Қизлар тарбиясидаги асосий нуқталар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Almoslim.net дан эркин таржима

Кўпчилик ота-оналар қизлар тарбияси билан шуғулланишдек улкан масъулиятнинг, олий вазифанинг аҳамиятини тўлиқ англаб етмайдилар. Зеро, агар бу вазифани гўзал тарзда адо этсалар, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан савоб ва ажр олиш билан билан бир қаторда мусулмон жамиятининг ахлоқи ҳамда қадриятларини муҳофаза қилган бўлардилар.

Анас ибн Моликдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким икки қизни балоғатга етгунча боқиб катта қилса, мен билан бирга жаннатга мана бундай бўлиб киради», дедилар ва бош ҳамда ундан кейинги бармоқларини бирлаштириб кўрсатдилар.

Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кишининг иккита қизи бўлса, у иккисининг суҳбатини яхши қилса ёки иккисига яхши соҳиб бўлса, икковлари уни, албатта, жаннатга киритади», дедилар.

Шундай экан, бу улкан ажрлар ота-оналарнинг қизлар тарбиясига катта эътибор ва алоҳида эҳтимом билан ёндашишга ундайди, хоссатан, тарбияда нуқсонга йўл қўйсак, бу инсон ва жамият учун қанчалар салбий оқибатларга олиб келишини идрок этсак, масаланинг моҳиятини англагандек бўламиз.

Баъзи кишилар ўғил болалар ва қизларнинг тарбиясига бир хилда тенг ёндашиб, бу ишга енгил қарайдилар, унинг аҳамиятини паст баҳолайдилар. Ҳаттоки осонроқ, алоҳида жидду-жаҳд қилиш шарт эмас, деб ҳисоблайдилар. Баъзилар эса қизлар билан муомала қилишда қаттиққўллик, қўполлик ва босим ўтказиш усулини афзал биладилар, гоҳида иш уларни уриш, баъзи нарсалардан маҳрум қилиш каби турли руҳий ва жисмоний зўравонликлар кўрсатиш даражасига ҳам етади. Афсуски, баъзида бу салбий ҳолатлар авлоддан авлодга мерос бўлиб қолади.

Қизлар тарбиясида қуйидаги нуқталарга эътибор қилишимиз лозим:

  • Қизларни тарбиялаш мусулмон киши учун улкан шарафдир, чунки бу билан у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашган бўлади. Зеро, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт қизнинг отаси бўлганлар, уларга гўзал тарбия, одоб берганлар. Бу тарбиянинг мевасини саййида Фотима розияллоҳу анҳонинг мисолларида яққол кўришимиз мумкин. Имом Бухорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотидан аввалги: «Жаннат аҳли аёлларининг саййидаси ёки мўминлар аёлларининг саййидаси бўлишдан рози бўлмайсанми?» сўзларини ривоят қилган.
  • Қизлар нозик, нафис, латиф ва заиф қилиб яратилгандир. Улар билан баъзи оталар ўғил бола фарзандларига қилганларидек қўпол ва қаттиққўл муомала қилиш ярамайди. Зеро, қизлар зебу зийнат, гўзалликлар ичра улғайган, тортишиш, хусумат қилиш қўлидан келмайдиган нозик махлуқотлардир. Аллоҳ таоло мушрикларнинг фаришталар Аллоҳнинг қизи, деган эътиқодларини рад қилиб: «Зебу зийнат ичида ўстириладиган ва хусумат пайтида очиқ-ойдин бўла олмайдиган кимсаними?!» дея марҳамат қилди (Зухруф сураси, 18-оят). Шундай экан, қизлар тарбиясида уларнинг нафосатларига, Аллоҳ яратган хилқатларига муносиб бошқа воситаларни қўллаш лозим.
  • Баъзи оталар қизлар тарбиясидаги вазифалари фақатгина кийим-кечак, еб-ичиш ва керакли мол билан таъминлашдан иборат деб ўйлайдилар. Ташвишли вазиятларда, қиз ота-онага қарши чиққанда ёки ҳаром ишга яқинлашган пайтда тарбия масъулиятини биргина онанинг елкасига юклайдилар ва ўзларини зиммаларидаги ишни адо этган ҳисоблайдилар. Биз фарзандлар тарбиясида онанинг ўрни нақадар муҳимлигини инкор қилмоқчи эмасмиз. Балки ҳар бир қиз ўз ўрнида отанинг елкасига ҳам муҳтожлигини таъкидламоқчимиз. Негаки, қизлар тарбияси ота ва онанинг биргаликдаги муштарак амалиётидир.
  • Болалигида қизлар асосан онанинг эътиборига муҳтож бўлади. Бироқ балоғатга етиб, улғайгани сари кейинги ҳаётини тўғри йўлга қўя олишда отаси билан муносабатлари ҳам муҳим аҳамият касб эта боради. Агар ота оталик вазифасини бажаришдан қочса ёки ўз масъулиятини англаб етмаса, у қизининг ҳаётидаги энг катта руҳий синишга сабаб бўлиши мумкин. Натижада унда ички ғалаёнлар пайдо бўлиб, уни ёмон ишлардан Аллоҳдан бошқаси тўхтата олмайди.
  • Тарбия қилувчилар қизларнинг энг яхши мураббийи бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кичик қизлар билан қандай муомала қилишни ўрганадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари тириклайин кўмиб юборилган жамиятда барча эркаклар учун ҳақиқий ўрнак бўла олдилар.

«Саҳиҳи Бухорий»даги ривоятда Умму Холид бинти Холид ибн Саъид болалигида бўлиб ўтган, шахсиятига таъсир қилган қуйидаги воқеани ҳикоя қилади: “Мен отам билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. Эгнимда сариқ кўйлагим бор эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ованраҳу, санраҳу», дедилар. Ровий айтади: “У ҳабаший тилида: «Вой, бунинг чиройлилигини, вой, бунинг гўзаллигини...», деган маънодадир”. Қизча айтади: “Мен бориб у кишининг нубувват муҳрларини ўйнай бошладим. Отам мени уришиб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қизчани ўз ҳолига қўй», дедилар. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кийимингни кийиб эскиртиргин, сўнгра бошқа кийимингни кийиб эскиртиргин, сўнгра бошқасини кийиб эскиртиргин», деб дуои хайр қилдилар».

Зотан, қиз бола жуда кичиклигидан бошлаб гўзалликка мойил, мақтовни яхши кўрадиган, мақтов эшитса, хурсанд бўладиган қилиб яратилган. Чиройли сўзлардан у таъсирланади, юмшоқ, итоаткор, насиҳатни қабул қиладиган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам унинг кийимларининг чиройли эканини эътироф этдилар, унга ўзи тушунадиган тилда хитоб қилдилар (ота-онаси қизалоқни ҳижратда, Ҳабашистонда катта қилган эдилар), кураклари устида ўйнашига қўйиб бердилар, унинг эркалигига қаршилик қилмадилар. Сўнгра унга узоқ умр сўраб дуо қилдилар, келажакда отасининг паноҳида ва ҳифзида бўлиши, ғам чекмаслиги, истаган кийимини эскиртириб кийиши ва отаси унинг учун барча нарсага масъул бўлишининг хабарини бердилар.

  • Қизларга хос хусусиятлардан яна бири уларнинг заифалигидир. Улар ҳамиша суянчиққа муҳтож бўладилар. Қиз боланинг энг биринчи суянчиғи унинг отасидир. Ташвишли кунларда қиз бола учун, ҳаётининг қайси даврида бўлмасин, ота уйи ишончли бошпана бўла олади. Шундай экан, ота ўз қизи учун моддий эминликдан ҳам аввал руҳий эминликни таъминлаши лозим. Агар ота бу борада камчиликка йўл қўйса, қиз хотиржамлик ва хавфсизликни оиласи бағридан топа олмай, ташқаридан излай бошлайди. Бу ҳолатда содда қизлар гапга уста, устамон, муғомбир, фосиқ ва виждонсиз кишилар чангалига тушиб қолиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Фурсат бой берилгач, ота ўзидан бошқани маломат қилмасин, чунки унинг ўзи тутган йўли билан қизининг ўзгаришига сабаб бўлди.
  • Балоғат даврида қиз болада барчага маълум бўлган руҳий ва жисмоний ўзгаришлар рўй беради. Кўп оталар бу даврда қизларига фақат фиқҳий ҳукмларни ўргатиш ташвишига тушадилар ва бу вазифани онага юклайдилар. Бу ҳукмлар улкан аҳамиятга эга бўлса-да, ундан бошқа эътибор қаратиш лозим бўлган нарсалар ҳам бор. Ўсмир ёшлар қарши жинс вакилларига нисбатан ҳаяжон ва кучли қизиқиш ҳис қиладилар, ёнида доимо суҳбатлашадиган, уни тинглайдиган кимдир бўлишига рағбат қиладилар. Қиз боланинг ҳаётида эса биринчи кўз очиб кўрган эркак унинг отаси бўлади. Отаси унинг назарида барча кишилардан ҳам алоҳида мавқега эга бўлади. Ҳаётининг кейинги қисмида эркакларга нисбатан хулоса қилишдаги ўлчови унинг устига қурилади. Агар ота қизининг ҳис-туйғуларини қадрлаган ҳолда ўзининг тарбиядаги ролини тўғри идрок қилса, қизнинг отасига муҳаббати зиёда бўлаверади, у қизи учун энг яхши намуна бўлиб, эркакларни баҳолашдаги мезонига айланади. Ўзига турмуш ўртоқ танлаганда ҳам сифати ва сулуки отасига ўхшаганидан танлайди. Худди шунингдек, агар ота баджаҳл, ҳукмини ўтказадиган бўлса ёки аҳли билан иши йўқ, доим банд бўлса, ўсмир ёшдаги қизига таъсир қилиш кучини йўқотиб қўяди. Бу ҳолда қиз отасидан қолган бўшлиқни унинг ўрнига бошқа киши билан тўлдириш эҳтимоли бор, бу эса ёмонлик ва зарарга олиб келиши мумкин.
  • Бошқа тарафдан, балоғат ёшидаги қиз ўзининг назокатлилигини, ўзига бўлган эътиборни, ўзининг гўзаллигини ҳис қилишни хоҳлайди, ўзига нисбатан илтифотли, мулозаматли сўзларни эшитгиси келади, меҳрга муҳтож бўлади. Бу тарафдан у онасидан кўра кўпроқ отасининг сўзлари ишонади (ахир у эркак киши!). Агар у ўзининг оталик меҳр-муҳаббати билан қизига шу ҳисни бера олса, унинг учун кучли ҳимоя чизиғини чизган бўлади, унинг қизи ширин сўзларга учмайдиган, ўтли қарашлар тузоғига илинмайдиган бўлади.

Баъзилар бу фикрлардан таажжубга тушишлари мумкин. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганар эканман, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари билан муносабатлари бу қарашларни таъкидлаганини топдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларининг шаънларини кўкларга кўтарар эдилар, уларга нисбатан муҳаббатлари, меҳрибончиликлари мўл-кўл эди. Бу Ойша онамиз розияллоҳу анҳодан қилинган қуйидаги ривоятдан ҳам ойдинлашади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одат, сийрат ва суратда Фотимадан кўра ўхшашини кўрмаганман. Фотима Расулуллоҳ ҳузурларига кирса, Набий алайҳиссалом уни туриб қаршилар, қўлидан тутиб ўпиб қўяр ва ўз жойларига ўтқизар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига кирсалар, у ҳам у зотни туриб қаршилар, қўлларидан тутиб ўпиб қўяр ва ўзининг жойига ўтқизар эди» (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларини мамнун кутиб олмоқдалар, уни ўзларига яқинлаштирмоқдалар, уни қаршилаш учун ўринларидан турмоқдалар ва ўз жойларига ўтқизмоқдалар. Ўз ўрнида Фотима онамиз ҳам олий даражадаги хулқлари, комил тарбиялари самарасидан меҳрга меҳр, муҳаббатга муҳаббат билан жавоб бермоқдалар.

Отанинг бу каби тасарруфи қизини атрофида ўралашиб юрган, уни йўлдан оздиришга ҳаракат қиладиган ҳар турли шайтонларнинг хатаридан омон сақлайди.

Эй оталар! Сизларнинг қизларингиз олдидаги жавобгарлигингиз улкандир. Улар сизнинг қўлларингиздаги омонатлардир. Қанчадан-қанча солиҳалар буюк авлодларни тарбия қилган бўлсалар, бу уларнинг ота-оналари берган гўзал тарбиянинг натижасидир. Уммат бузадиган авлодни катта қилган қизлар эса фақат моддий таъминотни ўйлайдиган ота-оналарнинг тарбиялари натижасидир.

Зарнигор Аҳмадалиева

Мавзуга оид мақолалар
Қизлар ҳижоб ва ёпинғичлар билан ўзларини беркитсалар, йигитлар уйланиш учун уларни қандай танласинлар давоми...

06:35 / 25.01.2017 3337
Қирғизистоннинг энг катта кўли ИссиқКўлда янги дам олиш маскани ишга тушади. Ҳалол дам олиш масканининг бош давоми...

03:45 / 06.02.2017 6665
«Интерфакс» ахборот агентлигининг хабар беришича,  шу кунларда Камбоджанинг  Пномпене шаҳрида бўлиб давоми...

13:49 / 24.12.2016 2380
Модомики ушбу дунёда экансан, хираликлар воқеъ бўлишидан ҳайрон бўлма. Чунки улар фақатгина сифати ҳақ давоми...

10:11 / 14.12.2017 3320