Менинг онам – оналарнинг энг гўзали

0 924

Фарзандингизни эсон-омонгина қўлингизга олдингиз. Табиийки, энди бутун диққат-эътиборингиз янги меҳмонингизда. Бу яхши, албатта. Лекин баъзи-баъзида қўлингизда таглик билан бўлса ҳам, кўзгу ёнига келиб, ўз қиёфангизга назар ташлаб қўйишни ҳам унутманг. Ёки кўзгудаги қиёфангиз ўзингизга ёқмаётганидан хунобмисиз? Буниси ҳам табиий ҳол. Бунга фақат уй кийими, пардозланмаган юз ёки турмакланмаган соч айбдор, деб ўйлаётган бўлсангиз, адашасиз. Эътибор беринг, либосингиз остида нима гаплар?!

Қайдасан, чиройли қоматим?

Туғруқдан кейин қоматингиз сезиларли даражада ўзгариб кетган бўлиши мумкин. Энди шундайлигимча қолиб кетарканман-да, дея ташвишга тушманг. Агар хоҳиш ва қунтингиз бўлса, албатта, туғруқдан олдин қандай бўлсангиз, худди ўша ҳолингизга қайтишга имконият бор.
Ҳаммасидан олдин келишиб олайлик, озиш учун кенг тарқалган рекламалардан фойдаланишга ҳаракат қилмайсиз. Баъзан улар ёрдамида вазнингиз бироз камайиши мумкин, аммо бу кўпинча танангиздаги сув миқдорини камайтириш эвазига амалга оширилади. Ҳақиқий озиш эса танада ёғ миқдорининг енгиллашишидир. Тез орада вазнингиз яна ўз ҳолига қайта бошлайди, чўнтагингиз озгани қолади, холос. Келинг, бир синаб кўрайлик-чи, болани қаровсиз қолдирмаган ҳолда ва оилавий бюджетга таъсир қилмай туриб, бу борада ўзингиз ўзингизга бирор нима қила олармикинсиз?

Жисмоний тарбия

Киришишдан олдин сизга қандай жисмоний ҳаракатлар мумкин-у, қайсилари мумкин эмаслиги тўғрисида гинекологингиз билан маслаҳатлашиб олинг, айниқса, бола операция йўли билан олинган бўлса. Туғруқ ҳаммада ҳар хил кечади, шунинг учун машғулотларга қанчалик эрта киришишингиз умумий аҳволингизга боғлиқ.
Ҳали туққанига кўп бўлмаган аёллар учун нафас йўли машқлари ва тортилиш машқлари фойдалидир. Улар сизга туғруқдан кейинги депрессияни енгиб ўтишингизда ёрдам беради. Жисмоний ҳаракат кам қувватлиликни йўқотиб, бўғин касалликларидан ҳимоя қилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам жисмоний фаоллик каби фойдали ҳимоячингиздан воз кечманг. Кўп юриш тананинг пастки тараф мускулларини ва бутун гавдангиз мускулларини мустаҳкамлайди.
Шундай экан, онажонлар, болангизни аравачасига солиб қўйиб, уйингизнинг ёнида қўшнилар билан гап сотиб ўтиргандан кўра, аравачани етаклаб уйингиз яқинидаги спорт майдони ва истироҳат боғини сайр қилиб келинг. Янада фаолроқ жисмоний ҳаракатларни эса шифокорингиз рухсат бергандан кейин бошланг. Яна айтиб қўяйлик, ойига 2-3 кг гача озиш мумкин, холос. Айниқса аёл организмига бирданига 10-15 кг озиш ҳақидаги гаплар тўғри келмайди. Бу юрак-қон томирлари системаси учун хавфли ва терингиз ҳам салқиб, хунук бўлиб қолади.
Агар жуда яхши натижага эришишни истасангиз, камида уч-тўрт ой узлуксиз машғулотлар билан шуғулланишингизга тўғри келади. Ҳафтасига уч марта шуғулланинг, машғулотлар 45-60 дақиқа давом этиши керак. Аввал мускуллар қизиб олиши учун унчалик оғир бўлмаган машқлардан бошланг. Масалан, мусиқа остида шунчаки рақсга тушиш мумкин.
— Аёл туғруқдан кейин қоматини тиклаб олиши учун энг оддий ва энг самарали машқлар қуйидагилардан иборат:

Бўкса ва қорин мускуллари энг муаммоли жой бўлгани учун шулардан бошлаймиз.
1. Қўлларингизни икки тарафга ёзиб, полга ўтиринг. Кейин қўлларингизни бошингизнинг орқа тарафига қўйиб, олдинга, орқага, ўнгга, чапга кетма-кет энгашинг. Бир бажаришда ҳар бир тарафга 50-100 мартадан энгашинг.
2. Осмонга қараб ётинг, қўлларингизни бошингизнинг орқа тарафига олиб боринг. Узатилган оёқларингизни бир-бирига ёпиштириб, пол устида қимирламаган ҳолда гавдангизни кўтаринг. Бу машқни 25-50 марта қайтаринг.
3. Яна осмонга қараб ётинг, оёқларингизни бирлаштирган ҳолда тўғри қилиб тепага кўтаринг. Қўлларингиз оёқларингизга ёрдамга бормасин. Бу машқни ҳам 25-50 марта такрорланг.

Гўзал сийналар парвариши

Энди кўкрак мускулларини мустаҳкамлаймиз.
1.Тиззаларни букиш. Бунинг учун сиз белингиз ва елкангизни бир тарафга йўналтирасиз. Кафтларингизни бир-бирига ишқалайсиз. Кафтларингизнинг орқа тарафини бир-бирига теккизиб, ўзингиздан узоқлаштирасиз ўн марта тўрт хилдаги ана шундай машқларни бажарасиз.
2. Полга ётганча, қўлларингизни икки томонга узатасиз, сўнгра яна бирлаштирасиз. Машқни 10-15 марта бажарасиз.
Қорнингиз билан ётганча, қўл-оёқларингизни тепага кўтарасиз, шунда белингиз букилади. Кейин ўзингизни бўш қўйинг. Машқни 15-25 марта бажарасиз.
Ҳар бир машғулотни, албатта, чуқур нафас олиб чиқариш билан якунланг. Машғулотдан сўнг илиқ душ қабул қилишни унутманг, чўмилиб чиққач, сочиқ билан танангизни қаттиқ ишқалаб артинг, тортилган терининг қайта тикланишида ёрдам беради. Душ ва уқалашдан кейин энг нозик жойлар — бўкса ва қорнингизга терини озиқлантирувчи кремлардан суртинг.
Агар болани кўкрак сути билан озиқлантираётган бўлсангиз, жисмоний машқлар сутингизни камайтириши тўғрисида хавотирга тушишингизга асос йўқ. Лекин машқларнинг меъёридан ошиб кетиши натижасида сутингизда сут кислотаси кўпайиши ва у тахирроқ таъмга эга бўлиб қолиши мумкин. Айрим чақалоқларга бу ёқмайди. Бундай ҳолларда машғулотларни бироз камайтиришингизга тўғри келади.

Ойдиннисо Йўлдошева

Баҳам кўринг

Comments are closed.