Ота-онага яхшилик

0 460
Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
― Амалларнинг қайси бири афзал? – деб сўрадим.
― Вақтида ўқилган намоз, – дедилар. ― Кейин нима? – дедим.
― Ота-онага яхшилик қилиш, – дедилар.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сукут сақладим. Агар яна зиёда сўраганимда, зиёда жавоб берар эдилар.Бошидан бошлайлик

Нима учун яратилганмиз? Яшашдан мақсадимиз нима? Бу саволга ҳар бир мўмин, Аллоҳга итоат қилиш учун, унинг амрларини бажариб, рози қилиш учун, деб жавоб беради. Аллоҳ таоло эса бизга ота-онамизга, маъсият бўлмаган барча ишларда, итоат этишни буюрди. Ҳаттоки Қуръони Каримнинг баъзи ўринларида ота-онага яхшилик Аллоҳга итоатдан кейин зикр қилинган.

Аллоҳ таоло Исро сураси 23-оятда бундай деб марҳамат қилади: «Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди».

Уларнинг муҳаббати – Аллоҳнинг мўъжизаси

Ота-онанинг фарзандга бўлган меҳр-муҳаббати ҳеч қандай шартсиз ва чегарасиздир. Бу нафақат мусулмонларга, балки ғайримусулмонларга ҳам тааллуқли. Ахир қандай қилиб она ўзининг аччиқ азоблари ҳисобига дунёга келган болани шу қадар севиб, ардоқлаши мумкин?

Унга беминнат хизмат қилади, тунлари ҳолидан хабар олади, таомининг маззали, кийим-кечагининг озода бўлиши учун тиним билмайди, бемор бўлганда эса ўзидан-да кўпроқ қайғуриб, парвариш қилади. Ота эса фарзандининг усти бут, қорни тўқ бўлиши учун, илм олиши учун жонини қийноққа қўйиб, меҳнат қилади, тарбияси гўзал бўлиши учун ҳаракат қилади. Буларнинг эвазига эса озгина меҳрдан бошқа ҳеч нима кутмайдилар. Бу муҳаббат Аллоҳнинг мўъжизасидан бошқа нима бўлиши мумкин?

Жаннатга йўл

Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон, жаннатига кириш учун йўлларни кўпайтириб қўйган. Улардан энг осон, энг кенг, энг текис йўллардан бири, шубҳасиз, ота-онага яхшиликдир.

Атрофимизда тақводор, солиҳ кишиларни кўп кўрамиз, афсуски, баъзиларининг уйда ота-онага қилган муомаласини кўриб, ичимиздан зил кетамиз. Ҳозирда кўпчилик ёшлар ота-оналарига, ўзларини тушунмасликда айблаб,  қўпол муомала қиладилар. Бироқ шуни унутмаслигимиз керакки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳаттоки мушрик бўлса ҳам, ота-онага яхшилик қилишда, гўзал муомала қилишда бардавом бўлишга буюрганлар.

Биз эса гап қайтариш, гапларини эътиборсиз қолдириш, бирор нима учун рухсат сўрашни ор билиш каби ёмон одатларимизни ҳамон ташламадик. Оддийгина ҳатти-ҳаракатлардан иборат бўлган фарзандлик одоби ҳам жаннатга киришимизга сабаб бўлиши мумкинлигини баъзан англамаймиз ҳам.

Саъд ибн Масъуддан ривоят қилинади:
Мен ибн Аббосга: «Мен жиҳодга ҳарис одамман. Қавмимдан жиҳодга қўшилмаган ёки турли юртларга бормаган ота-онамдан бошқа ҳеч ким қолмаган. Ота-онам ёки отам буни ёқтирмайди?» – дедим.

Шунда Ибн Аббос: «Ота-онаси бор одам уларга яхшилик қилмасдан тонг оттирмасин», – деди.
«Иккисигами?» – дедим.

«Ҳа! Албатта, Аллоҳ унга жаннат эшикларидан икки эшикни очади. Ким яхшилик қилган ҳолда кун ўтказган бўлса, Аллоҳ, албатта, унга жаннат эшикларидан икки эшикни очади. Агар биттаси бўлса, унга яхшилик қилиб тонг оттирса, Аллоҳ, албатта, унга жаннат эшикларидан бирини очиб қўяди ва улардан бирига яхшилик қилган ҳолида кун ўтказса, Аллоҳ, албатта, унга жаннат эшикларидан бир эшикни очиб қўяди. Улардан бири боладан ғазабланса, у рози бўлмагунча, Аллоҳ таоло рози бўлмайди», – деди.

«Золим бўлса ҳамми?» – дедим.
«Золим бўлса ҳам», – деди.

Қандай қилиб?

Ота-онага итоат, уларга яхшилик қилиш ҳақида жуда кўп асарлар ёзилган. Кўпчилигимиз улардан баъзиларини ўқиганмиз. Аммо амал қилишга келганда, барибир, оқсаймиз. Ўйлаб кўрайлик, бугун ота-онамизга қилган муомаламиздан охиратда Роббимиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларида уялиб қолмаймизми? Кейин: «Нега бундай қилдим, нега бундай қилмадим», дея афсусланиб қолмаймизми?

Бугундан бошлаб ҳар намозда улар учун ихлос билан дуо қилиб, истиғфор айтишни одат қилайлик. Саждаларимизда уларнинг ҳақларига дуо қилайлик. Улардан меҳр-муҳаббатимизни аямайлик.

Баъзи амалий тавсиялар

• Ота-она билан суҳбатлашаётганда ўзимизга, айниқса, тилимизга эътиборли бўлиш. Ўзимизни назорат қила билиб, уларни ранжитадиган сўзлар тугул, улар учун фойдаси йўқ сўзларни ҳам сўзлашдан ўзимизни тийиш.

• Мажлисларда улардан юқори ўтирмаслик.
• Уларга юзимизни буриштириб ёки жудаям жиддий қараш билан қарамаслик.

• Сўзларига, насиҳатларига қулоқ солишга ҳамиша тайёр бўлиб, маслаҳатларига амал қилиш. Гапларини бўлмаслик.
• Имконимиз бўлса, молиявий жиҳатдан доимий ёрдам бериб туриш.

• Байрамларда, кичкина бўлса ҳам, туҳфа тайёрлаш.
• Улар учун  яхши кўрадиган таомларини тайёрлаб ёки келтириб бериш.

• Гапларини эътиборсиз қолдирмаслик. Бирор иш буюрсалар, пайсалга солмай, малол олмай бажариш.
• Алоҳида яшасалар, ҳолларидан хабар олиб туришни канда қилмаслик.

Умуман, уларни хурсанд қилиш мумкин бўлган ҳар фурсатни ғанимат билайлик. Энг муҳими эса улар учун ҳамиша дуода бўлайлик. Шоядки, Аллоҳ таоло охиратда бизни улар билан жаннатида жам қилса…

Роббим, улар мени кичиклигимда тарбия қилганларидек, уларга раҳим қилгин. Омин.
 
www. musulmanka.ru сайтидан олинди.
Баҳам кўринг

Leave A Reply