунитетни кўтарувчи, асаб тизими касалликлари, ички яралар (язва), гижжа, аёллардаги оғриқли ва анормал ҳайз цикли, рак касалликлари, нафас олиш йўллари касалликлари, кўнгил айниши ва қайт қилиш, бўйрак ва жигар касалликлари, бош ва тиш оғриғи, шамоллаш, кўз хасталиклари, юрак, ошқозон касалликларига даво сифатида қўлланилади. Танани умумий мустаҳкамлаш учун овқатдан сўнг 1 чой қошиқ қора седана (кунлик миқдор, бундан кўпайтириш тавсия этилмайди) истеъмол қилинади.

Седана ёғи шунингдек она сутини ҳам кўпайтиради.

Қора седана ёғи соч ўсишини яхшилайди ва сочларнинг эрта оқаришини олдини олади. Ҳомиладорлик вақтида истеъмол қилишда эҳтиёт бўлиш лозим.

Фойдалари:

Микроб, вирус ва турли замбуруғли (грибковые) вирусларга қарши нобуд қилувчи таъсирга эга.

Қондаги шакар миқдорини туширади.

Томир касалликларига тўсқинлик қилади.

Ҳазмни қулайлаштиради.

Вужудни заҳарлардан тозалайди.

Яраларни тузалишига ва ҳужайраларни янгиланишига ёрдам беради.

Аллергик касалликларга фойдали.

Иммунитет тизимини кучайтиради.

Гормонал тизим ва руҳ ҳолини соғломлаштиради.

Болаларда асаб ва тери касалликлари, астма ва аллергияда тавсия этилади.

Қўллаш услублари: Касалликларни олдини олиш мақсадида эрталаб ва кечқурун оч қоринга овқат ейишдан 15-20 дақиқа олдин 1 чой қошиғи янги янчилган седана ейиш керак. 6 ой мобайнида истеъмол қилиш керак.

Қон босими баландлиги учун: Наҳорда ва кечқурун оч қоринга овқатдан 15-20 дақиқа аввал 1 чой қошиғи седана ва қоврилмаган кунжут билан биргаликда янчилиб ейилади. Муолажа 6 ой давом этиши керак.

Седана чойи: Доим ичиб юрилиши керак бўлган чой. Бир стакан қайноқ сувга 1 чой қошиқ янги янчилган седана солинади, сўнгра усти ёпилиб 10 дақиқа тиндирилади. Сўнгра сузиб олиниб ичилади. Бир кунда 2-3 стакан ичиш мумкин.

Астма ва йўталда: Кўкрак қафаси седана ёғи ва зайтун ёғи аралашмаси билан уқаланади. ¼ миқдорини тил остида ушланади.

Ич кетиши: 1 чой қошиқ седана ёғини бир пиёла қатиқ билан аралаштирилади. Бу аралашмани 3 кун мобайнида кунига 2 марта истеъмол қилинади.

Бош оғриғи: 1 ошқошиқ янчилган қора седана, 1 ошқошиқ янчилган анис, 1 ошқошиқ янчилган қалампирмунчоқ (гвоздика) овқатдан аввал 1 чой қошиқдан истеъмол қилинади. Қоришмани ютиш учун енгил бўлгунга қадар оғизда ушланади. Сув билан истеъмол қилманг!

Ревматизм: Бироз миқдорда зайтун билан аралаштирилган седана ёғи қиздирилади, ва оғриқ бор жой бу аралашма билан уқаланади. Шунингдек уйқуга ётишдан аввал асал қўшилган седанали чой ичилади.

Тери касалликларида: 1.5 чой қошиқ седана ёғи 1 ошқошиқ зайтун ёғи билан аралаштирилади. Ҳосил бўлган аралашмани юзга суриб 1 соат терида қолдирилади. Сўнгра совун билан ювиб ташланади.

Бош айланиши: Седанали чой ичиш тавсия этилади. Шунингдек юз таги ва бўйин орқасига сурилади.

Қулоқ оғриганда: Қулоқ оғриқларида ва инфекцион касалликларда қора седана ёғи қулоққа томизилади.

Тўлғоқ тутганда: Тўлғоқ оғриқларини енгиллатиш учун седанани қиздириб, сўнгра асал солиб ичиш тавсия этилади.

Рак касалликларида: Седана ёғини шикаст етган жойга сурилади. Кунига 3 марта 1 чой қошиқ седана ёғи ва 1 стакан янги чиқарилган сабзи суви (ичишдан аввал чайқатинг) ичиш керак. Бу ичимлик 3 ой давомида ичилади.

Хотирани яхшилаш учун: Ялпизни қайнатиб олиб ва сўнгра уни асал ва 7 томчи седана ёғи билан аралаштирилади. Иссиқ ҳолатда хоҳлаган пайтингиз ичасиз. Шунингдек чой ва кофе ичишни камайтиринг.

Дангасаликка қарши: 10 томчи седана ёғини бир стакан апельсин соки билан биргаликда истеъмол қилинг. Диққат: Эрталабки намоздан сўнг ухламанг!

Седананинг янчилган ва асал билан аралаштирилган аралашмаси буйрак ва ўт пуфагидаги тошларни эритишда ёрдам беради.

Ибн Абу Атийқ розияллоҳу анҳу бир беморнинг олдига кирди ва: «Сизлар мана бу қора доначани лозим тутинглар. Ундан беш ёки олти дона олиб, майдалаб туйинглар. Сўнгра унинг бурнига зайтун ёғи билан мана бу тарафга, мана бу тарафга томизинглар. Оишанинг менга айтишича, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, мана бу қора донада сомдан бошқа барча дардга шифо бор», деганларини эшитган экан», деди. «Сом нима?» деган эдим. «Ўлим», деди». Бухорий ривоят қилган.

Манба:

«Ҳадис ва Ҳаёт»

18 жуз «Тиб ва дам китоби»

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

ва

www.uz.islambio.com

Баҳам кўринг

Comments are closed.