Монитор фарзандингизни сиздан ўғирлаганда…

0 185

Бу бахтли оила эди.

Она мамнун, ота хотиржам, болакай ота-онаси билан ўйнайди, конструктордан бир нималар ясайди, баъзан копток ўйнайди. Оила кўпинча биргаликда айланишга боради: боғга, қариндошларникига, сув бўйига ва ҳоказо. Ота-она ўз фарзандига ўзига мос ўйин-кулгу ва вақтчоғликни таъминлашга ҳаракат қилади, зеро, яхши ҳордиқ ҳақиқатдан ҳам кишини тетиклаштиради. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва узотнинг саҳобалари ҳаётида ҳам кўриш мумкин. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳо билан мусобақалашар, ҳали жуда кичик бўлган набиралари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳум билан бирга ўйнар эдилар. Уларни устиларига мингаштириб: «Қандай яхши туянгиз бор! Устимдаги юк бунча ажойиб!» дер эдилар.

Кунлардан бирида бу бахтли хонадоннинг ҳаёти ўзгаришга юз тутди. Болакай бир дўстининг компьютери борлигини эшитган ва синфдошлари билан бирга бориб уни кўришган эди. У ота-оналари рози бўлмагунча оёқ тираб туриб олди. Ва ниҳоят, фарзандларига бўлган муҳаббати устун келиб, янги қурилмани сотиб олишди. Аввалига улар болакай бу қурилмани ҳам бошқа ўйинчоқлари каби бироз муддат қўлидан қўймай, кейин яна аввалги ҳаётига қайтади, деб ўйлашди. Бироқ воқеалар ривожи содда ота-оналар ўйлагандай бўлиб чиқмади.

Кўп ўтмай, улар фарзандларининг ҳаёти мана шу компьютер атрофида айланаётганини сезишди: уйғонибоқ ишлатадиган биринчи нарсаси ҳам, ухлашдан аввал қиладиган охирги иши ҳам ўша бўлиб қолганди унинг. Компьютер унинг қувончи ва қайғусининг манбасига айланди. Қисқа қилиб айтганда, компьютер бу қурилма унинг бутун ташвиши эди, унинг барча диққат-эътибори унга қаратилган эди. Унинг ота-онаси билан муносабати ҳам ўзгариб борди. У энди улар билан аввалгидай хушчақчақ гаплашмас, аксинча, уларга нисбатан масъулиятсиз бўлиб қолганди. Ким ундан компьютерини тортиб олишга уринса (табиийки, бу одатда «тезроқ дарсингни тайёрла», «ётиб ухла, эрталаб вақтида туролмайсан» деяётган ота-онаси бўларди), бола унга қарши қайсарлик, аразлаш, норозилик ва жаҳл қилиш каби барча қуролларини ишга солар эди. Компьютер унинг аксарият вақтини эгаллади: энди у аввалгидек дўстлари билан ўйнамас, қариндошлари билан узоқлашиб кетган, умуман, ҳаёт борасидаги барча тамойиллари-ю стандартлари чалкашиб кетганди.

Ҳурматли ота-она…

Бизнинг динимиз – ислом – мўтадиллик ва ўртачалик динидир. Унда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатганларидек, камчиликка йўл қўйиш ҳам, ҳаддан ошиш ҳам йўқ. «Шунингдек, сизларни … ўрта миллат қилдик», деб марҳамат қилади Аллоҳ таоло Бақара сурасида.

Ҳурматли ота-она, шубҳасиз, компьютернинг аҳамиятини инкор қила олмаймиз. Атрофдаги дунё билан ҳамнафас яшайдиган замонавий мусулмон киши учун бу қурилма заруратдир. Агар уни ишлатишдан аввал ниятни тўғирлаб олсак, у бизнинг кучли мусулмон бўлишимизга хизмат қилса, унда бу мақтовга сазовор иш бўлади. Қуръони каримда Шуъайб алайҳиссаломнинг қизи тилидан солиҳ киши (Мусо алайҳиссалом) ҳақида: «Эй отагинам, уни ишга ёллаб ол. Чунки ишга ёлланадиган энг яхши кимса кучли ва ишончли кимсадир», дейилади (Қасос сураси, 26-оят).

Замонавий жиҳозлардан тўғри фойдалана олиш қобилияти кучлиликнинг, малакалиликнинг белгисидир. Аксинча, ундан ноўрин фойдаланиш эса оиланинг, оқибатда жамиятнинг ҳам ижтимоий тартиблари бузилишига олиб келиши мумкин. Ҳозирда буни барча руҳиятшунослик илми олимлари таъкидлайдилар.

Колоун Университетида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, компьютер ўйинларини кўп ўйнаш ҳаётда ижтимоий алоқаларга ўз таъсирини ўтказади. Бу бошқалар олдидаги вазифага беписандлик билан қараш, масъулиятсизлик кўринишида юз беради. Болалар мисолида кўрсак, бу уй вазифаларини масъулиятсизлик билан вақтида бажармаслик каби ҳолатларда кўриниши мумкин.

Руҳшуносларнинг таъкидлашларича, боланинг компьютер қаршисида ўтказадиган вақти асосан дўстлари билан жисмоний ўйинлар ўйнаш вақти ҳисобидан кетади. Камҳаракатлик эса, ўз навбатида, бола саломатлигида бошқа бир гуруҳ муаммоларни келтириб чиқаради.

Шунингдек, компьютерга кўп вақт сарфлаш болада ўта уятчанлик, интровертлик каби ижтимоий муаммоларни ҳам келтириб чиқаради. Чунки болалар билан мулоқот қилиши керак бўлган вақти ҳам компьютернинг фойдасига озаяди, натижада бола ўйин орқали ўзлаштириладиган бошқалар билан муроса қилиш, навбат кутиш каби элементар ижтимоий этикет қоидаларини ҳам ўзлаштирмаган, ижтимоий фаолият кўникмалари шаклланмаган бўлади.

Иорданиялик руҳшунос Имон Шавбакий шундай дейди: «Келиб чиқиши мумкин бўлган психологик муаммолардан бири шу-ки, маълум даражага етганда оила бола билан ўзаро бир-бирини тушуниши ўта қийин бўлиб қолади. Бунинг сабаби болага ҳам, катталарга ҳам зарур бўлган ўзаро суҳбатларнинг узилиб қолганидир. Бу, айниқса, балоғат даврини бошдан кечираётган болаларда яққол сезилади. Зотан, бу даврда боланинг ҳиссиётларива қизиқишларидан хабардор бўлиш, унинг хулқ-атворини кузатиб бориш учун доимий мулоқот ва суҳбатлар талаб қилинади».

Масаланинг яна бир муҳим жиҳати ҳам бор. Компьютер ўйинларини кўп ўйнаш, шубҳасиз, ўрганиб қолишни келтириб чиқаради. Ҳурматли ота-она, тасаввур қиляпсизми, бу худди спиртли ичимликларга одатланиб қолишдек гап.

Берлинда зарарли одатларни ўрганадиган махсус тадқиқот гуруҳи компьютер ўйинларига бўлган қарамликнинг хатари спиртли ичимликларга бўлган қарамликникидан кам эмаслигини исботлашди. Уларнинг тадқиқотига кўра, Жаҳон Соғлик Ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган қарамликни белгилашнинг олти стандартидан камида учтасига эга бўлган зарарли одат қарамликни келтириб чиқарадиган зарарли одат ҳисобланади. Мана ўша олтита стандарт:

  1. Бирор нарсага бўлган қаттиқ хоҳишни жиловлай олмаслик.
  2. Жараён давомида вақт устидан назоратни йўқотиш.
  3. Меъёрдан ошиш ҳолати.
  4. Ҳиссиётдан маҳрум бўлиш аломатлари.
  5. Бошқа масъулият ва вазифаларга бепарволик.
  6. Салбий оқибатларга олиб келса ҳам, одатни ташламаслик.

Тадқиқот натижасида спиртли ичимликка ружу қўйганлар билан компьютер ўйинларига ружу қўйганлар ўртасида ҳайратомуз ўхшашлик борлиги аниқланди. Иккала гуруҳ вакилларини молиштириш натижасида мия икки ҳолатда ҳам бир хил тарзда фаолият юритиши маълум бўлди. Бунда қарамлик ташқи модда туфайли келби чиққанми, ёки маълум фаолиятга ички боғлиқлик туфайли келиб чиққанми, аҳамиятсиз экан.

Ҳурматли ота-она! Фарзандингиз бутун вақтини компьютерга сарфлаш ўрнига бошқалар билан мулоқот қилишга муҳтож. Хоҳ улар ўзлари каби болалар бўлсин, хоҳ катталар бўлсин, хоҳ, ҳаттоки, уй ҳайвонлари бўлсин. Бу уларга келгуси ҳаёт тажрибалари учун зарур.

Муаммонинг тиббий тарафини ўрганггач, сизда савол туғилиши мумкин: Ечим нима? Қандай қилиб фарзандларимизни жамиятдан ажраб қолишдан асрашимиз, инсонларга керакли мусулмон қилиб тарбиялашимиз мумкин?

Қуйида баъзи тавсияларни келтирамиз:

  1. Болаларга жиҳозни ишлатиш учун маълум соатларни белгилаб берилади.
  2. Баъзан бола бирор руҳий муаммо фонида ҳам кўп компьютер ўйнаш билан вақт ўтказиши мумкин. Бундай ҳолатда сизнинг вазифангиз муаммонинг илдизини топиб, бартараф қилишдан иборат бўлади.
  3. Бола учун маълум компьютер соатларини ажратиб беришнинг ўзи кифоя қилмайди. Болага имкон қадар компьютерни узоқ вақт ишлатишига имкон бермаслик керак. Бунинг учун эса уни банд қилиш керак. Агар бўш вақти кўп бўлса, бирор қўшимча машғулотга, масалан, спорт тўгарагига боришга қизиқтиринг.
  4. Бола машғул бўладиган фаолият турларини кўпайтириш ҳам фойда беради. Бу унинг шахсияти ҳар тарафлама ривожланишига ёрдам беради.
  5. Болага тушунтириш ишларини доимий олиб бориш керак. Оддийгина ўйин бўлса ҳам, энг камида унинг умрини ўғирлаётганини бола билиши керак.
  6. Болалар ўйнайдиган кўп ўйинлар жамоавий хусусиятга эга. Ўртоқлари билан бирга бола қандай қилиб компьютер ўйинларига шўнғиб кетганини билмай қолади. Шундай экан, фарзанларимизнинг дўстлари қандай эканига эътибор беришимиз, дўстлари билан бирга жисмоний ўйинларни кўпроқ ўйнашга, бўш вақтини китоб ўқиш каби фойдали машғулотларга сарфлашга қизиқтиришимиз лозим.

 Инглиз тилидан таржима

http://www.islamweb.net/womane/nindex.php?page=readart&id=158782

Баҳам кўринг

Leave A Reply